Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 08.07.40
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Январь » 17 » Бугун ҳам ғоят долзарб масала
    19.57.36
    Бугун ҳам ғоят долзарб масала
    Жаҳонгир МАМАТОВ

    НИМА УЧУН “ОЗОДЛИК”?

    Бундан салкам тўрт  йил аввал ҳам қатор ОАВларида "Озодлик" радиосидаги нодемократик муҳит юзага келаётгани, тарафкашлик каби қатор иллатлар илдиз отаётгани ва бунинг оқибати нималарга олиб келиши каби қатор муаммоларни ўз ичига олган мақола ёзган Демократик Ўзбекистон Конгресси раҳбари Жаҳонгир МУҲАММАДнинг таъбир жоиз бўлса тадқиқот мақоласи  ўша даврда одамлар наздида ҳеч бир аҳамиятсиздай туюлди.Ваҳоланки ўша пайт радиога ўрнашган "бобожонлар" дейилаётганларни ёқлаганлар ҳам бўлганди.

    Нима демоқчимиз бу билан?
     
    Айтмоқчимизки, худди диктатор Каримов режими маддоҳи бўлган Ўзбекистондаги кўпгина ОАВлари   ёлғонлари фош бўлган каби демократик матбуот минбари деб ишонилган "Озодлик"нинг ниқоби бугун эмас салкам тўрт  йил муқаддам йиртилгану , аммо кўпчилик уни энди кўра бошлаганини эслатмоқчимиз.Жаҳонгир Муҳаммаднинг қуйидаги асари билан танишгач сиз ҳам фикримизга қўшилишингизга шубҳа йўқ.

    "Замондош" таҳририяти.


     …”Озодлик” радиосининг Ўзбек хизмати, аслида, ҳали ҳам мавжуд режимнинг ёрдамчиси сифатида ишламоқда, унинг жиноятларига маълум маънода шерик бўлмоқда.

    www.birlik.net

    www.harakat.net

    8-28-05

    Маълум бўлдики, бу биринчи ҳол эмас экан, кейинги 14 йил давомида “Озодлик” радиосининг Тошкент бўлими раҳбарияти материал эшиттиришга берилиши олдидан Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматини хабардор қилар экан, натижада баъзи мухбирларнинг материаллари эфирдан олиб қолинган.

     
    www.centrasia.ru
    8-29-05

    RL/RFEнинг (“Озодлик”) Ўзбек хизмати бораётган материалларни сензурадан ўтказиши бу биринчи ҳол эмас. Радио исломга муносабат, терроризм ҳақидаги уйдирмалар борасида Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматларига астойдил хизмат қилаётганга ўхшайди.

    www.freeuzbekistan.com

    2-9-09

    “Озодлик” радиосининг кейинги вақтлардаги “ғайритабиий фаолияти” дан ҳамма бохабар. Бугунга келиб, Ўзбек оммавий ахборот воситаларидан ҳеч ҳам фарқи қолмаган бу радио ўз жасоратини, сўз эркинлигини сақлаб қолган ва намойиш этмоқда, фақат Ўзбекистон ҳақида гап кетганда бу истеъсно. Ўзбекистон республикаси мутасадди ташкилотлари баёнотлари ҳам шунчаки номига таҳлил қилиниб, кўриниб турган камчиликлар очиқдан очиқ танқид қилинмайди, ёритилмайди. Айни сабабдан радио фоалиятидан норозилар сони кўпайиб бормоқда. Радионинг нуфузи ва албатта  тингловчиларнинг радиога ишончи тушиб кетмоқда.


    www.jahongir.org

    9-9-05


    Демократияни қуруқ гап билан эмас, амалий иш билан ёйиш мумкин. АҚШ нинг кейинги даврда демократияни дунё бўйлаб кенг ёйишга қаратилган яхши ниятли ҳаракатлари айни ишни демократияга содиқ бўлмаганларнинг қўлига топшириб қўйилиши, назоратнинг сустлиги натижасида оқсаб қолмоқда ёки Американинг обрў эътиборига зарба бўлиб урилмоқда. Бунинг кичик бир мисоли сифатида халқаро эшиттиришларни бошқарувчи-BBG ташкилоти (бунга “Озодлик” ва “Америка овози” ҳам киради) доирасида Ўзбекистонга эшиттиришлар беришга қаратилган хизматлар фаолиятини  келтириш мумкин.

    Бугун Ўзбекистонда матбуот, эркин сўз мутлоқ бўғилган. Демократик қарашдаги кишилар қатағон қилинмоқдалар ёки мамлакат ташқарисида. Ҳукумат мамлакат ташқарисидаги демократларнинг мамлакат ичи билан алоқаларини чеклаб ташлаган. Улар ўз сўзлари, ўз қарашларини халққа етказиш учун имкониятга эга эмаслар. Ҳатто уларнинг Интернет саҳифалари ҳам Ўзбекистонда очилмайдиган қилиб қўйилган, электрон ёзишмалари эса назорат қилинади.

    АҚШ конгресси ва қолаверса, Буш маъмурияти дунёда демократияни ёйиш учун катта ваъдалар беришаётгани Ўзбекистоннинг мамлакат ташқарисидаги демократлари билан айни қарашларнинг муштарак нуқтасидир.

    АҚШ демократияни кенг ёйиш учун BBG ташкилоти доирасида RL/RFE ва  “VOA”ни Америка халқининг солиқлари ҳисобига ишлатмоқда. Шундан келиб чиқиб, Андижон воқеаларидан кейин “VOA”  ўзбек тилида эшиттириш берадиган “Америка овози”ни қайта тиклади. Аммо демократик мухолифатнинг Интернетдаги саҳифалари тақдири қандай бўлса, бу радиони ҳам Ўзбекистонда деярли эшитишмайди. Сабабларига кейин тўхталамиз.

    “Озодлик” радиосининг эса тингловчилари бор ва айниқса, демократик кайфиятдагилар, диктатурадан норози бўлганлар, илгари мухолифат ҳаракатлари сафларида курашганлар шу радио орқали аниқ маълумот олишга, ташқаридаги юзлаб ўзбек демократлари билан боғланишга ҳаракат қиладилар. Бу бугунги пайтда демократия кўпригининг яккаю ягона имконидир. Афсуски, кейинги бир неча йиллик ғайридемократик йўлдан кейин ўтган йилнинг бошидан эътиборан озодлик минбарига айланган “Озодлик”нинг Ўзбек хизмати 2005 йилнинг Июл ойидан сўнг шу муҳим вазифадан яна бўйин товлаши билан билиб-билмай диктатуранинг мисиқасига ўйнамоқда. Бу билан нафақат АҚШнинг демократияни кенг ёйиш сиёсатига қарши чиқмоқда, балки одамларда АҚШга нисбатан нотўғри фикрни шакллантирмоқда. Бунга мақола аввалида келтирилган парчаларнинг учинчиси мисол бўла олади.

    Бу билан Ўзбек хизматида ишлаётганларнинг ҳаммасини бирваракайига айбламоқчи эмасмиз. Зотан кейинги бир неча йилда бу хизмат Ўзбекистон ҳукумати билан очиқчасига ҳамкорлик қилиб келди ва буни ўзаро суҳбатларда икки сабаб билан оқлашга уринишарди. Биринчиси хизматнинг Тошкентдаги бўлимини сақлаб қолиш ва иккинчиси Буш маъмуриятининг Каримов ҳукумати билан яқин алоқалари. Бироқ булар радионинг олдига қўйилган миссиясига мутлоқ зиддир.

    Лекин Ўзбек хизмати дастурларида 2004 йилининг иккинчи ва 2005 йилнинг биринчи ярмида жиддий ўзгаришлар юз берганини тан олиш керак. Бу даврда радио бутун демократларнинг озод минбарига айланди. Мухолифатдаги ҳамманинг, ҳатто атайлабдан, бир неча йиллар мутлоқ сўз берилмаган баъзи демократик мухолифатчиларнинг ҳам эркин минбарига айланди. Худди шу пайтда Ўзбекистон ҳукуматининг матбуотида собиқ КГБ, бугунги МХХ томонидан радиога қарши тайёрланган кўплаб мақолалар эълон қилинди. Бу эса радионинг мамлакат ичидаги тушиб кетган обрўйини яна тиклади. Чўчиб қолган ҳукумат радионинг забардаст журналистларига қарши ҳужум очди ва жумладан “Озодлик” радиосининг энг кучли ва машҳур мухбири Носир Зокирни бўҳтонлар билан қамади.

    Юқорида зикp этилганидек, 2005 йилнинг ёз ойларига келиб, “Озодлик”да яна  эски ҳолга қайтиш юз берди. Бу нима билан боғлиқ эканлиги бизга номаълум. Радио раҳбарияти сирли сиёсат белгиладими ёки Ўзбекистон ҳукуматининг қўли узунлик қилдими, бу томони бизга қоронғу. Лекин нима бўлганда ҳам дастурларда жиддий ўзгариш бўлгани аниқ эди.

    Ўзим дуч келган бир мисол. Тошкент ва Москва орасида Каримовдан кейин мамлакатга кимнинг раҳбар бўлиши ҳақида мунозара кетаётгани, президентнинг қизи-Гулнора Каримова шахси атрофида ташвишлар уйғонгани ҳақида шу йилнинг Август охирларида бир мақола ёздим. Бу мақолани биринчи бўлиб, “Озодлик”нинг  Ўзбек хизматидаги барча ходимларга жўнатдим. Мақола уларни қизиқтирмади. Аммо мақола  кўпчиликда қизиқиш уйғотди ва рус тилига таржима этилиб, 27 та веб саҳифада нашр қилинди. Кўпгина баҳсларга йўл очди. Турли веб саҳифалардаги олди-қочдиларни қочирмайдиган “Озодлик” “Гулноранинг қора шарпаси” мақоласини кўрмасликка олгани шубҳали ҳол эди.

    Шунда мен Ўзбек хизматига тожик хизматидан (аслида бу ҳам Ўзбек хизмати учун шармандали ҳол-ЖМ) вақтинча раҳбар этиб қўйилган Сожида Жаъфарова ва ўзбек хизматининг барча ходимларига мақолани такрор юбордим, бу Ўзбекистон келажаги учун ўта муҳим масала эканлиги, менга телефон этишса қўшимча маълумотларим борлигини айтиб мурожаат қилдим. Ҳатто жавоб ҳам  беришмади. Радиодагиларга менинг шахсим, чўрткесарлигим ёқмаслиги мумкин. Лекин масала Ўзбекистоннинг келажаги билан боғлиқ ва буни биз демократлар халққа етказишимиз керак эди. Бошқа минбаримиз  йўқ. “Озодлик” эса  бундан бўйин товлади. “Америка овози” ҳам.

    Бугунга келиб Ўзбек матбуоти Гулнора Каримова шахсини кенг пропаганда қилишга киришди ва менинг мақоламда кўтарилган масала тасдиғини топмоқда. Шундай экан, “Озодлик” Гулнора Каримова ҳақидаги мақоладан юз буриш билан диктатуранинг тегирмонига сув қуйганини билмайдими?

    Бу ҳам майли. Носир Зокирнинг қамалгани ҳақида унинг ўғлидан 26 Август куни электрон хат олдим. Аммо “Озодлик” радиосида ҳеч нарса йўқ. 27 Августда ҳам бир хабар йўқ эди. Унинг мухбирлари “Шарқ тароналари” консертидан репортажлар бериш, Президент Каримовнинг мустақиллик куни олдидан ўтказган тадбирларини ёритиш билан овора эдилар. Бу тадбирлар ва консерт ҳақида Ўзбекситон матбуоти ҳам тинмай сайраётган бир пайтда “Озодлик” ҳам айни кампанияга қўшилиб кетгани табиийки жуда шубҳали эди.

    Агар Носир Зокирнинг бошига келганлар бошқа бир журналистнинг бошига тушганда Носир Зокирнинг овози билан ўша заҳоти бутун Ўзбекистон ва “Озодлик” ни тинглаган дунё бу хабардан воқиф  бўларди.

    Наҳотки “Озодлик” чилар учун бундан ҳам муҳим масала бор эди? Озодлик куйчисини қамоққа тиқиш ҳақидаги хабардан ҳам муҳимроқ хабар бўлиши мумкинми?

    Юқорида айтганимдек, 26 Август куни Интернет орқали радио дастурларини тингалдим.

    Эфирда Азизуллоҳ Арол ва Нодира..

    Ўзбекистон олий Мажлиси Сенатида ҳаммага олдиндан маълум бўлган қарор биринчи масала, сенат раиси ўринбосари Фарруха Муҳиддинова, Сенат вакили Содиқ Сафоев ва бошқаларнинг Тошкент телевидениеси ва радиолари кун бўйи ўн мартадан такрорлаган гапларини кун бўйи “Озодлик” ҳам такрорлади… Такрорлашда ҳатто Тошкентдан ҳам ўзиб кетишди. Аммо Носир Зокир ҳақида гап йўқ.

    Мен 27 Август кунги дастурларни эшита бошлайман..

    Яна ўша мавзу биринчи масала…

    “Озодлик”нинг барча ходимларига мактуб йўлладим, Носир Зокирнинг қамалгани ҳақида фикр билдирмоқчи эканлигимни айтдим, аммо гулдир гуп-пилдир пис!

    Қарангки, буни сезган бир мен эмас эканман. Демократик Ўзбекистон Конгресси ҳайъатининг аъзоси Жалолиддин Ҳусниддинов “Озодлик” озодликка хизмат қилмоқдами” деб номлаган мақоласидаги мана бу сатрлар ҳам шуни кўрсатади:

    ”Носир Зокир шу йилнинг 26 Август куни суд залидан тўғри жазони ўташга жўнатилди. Аммо ”Озодлик”нинг Ўзбекистондаги бу мухбири тақдири тўғрисида мен дастлаб бошқа манбалардан хабардор бўлдим ва мазкур хабардан нақд 2 кун ўтгач ”Озодлик” веб саҳифасида мавзуга жой берилди. Буни қандай тушунмоқ керак? ”Озодлик” радиосининг оёқда тутиб турган Носир Зокирни қамашди-ю, сиз нима қилиб ўтирибсиз? Бугунга қадар ўтган вақт мобайнида Носир Зокир масаласи юзасидан қаерларга мурожаат қилдингиз ва қандай жавоб олдингиз? Биз тингловчи сифатида бундан хабардор бўлишга ҳақли эмасмизми?

    ”Озодлик” радиоси дунёда биринчи бўлиб, ҳатто радионинг ўзидан ҳам олдин  Носир Зокирнинг қамалгани ва уни зудлик билан озод этиш талаби ҳақида Демократик Ўзбекистон Конгресси уч тилда бутун дунё бўйлаб тарқатган Баёнотни ҳам эълон қилмади. Бу баёнот жуда кўплаб веб саҳифаларда эълон қилинди ва маълум бўлишича, ҳатто АҚШ Конгресси аъзоларидан бу баёнотга қизиқиш билдирилган, лекин радионинг бундай муносабати мутлақо тушунарсиздир.”
    (
    www.jahongir.org )

    Ҳа, ”Озодлик”даги ўзгаришни бошқалар ҳам сезиб қолишди. Жумладан Инсон Ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов имзоси билан махсус Баёнот тарқатилди ва “Озодлик”  радиоси Тошкент аэропортида сирли равишда йўқолиб қолган Абдували қори ҳақидаги материални эфирга узатмагани ва бу иш  МХХ нинг аралашуви билан бўлганини билдирди. Ҳеч қачон раддия бермаган МХХ бу сафар раддия бериб, бу ишга аралашмаганини эълон қилди. Аммо материал яна эфирга узатилмади. Шундан кейин Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов Ўзбек хизматига мактуб ёзиб ўзидан олинган суҳбат нима сабабдан эфирга берилмаганини сўрагани ва радиодан жавоб ололмагани ҳақида Ташкилотнинг баённомасини эълон қилди. Бу ҳам жуда кўп Интернет саҳифаларида нашр этилганига қарамасдан радио яна муносабат билдирмади. Хуллас, қисқа вақтда ана шундай жиддий масалалар кўпайиб қолди ва биз эшиттиришлар нега тубдан ўзгарганига жавоб топа олмаяпмиз.

    Ушбу мақолани ёзар эканман, балки дастурларда яна демократияни ёйишга қаратилган материаллар берилаётгандир, деган ўй билан Интернет орқали таваккал қилиб бир соатлик дастурни танладим. Кейин бошқаларини ҳам тингалдим. Дастлабки бир соатда берилган материаллар икки кун давомида камида 10 мартадан такрорланди ва бу одамни бездириб юборадиган даражада эди.

    Демак, 9 Сентябр, жума куни, Интернетда 3.00 ва 3.30 вақтида жойлашган, истаган пайтда эшитиб кўриш мумкин бўлга дастур:

    Студияда Азизуллоҳ Арол эди...

    1.ЕХҲТнинг вакили Тошкентга боргани ҳақидаги хабар. Ўзбекистон ҳукумати вакилининг баёни ва Британия элчихонаси вакилининг баёни... Бу сафар ҳақида Ўзбекистон ҳукуматининг баёни Тошкент матбуотида ҳам қайта-қайта эълон қилинган. Аммо демократик веб саҳифаларда бир кун олдин бу сафарга нисбатан жуда жиддий савол туғилганди. Авропа ташкилоти Ўзбекистонга Андижон воқеалари бўйича санксиялар қўямиз деб ваъда бергани ҳолда, Тошкентга қилинган ташрифдан демократлар ажабланишаётгани ҳақида уларнинг фикрлари эълон қилинганди. Улар АҚШ Андижон воқеаларини мустақил текширишни талаб қилаётган бир пайтда ЕХҲТ вакилининг сафаридан қандай мақсад кўзда тутилган дея ҳақли савол қўяётган эдилар. Аммо радиода бу саволга жавоб бериш у ёқда турсин, ҳукумат вакилининг баёнига демократик мухолифатнинг фикри ҳам қўшилмаганди.

    2.Қашқадарёда Ўзбекистонда биринчи бўлиб пахта йиғим терими бошлаб юборилгани ҳақидаги хабар. Ваҳоланки радио икки кун олдин Бухорода таниқли шоир ва фермер Юсуф Жумаев пахта планини бажаргани ҳақида маълумот берганди. Демак, пахта йиғим терими анча олдин бошланган. Гап бунда эмас, гап шундаки, Қашқадарёда мактаб болалари пахта йиғим теримига сафарбар қилингани шунчаки айтиб кетилгани ҳолда фермерларнинг уларга қандай шароит қилиб беришлари кераклиги таҳлил этилди. Ваҳоланки, демократик қарашдаги кишиларга микрофон тутилганда, улар Ўзбекистонда болалар қул каби ишлатилаётгани, мактаблар ёпиб қўйилиши Конститутсияга зидлигини айтган бўлардилар. Аммо бу Каримов режимига ёқмас эди-да.

    3. Турли халқаро саналарга бағишланган лавҳалар.

    4. АҚШда ”Катрина” фожеаси ҳақида айтилган гаплардан парчалар инглиз тилида берилди ва бу шундай ҳам радио тўлқинларини аранг топадиган ўзбек тингловчисини чалғитиб юбориши турган гап. Ортидан ”Катрина”нинг Жаз мусиқасига алоқаси ҳақида бир лавҳа берилди.

    5. ”Ялла” ансамблининг Тожикистон гастроли ва ”Ялла”нинг қўшиғи.

    6. Қозоғистондаги сайловга тайёргалик борасидаги камчиликлар ҳақида Каримов режимига ёқадиган таҳлил.

    6.Қирғизистонда Конститутсия ислоҳоти ҳақида.

    7. Тил ва дил дастури. Эшиттириш бошланишида мазкур дастурнинг навбатдагисини берамиз деб эълон қилинишига қарамасдам эски дастурни беришди ва шу кунларда Интернетда бу дастурга жуда кўп марта дуч келдим.

    Бу қадар. Балки ходимлар оз, куч етарсиздир. Тушунарли. Балки Ўзбекистонда муҳим воқеалар бўлмагандур? Шундайми?

    Шу эшиттиришдан бир кун олдин Ўзбекистонда  икки мустақил журналистнинг ҳаётига суиқасд қилинганди. Аммо дастурда бу ҳақда ҳеч нарса йўқ эди. Бир кун олдин Ўзбекистон телевидениеси Андижон воқеалари ҳақида махсус дастур эълон қилиб, АҚШ, хусусан ”Freedom House”ни айблаб, бу ерда Инсон ҳуқуқлари фаоллари, акромийлар тўпланиб гўё ”тайёргарликдан ўтишгани”ни урғулаб,  Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов,”Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Васила Иноятова ва бошқалар айбланганди.

    Шунингдек, айни кунларда Ўзбекистон ҳукумати Интернетни тўла назоратга олиш ҳақида қарор эълон қилди. Бу ҳам таҳлил этилмасдан эфир вақтини қўшиқ билан тўлдириш ва сўнгра айни дастурни 8 марта такрор бериш, бу ҳам етмаганидек, шанба ва якшанба кунлари бутун ҳафта давомида такрор-такрор берилганларни яна ики-уч  марталаб такрорлаб чиқиш бу демократияга хизмат эмас, балки тингловчини атайлабдан бездириш ва уни радио эшитмайдиган ҳолга келтириш эмасми?

    Ўзбекистон матбуоти шу кунлари тинмай демократларга ҳужум қилмоқда эди. Аммо бу ҳам “Озодлик” учун муҳим мавзу эмас. Ҳукумат томонидан айбланган демократларга ҳукумат минбар бермаса, ”Озодлик” бундан кўз юмса, ёки орқага ташлаб бир ҳафтадан кейин нимадир бериш билан чекланса, АҚШ Конгрессиниг ва Буш маъмуриятининг демокартияни кенг ёйиш ҳақидаги гапларига ишониш керакми ёки демократия, озодлик минбари деб жар солинаётган ва амалда диктатурага хизмат қилаётган ”Озодлик” ва ”Америка овози"га (”Америка овози” дастурлари ҳақида кейинги мақолада батафсил тўхталамиз-ЖМ) ишониш керакми? Гап унисида ҳам эмас, бунисида ҳам эмас. Гап BBG деган ташкилотда.

    Бу энг аввало BBGнинг хатоси. Бундан икки йил олдин BBG такрор хизматларни қисқартиришга тушганда  ”Озодлик” ва ”Америка овози” кун тартибига келганди. Ўшанда бир конгрессмен билан гаплашганимизда мен шахсий манфаатимга қарши бўлсада, ”Озодлик”ни сақлаб қолиш керак деган эдим. Чунки бу Ўзбекистонга яқин ва эшиттириш соатлари кўп ҳамда кўп одам эшитиши мумкин эди. ”Америка овози”ни эса  оз одам тингларди.

    BBG эса ҳатто радио тўлқинлари бўғиладиган Ўзбекистонга ўзбекча телевидение дастурлари тайёрлашга киришди. Бу шамолга қарши тупуриш билан баробар, Американинг пулини ҳавога сочиш эди. Бир-бирини ”минглаб одамлар томоша қилмоқда” деб алдаб, Конгрессдан пул олиш учун қилинган ҳаракатга ўхшарди бу!

    Андижон воқеаларидан кейин яна ”Америка овози”ни тиклашди. Бу ҳам BBG нинг масалага демократияни ёйиш учун эмас, балки пул топиш учун қилган уринишини кўрсатади. Чунки ”Америка овози” ва ”Озодлик” айни бир вақтда эфирга чиққани боис ”Озодлик”ни тинглаш қулай бўлганидан  ”Америка овози” тингловчисиз қолиб, BBG пулни яна бир марта ҳавога отгани ўртага чиқмоқда.

    Танқид қилиш осон, таклиф бериш мушкул. Хўш нима қилиш керак?

    1.”Озодлик”   ва  ”Америка овози” ўзбек хизматларини бирлаштириш зарур. Маблағ ва имкониятни ”Озодлик”ка берган ҳолда Ўзбек хизматини тубдан ислоҳ этиш даркор. Андижон воқеаларидан кейин Юсуф Расулов, Тўлқин Қораев, Матлуба Азаматова каби ўнлаб истеъдодли журналистлар мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Махсус кўрик асосида ана шундай журналистларни радиога таклиф қилиш даркор. Бу эса такрорларни қисқартириб, эфир вақтидан унумли фойдаланишга йўл очади ва Ўзбек хизматлари доирасида вужудга келган тарафкашлик, бирёқламаликка чек қўйиб,  демократияга ўрин яратади.

    2.Биргина Тошкентдаги бўлимга таяниб қолмасдан Чимкент, Ўш ва Хўжандда ҳам бўлимлар очиш ҳақида ўйлаш керак.

    3.Бугун АҚШда яшаётган ўзбеклар кўпаймоқда. Биргина ўтган йили 1,5 минг киши доимий яшаш статусини олди. Бу одамлар Ўзбекистон тақдири, демократия келажагига бефарқ эмаслар. Шу боис ўзбек радиоси фаолиятини кузатиб борадиган жамоатчилик кенгаши тузишимиз ва ҳар уч ойда натижаларни АҚШ Конгрессига юбориб туриш зарур.

    BBG ўзи истаган ташкилотга ҳукуматнинг катта пулини тўлаб, кузатув ўтказади. Аммо худди Ўзбекистонда бир кишининг устидан шикоят ёзсангиз ариза охир оқибат ўша одамга бориб тушганидек, BBG буюртмаси билан тайёрланадиган таҳлил ҳам охир оқибатда камчлиги кўрсатилган одамларнинг ғаладонига тушади. Шу билан иш битди. Ваҳоланки, биз тузадиган комиссия ҳисоботини инглиз тилида ҳам эълон қилиб борса, уни турли штатларда яшовчилар ўз намоёндалари ва сенаторларига юбориб турсалар бунинг таъсири жуда ката бўлади ва биз демократия минбарини сақлаб қолган бўламиз.

    Борис Елтсин ”СССРни ”Озодлик” йиқитди” деган эди. Бугун Ўзбекистондаги диктатура СССР пайтидагидан ҳам кучли ва бугун бизнинг Елтсин қадралаган ”Озодлик”ка эҳтиёжимиз бор. Бу эҳтиёжни қондириш эса, ўзганинг эмас, ўзимизнинг, айниқса биз Америкада яшовчиларнинг сайи ҳаракатимизга боғлиқ.

     Эслатма: Ҳар икки радионинг Ўзбек хизматлари билан боғлиқ яна жуда кўп муаммолар бор ва улар ҳақида кейинги ой эълон қилинадиган навбатдаги мақолада тўхталамиз. Фикр мулоҳазалар, таклиф ва танқидлар бўлса jahongir@jahongir.org адресига юборишингиз мумкин.

    2005 йил, 12 Сентябр.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz