Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 08.46.13
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Апрель » 2 » Бир жон хотиралари (3)
    23.30.59
    Бир жон хотиралари (3)
    Юсуф ЖУМА

    Ҳукм адолатли, яшасин Қонвулқон!

    Халқ Туркмардга ўлим тиларди. Оддий темирчи бўлган Туркмард халқ дилидаги гапни айтган, халқ унга ўлим тиларди. Оллоҳнинг буйруғи билан Зарзаминага жон бўлгандим. У оловдек қизалоқ эди. Зотан Зарзамина Туркмарднинг оловдек қонидан бўлганди. Олти ойлигидаёқ гапира бошлади. Ҳатто уч кунлик чоғида отасининг овози келган томонга қарашга уринарди.
    Отасинингт овози келсаю уни тополмаса йиғларди. Отасининг кўзларига кўзи тушгач тинчирди. Отасига, отасининг кўзларига тикилиб туришни яхши кўрарди. Гўдакнинг бу феъли ҳаммани ҳайратга соларди. Ҳеч бир гўдакда кузатилмаган бу ҳолатдан онаси қўрқарди. «Нега бундоқ бу чақалоқ, нега брошқаларнинг боласи бундай эмас. Иш қилиб отаси билан ўзини худойим бало қазодан асрасин, бошлари осмон бўлсин».
    Жуда эрта тил чиқарган боласига Туркмард эртаклар, ривоятлар айтиб берарди. Бир эртак тугаса я6на яна, яна , яна айтинг деб туриб оларди. Яна янги эртакми, ривоятми айтиб бошларди ота. Туркмард бўлди, қизим, чарчадим деса Зарзамина уни саволларга кўмиб ташларди.
    – Нега чумчуқлар қўрқоқ, ушлайман десам қочиб қолади?
    - Одамлар бизни ушлаб олиб ўлдириб қўядилар деб қўрқишади.
    - Нега уларни одамлар ўлдиришади, одамлар ёмонми, ота?!
    - Одамларнинг ёмонлар ҳам яхшилар ҳам бор.
    - Унда чумчуқлар одамларнинг ёмонларидан қочсинлар, мен ҳам ёмонманми, ота?!
    - Сен яхшисан қизим, жудаям яхшисан. Бироқ чумчуқлар сени танимайдилар. Ёмон бўлса керак деб ўйлайдилар.
    - Қизим яхши деб айтиб қўйсанггиз бўлмайдими?! Мен билан ўйнасинлар.
    - Афсуски, улар бизнинг тилни тушунмайдилар.
    - Итлар мендан қўрқмайдилар, улар мен билан ўйнайдилар. Уларга қизим яхши деб айтиб қўйганмисиз? Улар тилинггизга тушунадиларми?!
    - Итлар одамларни биладилар. Одамларнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам биладилар. Одамларнинг ўзларидан ҳайиқишини ҳам биладилар. Шу боисдан баъзан одамларни қопадилар. Чумчуқлар ҳам ҳайиқмай одамларга ташланганда одамлар чумчуқлардан ҳам қочган бўлардилар.
    - Одамлар қўрқоқ эканда?
    - Мардлари ҳам бор.
    - Ота, Ёвузлик ва Эзгулик деган эртагинггизни айтиб беринг.
    - Жон, қизим, роса эртак айтиб бердим, шунча саволларингга жавоб бердим, энди бир оз ҳордиқ олай.
    - Майли, «Ёвузлик ва Эзгулик» деган эртагингизни айтиб беринг, кейин ҳордиқ олинг.
    - Майли, қизим, майли. Бир бор экан, бир йўқ экан, афсуски, доим бор экан. Ёвузлик деган Аждаҳо бўлган экан. Боши бесаноқ экан. Ҳар куни тағин кўпаяр экан. Эзгулик деган тулпор бор экан. Ҳақ йўлида юрар экан. Мазлумларга ёрдам қилар экан, узоғини яқин қиладига учқур экан. Афсуски, унинг уч тўрттагина боши бор экан. Бесаноқ бошли аждаҳо тулпордан куларкан: «Уч тўрттагина бошинг бор, меники бесаноқ.
    Шу ҳолинг билан мени енгмоқчи бўласан. Биласанми, нега менинг бошимнинг сони ҳар кун кўпаяди? Ҳар куни дунёда бесаноқ ёмонлар кўпаяди. Ҳар ёмон менинг битта бошимдир. Ҳар яхши сенинг битта бошингдир. Юз йилда ё туғилади, ё йўқ. Сен мазлум деб юрганлар менинг бошларимга айланишади. Букун улар ночор. Агар эртага муҳтожликдан қутулишса, сенга ташланишади. Менинг бошимга айланишади. Сенинг бошинг эса кўпаймайди. Букун тўртта бўлса эртага учта бўлади. чунки бирини ейман. Ахир бир кун бошсиз қоласан. Тағин мени енгаман деб курашасан».
    - Тўғри,- дебти тулпор,- сенинг бошинг кўп, лекин улар ейишдан атрофга ўт сочишдан бошқа нарсага ярамайди. Менинг бошларим оз, лекин дунёга ақл нурини сочади. Ҳар бири бир офтоб, дунёни ақл нурларига кўмади. Ақл нурига кўмилган оламда сенга жой қолмайди. Қара кўкда офтоб битта, жинлар бесаноқ. Бироқ офтоб ер юзига нур сочгач, ер юзидан жинлар ғойиб бўлади. шу боисдан ҳам мен сени енгаман.
    «Ота, эртакнинг бу жойларини олдин ҳам айтгансиз. Охирини айтиб беринг. Эзгулик тулпори мурод мақсадига етганини айтиб беринг!»
    «Афсуски, ҳали ҳам эзгулик тулпори мурод мақсадига етмаган».
    – Нега?!
    – Чунки кураш давом этмоқда.
    – Қачон тугайди, Ота?!
    – Келажакда, қизим, келажакда.
    – Барибир эзгулик тупори енгади-я, Ота?!
    – Енгади, қизим, енгади!
    – Сиз ҳам Эзгулик Тулпорининг битта бошимисиз, ота?
    –Мен Ҳам битта боши бўлишга ҳаракат қиламан, болам.
    – Мен ҳам катта бўлсам эзгулик тулпорига битта бош бўламан.
    – Баракалла, қизим, баракалла! Албатта эзгулик тулпорининг битта офтоби бўласан. Энди ухла, тушингда эзгулик тулпорини кўрасан…
    Ўша куни эндигина тўрт ёшга кирган қизалоқни Қонвулқон жаллодлари онаси бағридан юлиб олиб кетдилар. Шўрлик она дод солиб қолаверди.
    - Нега қизимни олиб кетаяпсизлар, нега?!
    Ҳеч ким жавоб бермади, ҳеч ким…
    Жуда юксак шоҳсупа қурилганди. Ўша майдонда, Пойтахтдаги бош майдонда. Аслида бу шоҳсупага бир одамнинг икки оёғи сиғарди, холос. Баландлиги йигирма метр бўлган бу Шоҳсупанинг икки томонига икки учи ерда учинчи учи шоҳсупа тепаси баландлигида бўлган учбурчак шаклли учбурчак нарвонлар ўрнатилганди.
    Бир гала жаллодлар Туркмардни Шоҳсупага олиб чиқа бошлади. Нарвонларнинг ярмидан ўтгач Туркмард кишанланган бўлса ҳам ғазаб билан ўзини жаллодлар устига отди. Тўртта жаллод пастга қулаб тушди. Шу заҳоти жон бердилар. Қолганлари Туркмардни ушлаб қолди. Тағин бир гала жаллодлар ёрдамга келдилар. Туркмардни Шоҳсупага олиб чиқдилар.
    Туркмард мени шу ердан ташлаб ўлдирмоқчилар деб ўйлади, ўлимдан қўрқмасди, қизидан айрилаётганига ўксинарди. Ва тубандаги оломондан нафратланарди. Лекин оломон дарҳол эсидан чиқди. Қизи Зарзаминани биргина кўриб ўлишни армон этди. Кўзига ёш келди. Шу пайт қўлларининг кишанини очдилар. Шоҳсупага оёқлари зўрға сиғарди. Сал қимирласа пастга қулаб кетарди. Ҳозирча уни икки томонга ўрнатилган нарвонларда турган ўнлаб жаллодлар ушлаб туришарди. Кутилмаганда ёнида қизини кўрди. Бир зумга гангиб қолди, тушумми, ўнгимми, ўлимидан олдин қизини кўрсин дебтиларда, ҳар ҳолда Худодан қўрқишибди деб ўйларди. Туркмарднинг кишандан очилган қўлларига қизини бердилар. Тикка тургунча қизини бағрига босди. Оёқларини шоҳсупага яхшилаб ўрнаштириб олди. Қизи йиғларди. «Бу ерда нимақиляпсиз, ота?»
    - Булар Ёвузлик аждаҳоси бошлари, қизим, қўрқма биз буларни енгамиз.
    Қизалоқ йиғларди. Шу пайт ҳукм ўқилди:
    - Халқимизнинг барқарор тинчлигига таҳдид солгани ва халқимиз севган Буюк тождор Қонвулқонга тажовуз қилгани учун йигирма метрлик шоҳсупада, қизини қучоқлаб турган ҳолда Туркмарднинг тавонидан киндигига қадар териси шилинсин!—қозикалон Хункоримий.
    - Нима?—даҳшатга тушди Туркмард. Тубандаги оломон ҳам бир зум ҳайратда қолди. Лекин кимдир: «Ҳукм адолатли, яшасин Қонвулқон!» деди. Халқ унга жўровоз бўлди. Жўровоз бўлмаганларни айғоқчилар рўйхатга олаётгани ҳаммага аён эди.
    - Ҳукм адолатли, яшасин Қонвулқон!
    - Ҳукм адолатли, яшасин Қонвулқон!
    - Ҳукм адолатли, яшасин Қонвулқон!
    - Ҳукм адолатли, яшасин Қонвулқон!
    Баланд минордек икки оёқ зўрға сиғадиган шоҳсупада қизчасини бағрига босган Туркмард турарди. Энди уни ҳеч ким ушламасди. Туркмард ўзини қўлга олди. Оғриқларга чидаб қизини омон сақлашни ўйларди. Бошқа йўли йўқ эди.
    Йигирма метрлик икки оёқ зўрға сиғадиган «Шоҳсупа».
    Унда тик турган Туркмард. Бағрида тўрт ёшни эндигина тўлдирган қизалоғи. Мен шу қизалоқнинг жони эдим.
    Мен боқийман. Миллион йиллаб яшадим. Не не балоларни кўрдим. Оловлар ичида қолдим, гирдобларда қолдим, тўфонларда қолдим, лекин ўша кунги оғриқдай оғриқни кўрмагандим. Эсласам ҳамон оғрийман, даҳшатли оғриқ!
    Туркмард бор иродасини ҳаракатга келтирди. Нима қилиб бўлса ҳам яккаю ягона қизалоғини асраб қолишни ўйларди. Торгина шоҳсупада ҳайкалдек қотиб турди. Қизчаси уни бўйнидан қучоқлаб олганди. Жажжигина қўлчалари билан отасининг бўйнига ёпишиб олганди. Шўрлик ота икки қўллаб қизалоғини бағрига босиб турарди.
    - Қўрқма, қизим, биз афсонавий Эзгулик тулпорининг бошларимиз, биз ёвузликни енгамиз! Қўрқма, қизим!
    - Ота, отажон!
    Бу қизалоқнинг сўнгги сўзлари бўлди. Бола тилдан қолди.
    Икки томондан икки жаллод икки тавонидан ўткир пичоқлар билан терисини шила бошладилар. Жаллодлар чаққон ҳаракат қилишарди. Лекни мен учун ҳар лаҳза милён йилдан узун туюларди. Ўсартоғда ўтказган ҳаётимдан кўра ҳозирги ҳар лаҳза узунроқ эди. дунё дунё бўлиб бундай шавқатсизликни кўрмаган эди. мендаги оғриқ кучайгандан кучайиб борарди. Лекин Туркмард қилт этмасди. Териси шилинган жойларнинг қони шоҳсупадан ерга етганди. Сизиб чиқаётган қон чўққидан тушаётган ирмоқларни эслатарди. Ирода кучи чексиз бўлган Туркмард чидарди, қилт этмасди. Ора орада бир қўли билан Зарзаминанинг бошина силаб қўярди. Қўрқма, қизим, қўрқма! Ҳозир ҳаммаси ўтиб кетади. Қизалоқ на йиғларди, на гапирарди. Тошдек қотиб қолганди.
    Пастда бесаноқ оломон дамини ичига ютиб, ўлимдан кўра ҳам милён карра оғирроқ жазони томоша қилишарди. Номард мустабид ўйлаб топган жазосидан мамнун бўлиб латифа тинглаётган сомедек завқ олиб ўтирарди. Жаллодлар бетиним тери шилардилар. Тангри мени йўқдан бор этгандан буён милён милён йил яшаб бундай омонсизликни кўрмагандим, эшитмагандим. Мен яшаган милён йиллар ичида не-не қиёматлар содир бўлди, одамзот не не ёвузликлар этди. Бироқ бунақаси ҳеч бўлмаган.
    Бесаноқ одамлар тўпланган беканор майдон. Йигирма метрлик икки оёқ зўрға сиғадиган «шоҳсупа». Шу шоҳсупада ҳайкалдай қилт этмай турган Туркмард, уни қучоқлаб олган, тилдан қолган қизалоқ. Туркмарднинг тавонидан белига қараб терисини шилиб келаётган икки жаллод. Осмон қулаб тушар дегандим, осмон қулаб тушмади.

    (Давом этади).

    Жойлади: Маъмур | Теги: ysufjuma
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz