Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 04.27.01
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Март » 6 » Замонавий адабиётни ўрганамиз
    12.27.14
    Замонавий адабиётни ўрганамиз

    Жаҳонгир МУҲАММАД

    АСАССИН

    Тарихий-Замонавий Роман

    Таниқли адиб ва сиёсат арбоби Жаҳонгир Муҳаммаднинг адабий-бадиий хазинасидаги асарлари  дурдоналари билан танишар экансиз ҳар гал ҳаёт атоқли дунёнинг янги ва янги қирраларини илғай бошлайсиз.Унинг назмдаги  зукколиги-ю сўзлар дурдонасини маржонларга териши, насрда эса ўзига хос ўз йўлидаги буюк ижодкор эканига  гувоҳ бўласиз.

    Келинг, яхшиси ўзингиз унинг "АССАСИН" асари билан танишингда ва биз айтишга уринган фикрларга ишонч ҳосил қилинг.

    Жаҳонгир Муҳаммаднинг ижод намунасидан яна бир маржонни ҳукмингизга  ҳавола этар эканмиз ,  адабиёт сарчашмасидан яна бир бор қониқиш ҳосил этишингизга тилакдош бўлиб қоламиз.

    Таҳририят.
    *                   *              *

    ЎН ИККИНЧИ БОБ

    2000 йил

    Нилуфар Дубайдаги зиндонда беш нафар жувон билан бирга азоб чекмоқда. Аммо уни Нодирхоннинг ҳузурига олиб келишганда кўрган хўрлиги олдида буниси ҳеч нарса эди.

    -Сен қанжиқ ниманга бино қўйдинг, нега бу қадар ноз қиласан?,-деди ўшанда Нодирхон унинг юзига тарсаки тортиб.

    У юзидан чиққан оловнинг тафтида бир зум қоврилди-да, кейин хонадан қочиб чиқмоқчи бўлди. Бироқ Нодрихон бир сакраб унинг сочидан тортиб, айлантириб юборди. У хонанинг бир четидаги диванга шундай урилдики, гўё суяклари майда-майда бўлиб кетгандек ҳис қилди ўзини.

    -Мен қизларни қийнашни яхши кўраман,-деди Нодирхон.-Уларни алдаб-сулдаб ўтирмайман. Бу ҳезалакларнинг иши. Иккиюзламачилик қила олмайман. Барибир айтганимга рози қиламан. Сен ҳам барибир рози бўласан. Фақат яна бир-икки тарсакидан кейин. Нафратинг қанча кучли бўлса, эҳтиросинг ҳам шу қадар баланд бўлади. Ҳатто ўзинг ялина бошлайсан. Сени бугунгача алдашди. Мен эса, сенга ҳақиқатни кўрсатаяпман. Ҳақиқат мана шу! Сен энди бузуқсан! Билиб қўй, бузуқлар баъзан соғлардан яхши яшайдилар.

    Биламан ҳозир сенга яшашнинг қизиғи йўқ. Аммо яшашга ўрганасан. Бузуқ бўлиб яшашга ўрганасан…

    Ўша кун Нодирхон Нилуфарни жуда қийнади. Охирида зўрлади. Ҳаммаёғини эзиб, тишлаб, момоталоқ қилди. Унга ҳеч таскин бермади.

    Нилуфар учун ҳаётнинг қизиғи қолмади, лекин негадир яшагиси, Нодирхон ва бошқалардан ўч олгиси келди. Унинг учун ота-она, бувиси ёки келажак ҳаётнинг зарра қадар ўрни қолмаган эди. Бу китобнинг саҳифалари ёпилганди. Янги китоб очилганди. Қасд олиш.

    Қасоскорлик одамнинг руҳида бўлар экан. Аммо руҳнинг жуда тубида, уйғонмас бир ҳолатда ётар экан. Уни мана шундай даҳшатли ҳолатлар уйғотаркан. Бу руҳ йиқилган одамни қайтадан оёққа қўяр экан.

    Нилуфар нодирхонлар билан яхши бўлиш ва пайтини топиб, уларни жазолаш ҳақида ўйлай бошлади.

    Аммо Нодирхон бундайларни кўп кўрган. Шунинг учун Нилуфарни Дубайга жўнатиб юборди. Бу ерда уни Фирдавс деган бир йигит кутиб олди.

    Фирдавс асли самарқандлик. Тошкентда иқтисод олийгоҳини битиргандан кейин банкка ишга ўтганда Дурдонанинг назарига тушди. Дурдона шоҳнинг қизи эмасми, назарига тушган одамни тузоғига илдириши қийин эмас. Унинг бир имоси билан Фирдавсни Дубайга жўнатишди. Бу ерда Дурдонанинг бир қанча ширкатлари бор ва Фирдавс улардан бирида ишлай бошлади. Бу ширкат асосан мамлакатдан юборилган қизларни Дубайдаги расмий ва норасмий фоҳишахоналарга жойлаштиради. Чапани қилиб айтганда, қўшмачилик бизнесини юритади.

    Нилуфарни ҳам Фирдавс кутиб олди. Олдин меҳмонхонга олиб борди.

    -Касал бўлганмисан?-деб сўради ундан қўпол тарзда.

    -Қанақа касал?

    -Ўзингни гўлликка солма. Фоҳишалар қандай касал бўлишини мен сенга айтишим керакми?

    -Мен фоҳиша эмасман…

    -Менга мана шунақа гаплар ёқмайди. Бу ерга келдингми, эркакча гаплашиш керак. Бу ерда ноз кетмайди. Сен бу ерга ўзингни сотиш учун келдинг. Бу бизнес. Ҳам сен пул қиласан, ҳам биз. Биз сенга иш топиб берамиз ва шунинг учун ҳақ оламиз. Сен ишлайсан ва ҳам ўзингни ҳаққингни оласан, ҳам бизнинг ҳақимизни тўлайсан.

    -Мен ўз хоҳишим билан келганим йўқ!

    -Биламан, бу ерга ҳеч ким ўз хоҳиши билан келмайди. Кимдир ишсиз қолган. Кимдир болаларини боқолмай қийналган, кимдир қўшниси хориждан пул билан қайтганига ҳавас қилиб келган ва ҳоказо. Хуллас, қулоқ сол. Паспортинг менда туради. Мен сени олиб бориб қўйган жойда яшайсан. Бу ерда икки хил иш бор. Расмий фоҳишахонада кам ҳақ тўлашади. Норасмий жойда эса, кўпроқ ҳақ оласан ва сени текшириб, бола бўлиб қолмаслиги, касалликка йўлиқмаслигинг учун тадбир олишади. Истаранг иссиқ экан. Жазманинг кўп бўлади. Истасанг бир кечада ўттизтасини ишдан чиқаришинг мумкин. Бошингдан пул тўкилади. Бу кеча меникисан. Буниси бепул. Аммо олдин мен сени бир таниш дўхтирга олиб бораман…

    Фирдавс ҳам инсонни таҳқирлашда Нодирхондан қолишмас эди. Нилуфарнинг чидашдан бошқа йўли йўқ. Аммо фоҳишахонада барзангидек-барзангидек арабларнинг таҳқирларига чидай олмади ва пайтини пойлаб қочди. Йўлда турган бир миршабнинг ёнига бориб шикоят қилмоқчи бўлди. Тилни билмасанг дунё сенга бегона деганлари рост экан. Миршаб уни олиб келиб мана шу зиндонга ташлади. Бу ерда рус тилини биладиганлар бор экан. Қарийб бир ойдан кейин уни ўзбеклар сақланадиган жойга ўтқазишди. Тўртта ўзбек аёли бор экан.

    Улардан бири - Малика. Бешта боланинг онаси. Пул ишлайман, деб бу томонларга келиб қолибди. Нилуфар уларнинг суҳбатига қулоқ тутди.

    -Ер ютгурлар чет элдан иш топиб берамиз, бойиб кетасиз, дейишди. Болаларимни овсунимга қўйиб, Холиқбой деган биттасидан қарз олиб буларга бергандим. Унинг фойизини ҳам тўлашим керак, ҳали. Мен қаёқдан билай, бунақа ишлигини. Олиб келиб, барзанги арабларнинг тўшагига ташлашди. Ҳа, ер ютгурлар! Аслида ҳамма айб ўзимизникиларда. Улар бир мири учун онасини ҳам, синглисини ҳам сотадилар. Бўлмаса, мен неча марталаб айтдим, бешта болам бор деб. Ҳеч бўлмаса секингина бу иш сизга бўлмайди деб айтмайдими?

    -Опа эрингиз қаерда,-деб сўради Раҳима исмли жувон.

    -Эрим ҳам ер ютгур одам чиқмади. Қаердаги диндорларга қўшилибдими-ей, олиб бориб қамашди. Илгари ароқхўр эди. Кейин бирдан мачитга қатнаб қолди. Қандайдир варақа тарқатаётганда ушлашибди. Бешта боласи бор одамга варақа тарқатишга бало борми?

    -Эрингиз мана шунақа одамлар ҳақида эшитиб жони ҳалқумига келиб, кураш бошлагандур-да,-деди Лобар деган қиз.

    -Булар билан курашиб бўлади-ми? Булар Худонинг балоси. Буларга Худо бас келмаса бандаси ҳеч нарса қила олмайди. Теппасида пошшонинг қизи турган бўлса, буларга кимнинг ҳам тиши ўтарди?

    -Ман олдин ҳамма бало Каримовдан келмайди, деб ўйлар эдим. Кейин билсам Каримов ҳам шуларнинг биттаси экан.

    -Лекин бунчалик эмас, бешта боласи бор аёлни олиб бориб, барзангидай арабнинг тўшагига ётқизиб, пул ишла, деб Каримов айтмайди-ку? У билиб қолса, буларни жазолаб ташлайди.

    -Э, жазоласа қизини жазолар эди. Ана шу бизларни олиб келганларнинг ҳаммаси Дурдонага ишлар экан. Манга Фирдавснинг ўзи айтганди.

    -Ҳа, балиқ бошидан сасийди. Қизи қилган ишни отаси билмайдими? Билади. Ё қизидан қўрқади ёки шундай қилишига қўйиб берган. Аммо қиз ўлгурнинг ўзини ҳам Худонинг балоси дейишади. Саккизоёқ каби ўзини ҳамма томонга урган ва сакккиз хил рангда товланиб, ўлжасини емаса қўймас экан…

    Нилуфар бу аёларга ҳам раҳми келар, ҳам ҳайрон қолар эди. Негадир улар шундай катта дардни бир четга суриб, ҳангома қилишаётган эдилар. Бу нима? Тақдирга тан беришми? Бўлаётган воқеаларнинг ҳаммаси Худонинг иши деб индамай ўтираверишми? Ахир биттасининг бешта боласи бор экан? Улар нима бўлди, деб ўйламасдан бошқа нарсалар ҳақида гаплашиб ўтирибди. Яна биттаси мактабда ўқитувчи экан. Қандай қилиб болаларнинг юзига қарайман, деб ўйламасдан енгил суҳбатга қовушиб ўтирибди. Балки инсон фитрати шундайдир? Ҳар қандай азобдан устун келиб, энг қийин паллада ҳам ўзини йўқотмасликка ҳаракат қилар.

    Йўқ, булар аслида ўша катта дардни тушуниб етмоқдалар ва унинг илдизни изламоқдалар. Майни хумдон, мардни зиндон пишитади, деганлар. Лекин Нилуфар ҳали бу гапларни шунчаки суҳбат деб ўйлар эди.

    -Синглим кўп ичикаверманг,-деди аёлардан бири унга.-Биз беш ойдан бери шу ердамиз. Сизга-ку энди бир ой бўлибди. Бизни мамлакатга жўнатиш учун қонун йўқ экан. Яқинда икки мамлакат орасида шунақа шартнома тузилгандан кейин жўнатишар экан. Унгача бошқа йўлимиз йўқ. Худога шукур қилинг, ана у барзангилардан қутулдик. Бу ердагиларнинг ҳаммаси сизга тақдирдош. Ҳаммамиз ифлос тўшакдан қочганлармиз. Пуллари ҳам, ўзлари ҳам зорманда қолишсин. Уларга ҳам Худонинг бир балоси бордур? Ахир теппадан кўриб тургандир? Бир кунмас, бир кун жазоларини берар.

    Нилуфарнинг бу аёллардан битта фарқи бор эди. Улар тезроқ уйларига қайтишни истар эдилар. Нилуфар эса қайтмасликни. Ахир қайтиб, қаерга боради? Қаерга? Бутун хорликларни қайта бошдан яшашгами? Ана шу савол унга тинчлик бермасди.

    -Бизнинг мамлакатга юборишларига қонун йўқ экан деяпсиз, бошқа жойга ҳам юборишмайдими?-деб сўради бир куни у аёллардан.

    -Агар мен бошқа жойданман, деб айтганингизда юборишар эди. Агар бошқа бир мамлакатда қариндошларингиз бўлса, айтсангиз ўша ёққа юборишади. Ҳали ҳам мен ўша ерданман, қўрққанимдан бошқа гап айтган эдим, десангиз буларга нима, сиз ҳужжатсиз бир одамсиз, ишонмасдан иложлари йўқ…

    Нилуфар шундан кейин таржимон орқали ўзини асли афғонистонлик ўзбеклардан деб айттирди. Аёллар айтгандек, дарҳол вазият ўзгарди. Уни бошқа зиндонга ташлашди. Энди бу ерда аҳвол ўзгача экан. Кун бўйи аёллар фақат Қуръон ўқишар, тиловат қилишар, суҳбатлари ҳам ҳадислару диний ривоятларни такрорлаш экан. Шу ерда у бир қундузлик аёл билан танишди. Ота бобоси Қашқадарёдан экан. Руслар босиб келган пайтда Аму дарёнинг нариги томонига ўтиб кетишган экан. Кейин руслар Афғонистонга босиб кирганда Фотима исмли бу аёл эри билан Эронга қочиб кетибди. У ердан ҳам қочиб, Ҳолландияга бориб, бошпана олишибди. У ерда бола чақалари бор экан. Эри билан Дубайга келиб тижорат қилишар экан. Эри шу ерда толибончиларга қўшилиб қолибди.

    -Толибларнинг орасида Ватандан келганлар ҳам бор экан, жуда кўп экан, оилалари ва болаларини ҳам олиб ўтишган экан…,-деди Фотима.

    Фотиманинг эри ишни унга ташлаб ўзи Афғонистонга кетибди.

    -Болаларингиз қаерда?-деб сўради Нилуфар.

    -Болалардан куйдик. Биз борган мамлакатда ҳамма нарса бор экану аммо болаларни сақлаб қолиш мумкин эмас экан. Иккита боламиз бор эди. Биттаси дод-войимзига қарамай немисга уйланиб кетди. Хотини ёмон чиқди. Биз билан учраштирмай қўйди. Икинчиси ҳам ўғил эди. У нашаванд бўлиб қолди. Шундан кейин тижоратни баҳона қилиб, бу ерларга келдик. Эрим толибларга қўшилиб кетди. Иши яхши. Ҳозир Кобулда, унга катта иш беришган.

    -Сиз нега бу ердасиз?

    -Аёл ёлғиз қолмасин экан. Дарҳол бошига бало ёғилади. Биттаси кўз олайтирган эди, қўлимдаги идиш билан уриб юборибман, кўзи озгина лат еди-ю аммо ўзи ер ютгур миршаблардан экан. Зиндонга тиқишди. Ҳолландиядан эканлигимни айтмадим. Афғонистонданман, дедим. Бугун эрта жўнатиб юборишади. Эрим орага кирибди.

    -Опажон мени ҳам олиб кетинг, танийман денг, қўшним бўлади, денг…

    Икки кун ичида Нилуфар ва Фотима ростдан ҳам опа сингилдек бўлиб қолдилар. Шу билан Нилуфарнинг Афғонистон ҳаёти бошланди. Фотиманинг эри ҳукуматда ишлаб, собиқ Шўро мамлакатларидан келганлар билан шуғулланар экан. Нилуфар тез орада ўзбекистонликлар билан танишди. Нилуфардаги қасос ҳисси ҳаммани ҳайратга солди. Ҳатто уни жосус қилиб юборишган ҳам деб ўйлашди. Одамлари бор экан текширтириб, ишонч ҳосил қилгач унга муҳим бир вазифа юклашди ва шунга тайёрлашга киришдилар. Лекин Нилуфар ҳали тўрт йил мана шу ерларда қолиб кетишини билмасди.

    2004 йил, Март

    АҚШ толибонни Кобулдан қувгандан кейин Нилуфар Фотима билан Қундузга келди. Бу ерда Ёсир деган бир йигит билан танишди. У Ўзбекистондан келган жангариларнинг тарихчиси экан. Лекин ногирон бўлгани учун унга диққат қилишмаган. Икки оёғи шал бўлиб қолган. У уйдан чиқмай ётгани учун ҳам ҳеч кимнинг диққатини тортмаган. Аммо билмаган нарсаси йўқ. Нилуфарнинг дунёқаршини ана шу йигит очди. У асли шоир экан. Аввал Авропага кетиб, у ерларда ўзбек шоири деб ном чиқарибди. Кейин тасодифлар туфайли бу ерга келиб жангариларга қўшилибди. Ҳатто ўзбек жангариларининг кураши ҳақида филм ҳам қилган экан.

    Ярадор бўлиб оёқлари ишламай қолгач, бир кампирнинг уйида қолиб кетибди ва унинг ҳолидан ҳеч ким хабар ҳам олмабди. Кампир Фотиманинг холаси. Биров сўраса, Ёсирни неварам, Ҳолландияда туғилган, хаста бўлгани учун олиб келганман, дейди.

    Ёсир Ўзбекистондаги вазият, Каримов ва унинг атрофидагилар ҳақида Нилуфарга ҳар куни гапириб берар эди.

    -Хоразмлик бир кекса холанинг тўрта ўғлини қамаб юборди. Иккитасига отиш ҳукми берди. Гуноҳи-намоз ўқигани. Бечора аёл радиоларда гапира бошлаганди, ўзини ҳам қамаб қўйди…

    -Аёлларга раҳми келмайдими?-сўради Нилуфар.

    -Тўлаганова деган депутат аёл унга қарши гапирганди. Йўқотиб юборди. Рўзимуродов деган депутатни ҳам ўлдиртирди. Қўқонов, Жўраев деганларини умрбод қамоққа солиб қўйди. Хотин-халажлари нонсиз, пулсиз қолдилар. Минг-минглаб одамларни қамаб ташлади ва аёлларига раҳм қилмади.

    -Нега қамайди?

    -Қўрқади, ўғри ола ипни ҳам илон деб сакраб қочгани каби у ҳам ҳамма нарсадан қўрқади.

    Ҳар кунги ана шундай суҳбатлар Нилуфарнинг юрагидаги нафрат ва қасос ҳиссини кучлантириб юборди. Шу орада Ёсирнинг ҳузурига баъзи одамлар келиб-кета бошладилар. Улардан бири унинг қишлоғидан экан. Иккинчиси эса, хорижда танишган дўсти. Улар Ёсир билан соатлаб гаплашишар эди. Кампир ёки Нилуфар улар ҳақида сўраб қолишса, Ёсир китоби чиқишини ва улар таржимону ношир эканлигини айтарди.

    Ростдан ҳам бир кун улар Ёсирнинг шеърлар тўпламини нашр этиб, олиб келишди ва анчагина пул ҳам бериб кетишди. Шундан кейин Ёсир Нилуфарни Ўзбекистонга борадиган одамлар билан таништирди. Улар Нилуфарни худкушликка ўргатишди…

    Бир кун йўлга чиқиб, осонгина Тошкентга келишди. Нилуфар ҳеч ҳаяжонланмасди. Қасос олсам, бас, дер эди. Тошкентда бир хонадонда унинг вужудига портлатгичлар тақишди ва бир йигитнинг машинасида йўлга чиқишди. Баҳор кунлари бўлгани учун унинг диққатини гуллаган дарахтлар тортди ва юраги ҳапқириб кетди.

    Тиббиёт олийгоҳига қатнаган кунлари кўз олдига келди. Фақат битта орзуси бор эди. У ҳам бўлса ох халат кийиб юриш. Биринчи марта оқ халат кийган куни шу қадар ҳам севинган эди-ки, гўё бутун дунё унинг мулкига айланганди. Мен энди одамларнинг халоскориман, деб ўйлаганди ўшанда. Хасталарни даволайман, ўлим билан юзма-юз қолганларни қутқариш чораларини кўраман. Одамларнинг дардига малҳам бўламан… Лекин орзуларининг ҳаммаси чил-парчин бўлди. Одамларнинг ҳаётини қутқариш учун йўлга чиқиб, мана энди уларнинг жонини олиш учун бораяпти. Наҳотки ҳаёт инсонни шунчлик тез суратда у қирғоқдан бу қирғоққа улоқтиради. Нима гуноҳ қилдим? Қаерда адашдим? Агар адашган бўлсам, нега йўл кўрсатадиган бўлмади?

    Унинг кўзи бирдан бекатдаги болаларга тушди. Бир аёлнинг ҳар томонидан тутиб олишган. Бири этагига осилган, бири қўлидан тутган, яна бири… машина елдек учиб ўтгани учун у яна бирини кўра олмади. Балки у онасининг ортида эди. Болалигини эслади. Доим онасининг ортида юрар эди. Онаси уни эркалатиб “Келаяпсанми, дум” дер эди. Бу гапни онаси айтса, ёқарди. Аммо отаси айтса, негадир жаҳли чиқарди. Бечоралар…. фарзанд катта қилиб, нима олдингиз? Бошқалар-чи? Нега уларнинг бошига ҳам фарзандлари туфайли оламнинг дарди ёғилмоқда?

    Президентнинг ўзи ота-оналар болалари учун жавобгар эмас, деб айтган экан. Кейин чиқиб сўзини ўзгартириб, улар жавогар, дебди. Битта одам бутун халқни истагани каби қандай қилиб бошқармоқда? Унинг қудратли кучи борми? Нима учун одамлар унга қарши чиқа олмайдилар? Жонлари шунча ширинми? Мана менга ҳаётнинг қизиғи қолмади. Уларга-чи? Таҳқир, қийноқ ва қийинчиликларга ўрганиб қолдиларми?

    Кўзи яна дарахтларга тушди. Гуллаган дарахтларни кўрганда қалбига севинч инарди. Болалигида гуллаган дарахтлар остида қийқириб юрганларини эсларди. Ҳозир эса, дарахт гуллари ўликдек туюлмоқда. Жонсиз гуллар… Аслида гуллар жонли эмас… Агар сен жонли бўлсанг, улар ҳам жонли… сен севинсанг улар ҳам сенга севинч бергандек бўладилар… Аслида эса улар ўлик!

    Бирдан унинг кўзи “Марказий универмаг” деган ёзувга тушди. Байрамлар олдидан бувисининг уйига келиб, шу ерда тунаб қоларди. Саҳарлаб универмагга боришарди. Яхши нарса келса одамлар турнақатор бўлишарди. Баъзан нима сотилишини билмасалар ҳам навбатда тураверардилар. Бувисидан “Нима сотишар экан”, деб сўраса, “ Яхши нарса” деган жавоб оларди. Ана шу яхши нарса баъзан савил қолгур нарса бўлиб чиқарди ва кутганлари беҳудага кетарди.

    Қаршида Кўкалтош мадрасаси, орқасида Эски Жува бозори. Сал нарида “Болалар дунёси” дўкони. Орқадаги йўлдан теппага кўтарилса, бувисининг уйига боради.

    Нилуфарнинг вужудида соғинч, айриқлиқ азоблари камситилиш ва хўрланиш туйғуларига қўшилиб, кўз ёшига айланди. Унинг қачонлардир музга айланган қалби бирдан эриган эди. Қуриб қолган кўзларига бир неча йилдан кейин илк бор намлик инганди. Негадир у машинанинг ичида чўкиб бораётгандек ҳис қилди ўзини. Атрофга аланглаб қараганча, бошидаги ҳижобини пешанасига яқинроқ тортарди. Худди ҳозир ҳамма уни таниб қолиб, “Ана Нилуфар!” деб бақирадигандек бир ҳолатни ҳис қилди.

    Шу пайт машина тўхтади ва шофер йигит׃

    -Мен ҳозир бир зумга, ана у ерда дўстларим турган экан, бир саломлашиб оламан, кейин айтилган манзилга борамиз,-деб машинани автобус бекатига яқин жойда тўхтатиб, Кўкалтош мадрасаси томонга юрди. У бориб уч киши билан қучоқлашиб кўришди.

    Нилуфар уларни таниди. Биттаси Нодирхон. Ёнидагиси Йўлбарс, унинг ёнида эса Алишер… Нилуфарнинг ичидан бир фарёд отилиб, бўғзига тиқилди. Неча йиллик қасоснинг вақти бирдан келиб қолганди. “Худойим, шундай мўъжизалар кўрсатасан-ки, бандаларинг лол қолади!” У кўкрагини сийпалаб тугмачани топди-да, машинадан тушиб, Нодирхонлар турган томонга югура бошлади. Шу пайт бирдан портлаб кетди. Атрофга қон сачради… қип-қизил қон…

    -Ахмоқ, асосий тугмача менда эканлигини билмасди,-деди уни олиб келган йигит.

    -Бўпти, қолганини кейин гаплашамиз, кетдик,-дея улар “Марказий универмаг” томонга ўтиб, енгил машинага минишди.

    Ҳамма ҳар томонга қочар экан, Нодирхон машинани шоҳ йўлга буриб, йигитларга׃

    -Каттага айтиб, хориждан текширувчи чақирсак, из чиқмайдими?-деди.

    -Паспорти ҳам ёнида. Машинада эса қамоқдан қочирилган мулланинг излари бор, портлатгичлар ҳам нарёқдан келтирилган,-деди улардан бири…

    (Давом этади)
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz