Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 00.35.16
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Январь » 8 » "ТУРОНЗАМИН"да
    20.39.57
    "ТУРОНЗАМИН"да
    МУҲОКАМА

    Қулоқ солмасалар демак даъволар бекор…

    АҚШ расмийлари ва умуман бу мамлакат аҳлининг энг севимли таъкиди бу, сўзсиз Америка турли одамлар муносабатлари ва ҳуқуқлари астойдил ҳурмат қилинадиган мамлакат, деган таъкиддир. Балким бу чиндан ҳам шундайдир, балким эса…

    Ҳаёт бизга яна бир бора ана шу даъво нечоғли асосли эканини аниқлаш учун янги имконият туғдирмоқда. Дастлаб, АҚШ Давлат департаментининг собиқ котиби Уоррен Кристофернинг мана бу сўзларига эътибор қилишингизни истардим: “Биз янги вазиятда яшамоқдамиз. Кун тартибидаги озодлик учун курашимиз, ҳар бир виждон тутқунини, қийноқларнинг ҳар бир қурбонини, инсон учун тақдим этилган асосий ҳуқуқлардан маҳрум бўлган ҳар бир одамнинг тақдирини қамраб олмоғи лозим. Шу билан бирга бу кураш, сайёрамизнинг сиёсий ҳаритасини ўзгартириб юборган демократик ҳаракатларни ҳам қамраб олмоғи лозим”.

    Яъни, АҚШ ўзининг принципиал вазифаси сифатида инсонларга таалуқли бўлган асосий ҳуқуқлар учун ҳам кураш олиб боришни назарда тутяпти. Сизнинг истак ва талабларингизга қулоқ тутиш ҳам, агар зарур бўлса ўша асосий ҳуқуқларингизни ҳурмат қилиш ҳисобланади.

    Ахир сиз ўша ҳуқуқлар ҳурмат қилинишини айтганларга мурожаат қиляпсиз, шундай экан ўз сўзларига амал қилган ҳолда тинглашлари шарт. Бордию сизга қулоқ тутишмаса ва сизнинг фикрингизни у қадар аҳамиятли топишмаса, демак АҚШ расмийлари ўзларининг ҳўв ўша 1993 йили Уоррен Кристофер таъкидлаб ўтгани принципларидан чекина бошлаган бўлади ва бу ҳолда унинг демократия тарафдори экани ҳақдаги иддаолари ҳам ЁЛҒОН бўлиб чиқади.

    Анчадан бери кичик-кичик доираларда айтиб келинган, алоҳида учрашувлар ва йиғинларда афсус билан тилга олинган бир ҳолат мана газак отиб, кўпчилик томонидан йирик эътирозли чиқишга айланди. Ўзбекларда бир нақл бор, ўз вақтида касалнинг олди олинмаса, оқибати ёмон бўлади. АҚШ расмийлари ҳам, Озодлик радиоси раҳбарияти ҳам, Америкадаги радиолар бўйича бошқарма раёсати ҳам қўл силтаб эътиборсиз бўлиб келгани масала бугун яна долзарб масала сифатида кўтарилмоқда.

    Бу сафар ҳам қийнаётган масала юзасидан мурожаат қилинмоқда. Унинг муаллифлари сўзсиз бу мурожаатлари ҳар қандай ҳуқуқ ва эркинликлар астойдил ҳурмат қилиниши таъкидлангани учун ҳам қабул қилинишига ва эътибор қаратилишига умид қилади.

    Аввало айтиш керак, йўқ, алоҳида урғу бериб ўтиш керакки, ҳеч қайси мурожаат муаллифи, хоҳ у уюшган мурожаат бўлсин, хоҳ кичик жамоа ёки атиги битта инсон номидан бўлсин, зинҳор Озодлик радиосига (!!!) нисбатан эмас. Аниқроғи радио ҳақда эмас. Йўқ радио эътироз маркази бўлолмайди, эътироз унинг қошида мустаҳкам ўрнашиб олган айрим кимсаларга нисбатан билдирилмоқда. Биз аниқ тушунамизки, бир ёки икки кимса бутун бошли радио дегани эмас ва улар учун бутун бошли радио тавқи лаънатга учрамоғи нотўғри. Радио ҳамон умид ва орзулар макони бўлиб қолади. Унинг ёрдамида сўзни эгаларига етказиш умиди, унинг туфайли сўз айта олиш даражасига эришиш орзуси.

    Албатта радионинг ўзбек хизматидаги бир гуруҳ чулчитлар қатори радио раҳбарияти ҳам, бошқарма раҳбарлари ҳам, борингки Конгрессу давлат департаменти ҳам ўйлашлари мумкинки, нечун ҳадеб эътироз билдиришади, борига шукур қилмайдиларми, деб. Албатта ўша позицияда қолиш ҳам мумкин эди, қачонки радио биз ўзбекистонликлар учун гапираётган бўлмаганида, биз ўзбекистонликларга аталган бўлмаганида ва биз ўзбекистонликлар учун бўлмаганида.

    Қачонки ана шундай биз учун экан, демак биз унинг фаолиятига аралашишга, маъқул бўлмагани ҳолатлар ҳақда билдириб, ўзларини ўнглаб олишларини талаб қилишга ҳақлимиз, акс ҳолда биз Россиянинг бир қишлоғида мусика садолари остида боқилаётган ва соғилаётган сигирлардан фарқланмай қоламиз.

    Сигирлар нимани қўйишса ўшани тинглашга мажбур, йўқ мен манавинақа садоларни эшитишни истардим деяолмайди. Қолаверса ферма ишчиси сигирдан сўраб ҳам ўтирмайди. Аммо инсон билан сигирнинг ўртасидаги фарқ ҳам шундаки, инсонда хоҳиш бор, маъқул ва номаъқулни англаш қобилияти ҳам бор ва ниҳоят талаб қилиш ҳуқуқи ҳам бор, ахир у ИНСОН. АҚШ расмийлари ўзбекларни ҳам инсон сифатида эъзозлашларини ва ўзбекнингда иҳтиёрини инобатга олишларини намойиш этишлари шарт, акс ҳолда “ўзбеклар учун” деган тиришишлар ҳам ЁЛҒОН бўлиб чиқади. Бу даъволар ҳам гумон пайдо қилади, худди демократик меёрлар ва қадриятлар ҳурмат қилиниши ҳақидаги таъкидлар аллақачон гумон туғдира бошлаганидай.

    АҚШ бутун дунёга ўз жамиятида ва ҳатто сиёсатида янгиланиш қилишга қодирлигини исботлагани айтилмоқда. Сўнгги сайловлар бунинг ёрқин исботи бўлмоқда ҳам. Биз ҳам ана шундан руҳландик, биз ҳам ана шундай муждаларга муштоқмиз, ахир бошланган иш охиригача етказилса ёмон бўлмайди. Америка ўзини кўп нарсадан тозалаб олмоғи жоиз, ҳам дунё саҳнасида пайдо бўлгани бироз ҳунук кайфиятдан, ҳам анчайин андишасиз тасаввурлардан, ҳам уни дастак қилиб лой сачратишлардан… Энг қизиғи лой аллақаёқларга эмас, нақ Американинг ўзига сачрамоқда, бўлиб ҳам унга хайрихоҳликни даъво қилаётганлар, унга садоқатда эканликни айтаётганлар томонидан. Унинг қўйнида бамайлихотир ўрнашиб олганлардан…

    Дарҳақиқат радиодаги вазият борасида. Биз учун бўлган радио сўнгги уч йил давомида мутлақо бизга тегишли бўлмаган ишлар билан банд бўлди. Биз кўниккан, ёқтирган садоларни ўчириб ташлади, мутлақо андишасиз чиқишлар қилди, керак бўлса бизнинг бугунимизга мутлақо зид бугунни чизиб борди. Ким учун эди булар, агар биз учун бўлмаса?

    Нега радиода ҳамма вақт бор бўлган мулоқот йўқ бўлди, ким учун бу тўсиқлар, биз учунми? Нега радио эфирларида мутлақо нотаниш шеъвалар ва ноаниқ иборалар қўлланила бошлади, ким учун булар, биз учунми? Агар биз учун бўлса, нега биздан сўралмайди, биз шуни истаймизми йўқми, деб? Нега бизни нималарнидир эшитишга мажбур қилишади, нима радио ана шундай ниманидир мажбуран эшиттириш учун ташкил қилинганми?

    Нега диндорларнинг ўз фикри ва қарашларида қатъийлиги айтилар экан биздаги диндорлар муллаларнинг чизган чизиғидан чиқмаслиги ҳақида гапириб масхара қилинадию, аммо ўша қурғур диндорлардаги ўша қатъийятликни йўқ қилиш учун нима ҳаракатлар олиб борилаётгани айтилмайди? Нега бу қадар саводсиз чиқиш қилинади? Нега қайсидир журналистнинг Озодлик радиосида ишлаганини эслаш учун шўрликнинг қамалиши ёки отиб ўлдирилиши кутилади, нега бошқа вақт у ҳақда эсланмайди? Нима учун, ким учун шундай қилинади? Тингловчи, яъни биз учунми? Биздан шу ҳақда сўралганми? Радионинг символига айланган овоз эгасини йўқ қилишда биздан сўралганми? Нега неча йиллар давомида унинг такрорланмас овозини эшитиб, “Озодликни тинглаб” борган бизлар, бугун бу овоздан маҳрум қилиндик, ким учун қилинди бу?

    2003-2004-2005 йилларда биз Озодликни бутун қалбимиз билан ҳис қилардик, уни шундоққина ёнимизда сезиб турардик. Бугун у қаёққа кетди? Нега биз уни сезмай қолдик, нима учун у биздан йироқлаб кетди, ким учун қилинди бу? Наҳотки биз учун? Наҳот ўзлари, ўша радиода биз учун хизмат қилаётганликни миннат қилувчилар нақадар олислаб кетганини ва аллақачон биз учун эмас, бизга қарши бўлиб қолганини сезмаяпти? Албатта сезади, аммо парво қилмайди. Чунки бугун мақсад биз эмас, бугун мақсад шахсий хотиржамлик, прокуратурада қолаётган қариндош, ҳокимиятдаги хола, МХХдаги ака, бир жойлардаги йирик дўконлар… Манфаат мухимроқ!!!

    Бугун Озодлик радиоси ўзбек хизмати нақ ёлғоннинг уясига, фитнанинг марказига айланди. Ўзлари нимадир қилиш, нимадир яратишда ожиз бўлганлари учун ҳам мингларнинг йўлига тўғаноқ бўляпти, бир содда одамни ҳамманинг кўз ўнгида аҳмоққа чиқариб, семириб боряпти. Албатта радио учун мутасаддилар бунга эътибор қилишлари шарт, албатта бу ҳолатларга барҳам берилиши лозим!

    Энг олий мақсад йўлида очилган радио, бугун энг сифатсиз ва энг паст савиядаги радиога айланди. Албатта адолат юзасидан айтиш керак, ўзбек хизмати сафида бир ёки иккита умид уйғотувчи журналист бор, аммо улар фақат бир ёки иккита, чулчитлар кўпчилик. Ишончим комил, агар радио раҳбарияти ўзбекчани яхши тушунганида, аллақачон бошларини чангаллаб қолган бўларди, инфаркт бўларди. Кимларни йиғиб олганини англаб жинни бўлиб қоларди.

    Бугун Америкада буюк ўзгаришлар бўлаётган айни паллада, радио сафидаги бемазалар ҳам улоқтириб ташланади деган умиддаман. Бизни тингламаган, тинглашни эплай олмаган, тинглашни билмаган Америка ўрнига, тинглайдиган, бизга юз бурадиган, биз учун бўлган радиони қайтадан бизга бўлишини таъминлай оладиган Америка келаяпти. Акс ҳолда унинг муқаддас ғояларга садоқатига шубҳа уйғонади, акс ҳолда Америка ҳафсалани совутади.

    Нидои Мазлум.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz