Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 02.16.43
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Апрель » 8 » МУНОСАБАТ
    08.37.23
    МУНОСАБАТ
    Бойкот норозилигимизнинг ифодасидир!

    Мудом бирга бўламиз, ўлсак бирга ўламиз…

    Бу сўзлар мен сидқидилдан ҳурмат қилган марҳум шоир Шавкат Раҳмонга тегишли, тўғрироғи унинг “Икки дўст” шеърий қиссасининг қаҳрамонларига.

    Эсингиздами,

    Бир куни икки бахтсиз
    безиб моли ҳулёдан,
    шайланибди бахт излаб
    бахтиқаро дунёдан.
    Сўйлашибди ушлаб нон:
    “мудом бирга бўлармиз,
    бахтли бўлсак – ёнма-ён,
    ўлсак бирга ўламиз”…

    Мен нечун шоирнинг бу шеърий қиссасини эсладим? Гап қиссанинг сўнги сатрларида, эсланг, икки дўст йўл юриб чарчаган бир пайт йўлбарс изига йўлиқишади. Аввал бири жон сақлаш учун ғорга бекинишни айтади, иккинчиси эса ғорда бекиниб очдан ўлгандан кўра, йўлбарс келган тарафга бориш керак дейди, у ёқда нимадир егулик бўлгани учун ҳам йўлбарс шу ёққа борган дейди. Шу аснода икки дўст ўртасида жанжал бошланади ва иккиси икки тарафга кетади. Бири танлаган йўл тўғри йўлбарснинг ошқозонига олиб келади, иккинчиси эса…

    Иккинчи дўст ўзи танлаган томонга кетар пайт, анави қисса аввалидаги аҳдини эслайди ва дўсти томонга қайтади, қайтгач эса унинг йўлбарсдан ошган қолдиқларига йўлиқади. Бир четда эса одам гўштидан тўйиб эриниб йўлбарс ётарди. Ҳайвон ва инсон бир муддат бир-бирига тикилиб тургач, иккиси ҳам икки тарафга кетади, шоир эса қиссани:
    Шундоқ қилиб жўмардга
    жўмардлар тенг бўлади.
    Хулоса шу, йўлбарсга
    Қўрқоқлар ем бўлади,
    деган мисралар билан якунлайди.

    Албатта биз ҳеч кимни қўрқоқликда айблаб, яқин келажакда йўлбарсга ем бўлишлиги ҳақда башорат қилмоқчи эмасмиз,биз фақат қисса аввалидаги аҳдга ишора қилиб ўтмоқчимиз холос. Зеро ўз сўзининг қадрини хис қилувчи ҳар қандай инсон учун ўша айтилган сўз муҳим, аҳд муҳим.

    Кеча маълум бир масала устида аҳдлашиб, маълум бир ҳаракатда иштирок этиш истагини билдирган “дўстлар”, ўз аҳдларидан қайтдилар, бўлиб ҳам буни ўзларининг имконсизлиги, керак бўлса маълум маънодаги ожизлиги деб баҳоламай, негадир қаҳрамонлик тарзида тақдим қилдилар. Эмишки бошқа, ўша аҳдда иштирок этиб унда қатъий қолаётганлар, қоғоздагина мавжуд бўлган ташкилотлар бўлиб унинг аъзолари эса авантюристлар экан. Ўз аҳдидан қайтган ташкилот учун аҳдда шерик бўлганлар билан умумий мақсадлар сари бирга ҳаракат қилиш обрўни тўкиш ҳисобланар экан.

    Иккинчидан, эмишки жамиятнинг бир қанча фаоллари тавсиясига кўра, оммавий ахборот воситасини бойкот қилиш “радио аудиторияси, унинг тингловчилари бўлган юртдошларимиз манфаатларига зиддир. Қолаверса, ҳуқуқ ҳимоячилари, демократик мухолифат вакилларининг ҳибс этилиши ва тезкор воқеа-ҳодисаларни жамоатчиликка етказишда эфирга эҳтиёж туғилмоқда”.

    Демак “ҳуқуқ ҳимоячилари, демократик мухолифат вакилларининг ҳибс этилиши” учун ва “тезкор воқеа-ҳодисаларни жамоатчиликка етказишда” эфирга эҳтиёж туғилмоқда экан. Эфир бўлмаса, афтидан “ҳуқуқ ҳимоячилари, демократик мухолифат вакилларининг ҳибс этилиши” ва “тезкор воқеа-ҳодисаларни жамоатчиликка етказиш” масаласи тўсиққа учрайди.

    Майли жумлага ёпишмайликда мантиқни аниқлаб кўрайлик. Демак, “дўстларимиз” ўша назарда тутганлари эфир бўлмаса ишлай олмаётган бўлиб чиқаяптими? Нима энди Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари эфир учунгина фаолият юритадиган бўлиб қолганми? Сизнинг вазифангиз ахборот тарқатишми ёки инсонлар ҳуқуқи учун курашишми? Агар инсонлар ҳуқуқи учун курашиш бўлса, эфирнинг сизга нима кераги бор? Билсангиз АҚШ ва айрим Европа давлатларида полиция бирор шахс кетидан кувса ёки Россия милицияси рейд ўтказса телевидение орқали бу жараён бевосита намойиш этиб борилади. Афтидан “дўстлар” ҳам бу ноу-хауни ўзларига жорий этишмоқчи.

    Хўп, айтайлик шундай усулда ишламасалар, ишлолмаслар ҳам, ким билади ахир, ким нима дардга йўлиққанини, тўғрими? Айтайлик сизнинг эфирга тезкор хабарни етказишингиз айнан ҳуқуқ ҳимояси борасидаги фаолиятингиз учун нима ёрдам кўрсатди. Айтайлик, балким айрим аъзоларингиз бу учун гонорар олар, балким бу йўл билан ўзига АҚШ расмийларининг эътиборини тортар, аммо умумий мақсад бу эмаску, адашмаётган бўлсак, ё адашаябмизми? Умумий мақсад инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Тасаввур қилинг, худо кўрсатмасину ўша қурғур эхтиёж сезаётганингиз эфир инқироз туфайлими ёки конгресс пул бермай узилиб қолди, демак фаолият тўхтар эканда? Ахир эфир қўлдан кетди?..

    Қани мантиқ? Энди анави салкам алломанинг фикрларини ҳам бироз тушуниб кўрсак. Биз шўрлик қоғоздаги ташкилотларнинг авантюрист аъзолари шу юмушни ҳуш кўрамиз. Демак, қоғоздаги эмас, бошқа бирор йўғонроқми ёки момиқроқми жойдаги ташкилот фикрича, уларнинг позицияси “бу каби радиоларни қўйиб туринг, Ўзбекистон каби диктаторлик режимларига нисбатан ҳам “бойкот ва изоляция” эмас, “демократик дунёга интеграция қилиш ва мулоқотга тортиш” сиёсатини қўллаб-қувватлашдан иборат” экан. Хўп айтайлик шу кунгача ана шу “демократик дунёга интеграция қилиш ва мулоқотга тортиш” позициянгиз туфайли нималарга эришдингиз, бирор мисол келтира оласизми? Агар бордию шу пайтгача, айтганингиз усул билан нимагадир эриша олмаган экансиз, нега ўпкаланасиз? Кимга эртак айтаяпсиз?

    Биргина, ана шу бир жойлардаги ташкилотингизни рўйхатга ололмай неча йилдан буён сарсонсизу, бу нима, балким шудир сиз айтаётган “демократик дунёга интеграция қилиш ва мулоқотга тортиш” натижалари? Унда сизга эътироз йўқ. Вазифангизни аъло даражада бажараяпсиз экан.

    Энди сиз ўз ташкилотингизга мансублигини айтаётганингиз собиқ “дўстларимиз”нинг эфири ҳақида ҳам икки оғиз тўхталсак. Зеро инсон аслида тозаликка, фойдали бўлган нарсага интилади, ҳеч қачон фитна ёхуд бўхтонга эмас. Эфир деганлари яқинда, “дўстларимиз” бу қадар қувонч билан тилга олгани “Понауз” сайти ҳақида ташвишли лавҳа узатдилар. Тўғрироғи бу сайтнинг тўсатдан ишламай қолгани ҳақда. Уни обдон кўкка кўтаришни ҳам унутмадилар, демак сиз яна ҳовлиқиб бор нарсани йўқ дейишга шошилган бўлиб чиқаяпсиз…

    Яъни, сизнинг “… бир қанча демократик ташкилотлар қаторида “Эзгулик” шаънига буҳтон ёғдирган Пона.Уз нинг ёпилгани, камчиликларга қарамай радио фаолиятида муайян даражада ижобий ўзгаришларга ҳаракат қилинаётгани кузатилмоқда”, деган таъкидингиз бироз асоссиз бўлиб чиқаяпти. Агар сиз айтгандай, муайян даражадаги ижобий ўзгаришлар қилинаётган бўлса сайт нафақат ёпиларди, балким у ҳақда эсланмасликка ҳам уринилардида. Аммо зинҳор ундай эмас. Демак асосий сабаб, сизнинг бирдан аҳддан чекинишингиз сабаби бунда эмас. Сабаб афтидан бошқа нарсада. Бу ҳақда сал кейинроқ, ўз тахминларимизни билдириб ўтамиз. Ҳозирча фақат тахминларни.

    Кейинги ҳолат, сўнгги ҳафта давомида сиз, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу қадар ошиқаётган эфир орқали буюртмали лавҳалар эфирга узатилди. Буни уларнинг сарлавҳасидан ҳам билса бўлади, “Диний радикаллашув илдизи қайда?” ва “Ўзбекистонда исломий давлат бўладими?”. Айнан мана шу лавҳаларнинг кетиши, бугун куч ишлатар тизимлар олиб бораётган кампанияни икки юз фойиз оқлайди.

    Нега? Сабаби, биринчи лавҳада, радио мухбири Нодира “Минтақа давлатлари мустақилликка эришганидан бери ва айниқса, кейинги йилларда изчил равишда исломийлашиб борди. Аниқ айтилса, асрлар давомида бу минтақанинг турмуш тарзи, зеҳниятига сингган исломий қадриятлар мустақиллик йилларида яққол юзага чиқа бошлади. Бу жараён, айниқса, Ўзбекистонда кучли кечди ва шу кунларда бу мамлакат минтақадаги қўшниларга нисбатан тезроқ суръатда исломийлашмоқда. Шуниси аҳамиятлики, исломийлашиш, асосан, ёшлар орасида кучаймоқда”, дея таъкидлади. Айнан таъкидлади, кимнингдир айтганини ёки тахмин қилганини айтмади, айнан таъкидлади, ишонмасангиз иқтибосни яна бир бор ўқиб чиқинг.

    Энди ҳурматли ҳуқуқ ҳимоячилари шу кунларда Тошкентда, Андижонда ва Фарғона вилоятида кечаётган жараёнларни эсланг. Куч ишлатар тизимлар мактабларда ҳижоб кийган қизалоқларимизни мактабларга йўлатмасликка, мактабга келишни истаса эса ҳижобини ечиб ташлашга мажбурламоқда. Тошкентдаги бир неча мактабларда ўтган айни кўринишдаги ҳаракатлар ҳақда бир қатор ОАВлар гапирди. Шу билан бирга, деярли барча вилоятларда, шу жумладан Тошкентда ёш йигитларнинг жума кунлари масжидга бориши таъқиқланмоқда, уларни бу куни масжид ёнидан ушлаб кетишмоқда, у ердан уриб ҳайдашмоқда. Бу диний эркинликнинг қўпол тарзда бузилиши ҳисобланади ва бунга айнан анави сиз бу қадар интилаётган эфирда айтилган таъкид дастак бўлмоқда.

    Иккинчи тилга олганимиз лавҳа ҳам шу фикрни таъкидлайди, айнан таъкидлайди. Дастур давомида олиб борувчи Абдулла Искандар, мухбир Нодиранинг биз тилга олганимиз лавҳасини эслатади, унга нисбатан билдирилган фикр ва мулоҳазаларни айтади ва ана шу фикр ва мулоҳазалар бўйича хулоса қилар экан: “Озодлик: Бундан кўпчилик Ўзбекистонда исломий давлат бўлишини истайди¸ деган бир фикрга кела оламизми? Нодира: Шубҳасиз¸ кела оламиз. Чунки шарҳ ëзганларнинг 22 тадан 14 таси исломий давлат тарафдори эканлигини ëзган. Улар ўз фикрини шундай изоҳлаяпти: агар исломий давлат бўлса¸ ниҳоят Ўзбекистонда адолат қарор топади”, дейди. Қаранг, Нодира деганлари “шундай фикр билдиришган, аммо бу бутун Ўзбекистонда ҳукмрон кайфият дейиш қийин, қолаверса бунга мендан кўра аниқроқ жавобни жамиятшунослар айта олиши мумкин” демаяпти. Бор йўқлиги номаълум 14 кишига таяниб золимга зулминг бекордан эмас демоқда!

    Исломий давлат масаласи Ўзбекистон ҳукумати учун нақадар оғриқли масала экани, айни тамға билан минглаб юртдошларимиз жувонмарг бўлиб кетаётганини ҳамма билади, шу жумладан, адашмасам бизнинг ўз аҳдидан қайтган “дўстларимиз” ҳам. Билгани ҳолда айни эфир сари интилиш қилибдилар экан, демак…

    Буюртма лавҳалар борасида яна бир далил. Бунга ўша ташналик билан интилишаётганлари эфирнинг яна бир мухбири томонидан тайёрланган лавҳа мисол бўла олади. Лавҳага эфирнинг малакали мухбирлари “МХХ ўзбек матбуотини фаоллаштирмоқчи”, дея сарлавҳа қўйишган. Унда айтилишича, “Ўзбек матбуотини¸ ҳукумат мажбурламаса деярли ҳеч ким ўқимаслигини тан олган расмий Тошкент¸ буйруқбозлик усули билан маҳаллий журналистлар фаолиятини жадаллаштиришга уринмоқда” ва айни юмушни МХХ ўз зиммасига олган. Яъни мантиқ бўйича МХХ ўзбек матбуотини бироз жонланишга, лавҳадаги оҳанг бўйича дадилроқ чиқишлар қилишга ундамоқда. Бу қизиқ бўлдию, демак Ўзбекистонда уже демократия бошланибдида-а?

    Тўғрироғи аллақачон бошланиб бўлган, фақат маҳаллий журналистлар буни англамай бу каби буюк ютуқни яшириб келишган, натижада жазавага тушган МХХ уларни демократияни топтамасликка чақириб, жиддий огоҳлантирган. АЖАБО! Аслида, бу йиғин тафсилоти билан таниш бўлган маҳаллий журналистлар, кўп бошқа нарсаларни айтишмоқда, хусусан МХХ вакили одамлар ўз аёлларини ҳижобга буркаб юбораётгани, халқ орасида диний қарашлар кенгайиб бораётгани юзасидан эътироз билдириб, матбуот вакилларини бундай “иллат”га қарши кескин курашишга чақирган. Боз устига матбуот ичида номаълум сабаблар билан ўрнашиб олган демократикроқ дунёқарашга эга бўлган мухбирлар таҳририятлардан четлатилиши айтилган. Аммо булар ҳақда “дўстлар” орзиқаётган эфирда лом-мим дейилмаган. Нега?

    Биз ҳеч кимни, ҳеч нарсага даъват қилмаймиз, бунинг кераги ҳам йўқ. Ўзингиз танлаган йўлингиз ўзингизга буюрсин. Фақат ягона илтимосимиз, кейинги сафар ишончимизни суистеъмол қилманглар, биз ишонувчан, қоғоздаги ташкилотларнинг, авантюрист ходимлари бундай ҳолларда қаттиқ хафа бўламиз. Ундан кўра сиз биз томон, биз эса сиз томон қарамаганимиз маъқул, чунки биз зиён етказувчиларга интилишдан кўра, зиён етказмайдиганларга қўл чўзишни афзал санаймиз, сиз эса афтидан аксинча…

    Фақат эслатиб қўймоқчимиз, ўша сабил қолгур баёнотни биз ёзган эмасмиз, Сиз томондан келган ва  бизнинг бугунга қадар айтиб келган бунданда аччиқроқ гапларимизга яқин бўлгани учун раҳбаримиз имзолашига рози бўлганмиз. Биз бойкот*ни анча олдин эълон қилганмиз ва бу радионинг фаолияти демократик бўлмагунча курашимиз тинмайди.

    БОБУР ХОЛИҚНАЗАР.

    (Демократик Ўзбекистон Конгресси фаолари билан суҳбатлар, ёзишмалар, уларнинг муносабатлари натижасида ушбуни хатга туширдим).

    Эслатма: Бу масалада ташкилот раиси Жаҳонгир Маматов бу анча юмшоқ ва анча умумий тарзда ёзилганини айтиб, керак бўлса ўзи алоҳида, кескинроқ фикр билдиришини маълум қилди.

    *БОЙКОТ- англиялик катта ер эгасининг номидан олинган сўз бўлиб алоҳида шахс, ташкилот ёки давлатни назар эътибордан четда қолдириш, у билан муносабатларни тўлиқ ёки қисман тўхтатишдан иборат сиёсий ва иқтисодий кураш  шакли (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 1 том, 302 бет, Тошкент, 2006).

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz