Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 06.01.20
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Февраль » 11 » "ТУРОНЗАМИН"да савол-жавоб
    00.50.21
    "ТУРОНЗАМИН"да савол-жавоб
    Жаҳонгир Муҳаммад

    Ўтмишини яхши ўрганмаган халқ бугунининг қули бўлиб қолаверади
    САВОЛ: 9 феврал куни сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратларининг туғилган кунлари нишонланди. Шу муносабат билан икки хабар диққатимни тортди.

    ЎзА хабарига кўра, 9 феврал куни Тошкентдаги Ўзбекистон Миллий боғида буюк мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 568 йиллиги муносабати билан олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ва талаба-ёшлар йиғилганлар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Абдулла Орипов бу мажлисда “Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимиз” Навоийни таниганини айтган.

    “Ҳаракат” сайти ҳам “Алишер Навоийнинг туғилган кунини нишонлаш анъанаси қандай бошланганини яна бир эслайлик” деган мақоласида бу анъана 1990 йиллар бошида бошланганини ёзади. Наҳотки, илгари Навоий эсланмаган? Сиз тарихни билган киши сифатида шунга нима дейсиз?

    Ҳурмат билан Фозилжон Абдусаломов, Флорида.

    ЖАВОБ׃ Сўз даҳоси Алишер Навоий меъросини ўрганиш Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларидан бошланган. Фитратнинг тадқиқотлари бунга далил. Сталин давридан бошлаб Навоий асарлари коммунистлаштирилган. Жумладан, унинг асарларидан Муножот- Аллоҳга ҳамду сано айтилган қисмлари олиб ташланган. Адибнинг фикрлари замонга мослаб талқин қилинган. Бунда Ойбек, А.Саъдий, О. Шарафиддинов, А. Ҳайитметов, И. Султон ва бошқа навоийшунослар жонбозлик қилишган.

    Иккинчи жаҳон урушидан олдин ва кейин ҳам Навоий ҳақида юзлаб китоблар битилган ва унинг асарлари бот-бот чоп этилган.

    Ҳар йили Москвада “Навоийхонлик” ўтказилган, “Навоий кечалари”га ўзбек адиблари ва санъаткорлари таклиф этилганлар. Москвада ва СССРнинг бошқа бурчакларида Навоий ҳайкаллари бунёд этилган бўлиб, ҳар доим пойида гулчамбарлар турган. Ҳатто рус мактабларида ҳам Навоий ўқитилган.

    Ўша кезда матбуот ва радио-телевидение йиллик режалар асосида ишлагани учун ҳамма вақт йиллик дастурларга Навоий рукни киритилган. “Навоийхонлик”, “Навоийнома”, “Сўз мулкининг султони” каби доимий дастурлар бўлган. Телекўрсатувларда ҳам Навоий ҳафталиклари ва ойликлари ўтказилган.

    …Иккинчи Жаҳон уруши даврида Тошкентда қурилган опера ва балет театрига Навоий номи берилган.

    1958 йилда чўлда қурила бошланган шаҳар Навоий деб атлаган ва кейин шу номда вилоят ҳам тузилган.

    Адибнинг деярли барча йирик асарлари Совет даврида саҳналаштирилган.

    Навоий кутубхонлари…

    Навоий музейлари,

    Навой кўчалари мавжуд эди.

    Ёдимда, 1987 йилда ҳам Навоийнинг 20 томлик асарлар тўплами нашр этилганди.

    Бугунга келиб, Навоийнинг буюклигидан ҳам сиёсат қиламан дейилса, бу тескари тепиши турган гап.

    Мустақиллик арафасида ҳам, ундан кейин ҳам Навоийга муносабат қандай бўлса, ўша тарзда давом этмоқда. Унинг ижоди ўрганилгани ҳолда фаолиятининг ўрганилмаган жиҳатлари ёпиқлигича қолмоқда.

    Масалан, у ижодида халққа яқин турсада, ҳаётида шоҳга яқин тургани, ижодида адолатсизликка қарши бўлсада, ҳаётида зулм ва золимга қарши турмасдан Астробод ҳокимлигини афзал кўргани (Буни совет олимлари “Астрободга сургун” деб келишган) каби бугун учун, бугунги зеҳният учун муҳим бўлган томонлари ўрганилмаган.

    Навоий даҳосининг советларни жозибага солган жиҳатлари нимада эди? Унинг асарларини руслар қайчилашганмиди ёки ўзимизникиларми? Қандай қилиб Навоийни буюк бобом дейсизу унинг асарларини коммунистлаштирган зотга мустақиллик пайтида қаҳрамон унвони берасиз?

    Яна шу каби бир қанча жиҳатлари борки, кечаги авлод ҳам, бугунги авлод ҳам бу ҳақда гапиришга қўрқади ва бу қўрқувни “ўтмишга тош отмаслик керак” деган баҳона билан бекитади.

    Лекин ўтмишини яхши ўрганмаган халқ бугунининг қули бўлиб қолаверади.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz