Ризобек Суббота, 2024-05-18, 23.44.49
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Март » 17 » Ўзбекнинг буюк ижодкори асарлари
    10.42.53
    Ўзбекнинг буюк ижодкори асарлари
    ЮСУФ ЖУМА

    Бир жон хотиралари (1)
    Жасур итим Қопоғон хотирасига бағишлайман.
    - Нега сенда оғриқ кучли?- сўради илон.
    - Бу саволни милён йиллар бурун бобокалонинг Ато Илон ҳам берган эди. Фақат илонларгина ўз жонлари билан дардлаша оладилар.
    Менинг ёшим нечадалигини аниқ билмайман. У замонларда ёш ҳисобланмасди. Кейин менга ўхшаган ўлмайдиган нарсанинг ёши билан иши йўқ. Балки миллион ёшдадирман, балки бир неча миллион ёшдадирман. Аниқ айтолмайман. Лекин бутун ўтган ҳаётимни яхши эслайман.
    Худо мени йўқдан бор қилди. Боқийсан деди. Мамнун бўлдим, ахир боқий умр севинтирадида. Бироқ бу боқийлик нақадар даҳшатли кечишини у пайтлар билмасдим. Ўн саккиз минг олам нурафшон эди. Ғаройиб эди, яшаш осон эди. Ҳали одамзот яратилмаганди, қайғу ғам оламни забт этмаганди.
    -Боқийсан, -деди Тангри.
    -Шукр!—дедим.—Минг шукр дедим такрор.
    Заминда бир тоғ бунёд этаман, сен унга жон бўласан! –буюрди Парвардигор.
    Улкан тоғнинг жони бўлдим. Тоғ юксак эди. чўққилари осмонларга қўл берарди. Шу қўлларда мен бор эдим. Бахтиёр эдим. Тоғнинг бесаноқ булоқлари бор эди. барчасида мен бор эдим. Ҳар томчи сувида бор эдим, бахтиёрдим. Тоғнинг бесаноқ ирмоқлари, сойлари бўларди. Барида мен бор эдим, чилдираб оқардим. Шарқираб оқардим, тошиб оқардим.
    Вулқонлари бор эди. Вулқонларда мен бўлардим. Мен туфайли вулқонлар отиларди. Ғаройиб замонлар эди. Юз минг йиллаб ўша тоғнинг жони бўлдим. Тоғни Тангри Ўсартоғ деб номлаганди. Тоғ чиндан ҳам ўсарди. Осмонларни тешиб ўтса керак деб ўйлардим. Баҳорлари ғаройиб эдим. Қишлари ғаройиб эди. тоғнинг жони бўлган пайтларим ҳаётимнинг энг яхши дамлари эди. ҳамон тушларимда кўраман, оғир дамларда ўша дамларни эслайман. Осмон, қуёш, ойу юлдузлар, оппоқ чўққилар, арчазорлар қоплаган тоғ этаклари. Қуёш ҳар куни тоғ чўққиларида ҳордиқ олиб ўтарди. Ой ҳар туни тоғ чўққиларида ҳордиқ олиб ўтарди. Улар билан суҳбатлашардим. Бизни яратган Тангрига шукрона айтардик. Салламно айтардик. Ибодат этардик. Боқийликни улкан бахт деб билардик. Қайғу ғамсиз дунё, одамзотсиз дунё нечоғлик ажойиб эди. тонглари бошқача, шомлари бошқача завқ берарди. Қишлари бошқача, ёзлари бошқача завқ берарди. Зерикмасдик. Қуёшнинг жони ҳам яйрарди. Камина—Ўсартоғнинг жони ҳам яйрарди.
    Поёнсиз осмон…
    Поёнсиз замин…
    Поёнсиз борлиқ…
    Поёнсиз тоғлар…
    Ва Арши аълода парвардигор…
    Армонсиз дамлар…
    Йиллар, асрлар ўтарди. У замонда вақтни ҳисоблашмасди. Ҳамма нарса боқий бўлиб кўринарди. Лекин Тангри дунёни лаҳза сайин ўзгартириб борарди. Бирон лаҳза ўсишдан тўхтамаган тоғ ҳам аслида нураб борарди. Бола ўсиб улғайгандек бўлади, аслида лаҳза сайин ўлимга яқинлашиб боради. Ҳар ўтган лаҳза болани ўлимига бир лаҳзага яқинлаштиради. Ота она болам ўсаяпди деб севинади, аслидачи, хайрият аслини ўйламайди. Йўқса ақлдан озиб қоларди. Тоғлар ҳам боладай гап. Кунлардан бир кун ўсиб бораётган тоғдан нишон ҳам қолмайди. Унинг ҳам умри тугайди. Ўсар тоғнинг ҳам умри тугади. Кунлардан бир кун кучли зилзила бўлди. Тоғ бир зумда талқондай бўлиб сочилиб кетди. Менга юз минг йиллаб тан бўлган тоғ қулади. Йўқ бўлиб кетди. Ўсар тоғ йўқ бўлди, мен Тангри ҳузурига равона бўлдим. Тангрининг навбатдаги буйруғини кутдим.
    Энди бир оққушга жон бўл, - буюрди Худо.
    Бир оққушга, нар оққушга жон бўлдим. Кеча поёнсиз тоғнинг жони бўлган жон энди майдагина оққуш жонига айланди. Улкан тоғ қаёқдаю, бир ҳовучгина қор каби бир оққуш қаёқда?! Начора ҳукм ҳукм. Тағин бу Тангрининг ҳукми.
    Муштдек танда, жимжилоғдек юракчада жунбушга келдим. Кўп ўтмай англаб етдимки, гарчи нар оққушнинг жисми жажжигина бўлса ҳам ишқи поёнсиз эди. Поёнсиз Юксак Ўсартоғдан оққушнинг муҳаббати поёнсиз ва юксак эди. ҳамма нарсани билгувчи Парвардигор мени бекорга оққушга жон этмаганлигини билдим. Буюк муҳаббатли оққуш мендан кечишга тайёр эди.
    Унинг ҳаёти жуфтининг дийдорида эди. шу дийдордан айрилса, тамом, исталган пайтда ўлимга тайёр эди. ўз жуфтидан бошқа бутун дунёга беэътибор эди. унинг ўтли кўзлари туну кун жуфтида бўларди. «тоза қорим, оппоқ атиргулим, оппоқ булутчам», деб эркаларди ёрини. Ёри ҳам уни яхши кўрарди. Тангри муҳаббатни илк бор оққушлар қалбида яратган. Оққушлар юраги муҳаббат бешигидир. Наинки муҳаббатни садоқатни ҳам оққушлар қалбида яратган. Кейинчалик бошқа жонзотларга ҳам бир чимдим бир чимдим муҳаббат ато этган.
    Севишган оққушлар бахтиёр эдилар. Ногоҳон турган довул бу бахтга кўз текканини англатди. Ҳар бирини бошқа бошқа томонларга олиб кетди. Нар оққуш фарёдга келди, дам у ёққа, дам бу ёққа ўзини уриб жуфтини излади. Узоқ излади. Фарёди осмонни ёндирди.
    - Қайдасан тоза қорим?!
    - Қайдасан оппоқ атиргулим.?!
    - Қайдасан оқ булутчам?!
    - Қайдасан ўн саккиз минг оламим?!
    - Довул ўн саккиз минг оламимни ўн саккиз минг оламнинг қайси жойига улоқтирди?!
    - Наҳотки сендан айрилган бўлсам?!
    Осмон қани менинг тоза қорим?!
    Осмон қани менинг оппоқ атиргулим?!
    Осмон, қани менинг оппоқ булутчам?!
    Осмон, қани менинг офтобим?!
    Осмон, қани менинг ойим?!
    Осмон, қани менинг оппоқ икки жаҳоним?!
    Нар оққуш бўзларди. Ёрини ахатарарди, борини ахтарарди. Шунқор бўлиб ахтарарди, абгор бўлиб ахтарарди. Зор-зор бўлиб ахтарарди, интизор бўлиб ахтарарди.
    Нар оққуш нафасни—ҳавони ёрининг дийдоридан оларди. Энди у ҳаво йўқ эди, у мени жонини ўйламасди. У бутун ҳаётида мени ўйламаган, наинки мени, дунёни борлиқниўйламаган. Кеча кундуз бутун умр фақат ёрини ўйларди. Нар оққуш бошқа нарсани ўйлашни билмасди. Жуфти ҳалолини топишдан умид узган оққуш ўзини ўлимга чоғлади. Оққуш соғинч дамларининг чўзилишига тоқат қилолмайди. Айрилиққа чидолмайди. Довулдан кейин чақмоқлар чақнаб ёмғир ёға бошлади.
    Бутун жонзотлар ўзини панага олган, чақмоғу ёмғирдан қочиб ин инига бекинганди. Фақат оққуш қанот қоқарди, учарди. Тезроқ ўлишни истарди. Ноумид оққуш чақнаётган чақмоққа қараб учди. Чақмоқда ёниб кетишга ҳаракат қилди, бироқ улгурмади. Шу пайт ҳозирги чақмоқдан ўт тушган дарахтзорни кўриб қолди. Ўт тушга ўрмондай ёнаётган дарахзор томон учиб кетди. Гуриллаган олов устида бир зумгина тўғтаб оловнинг қоқ ўртасига ўзини урди. Кулга айланди. Мен кулга айланган танимдан, олов ичидан кўкка равона бўлдим. Буюк муҳаббат соҳиби билан жуда қисқа яшадим.
    Ўсартоғдек юз минг йиллаб эмас беш ўн йил яшадим. Лекин шу қисқа давр боқий ҳаётимнинг энг нурли , бахтиёр дамлари бўлиб қолди. Муҳаббатдан бошқа ҳеч нима ҳаётни бу қадар нурли, чороғон, бахтиёр қилолмайди. Тағин Тангри ҳузурига қайтдим. Эҳе, ўшандан кейин кўрганимни тўла баён қилсам, милён йиллаб бетиним гапиришим керак.
    Эшитувчилар, сомелар милён йиллар яшаб эшитишлари керак. Нималарга жон бўлмадим дейсиз. Дарахтларга, не не гиёҳларга, саҳроларга, қуртларга, қумусқаларга, не не ҳайвонларга, не не инсонларга жон бўлдим. Не не пайғамбарларни кўрдим. Ҳаммаси ёдимда. Афсуски, ҳаммасини айтишга имкони йўқ. Фақатгина айримларини айтаман. Эсласам ларзага тушадиганларимни, энг муҳимларини айтаман. Токи инсоният бир хулосага келсин, эзгулик йўлини тутсин, рўзи маҳшарга элтувчи роҳдан қайтсин. Ройидан қайтсин…
    Одамзот яратулгунча дунё обод эди. Дунё озод эди. ҳақ йўлида эди. ниҳоят одамзот яратилди. Дастлаб янги яратилган нарсага менга ўхшаган жонлар қизиқди. Инсонга жон бўласан деб буюрса жон жон деб рози бўлардик. Севинардик. Уни, яъни инсониятни яқиндан билгач инсонга жон бўласан деса титраб кетардик. Фақатгина бахтсиз жонларгина одамзотга жон бўлади деб ўйлардик. Одамзот боис дунёни ёвузлик босди. Эзгулик нотовон бўлиб қолди. Одамзот ҳақида ўйлаганимда энг аввало бир аёл вужудида кечирган ҳаётим эсимга тушади. Уни тез тез эслаб тураман.
    (Давом этади).
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz