Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 09.23.49
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Январь » 23 » Бу жуда қизиқ
    10.51.01
    Бу жуда қизиқ
    Шунчаки ишлар

    Ушбу мақола бўш вақтдан унумли фойдаланиш учун шунчаки ёзилди. Нега энди шунчаки деб ўйлаётгандирсиз? Аслида барча ишлар мана шу шунчакидан бошланади. Гапни шу йўсинда бирор бир каттароқ мавзуга буриб юбориш мумкин. Аммо мен шу топда негадир шунчаки мақола ёзмоқчиман. Биламан сизда ҳам шундай вазиятлар бўлади. Сиз ҳам шунчаки нималарнидир амалга оширишга ҳаракат қиласиз, вақти келса, ўз қизиқишларингиз билан банд бўласиз. Келажакда мана шу қилаётган шунчаки ишларингиз сизни тарихга муҳрлаб қўйиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?! Келинг, яхшиси мавзуни шунчаки ҳаётда содир бўлган воқеалар билан давом эттирамиз. Нима демоқчи эканимни кейин тушуниб оласиз.
        
        1787 йил.
    Уильям Гершель Уран сайёрасининг икки йўлдошини кашф этди. Унинг бу кашфиёти ҳақида билгач, Уильям Гершелни астрономия билан жиддий шуғулланган, ушбу йўналишдаги олий ўқув юртини тамомлаган деб ўйлаётгандирсиз? Хато қиласиз. Унда қандай қилиб жиддий соҳада жиддий ишлар қила олди экан? Мавзуга ойдинлик киритиш учун яхшиси олимнинг ҳаётига назар солиб кўрамиз.
        Уильям Гершель 1738 йил 15 ноябрда Ганновер шаҳрида туғилган. Отаси мусиқа билан шуғуллангани боис ёшлигида Гершель ҳам мусиқа ва чет тиллари йўналиши бўйича таҳсил олган. Бўлажак олим бўш вақтларида астрономия билан шунчаки шуғулланар эди. Оддийгина қизиқиши туфайли 100 га яқин телескоп кўзгуларини ясаган Уильям 1773 йилдан бошлаб осмон жисмларини кузата бошлади. 1786-1789 йиллар давомида 12 метрлик улкан рефлектор ясашга муваффақ бўлди. 1781 йилда Уран сайёрасини, 6 йилдан сўнг Ураннинг, 1789 йил эса Сатурн сайёрасининг икки йўлдошини фанга киритди. Шундан сўнг, бир неча йиллар давомида юлдузларни ўрганган олим 2500 га яқин юлдузлар тўдасини қайд этган. Астрономиянинг бир бўлагини ҳам қамраб олмайдиган олий ўқув юртини тамомлаган бу инсон 1800 йил Қуёш спекторида инфрақизил нурлар мавжуд эканини исботлаб берган. Шунчаки қизиқиш юзасидан астрономияни ўрганган Уильям Гершель бу соҳада етук мутахассис дея тан олинган. Буёғи энди шунчаки ишлар эмас.
        1918 йил. Ҳозирда саноат соҳасида анча илгарилаб кетган Жанубий Корея давлатида кичкинагина болалар боғчаси қурилди. Бугунги кунда шунчаки қурилган ушбу болалар боғчасининг қандай мақомга эга эканини биласизми? Яхшиси бунинг ҳам тарихига шунчаки назар соламиз. Боғча қурилганидан тўрт йил ўтгач, у ерга малакали тарбиячилар жалб этила бошланган. Натижада яна тўрт йил ўтиб ўрта мактаб ваколатини олишга муваффақ бўлган. 1945 йилгача мактаб доирасида фаолият юритган муассаса эндиликда касб-ҳунар марказига айлантирилган. 1953 йили эса «Чунг-Анг» деб номланган олий таълим даргоҳи сифатида иш бошлаган. Бугунги кунда «Чунг-Анг» олий ўқув юрти жаҳоннинг нуфузли университетлари қаторидан жой олган ва хорижий 94 та университет билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Фаолияти давомида ушбу муассаса 117 минг 511 бакалавр, 19 минг 743 магистр, 2335 докторлар даражасидаги талабаларни етиштириб беришга муваффақ бўлган. Мана шундай катта университетнинг тарихи ҳам оддийгина болалар боғчасидан бошланган.
        1920 йил. «Детективлар қироличаси» номини олган Агата Кристи ўзининг илк китобини чоп этишга муваффақ бўлди.
        Агата Мэри Кларисса Миллер 1890 йил 15 сентябрда Торки шаҳарчасида туғилган. Дастлаб касалхонада, сўнгра дорихонада ишлаган аёл 1920 йил ўзининг илк асарини чоп эттирган. Биринчи асар бўлишига қарамай, детектив Эркюл Пуаро образи уни бутун жаҳонга танитган.
        1971 йил эса адиба Британия ҳукумати томонидан тақдирланган. Агата Кристи умри давомида 60 га яқин детектив роман ва 19 та ҳикоялар тўпламини чоп эттиришга муваффақ бўлган. Машҳур инглиз ёзувчилари рўйхатида Уильям Шекспирдан сўнг иккинчи ўринга муносиб кўрилган. Унинг китоблари тахминан 100 дан ортиқ тилда 2 миллиард нусхада тар-қатилган бўлиб, энг кўп китоби нашр этилган ёзувчилар жадвалининг учинчи поғонасини забт этган. Агата Кристидан «Қайси пайт асарингиз ҳақида бош қотирасиз?» деб сўрашганда, «детектив қироличаси» «Овқат тайёрлаётган маҳалим калламга келган фикрларни шунчаки қоғозга тушириб қўяман», деб жавоб берган. Мана сизга шунчаки қилинган ишларнинг натижаси.
        Биз назарга илмай ШУНЧАКИ деб қараганимиз ҳар бир иш, ҳар бир фикр келажак ҳаётимиз учун кутилмаган бурилишни ясаши мумкин экан. Шунчаки мутолаа, шунчаки машғулот, шунчаки тафаккур қилиш билан жуда катта ишларга пойдевор қўйсангиз не ажаб?! Нима сабабдан шунчаки мақола ёзмоқчи эканимни энди тушунгандирсиз? Тушунган бўлсангиз, унда сиз ҳам ишга киришинг. Мени эса ҳали қилишим керак бўлган шунчаки ишларим кутиб турибди.

    О.Шукур

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz