Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 02.56.12
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Февраль » 16 » МУҲОКАМА
    23.22.38
    МУҲОКАМА
    Далиллардан бир шингил

    ИСБОТ ВА САВИЯ

    Бир гуруҳ ватандошларимиз ташаббуси билан дунёга келган БАЁНОТ матни ўзбекзабон сайтларга жойлангач, турли фикрлар ва муносабатлар билан танишиш имкони ҳам пайдо бўлди. Қизиқ томони негадир жамики фикрлар ва муносабатлар асосан маълум бир чиқиш сўнггида мантиқсиз изоҳ тарзида ёки анави бирнима дейилган сайтда англанмай солинган дод-вой тарзида бўляпти. Демак ақллари ўша даражада экан…

    Аввало, ҳар қандай ақли соғлом инсон БАЁНОТни бир бора ўқиб чиқибоқ тушунадики, унда радио эмас, радиодаги айрим кимсалар танқид қилинган ва уларга нисбатан эътироз билдирилган. Афтидан ўша айрим кимсалар ўзларини радио, радио эса ўзини ўша кимсалар санайди чоғи. Анави изоҳ билдирувчилар ҳам, афтидан радио деганда ўшаларни тушунади, акс ҳолда…

    Умуман олганда бундай изоҳлару аламзада чиқишларни ҳам далил сифатида бир четга сақлаб қўйиш керак. Илло улар эътироз билдирилаётган шахслар чиндан ҳам радиони буткул қўлга олиб улгургани ва у ерда чинакам монополия ўрнатганини исботлайди. Акс ҳолда бу қадар андишасиз бақир-чақир ўрнига нормал мулоҳазалар билдирилар ва бир гипотезага оид жавобий гипотезалар билдирилган бўларди, ундай бўлмади. Савиялари даражасида чиқиш қилмоқдаларда ахир…

    КЎППАК ЮРАГИ


    Айрим дўстлар БАЁНОТ билан аслида ўша эътироз билдирилган шахсларни бироз бўлсада тартибга чақиришга уринганларини, улар англаб қолар деган умидда бўлганларини айтибди. Мен бунга жавобан ҳаммангизга руслар томонидан суратга олинган бир фильмни эслатмоқчиман, Булгаков асари бўйича суратга олинган фильмни. Унинг номи “Собачье средце” (Кўппак юраги). Эсланг, фильм каҳрамони профессор Приображенский кўчадаги дайди итни уйига олиб келиб, унда оламшумул тадқиқот ўтказади. Тадқиқот натижасида Шариков деган образ дунёга келади.

    Гарчи итдан одам яратиб унда инсоний хислатларни жам қилишга уринсада, фильм сўнгида профессор ит бўлиб яралган ҳеч қачон инсон бўла олмаслигини англайди ва хатосини ўнглаб, Шариковни яна аввалги ҳолига қайтаради. Эсладингизми? Умид қиламанки нима демоқчи бўлганимни англаб турибсиз. Бу анави “умидда эдик” деган содда дўстларимизга кичик эслатма. Ит бўлиб яралган зинҳор инсон бўла олмайди, унинг қисмати ит бўлишлик, вазифаси ит бўлишлик, шу боис айнан ит бўлиб яшашга маҳкум!!!

    ЖАЗАВА


    “Фергана.ру” сайтига интервью берган, бугунги кунда Туркияда истиқомат қилувчи ватандошимиз, радио ичидаги ана шу бир-икки шахсга эътироз билан тузилган БАЁНОТни “ўзбек халқига қарши провокация” деб баҳолапти. Мен маълум маънода бу ватандошимизнинг жазавасини тушундим, афтидан у инсон ўзбек халқи деганда ўша Бобожонларни, Бобожонлар деганда эса бутун бошли ўзбек халқини тушунади чоғи. Агар ўша мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, бугун радио ичида бутун ўзбек халқи ўтирипти экан, ва демак Ўзбекистонда бирорта ҳам маҳаллий халқ вакили қолмапти, ҳаммаси Прагага кетворипти…

    Биродар қизишманг, худди сиз “Фергана.ру”да қандай бўлмасин фикр билдиришга, бир гуруҳ ўзбекнинг БАЁНОТИда провокацияни кўришга ҳақли бўлганингиз каби, ўша сизнингча “провокация”нинг муаллифлари бўлганлар ҳам у ёки бу шахсга нисбатан ўз эътирозларини билдиришга хақли. Аммо сиздан фарқли улар ўз ташвишларини (ўша сиз провокация деб билганингиз ташвишларини) ана шу усулда ва фақат маълум бир шахсларга нисбатан билдиришни лозим топди ва бунинг учун кимнингдир фатвосини сўраб ўтиришга мажбур эмас.

    Яна бир гапингизга андак эътибор қаратсам, ўйлайманки менинг фикрларимни тўғри қабул қиласиз. Демак сизнинг айтишингизча, “…журналисты, которые упомянуты в заявлении, - в числе самых активных людей, наносящих по режиму Каримова чувствительные удары, и это правда” (аризада эслаб ўтилган журналистлар эса – Каримов режимига нисбатан сезиларли зарба бераётган фаол инсонлар қаторидандир ва бу ҳақиқат). Таржима тахминий, узр русчада у қадар кучли эмасмиз. Ҳай, буниси у қадар муҳим эмас.

    Демак сизнинг фикрингизча, номлари эсланган журналистлар Каримов режимига қақшатқич зарба бериб келаётган инсонлардан ҳисобланар экан. Масалан бирор мисол келтира оласизми? Майли айтайлик мисол топарсиз, ҳўв ўша 2004 йилданми, 2005 йилдан… Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор, радионинг ички қоидалари баён қилинган эслатмада айтилишича, радио мухбири ҳеч қандай сиёсий қарашларни ёқламайдиган ва бирор ҳаракат ёхуд уюшма ишида қатнашмайдиган, холисликка таянган бўлиши ШАРТ экан. Сизнинг “в числе самых активных людей, наносящих по режиму Каримова чувствительные удары” деган гапингиз журналистларнинг радио ички қоидасини бузиб келаётганликларини исботлайди. Бу билан уларни қийин ҳолга солган сиз-ку!

    Майли, айтайлик бузишаётган ҳам бўлсин, савобли иш йўлида истаганча бузмайдими, тўғрими, бунинг учун тасанно деса арзийди, аммо… Бизда бироз ўзгача далиллар борда биродар, сизнинг гапингизни мутлақо инкор қилувчи, сиз тилга олганингиз журналистларнинг аслида умуман бошқа мақсадларга хизмат қилишларини исботловчи далиллар бор. Биз уларни бугун мана шу сайтга тақдим қилиш ниятидамиз. Айтиб ўтиш жоизки, яқинда анави номи бирнима сайтида Ўзбекистонда фаолият юритувчи рус миллатига мансуб журналист хунук тарзда танқид қилинди. Бунга журналистнинг ўз сайтида Марат Зоҳидов (!!!) учун минбар бергани сабаб бўлган. Зеро журналистнинг ўзи, ўша пайт ўзи томонидан бир луқма ҳам сўз қўшмаган.

    Айни ҳолат мамлакат ичида қолаётган жамики воқеалар ҳақида тезкор маълумотлар чоп қилиб келаётган аксар журналистларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Зеро Ежков, қандай қарашларни ёқлашидан қатъий назар аксар журналистлар орасида катта ҳурматга эга. Айтганча “Озодлик” ҳам бу журналистдан интервью олишни, унинг таҳлилчи сифатидаги фикрларидан баҳраманд бўлишни канда қилмайди. Демак энди русийзабон журналистлар ҳам тегишли чиқишларни бошлаб юборишлари эҳтимоли бор, ҳозирча фақат ўша сайт муаллифи деб билинаётган кимсага нисбатан, у ёғи кейин маълум бўлар…

    БУНИСИ ЭРКИН ОТАМУРОДОВДАН

    Ана энди далилларга келсак. Илк далилимиз муаллифи, Эркин Отамуродовни бизга айнан ўша БАЁНОТни алланима деб баҳолашга зўр бераётган сайт таништирди. Аниқроғи бу далил айнан ўша сайтдан олинди, сайт муаллифи уни ўчириб ташлашидан сал аввалроқ. Мана у нима деб ёзади:

    “Улар (Қудрат ва Шуҳрат Бобожоновлар) 20 та болани алдаб чета олиб боришди. Мени жияним ҳам уларнинг тузоғига тушган. Уларга ҳар ой 100 доллар берамиз деб алдаганлар. Қийналиб қолганликлари учун рози бўлишган. Жиянимни иккита боласи бор эди. Бир кун уларни Тожикистонда отиб ташлабди деган хабар келди. Ҳаммамиз йиғлаб қолдик. Ятим қолган фақат мени жиянларим эмасди. Улардан ҳеч ким хабар олмади.

    Бобожоновларни яна биттаси Ҳурматга бу ҳақда айтсам. Мен бунақанги гапни билмайман деди. Бобожоновларни яна биттаси Ғайрат ҳозир СНБда ишларкан. У мени қамаб қуяман деб қўрқитди. Россияга келиб уларга хат ёздим. Жавоб бермадилар. Пона деган сайтларига хатимни қуйсам олиб ташладилар…”.

    БУНИСИ БЕКЖОН РАҲМОНОВДАН

    Яна бир муаллифни ҳам айнан ўша сайт орқали танидик, унинг исми Бекжон Раҳмонов Урганч шаҳридан. Эмишки бу шахс тилга олинган Бобожоновларнинг иккинчиси, Қудратни жуда яхши танийди ва ҳатто унга оид жиддий далили ҳам бор. Унинг айтишича Қудрат Бобожон бу кишидан пул талаб қилиб товламачилик қилган, анча-мунча олган ҳам. Аммо бир сафар Бекжон Раҳмонов “бермайман” деганида уни туҳматлар асосида қаматиб юборган.

    “Чиқдим. У ифлосни роса изладим. Топдим ҳам. У мани олдимда тиз чўкиб йиғлади. Кўнглим чопмади уни ўлдиришга. Уйга қайтдим. Эртаси куни яна милисадан келишиб мени олиб кетишди. Милисахонага борсам у ерда Қудрат Бобожонов ўтирибди. Мани устимдан шикоят қилиб келибди. Гўё ман ундан пул талаб қилиб борган эмишман. Ўша куни мани роса калтаклашди. Бир милиса манга “Ёшулли сиз президентимизни журналистини хафа қилгансиз, шунинг учун хар куни эрталаб ва кечқурун участкавойга бориб кўриниб келасиз”, деди.

    Мана орадан шунча йил ўтди, лекин ман халиям участкавойга бориб уни дафтарига қўл қўяман. Кейинчалик ман Қудрат Бобожоновни чет элга қочиб кетди деб эшитдим. Участковойни олдига бориб “Энди бу ерга келмасам ҳам бўлар Қудрат Бобожонов чет элга қочиб кетибдику”, дедим. У мани сўкиб “Қудрат ака мухим топшириқ билан ишлашга кетган”, деди…”.

    БУНИСИ САИДЖАҲОН ЗАЙНОБИДДИНОВДАН


    Кейинги далил эгаси таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, Андижондаги қатлиом ҳақида бутун дунё Оммавий ахборот воситаларига жар солган, далилий ашёлар сифатида майдондан териб келганлари гильзаларни намойиш этиб, кейинчалик айни ҳаракати учун қамоққа ташланган шахс, андижонлик Сайиджаҳон Зайнабиддинов.

    Унинг айтишича, озодликка чиққач, “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Андижон бўлимини тиклаш ишларини бошлаб юборгани учун манзил колониясига чиқарилган ўғли соҳта айбловлар билан яна колонияга қайтарилган. Бу ҳақда Сайиджаҳон “Озодлик” радиоси ходимларига СМС жўнатган, у ердан “СМСни олдик”, деган жавоб келган, аммо инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига бўлган бу босим ҳақда лом-мим дейишмаган.

    БУНИСИ “ҲАРАКАТ”ДАН


    Мана бу эса “Harakat.net” сайтидан олинган маълумот, балким ҳурматли Туркиядаги ватандошимиз бу сайт муаллифлари бўлмиш Бирлик халқ ҳаракати партияси фаолларини у қадар ҳушламас, аммо бу зинҳор радио мухбирлари ҳам ҳушламасликлари керак деган гапни англатмайди, ахир шундай эмасми, акс ҳолда демократлик даъвоси бекор бўлиб чиқадия. Хуллас далилга ўтсак:

    “…Бу радио ҳақиқатдан ҳам бир гуруҳ журналистликка даво қилаётган муттаҳамларнинг қўлида қолган. Радионинг эгаси бўлмиш АҚШ ҳукумати ўз ташқи сиёсатида Ўзбекистонга ҳеч қандай ўрин бермаётгани, шу сабабли радионинг ўзбек хизмати билан ҳам ҳеч кимнинг иши йўқлигидан фойдаланган бу ўзбек “журналистлари” демократия рупори бўлиши керак бўлган “Озодлик” радиосини лўттибозлар минбарига айлантиришди.

    Ўтган парламент ва президент сайловларида жиддий ишлар қилишга уринган демократик мухолифатнинг фаолиятини ёритиш ўрнига турли масхарабозларни пропаганда қилиш билан овора бўлган “Озодлик” радиосининг мақсади - демократия тушунчасини дискредитация қилиш эканлигини ҳозир ҳамма тушуниб бормоқда.

    “Озодлик” радиоси ўзбек демократик мухолифати Андижон воқеаларидан кейин олган зарбалардан ўзини тиклаш учун ўта оғир шароитда фаолият олиб бораётганига ҳам кўз юммоқда. Хусусан, Андижоннинг ўзида “Бирлик” Партияси ва “Эзгулик” жамиятиятининг бўлимларини тиклаш учун, қўрқмасдан айтиш мумкин, ўзбек демократлари қаҳрамонларча иш олиб боришмоқда. Бу ерда осонликча бир нарса қилиш мумкин бўлса эди, бошқа мухолифат гуруҳлари ҳам қилишган бўларди.

    Аммо, “Озодлик” радиоси бу мавзуларда оғзини очмайди. “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг “Озодлик” тамомийла МХХ назорати остига ўтган” маънодаги фикрлари тўғри эканлигини ҳам ҳозир ҳамма тушуниб етмоқда…”.

    БУНИСИ ЮСУФ ЖУМАДАН

    Навбатдаги далил айни мана шу сайтда келтириб ўтилди, уни анча аввал бугун қамоқда азобланаётган шоир Юсуф Жумаев ҳам айтиб ўтган эди. Афсус ўша мақолани топа олмадик. Шу боис Ж.Маматовнинг ўзига мурожаат қилиб қўя қолдик. Демак навбатдаги далил:

    “Масалан, миллий шоиримиз Юсуф Жума ўт ичида қолганда, унга телефон қилган Шуҳрат Бобожонов (Абдулла Искандар) “Агар биз томонга ўтсангиз сизни ҳимоя қиламиз” деганини ва унинг “Яна қанақа томон бор?” деб жаҳл қилганини айтиб берганди…” (Жахонгир Маматов: “ВОСВОС” Туронзамин 19 январь 2009 йил.).

    БУНИСИ ДАДАХОН ҲАСАНДАН

    Мана бу далил ўтюрак ҳофиз, таниқли мухолифат намояндаси, халқимизнинг севимли куйчиси, Ватан фидойиси Дадахон Ҳасанов томонидан тақдим қилинди. Интернет сахифаларидан бирида Дадахон Ҳасаннинг интервьюси берилди, унда ҳофиз қисман Муҳаммад Солиҳга нисбатан ҳам танқидий муносабат билдирган эди. Нега қисман Муҳаммад Солиҳга нисбатан ҳам дедим, чунки ундан ташқари Дадахон Ҳасан яна бир нечта ўша даврлардаги сафдошларини танқид қилган, улардан ҳафа эканлигини билдирган. Шундан сўнг, Шуҳрат Бобожон унга қўнғироқ қилиб, “анавини Ҳусниддин ёзиб бердими, ростини айтинг”, деган, Дадахон Ҳасан ўзининг ижодий эканини айтгач, Ш.Бобожон жиддий эътироз билдирган ва “Жаҳонгир билан Абдураҳимнинг мошинасига чиққанингиз билан табриклайман”, деб гўшакни қўйиб қўйган.

    Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай “ponauz.info” сайтида Дадахон Ҳасанни МХХ айғоқчисиликда айбловчи мақолалар чоп қилина бошланди, унинг интервьюсига даҳлдор саналган мустақил журналист Ҳусниддин Қутбиддиновга нисбатан ҳам. Ҳайрон қоларли жойи шундаки, Дадахон Ҳасанга жавобий чиқиш қилган Муҳаммад Солиҳ ҳофизнинг сўзлари айнан унинг ўзи томонидан айтилганини тан олиб жавоб берган…

    Дадахон Ҳасан томонидан келтирилган яна бир далил ҳам ўйлаймизки эътибор қаратишга арзийди. 2006 йилнинг феврал ойида Шуҳрат Бобожон Дадахон Ҳасанга қўнғироқ қилади, ундан қайсидир мавзу юзасидан интервью олади (ўша куни ҳам, кейин ҳам интервью эфирга берилмайди, демак мақсад интервью бўлмаган). Ҳайирлашар пайт “анави Ҳусниддин билан Раҳматжон ғирт СНБчи экану, кеча интернетга шунақанги бемаза нарса чиқаришиптики, одам тер ташлаб юборади”, дейди. Суҳбатдан сўнг кекса ҳофиз Раҳматжон Қўлдошевга телефон қилади ва Интернетга нима балолар чиқардинг, деб сўрайди. Шунда (эътибор қилинг ватандош!!!) Раҳматжон Қўлдошев, “бугун интервью бердим, мақолани ҳали чоп қилмадим, энди ёзаябман”, дейди. Ҳусниддин масаласида эса, унинг вазияти ҳали аниқ бўлмагани боис, бу чиқишларга аралашмаётганини айтган.

    Орадан бир кун ўтиб Интернет саҳифаларида Раҳматжон Қўлдошев ва Ҳусниддин номидан алоҳида мақолалар чоп қилинди, бўлиб ҳам ҳукуматга қарашли “press-uz.info” сайтида. Демак Шуҳрат Бобожон олдиндан ана шундай мақолалар чоп қилиниши ва унда ўзи айтмоқчи «инсон тер ташлаб юборадиган» сўзлар бўлишини аниқ билган. Савол туғилади, қаёқдан? Ҳусниддиннинг айтишича, у пайт вазият ўта қалтис, унинг атрофида ҳар ҳил гаплар юрган пайт бўлгани боис, у жуда ҳам қисқа раддия берган, мақолага алоқаси йўқлигини айтган. Бунга Ўзбекистонда қолган, кейинчалик унга боғланган мухожиротдаги жамики журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, ҳатто ўша пайтда фаолиятда бўлган озодликчилар ишонган, фақат Шуҳрат, Ҳурмат Бобожоновлар ва Сожида Жаъфарова ишонмай туриб олган. Сожида эмишки “бизда ишончли манбанинг тасдиқловчи маълумоти бор”, деган…

    БУНИСИ ТОШКЕНТ БЮРОСИДА ИШЛАГАН СОБИҚ ҲАМКАСБДАН


    2005 йил Озодлик мухбирлари учун ниҳоятда оғир келди. Андижон воқеаларини ёритишдаги фаоллик учун ҳукумат бу радиодан жиддий ўч олди. Офис масаласи кўндаланг қўйигач мухбирларни мамлакатдан чиқариш ҳаракати бошланади. Энг қизиғи бу ҳаракат ҳақида ҳамма ходимлар хабардор қилинади, бюронинг энг кучли журналисти Ҳусниддиндан ташқари. Кейинчалик йигит ўзи, ҳамкасблари орқали бундан хабар топади, бу ҳаракатни овоза қилмаслик ҳақда уларга Ҳурмат Бобожон тайинлаганини айтишади. Журналист эътироз билан Сожида Жаъфаровага боғланади, раҳбар, “ҳа, майли, сен ҳам қаёққа кетишни танлай қол, Москва, Бишкек ёки Олма ота” дейди.

    Журналист ўйлаб Бишкекни танлаган пайт, Ҳурмат Бобожон ўзига яхши маълум бўлган Тошкент офисидаги журналистлардан бирига мактуб йўллайди, “сиз тезроқ Бишкекка чиқиб олинг, акс ҳолда у ёққа Ҳусниддин чиқиб кетади ва сиз мамлакатда қолиб кетасиз”, дейди. Ҳусниддин тайёрлангунича бошқа ҳамкасб Бишкекка чиқиб кетади. Москва тадориги кўрила бошлайди, шунда Тошкент офисида тўсатдан радионинг Бухородаги мухбири пайдо бўлади ва “Ҳурмат ака менга мактуб йўллаб, Москвага сизни танладик, срочно, Москвага чиқинг, дедилар” дейди. Шу усулда Москва ҳам йўққа чиқарилади. Олма ота қолади, аммо тўсатдан Ҳурмат Хоразмдаги мухбирга мактуб йўллаб уни Шимкентга чиқариб юборади, бу билан Қозоғистон ҳам ёпилади…

    Кўриниб туриптики, Бобожоновлар аввалдан аллақандай буюртмага асосан ўзбек хизматининг энг кучли журналисти йўлларини ёпишга зўр берган. Ана шу ерда кейинги далилга ўтсак ҳам бўлади. Бухоролик мухбир Москвада фаолият юритаётганда, анави эслатиб ўтганимиз ҳукумат сайтида мухбирни ҳақорат қилувчи мақола чоп қилинади. Мақола ҳақда Тошкент бюросига дастлаб Шуҳрат Бобожон хабар беради, кейинроқ бу ҳақда ташвиш билдириб Сожида Жаъфарова ҳам Тошкентга қўнғироқ қилади ва журналистларнинг қўшни давлатларга чиқариш режаси афтидан ҳатарли эканлиги ҳақида гапиради. Яъни, журналистларни чиқармаслик кампанияси натижа бера бошлаган эди.

    Орадан бир йил ўтиб, 2006 йилда радиодан бўшаган бухоролик мухбир тақдир тақозоси билан Прагага бориб қолади. Табиий собиқ ҳамкасблар билан танишиш мақсадида радио бош офисига киради. Шунда Шуҳрат Бобожон негадир ўша бир йил аввалги мақолани эслатади ва буни “Ҳусниддин ёзган” дейди. Бухоролик мухбир ҳайрон қолиб, Ўзбекистонга қайтгач, бу ҳақда Ҳусниддинга сўзлаб беради. Бу борада айтишларича йигит ва Шуҳрат ўртасида ёзишма бўлади ва Шуҳрат Бобожон буларнинг ҳаммаси бўлмаган гап, деб туриб олади. Қизиқ, нима учун, анави ватандошимиз айтмоқчи “режимга қарши қақшатқич зарба бериб” келаётган шахс режим қурбони бўлган инсонни нишон қилиб олди экан?

    БУНИСИ МУКОФОТ ҲАҚИДА


    2006 йилнинг май ойида халқаро радио эшиттиришлар бўйича губернаторлар кенгаши Озодлик радиоси Тошкент бюроси (!!!) ходимларининг 2005 йилдаги фаолиятини тақдирлаш мақсадида уларни кенгашнинг Дэвид Бурке мукофотига лозим топади. Прагада айни мукофотни топшириш маросими ўтади, уни Тошкент бюросининг ходими Нодира қабул қилиб олади. Энг қизиғи, Андижон ҳақида ўша ердан туриб лавҳалар узатган радио мухбири Турғунбек ўша кезларда радионинг Олма отадаги мухбири бўлиб ишлаётган эди, яна бир мухбир Садриддин Тожикистонда эди, улар Андижон воқеалари ҳақида ўша ердан туриб лавҳа узатган учта Тошкент бюроси мухбирларининг иккитаси эди. Учинчиси Ҳусниддин бу пайт ишдан кетган эди. Негадир мукофотни топшириш маросимига ана шу икки мухбир таклиф қилинмади…

    Мукофот топширилгач, русийзабон “Фергана.ру” сайтида радионинг ўша кезлардаги президенти (билишимизча ҳозир президент бошқа одам) билан интервью чоп қилинади, ундаги айрим жойларни айнан келтириб ўтсак:

    “Джеф Тримбл: - Первый председатель нашего Совета губернаторов Дэвид Бурке был известным и опытным журналистом. После того, как он ушел с поста главного редактора CBS, была создана эта премия за журналистское мужество в сложных условиях работы. Вручается она ежегодно журналистам международного радиовещания США. В этом году было решено присудить премию корреспондентам Ташкентского бюро нашей радиостанции – за то, что они сделали в течение прошлого года. Особенно – за их репортажи о событиях в Андижане.

    Фергана.Ру: - Имеет ли эта премия денежное выражение?

    Джеф Тримбл: - Весьма небольшое. Мне пока не известна окончательная цифра, но это в районе нескольких сотен долларов. Самое главное, что такая награда демонстрирует поддержку Совета губернаторов международного радиовещания США. В Совете губернаторов – известные люди, назначенные президентом Соединенных Штатов Америки. Сам президент и Конгресс обращают внимание на работу этих журналистов.” (Фергана.Ру, Д.Кислов, 16.06.2006).

    БАЁНОТга қарши томоқларини йиртаётганлар русчани яхши билишгани боис таржима қилмай қўяқоламиз. Хуллас, маълум бўлишича мукофот ўша тақдирланган мухбирларнинг бирортасига етиб бормаган, унда назарда тутилган, ўша президент айтгани бир неча юз доллар ҳам.

    Ҳали эслатганимиз бухоролик мухбир Прагадалиги пайтида бу борада қизиқади, шунда Сожида Жаъфарова “Биз мана бу ерда ўзаро келишиб, мукофотнинг барчага ажратилган пулини фақат уч кишига бўлиб беришни лозим топдик, булар Турғунбек, Носир Зокир ва Садриддин, зеро фақат улар Андижонда бўлган” дейди. Собиқ мухбирнинг, айримлар бундай тақсимлашдан норози бўлиб чиқишсачи, деганида Сожида “қилаверсин, ўзлари шарманда бўлади, зеро биз чиқарган қарорни улар ўзгартиришга қодир эмас”, деб жавоб қилади.

    Яъни ватандошимиз халқ учун, режимга қарши курашиб келмоқда деб айтганлари, аслида 2005 йилги матонатли меҳнати учун ҳақли равишда олганлари мукофотни ўзларича унинг эгаларидан шартта тортиб олиб, фақат уч кишига бўлиб беришни аҳд қиляпти. Аммо… Орадан шунча вақт ўтгач, ўша номлари айтилган учтанинг биттаси собиқ мухбирлардан бирига мана бу мактубни йўллаяпти “Жуда тантана билан Америкадаги ПОЛОН мукофотга сазовор бўлдингизлар деб ёзилганди, шахсан мен бир тийин, бир цент ҳам пул олмадим ўша мукофотдан. Лекин бу гапларни айтган билан бир нарса ўзгарармикин?”. Учтанинг яна бир вакили ҳам олмаганини айтади фақат Носир Зокир олганини тасдиқлайди, аммо бу пулларни “радио компенсация ўрнида ёрдам пули сифатида берганди”, дейди.

    Демак радиодаги ватан, халқ фидойилари ўзгаларнинг пулларини ўз билганича тақсим қилиб юборганлари етмаганидай, уни беришларини айтгани кейинги икки шахсни четга суриб фақат Носир Зокирга беряпти, аммо шунда ҳам буни гўё радиодан ёрдам пули, деб тақдим қилишяпти, зинҳор “ҳамма олган мукофот пулларини йиғиб сизга беришни қарор қилдик, ўзингиз уларга раҳмат деб қўярсиз”, дейишмаяпти. Шўрлик Носир Зокир ҳақиқатни билгач узоқ вақт ҳижолат бўлиб юрганмуш. Бу далил радиода ҳатто ўзбошимчалик, ҳатто радио эшиттиришлар бўйича губернаторлар кенгаши чиқарган қарорнида ўзгартириб юборишдан тап тортмаслик муҳити шаклланиб улгурганини исботлайди. Бундай молиявий махинацияларга бефарқ қолмайдиган губернаторлар Кенгаши умид қиламизки бу воқеани жиддий ўрганади.

    БУНИСИ АНДИЖОН ҲАҚИДА


    Андижон воқеаларида шижоат кўрсатган мухбирларнинг кейинги аянчли тақдирига ҳам эътибор қаратиб ўтсак. Зеро бу ҳам керакли пайтда тақдим этилиши шарт бўлган муҳим далиллардан. Андижон воқеаларидан уч кун ёки тўрт кун ўтгач, собиқ мухбирларнинг айтишича бу пайт Прагада бўлган Турғунбек Ўзбекистонга қайтарилади ва тўппа-тўғри Андижонга боради. Бу ерда Турғунбек жуда кўп ниҳоятда муҳим маълумотларни фош қилади, эфирга узатади. Кўп ўтмай унинг Андижонда қолиши хавфли бўлиб қолади ва Адолат Нажимованинг шахсий қарори билан Тошкентга чақирилади. Бу ерда оз муддат бўлгач Прагага чақириб олинади. Айнан мана шу ерда жуда қизиқ ишлар бошланади.

    Аввало айтиб ўтиш жоиз, маълум бўлишича ўшанда Турғунбек билан ҳамкорлик қилган бир кимса Андижонда ўлдириб кетилади. Бу воқеа Турғунбекнинг кейинги тақдирига жиддийроқ қараш лозим деган хулосани пайдо қилади. Аммо… Прагада бу пайт Турғунбекка қарши кампания бошланади, дастлаб уни Прага офисида ишлай олмасликда айблаб Андижонга қайтаришга уринишади. Кейин қайтиш хавфлилиги аён бўлиб қолгач, бошқа Ўзбекистонга яқинроқ давлатга қайтиш маслаҳат берилади. Турғунбек ўз ҳавотирини билдиргач, унга “ўзингиздан кўринг, биз сизга атиги 500 доллар ойлик чиқариб бера оламиз ва уй ижараси пулини ўзингиз тўлайсиз, шунга рози бўлсангиз, майли қолаверинг”, дейишади. Ҳозир Европада яшаётган ватандошлар айтингчи 500 долларга ҳам ижара пулини тўлаб, ҳам тирикчилик ўтказиб яшаш мумкинми ўша томонларда?

    Турғунбек мажбур Олма отага келади, шу ерда ишлай бошлайди, аммо унга тайинлашадики, “Қозоғистон ҳақида лавҳа қилманг, бунинг учун Хоразмдан чиқиб кетган мухбир бор, сиз эпласангиз Ўзбекистон ҳақида лавҳа қилинг”, деб. Шўрлик аранг бир нарсалар тайёрлай бошлайди, аммо аксар лавҳаларини Ҳурмат Бобожон эфирга бермай ушлаб қоларди. Натижада журналист мухожиротда жуда ҳам ёмон аҳволга тушиб қолади, ҳатто Тошкентда қолган ҳамкасбларига бу ҳақда арз қилиб, “бундан кўра қамалиб кетсам ҳам, ўлиб кетсам ҳам Андижонга қайтганим яхши эди”, дейди. Журналистлар, ўша собиқ ҳамкасблар унга ёрдам беришга киришади, мавзулар айтишади, қаердан манба олишни кўрсатишади, таҳлилчилар телефонларини юборишади. Бу аҳволда журналист Қозоғистонда бир ярим йилча яшайди, сўнгра бошпана олиб чиқиб кетади ва барча қийинчиликлари якун топади. Эътибор қилинг, режимга қарши аёвсиз курашаётганлар нима кароматлар кўрсатганини…

    Бундай далиллар ҳали жуда ҳам кўп, биз буларнинг ҳаммасини сўнгги уч йил давомида йиғиб, ўрганиб келдик. Кўп ҳолларда бугун Бобожонлар алланималарда тиришиб айблаб келаётган журналист далилларни ошкор қилишдан тийилишга чақирди. Балким уларни кимдир чалғитаётгандир деб қўймади. Аммо сўнгги воқеалар шуни кўрсатаяптики, бу андишасизларни аяб бўлмайди, улар ниҳоят даражада қутуриб кетишипти. Мана бу далилларни йиғиб, баёнимизни тайёрлаб уни собиқ ходимлардан бирига кўрсатдик, шунда ҳам шўрлик, “қўйинглар бу ишни, ҳунук бўлади, қолаверса бу эслатишлар ниманидир ўнглай олмайди, бўлар иш бўлди”, деб туриб олди. Ахир бидирлашлар тўхтагани йўқ, сасишлар ҳали ҳам бўлиб туриптию десак эса, “инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуън”, деб гапни қисқа қилди.

    Ҳурматли ватандош, масаланинг ана шундай ўта жирканч ва аянчли томонлари бор. Булар мумкин ўн йилда ҳам, юз йилда ҳам эсланмас эди, агар ўзларини билиб тинч ўтирганларида, ўша эгаллаб олган радиоларида тинч ишлаб юрганларида. Лекин бундай бўлмади, ҳаддан зиёд яхши шароит уларни маст қилди чоғи, валақлай бошлашди, биз бунга узоқ жим қараб туролмадик. Кўп бора огоҳлантирдик, биз ҳам биламиз, керак бўлса айтамиз деб, тушунишмади. Бу билан сизни ва жамики ўзга ватандошларни ранжитган бўлсак узр, Аллоҳ гувоҳ ташаббус биздан чиқмади.

    Самимий ҳурмат билан,

    Анвар Мўминов.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz