Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 06.34.14
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Февраль » 16 » МУҲОКАМА
    21.27.29
    МУҲОКАМА
    Масалани чуқур таҳлил қила олиш қобилияти...
    Аввало бир гапни айтиб ўтиш жоиз, ниманидир режалаган пайт, албатта режада иштирок этмоқчи бўлганларнинг ақлий салоҳиятини жиддий инобатга олмоқ шарт. Зеро айнан ўзбекларда бир нарсани иккинчи нарса билан адаштириб, ўжарлик билан бу айнан шундай деб туриб олиш касали бор. Буни айрим мухолифат вакилларининг, айрим йиғилиши пайтидаги, айрим қарашларига нисбатан айтмоқдаман. Ишингиз зўр бўлиши, ҳаракат натижа бериши учун, кимдир сиз ҳақингизда ҳўв ёқдан туриб гапириб бориши керак деган фикрга суяниш ғирт аҳмоқликдан ўзга нарса эмас. Иш натижа бериши учун гапириш эмас, ишлаш керак!!!

    Бу мавзуни шунинг ўзи билан шартта ёпамиз, зеро ақли бутун инсон шунданоқ тушуниб олади, тушунмаса гапириш бекор…

    Энди асосий мавзуга ўтсак. Ўша гапириб бориши лозимларнинг ақлий салоҳияти ҳам бугун эътибор талаб масала бўлиб қолгандай. Аввало таҳлил ёки хабар тайёрлашда унинг мантиқий базасини яратиб олиш, позицияни белгилаш ва айтилмоқчи бўлаётган гапнинг нақадар ўринли ёки ўринсизлигини англаб олиш зарур. Бир мавзуни бошлаб, ўртасида бошқа тарафга тортиб, сўнггида эса мутлақо бошқа тарафга кетиб қолиш чиройли таҳлил саналмайди, алжираш ҳисобланади. Агар кимдир ўша валжираш ҳам баъзан фойда беради деган гумонда бўлса… хуллас ҳўв теппадаги гап!

    Харакат интернет сахифасида кутарилган мавзу менда жиддий ташвиш уйғотди, демак яна қайсидир оила ўз фарзандини “Буюк келажак” учун қурбон қилар экан. Акс ҳолда тайинли ўрганилмаган ва тайинли даражада асосланмаган ишни қўзғашдан мақсад нима? Ўша ташвишим пайдо бўлгани заҳоти, анави ёрдами жуда ҳам зарур деб ҳисобланаётганлардан фарқли, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига боғландим, нега жим ўтирибсиз, ахир лицей сизларники эди, нимани ўқитиб, нима ҳақда маълумот берганингизга жавоб бера оласизми, деб сўрадим. Элчихонанинг вакили (уни қаранг) бўлаётган аҳволдан бехабар экан аммо агар зарурат туғилса, Туркия албатта ўз уқув машғулотлари юзасидан жавоб бера олишини, айтди.

    Албатта, мен бу жавобдан хурсанд бўлдим, демак агар анави башоратлар рост бўлиб, бир пайтлар турк лицейларида таълим олган йигит-қизларимиз безовта қилинадиган бўлса Туркия элчихонаси вакилини маҳкамага тортиш ўринли бўлади. Аммо мени ўйлантиргани бошқа нарса. Нега айрим мухолифат вакиллари, бир жойдаги, бир йиғини пайтида бу қадар ишонч билдирган “гапиргич”лар бу тарафини тушуриб қолдирди? Нега айтайлик “навбат нурчиларга” деб гапирган мухбир Туркияга шартта боғланмади? Нега ўша ердаги Баддиуззамон Сайид Нурсийнинг ғоясига эргашганлар билан суҳбат ўтказмади? Нега Туркия ҳукумати вакили билан боғланиб, Ўзбекистон уларни экстремистик ташкилот деб аташи юзасидан муносабат сўрамади?

    Ахир мантиқан таҳлил тўлиқ ва пухта бўлиши учун ҳам, кўтарилган мавзу ҳар томонлама мукаммал ўрганилиши учун ҳам шу иш қилиниши керак эмасмиди? Светлана Ортиқованинг рад жавоби наҳот муҳимроқ эди? Нега радио ҳеч бўлмаса, ўзбек МХХси уюштираётган навбатдаги машмаша аслида ғирт майнавозчилик эканини исботловчи бирор аргумент топа олмади? Демак, биз, яна ҳам аниқроғи, сиз муҳтарам мухолифатнинг айрим вакиллари, бир жойдаги, бир йиғилишингиз пайтида билдирганингиз ишончингиз бироз адаш эмасмикан? Хўп айтайлик Туркия билан боғланишга шўрлик “гапиргич”ларда имконият йўқ эди, айтайлик боғланган тақдирда ҳам айнан кимга боғланишни билмас эдилар, ахир Ўзбекистонда ислом оламига машҳур Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўтириптию, наҳот ўша зотга боғланиб тилга олинган оқимнинг экстремистик ёки ундай эмаслиги юзасидан сўраш мумкин эмасди?

    Жуда бўлмаганда бу оқим нақадар ҳатарли, деган саволни ташлаш мумкинмиди? Балким ўша саволга берилган жавоб ўтаётган маҳкама нақадар беўхшов ҳаракатлигини кўрсатиб қўярмиди… Ўзи аслида мавзуга бир томонлама саёз ёндашиш уларга касб бўлиб қолган-ов, даражага оидда ҳамма ҳаракат. Масалан бундан бир неча муддат аввалроқ ўша тилга олганимиз “минбар”дан диний ирода ва қатъийлик ҳақида лавҳа қилинди. Энг таажжубли томони шундаки, мавзу юзасидан ўзбек диндорларидан муносабат сўралмай, негадир Камолиддин Раббимов деган йигитдан сўралди, бу йигит ким, диний уламоми? Балким Ўзбекистон диний идорасининг бирор уламосидир? Қандай қилиб диний таълим ва диний даражага эга бўлмаган йигитнинг изоҳлари далил сифатида ишлатиб юборилди, бу қадар меҳнат қилишдан чўчийдиганларнинг минбари нақадар зарур?..

    Сарлавҳаларни қаранг, “Қора қозон қайнаб турганига ҳам шукур” (13 феврал 2009 йилги лавҳа), “Ўзбекистонда 85 фоиз одам бахтиёр!?.” (27 январ 2009 йилги лавҳа), “Ўзбекларнинг яхши кунини кўрсин” (30 январ 2009 йилги лавҳа) бири биридан ажойиб. Масалан радиони эшитиш имконига эга бўлмаган одам, бордию бу радио сайтига кириб қарайдиган бўлса, анави сарлавҳаларни ўқибоқ, “ия, бу қандай сайт, ЎзАнинг иловасимикан?”, деган гумонга боради. Ахир сарлавҳалар чалғитмайдими? Қаранг анави “Ўзбекистонда 85 фоиз одам бахтиёр!?.” (27 январ 2009 йилги лавҳа) даги таг сарлавҳада нима дейилади, “Ижтимоий фикр” респондентларининг 90 фоизи Ўзбекистон ташқи сиёсатини қўллашини маълум қилган”. “Ўзбекларнинг яхши кунини кўрсин” (30 январ 2009 йилги лавҳа)нинг таг сарлавҳаси эса мана бундай “Мустақил кузатувчилар¸ собиқ коммунист Ислом Каримовнинг¸ мамлакат асосий қонунларига зид ҳолда бўлсин¸ Ўзбекистон бошқарувини бировга бериб қўймаслигига ишонадилар”.

    Ҳали ҳам шукур “умид қиладилар” дейилмабди. Ахир мавзу ўрганилиб, альтернатив фикрлар жамланган бўлса ўша фикрдаги энг кучли гап сарлавҳага чиқарилмайдими? Қайси мактабнинг таъсири бу? Масалан “Ўзбекистонда 85 фоиз одам бахтиёр!?.” (27 январ 2009 йилги лавҳа) мавзусини ўқий бошласангиз унда, қуйидаги фикрларни кўрасиз, “Ўзбекистон мустақил бўлгандан буëн унинг конкрет ташқи сиëсатини мен умуман кўрганим йўқ…”, “Ўзбекистоннинг ташқи сиëсатини ҳозирча яхши баҳолай олмайман”, “Ўзбекистон ҳукуматининг олиб бораëтган ташқи сиëсатини мен ижобий баҳоламаган бўлардим”, қизиқми? Унда анави таг сарлавҳани ишлатишдан мурод не эди, деган табиий савол туғиладими? Нега масалан, “Ижтимоий фикр” маркази тақдим этган таҳлил натижасидан фарқли, аксар ўзбекистонликлар ташқи сиёсатдан мутлақо қониқмаслигини айтади”, дейиш мумкин эмасди? Нима “Ижтимоий фикр” аразлаб қолармиди ёки бу “минбар” эгалари ҳам, МХХ аввал сарлавҳаларни ўқиб сўнгра мақолани ўқишини биладими?

    Асабларни жиловлаб, сабрга астойдил таяниб, “Ўзбекларнинг яхши кунини кўрсин” (30 январ 2009 йилги лавҳа)нинг давомини ўқиймиз, қаранг унда нима дейилади, “Ислом Каримовнинг давлат тепасига келганига бу йил 20 йил тўлади. Ислом Каримов президентлиги даврида вояга етган бугунги авлод Ўзбекистон тепасида ундан бошқа одамни тасаввур ҳам қила олмайдиган даражага етган…”, айтганча бу мавзу Ўзбекистоннинг йиқилмай келаётган президентининг туғилган куни муносабати билан тайёрланган экан. Демак муаллифнинг айтишича, ислоабдиғанивич бошқаруви даврида дунёга келиб улғайган ёшлар, давлат теппасида бошқа одам ҳам бўлиши мумкинлигини тасаввур қила олмайди. Энди иқтибосни ўша тўхтатган жойидан давом эттириб мана буларни ўқиймиз, “Шундай бўлса-да¸ Отабек бошқа демократик давлатлардаги каби президентлар Ўзбекистонда ҳам чинакам сайловлар йўли билан сайланиб¸ алмашиб турилиши тарафдори”, ниманидир тушундингизми?

    Менинг фикримча, Отабекки президентлар алмашиб туриши яхшилигини тушунган экан, демак ёшлар давлат теппасида абдиғанивичдан бошқаси ҳам бўлиши мумкинлигини тасаввур қила олиш билан бирга, буни сидқидилдан истайди. Нега мухбир ёшларимизни бу қадар ҳақоратлаб юборди, ўзи тасаввур қила олмаслиги мумкиндир, аммо ўзбек ёшларини нима сабаб камситади? Улар нафақат тасаввур қила олади, улар айни умид билан яшайди ҳам! Давомига эътибор қаратинг:

    “Озодлик: Ўзбекистонда унинг ўрнида бошқа одамнинг президент бўлишини тасаввур қила оласизми?
    - Ҳозирча йўқ.
    Озодлик: Нимага?
    - Чунки у ҳар доим ўзини ўзи сайлайдику. Кейинги сафар ҳам у ўзини ўзи сайлайди барибир. Ҳар сафар ўзини ўзи сайлаган одамдан нима кутиш мумкин.
    Озодлик: Сизнингча¸ Ўзбекистонда Каримовнинг ўрнига президент бўла оладиган муносиб одам борми?
    - Мен бор деб ўйлайман. Билган инсонларимдан Санжар Умаровни айтишим мумкин. Шунақа одамлардан ватанпарвар президент тайинласа бўлади. Лекин уларга йўл йўқ. Улар учун ҳамма сиëсий йўллар ëпиқ”…

    Бунисига нима дейсиз? Куласизми куясизми? Ахир мундоқ мавзуни ўрганар пайт (тақдим қилинган мавзуни) мухбир шўрлик Отабекка нисбатан туҳмат қилаётганини англайсизми? Йигит тасаввур қила олмайди эмас, тасаввур қила олади ҳатто бунга йўл берилмаслиги ва унинг сабабларинида таҳлил қила олади. Мухбир аҳмоқ бўлиб, аҳмоқона ёндашаётган бўлса йигит шўрликда нима айб? Энди ўйлангчи, шундай чаласавод “минбар”сизга қанчалар зарур? Ҳа, айтганча сўнгги мавзу муаллифи шахсан Ҳурмат Бобожон бўладилар, айрим ҳўв бир жойдаги юртдошлар чинакам ватан фидойиси деб атагани Ҳурмат Бобожон… Бу савия, бу саводи билан унинг фидойилигини ҳам тасаввур қилиш қийин эмас. Отабек адашган бўлса Санжар Умаровда адашгандир, аммо бу унинг фикри, бўлиб ҳам мухбирга қараганда унда фикр борлигининг ўзиёқ ёшларимизнинг ақли жойидалигини исботлайди. Ҳеч ўзимни кулгудан тўхтата олмаябман, узр…

    Сиз ҳам, мен ҳам кулгудан тийилгач, Ҳ.Бобожоннинг ижод маҳсули давомини ўқиймиз, сабр қилинг бу сўнгги иқтибос: “Каримовнинг 90- йиллар бошларида айтган “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” сўзлари бугун шиордан бошқа нарса эмас (Аввал нима эди, шиордан бошқа нарсамиди? — муаллиф). Аммо, тошкентлик Башорат опа президент туғилган кунида Ислом Каримов ҳақида ёмон гап айтгиси йўқ (шиор билан Башорат опанинг истаги ўртасида нима боғламлик бор тушунмадим, “аммо” бу ерда нечун ишлатилди? — муаллиф).
    - 20 йил ичида бўлган нарсани бузиш осон¸ аммо тузатиш жуда қийин. Майли 71 га кирибди. Ўлмай юраверсин. Яхши президент келиб ҳамма нарсани ўз жойига қўйса¸ ўшани кўрсин. Ўзи қилган хатоларини тушунсин. Ҳаëтда ëмон кўрган одамингга ҳам ëмонлик тиламагин дейдию¸ дейди Башорат опа. Соғлиги яхши эмаслиги ҳақидаги гап-сўзларга қарамай, Каримовнинг жамоатчилик олдидаги чиқишларидан президент ҳали ҳам бақувватдай ва Конституцияда белгиланган ҳар қанақа муддат чеклови уни президентликда ўзи истаганча қолишдан тўхтатолмайдигандек кўринади”, бирор фикр борми бу иқтибосга? Кулволасизми?

    Башорат опа деганлари балким кўнгли ана шу даражада пок бўлгани боис ёмон гапдан тийилгандир, балким ўзбек бўлгани боисидан ҳамдир. Биз 20 йилдирки тийилиб келаябмиз, тийилиб, тийилиб мана ўтиб ҳам кетаябмиз. Майлида, опага гап йўқ. Аммо мухбирга савол бор, мавзуни бирдан бу томонга буриб, айнан ана шу фикр билан якунлашдан мақсад нима эди? Ахир адашмасам масала абдиғанивичнинг президентлик курсисини барибир ушлаб қолиши ҳақда ва аллақайси кузатувчилар бунга “ишониши” почти “умид” қилиши ҳақда эди-ку? Қани ўша кузатувчилар ва таҳлилчилар? Нега биз уларни мавзу давомида кўрмадик, ё бу, шахсий истаг ва ишончмиди? Башорат опа ҳатто ўз ўрнини бермайди эмас, берсин, кўрсин деди, Абдулла Тожибой ўғли деганлари ўлиб кетишини кутамиз, деди, аммо бермаслигига ишонамиз дегани кўринмадию?

    Соғлиги ёмон деган умидлар юришига қарамай уни анча дадил дебсиз ва “Конституцияда белгиланган ҳар қанақа муддат чеклови уни президентликда ўзи истаганча қолишдан тўхтатолмайдигандек кўринади”, дебсиз, кимга кўринади сизгами ё Башорат опагами? Сиз шундай фикрда бўлсангиз, менинг фикримча денг, аммо жамоатчилик кўз ўнгида деманг. Жамоатчилик уни кузатиб юрмайди, жамоатчилик бола-чақасига нон топиш билан банд, уйини тиккалаш билан банд, бугунги оғир кунларни бир амаллаб яшаб ўтволиш билан банд, аммо абдиғанивични кузатиш билан эмас. У ўзи учун, жамоатчилик ўзи учун яшаб юрганига билсангиз нақ 20 йил бўлди. Кейин ўзбекда жамики мусулмон оламида бўлгани каби бир гап бор, ўша гап сизга ҳам жавоб бўла олади, тақсир “Худо билади”, истаганча қола оладими йўқми, бир америкалик сиёсатчи айтганидай Берлин деворини ҳам кўпчилик ҳали бери қуламайди, деб ўйлаган эди…

    Яна тилимга бир гап келдию, аммо майли айтмайман, манави иқтибослар буткул чарчатиб қўйди, ягона айтадиганим, аввал ўйланг, кейин хулоса қилинг ва нимагадир чақиринг. Асосийси доим мукаммаллик ва комиликка интилинг, мукаммалроқ минбар топинг, истасангиз бундай минбарлар кўп, аммо ҳаракат қилишдан қочиб, чулчитлар тўрига илиниб қолманг. Бу даъват эмас, насиҳат ҳам эмас, бу шунчаки дўстона маслаҳат.

    Нидои Мазлум.

    Туронзамин рўзномаси


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz