Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 04.46.41
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Март » 18 » Замонавий адабиётни ўрганамиз
    11.15.45
    Замонавий адабиётни ўрганамиз
    Жаҳонгир МУҲАММАД

    АССАСИН
    Тарихий-Замонавий Роман

    Таниқли адиб ва сиёсат арбоби Жаҳонгир Муҳаммаднинг адабий-бадиий хазинасидаги асарлари  дурдоналари билан танишар экансиз ҳар гал ҳаёт атоқли дунёнинг янги ва янги қирраларини илғай бошлайсиз.Унинг назмдаги  зукколиги-ю сўзлар дурдонасини маржонларга териши, насрда эса ўзига хос ўз йўлидаги буюк ижодкор эканига  гувоҳ бўласиз.

    Келинг, яхшиси ўзингиз унинг "АССАСИН" асари билан танишингда ва биз айтишга уринган фикрларга ишонч ҳосил қилинг.

    Жаҳонгир Муҳаммаднинг ижод намунасидан яна бир маржонни ҳукмингизга  ҳавола этар эканмиз ,  адабиёт сарчашмасидан яна бир бор қониқиш ҳосил этишингизга тилакдош бўлиб қоламиз.

    Таҳририят.
    *                   *              *


    1992 йил, 17 Январ

    Каримов хонасида маслаҳатчиси билан гаплашиб ўтирган бир пайтда Холис ҳам ишхонасида икки киши билан суҳбатлашиб ўтирган эди. Улардан бири Адҳам Розиқов эди.

    Адҳам Самарқандда КГБда ишларди. Бирдан уни ишдан бўшатган бўлишди. Қандай қилиб, у мухолифатнинг Самарқанд бўлимига иккинчи котиб бўлди, Холис ва яна бир ики кишидан бошқа ҳеч ким билмасди. Мухолифатдагилар бир куни унинг уйида ҳукуматнинг махсус уч рақамли телефони борлигини кўриб қолишди. Шу билан жанжал бошланди. Холис Адҳамни Тошкентга олиб келди. Мухолифат Хавфсизлик қанотининг раиси ва ўзининг қўриқчиси этиб тайинлади. Ҳозир унга топшириқ бераётган эди.

    -Туркиядан келган меҳмонлар ўн минг доллар ҳадя қилишди. Москвадаги инсопарварлик ташкилотидан ҳам яна пул келди. Бир қисмига қурол сотиб оласиз ва Пардабекка топширасиз!

    -Менинг Паст Дарғом туманида жойим бор. Қуролларни ўша ерга тўплайман,-деди Парда.

    Парда яқинда қамоқдан чиққан ва Пасдарғомда яшар экан. Уни Холиснинг ёнига Адҳам олиб келган ва мухолифатнинг яширин армиясига раҳбар этиб тайинлашган.

    -Каримовга ёзилган ва унинг ўзига ўзининг кимлигини англатадиган хатни эса депутатлардан бирининг отидан юборамиз. Бошқа одамни қамаб, йўқотиб юборади,-деди Холис .

    Шу пайт хонага унинг водийдаги таниши Қорабой ака кириб келди. Авзойи бузуқ эди.

    -Талабалар шаҳарчасида болаларни ўққа тутишибди-ю сиз бўлсангиз Каримовга табрик телеграммаси юборибсизми?-деди у Холисга салом аликдан сўнг.

    -Буни сайлов натижаси эълон қилинганда юборган эдим, аммо у кеча чўнтагидан чиқариб, ўқиб берди…

    -Сайловни биз ютдик, деганингиз нима-ю унга сиз ютдингиз, деб телеграмма юборганингиз нима?

    -Бу сиёсат. Ҳамма жойда ҳам ютқазган одам ютганни табриклайди.

    -Сиз ютқаздим, деб айтаяпсизми бўлмаса. Эсингзидами, бўлиниш мажлисида шоир Шукрулло нима деган эди? Ўша гап рост бўлиб чиқмоқда. У “37-йилларда КГБ шунақа ўйинлар қиларди” деган эди. Сиз нега ўйин қилаяпсиз? Агар ютқазган бўлсак, буни тан олайлик, хатоларимизни қараб чиқайлик ва шунга қараб иш қилайлик. Ютган бўлсак, ҳаққимиз учун курашайлик…

    Холис қизариб кетди.

    -Мен сизни мана шунақа шаллаққилик қилиш учун ўзимга яқин келтирганмидим?

    -Мени шаллаққи деб ҳақорат қилманг, сизга одамларни ҳақорат қилиш учун ҳақ берилган эмас. Мухолифатнинг раҳбари шунақа бўладими?

    -Ҳей, қисиб ўтир, пешанангдан отиб юбораман,-дея ўрнидан турди бир четда ўтирган Сафар.

    У Холиснинг жияни. Унинг лақаби “Хоразмий” эди. Унинг асл исми нималигини кўп одам билмасди. Ҳамма уни “Хоразмий” деб билар ва ўзи ҳам бунга мойил эди. Ҳатто мақола ёзганда ҳам шундай деб имзо қўярди. У аслида жуда нимжон эди. Уни кўп масахара қилишарди. Лекин бундан қувонарди. Ҳамма масхара қилган одамдан нафратланса, “Хоразмий” ўшандай одамларга яқинроқ юрар эди. Уни энг кўп масхара қиладиган эса Холис эди. Илгари шоҳларнинг олдида махрабозлари бўлгани каби, “Хоразмий” ҳам Холиснинг соясига айланган эди. Унинг Қорабой акага ўдағайлаганидан Холис пиқирлаб кулиб юборди.

    -Пуф деса деразадан чиқиб кетасан-у?!-деди у “Хоразмий”га.

    -Мен мана Адҳам акам билан Парда акамга ишонаман, бу ёшуллилар мана бу Қорабойга ўхшаган қорабойларнинг саккизтасини ер тишлатишади…

    Бу гап Қорабой аканинг жаҳлини чиқарди. “Хоразмий” уни итга тенглаштирганди.

    -Мен қорабой бўлсам, ман сен тўрткўз, онангни кўрсатиб қўяман, сени,-деди у “Хоразмий”га ва унга ўқталганган эди, Парда йўлини тўсди. Адҳам айланиб ўтиб, Пардага тожикчалаб нимадир деди ва уни жойига ўтқазди. Қорабой ака тутоқиб чўнтагидан мухолифат дафтарчасини олди-да׃

    -Мен чиқдим, сизлар билан йўлимиз бошқа,-деди. –Бунақада атрофингизда ҳеч ким қолмайди.

    -Адашасиз…

    Холиснинг хаёлига кўп гап келди. Одамлар пода. Уларга чўпон керак. Қўлида таёқ бўлган, қаттиққўл чўпон керак. Ҳали сиз ҳам қайтиб келасиз. Сизлар еркинликдан қўрқадиган одамларсиз. Сизлар қулсизлар. Орқангизга тепсам ҳам мен билан бирга бўласизлар. Алдасам ҳам, қўллансам ҳам барибир мен билан бирга бўласиз. Чунки мен лидерман. Сизлар эса қул, ҳеч нарса! Лидерни кўрганда титраб қоладиган, унга тиз чўкадиган қулларсиз! Сизларни қанча аладаса, шунча кўпроқ алданишни истайсизлар. Сизларни қийнаса, шунча кўпроқ қийналишни истайсизлар. Сиз-ку сиз, ҳали болаларингиз ҳам менга хизмат қилади. Сизларга лидер эмас, одам эмас, ном керак. Менга бу сайлов худди мана шу ном учун керак эди. Мен бу номни қозондим. Энди ҳеч нарса қилишим керак эмас…

    Аммо бу гапларни айтишга истиҳола қилиб индамай қараб тураверди.

    Қорабой ака қўл силтаб эшик томонга юрди. Ҳали хонадан чиқмасдан Бухоро вилоят раҳбари кириб, бир дипломат дафтарчани тўкиб ташлади-да, сўкиниб чиқиб кетди.

    -Буни ишдан бўшатдик, сени ҳам бўшатамиз,-деди Холис Қорабой акани сенсираб.

    -Мен аллақачон чиқдим.

    -Биздан чиқиш йўқ. Чиққан одам жазоланади.

    -Э, қўлингдан келганини қил,-дея Қорабой ака хонадан чиқиб кетди.

    -Менда таклиф бор,-деди Адҳам.-Ҳалиги хатни мана шу аблаҳнинг номидан юборайлик, жазосини Каримов берсин!

    Холис Адҳамга қараб жилмайди ва хатни остига ўзининг қўли билан Қорабой аканинг исмини ёзди ва Адҳамга узатди.

    -Буни водийга борадиган ишончли болалардан бирига беринг, заказной қилиб жўнатсин ва жўнатилганлиги ҳақидаги қайдномани олиб келинг!

    Холис шундай деб, Адҳамнинг қўлига пул узатмоқчи бўлди. У׃

    -Қўяверинг, кейин каттароқ қилиб берасиз,-дея чиқиб кетди.

    2006 йил, 26 Август

    Дурдона отасини бутунлай қўлга олган ва ҳар куни телевизордан қўшиқ айтар эди.

    -Овозингизга маҳлиё бўлдим,-деди унга қўнғироқ қилган Рус махфий хизматининг бошлиғи.

    -Андижонни бопладик. Ютуқ биз томонда. Кетганлар ҳам келмоқда. Энди…

    -Бунақа гапларни телефонда гаплашманг, жоним!

    -Қўрқадиган жойимиз йўқ. Эшитганлар эшитаверсин, замон замон бизнинг замон!

    Дурдона шундай деб телефон гўшагини жойига қўйиб, дераза томонга юрди. Урусга катта гапирган бўлса-да негадир кўнгли хира тортди. Отаси кексайиб қолди. Ҳокимият қўлига қўниши мумкин. Аммо уддалай олмаслиги аниқ. Менимча, олдимда икки йўл бўлади. Ё ҳокимиятни қўлга олишим керак, ёки ўз одамларимдан бирига олиб беришим лозим. Лекин икки ҳолда ҳам охири яхшиликка бормайди. Эй, Худо отамга узоқ умр бер!

    У ҳали яқиндагина отасининг ўлимини тилар эди. Бирдан унга умр сўрай бошлаганди. Отам бошқа биттасига топширса-чи? Қаёққа кетаман? Русларни ишга солишдан олдин ана шу саволарга жавоб топишим керак.

    Шу пайт қизчаси югуриб келди. Унга қараб Дурдона׃

    -Бор бобонгни эркалат, ўлиб қолмасин тағин!-деди.

    Бирдан бугун Америкада мухолифат вакилларининг йиғилиши борлиги ёдига тушди ва Интернетнинг тугмасини босиб, мухолифат саҳифаларига назар солмоқчи бўлди. Қўшиқ эшитилди.

    “Халқ-денгиздир…Халқ—кучдир…. Халқ-оловдир
    Халқ-тўлқиндир….. Халқ исёндир… Халқ ўчдир…”

    У апал-тапал Интернетни ўчирди. Интернетни ўчириш осон, аммо оломон халқ қўзғалиб қолса-чи, унинг овозини қандай ўчираман, русларга ялинаман-ми, ялинишга вақтим қоладими?-деб ўйлар экан, ўзи оталиққа олган газетанинг юбилейига бориши кераклигини эслади.

    Юбилейни боғда ташкил қилишган экан. У юбилейга боришдан олдин бозорга бориб, одамларнинг ўзига муносабати қандай бўлишини аниқлашни кўнглига туйди.

    -Олой бозорига ҳайда,-деди у қўриқчисига машина калитини узатар экан.

    -Борадиган жойимиз Бешёғочда-ку..

    -Бозордан гул оламиз…

    -Ҳадялар тайёр. Уларга оддий гул керак эмас, мана сизнинг ўзингиз улар учун ҳақиқий гул, сизни кўрсалар бошлари осмонга етади…

    Хуллас, у бозорга келди. Қўриқчилар унинг ҳаракатларидан шошиб қолишди. Дурдона машинадан тушиб, бозорга қараб бир одим отиши билан атрофини одамлар ўраб олишди.

    “Дурдона опа, ҳар кун эшитаяпмиз, жуда зўр! Янгиларини ҳам кутаяпмиз!”

    “Қойилман, пошшонинг қизи бўлсангиз ҳам халқнинг орасидасиз!”

    “Рухсат беринг. Қўлингизни бир марта ўпай!”

    “Айланиб кетай қоқиндик, бўйларингдан айланай, Худойимга шукурлар, сени кўриш насиб этди…”

    Одамлар шунақа гапларни топиб айтишарди-ки, четдан қараган одам бу оломон бир неча ой тайёргарликдан ўтган деб ўйларди.

    Дурдона бозорни бир айланиб чиққинича икки соат вақт кетди. Одамлар худди ой ерга тушган каби севинар эдилар. У қаёққа юрса, ўша томонга боришарди. Бутун бозорда савдо тўхтаб қолди ва ҳамма Дурдонани кўришга, унга нимадир деб гапиришга, унинг табассумига маҳлиё бўлишга ошиқарди.

    “Бизни танқид қилаётганлар мана келиб кўришсин, халқ ким томонида?” деб ўйлади Дурдона ва газетачиларнинг юбилейига келди. У бутун ҳаёти давомида эшитмаган илиқ гапларни ана шу ерда эшитди. Ҳатто унга бағишлаб шеърлар ҳам ёзиб келишибди. Журналистлардан биттаси׃

    -Қизимга сизнинг исмингизни қўйдим. Қани оғзига бир тупуриб беринг, у ҳам сизга ўхшаган дунё маликаси бўлсин!-деди.

    Дурдона нима қиларини билмай қолди. Шунда Бош муҳаррир унинг ёнига яқинлашиб

    -Бу шунчаки одат, тупуриш керак эмас, “туп” десангиз бас,-деди.

    Дурдона бу одамлар дунёнинг энг бахтиёр одамлари ва уларни мана шундай бахтиёр қилган бизмиз, деган ҳис билан уйига қайтди. Аммо уйига яқинлашар экан, боласига отасининг исмини қўйганлардан қанчаси ҳозир унга қарши эканлигини эслади. Бунинг устига уйига кирса, қизи Интернет тугмасини босган ва гумбурлаб эшитилаётган қўшиқни тинглаб, рақсга тушарди….

    “Бутун кучни халқ ичидан олайлик!…

    Қучоқ очиб халқ ичига борайлик…

    Халқ денгиздур…..

    Халқ-исён…”

    Вашингтон, 2005-2006 йиллар.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz