Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 08.13.09
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Апрель » 21 » Мулоҳаза
    10.53.25
    Мулоҳаза
    Биз аслида киммиз, биладиганлар борми?

    Нимадандир жуда ҳам қаттиқ хуноб бўлган зиёли бир танишим шундай савол билан мурожаат қилиб қолди. Олим бўла туриб сиз билмасангиз, биз овмилар қаёқдан билайлик, деб ҳазиллашган бўлдим. Қарасам, кулмади, ҳазилни илғамадиям ҳатто. Тушундимки вазият анча жиддий…

    Узоқ жим тургач, зиёли танишим яна куюниб гапира кетди, “Биз ҳатто тожиклардай эмасмиз, грузинлардай ҳам, грек ёки боринг ана ҳатто қирғизлардай ҳам эмасмиз, қозоқлар ҳақдаку гапириш абсалютна ўринсиз, киммиз ўзи а?”. Ёнимдан сигарет чиқариб мавлонога узатдим, бир тутатинг, озроқ ҳовурингизни босинг, у ёғига бир гап бўлар дедим. Сигаретни тутатиб икки бора симирдию, шартта четга отиб, “яхшиси меҳмонжонларни кўраман”, деб уйига кириб кетди.

    “Меҳмонжонлар” дегани яқиндан буён Ўзбекистон ТВси орқали намойиш этила бошланган ўзбекча сериал. Айнан ўзбекча бўлгани учун ҳам мутлақо мантиқсиз. Аслида мантиқли сериал бўлганми, дейсизми? У гапингиз ҳам тўғри, шу учун ҳам сериалда а?! Хуллас прапессир уйига кетди. Ўзи кетдию саволи қолди. Икки ёшли ўғилча ким келиб саломлашмасин, “биз тиммиз”, деяверди, деяверди, кўришганлар ҳайрон елка қисиб нари кетаверди. Афтидан ҳеч ким точний жавобни билмайди-ёв.

    Кечқурун ўзимча таҳлил қилгач, қўшним, прапессирга сим қоқдим, “тақсир, тузукмисиз?”, деб ҳол сўрагандай бўлдим. Тузукман деди. Бироз нари-беридан гап очдим, қарасам гапни кўтаряпти, ундай бўлса мана буни эшитинг дедиму мақсадга кўчдим. “Бу, домла, боя сал хафа қилдингиз. Биз даже тожиклармасмиз, дедингиз, ахир уларнинг биздан нима фарқи бор, бизда-ку 5 миллион четга чиққанига қарамай, ичкарида яна а-анча бор, уларда ўшанча чиқса борми, ҳеч ким қолмайди”, дедим. Прапессир жим.

    Кейин масалан русияда улар ҳам, биз ҳам деярли бир ҳил баҳоланишимизни айтдим, уларнинг подшоси ҳам, бизники ҳам почти битта милла… ҳм-ҳм… миллионга эгалигини айтдим. Атрофини ўраб олган миллионни назарда тутябман. Ҳалиги фермада бўладию, товуқ фермасидачи, фермачи дон олиб ичкари кирса ҳамма товуқлар, айрим ҳўррозлари билан бирга унинг атрофида “қо-қо-қо”лаб парвона бўлади, ўшандай. Уларда ҳам чироқ йўқ, газ ҳам деярли камёб нарса, бизда ҳам шу, дедим. Улар ҳам кези келганда ўжар бўлишса, биз ҳам пошти шундай дедим, кейин дарҳол тўғрилаш киритдим, жуда-жуда ўрни келганда, ниҳоятда пашти шундаймиз, дедим.

    Грузинлардай эмасмиз, дедингиз, бу ҳам бироз адаш. Грузинларда ҳам, эътибор берсангиз фақат ўғрилар зўр яшайди, хоҳ у Москва ёки бошқа бирор жойда бўлсин, хоҳ ўз юртида бўлсин. Бизда ҳам шундай, қаранг теппа тўла ўғри, ҳаммаси зўр яшайди, хоҳ шу ерда яшасин, хоҳ ҳўв бир жойларда, айтайлик Прагадами ёки Истамбулда. Улар ҳам бурунлари ҳавас қилгулик бўлгани боис ундан нарини аранг кўради, акс ҳолда ўрисларнинг ноғорасига учиб кўчада совуқда иззиламаган бўларди, биз эса вобше кўрмаймиз, иззилаш эса миллий анъанамизга айланиб бўлган. Ягона фарқи улар ташқаридаги русларга эгилса, биз ҳатто ичкаридагига эгиламиз, нима фарқи бор, у ҳам, бу ҳам ўрис…

    Хуллас анча гапирдим, прапессир жим эшитди. Мулоқотдан кейин ярим соат давомида ўзимча яйраб ўтирдим, бопладим, деб. Кейин бирдан ўйланиб қолдим, аслида нима учун шўрлик бу қадар куюнаётган эди? Шунисини сўрамабман-ку! Бир шиша анавиндан олиб, қўшниникига юриш қилдим, зеро тақсирим мен билан бир қаватда, бир подъездда турарди, ҳатто эшикларимиз бир бирига термулиб қош қоқади, десам ҳам муболаға бўлмайди. Икки қадам ташладиму тугмачани босдим, гимн садоси янгради. Ҳа, прапессирнинг қўнғироғига бизнинг гимн ўрнатилган, энг қизиғи садо, “серқу-ё-ш” дейдию, “о-о-о-ш”, деб пасайиб ўчади.

    Прапессирнинг ўзи бу ҳақда изоҳ берар экан, “ёлғоннинг камлиги яхшида, ука”, деганди. Серқуёшни тўрт марта қайта-қайта эшитганимдан сўнг енгил йўталиб прапессирнинг рафиқаси кўриниш берди. Бормилар, дедим жилмайиб, мендан кўра шишага совуқ тикилганча, шунақа бўлса керак, дегандай елка қисдилару, “а-да-си-и-и-и”, деб ичкарига ҳайқирди. Кейин овози билан қуйлашмачоқ ўйнагандай ўзи ҳам ичкарига сингиб кетди. Салдан сўнг қовоқлари осилган прапессир чиқди, шишани кўрсатиб, “жиддий гап бор”, дедим. У эса биттагина шишалигини кўргач, “жиддийси шу бўлса”, дедию ичкари киришга ишора қилди.

    Буни қарангки, прапессир қаттиқ адашган экан, баъзан кам бўлса ҳам анча жиддийлатиб юбориши мумкинлиги сезилиб қолди. Жиддийлигимиз шу қадар жиддийлашдики, ҳатто кўкрагига туфлайвериб чарчаган келинойи, ичкарига кирақолинглар деб туриб олди. Зеро биз, анави балкон аталмиш хонада, ойнакларни ланг очволиб тилга зўр бериб юборгандик. Келинойи ҳушёрда, барака топсин, ўзим ҳам сездим, йўловчилар прапессирнинг ойнаси тагидаги йўлакча қолиб йўлнинг у юзига ўтиб олишаётганини, аммо унча аҳамият бермабман. Аммо, келинойи, маладес. Ичкари бўлса, ичкарида, деди прапессир, жиддий гапни любой жойда гаплашса бўлаверади, шароит қилинса бўлди.

    “Қаранг, хомкаллалар, ҳаммаёқни вайрон қилиб ётибди, нима эмиш, катталар буюрганмиш, тавба қилдим, катталарнинг ҳам қиладиган иши қолмабдида а?”, деди прапессир тўшакка чўзилганича. Уларда ўзи ҳеч қачон иш бўлган эмас, Ўзбекистонда иш бор эканми, дедим кулиб. Биз уларни шунчаки, борми дейишса, бор дейиш учун ўша ерга кўтариб қўйганмизку, дедим. Прапессир, кўзларини қисиб менга узоқ тикилдида, “ҳамма айб сизларда эканда а?”, деди. Нега энди бизда экан, ҳимояга ўтдим мен. “Ахир ўзингиз айтиб турибсиз-ку, биз кўтариб қўйганмиз деб”, деди прапессир. Ҳа, энди теппароқда, ўтиришни ҳуш кўришса ўтирақолишсин дедикда, дедим мен ҳам бўшашмай.

    Шиша иштирокида ўтадиган ҳар қандай жиддий гапнинг бир зўр томони бор, эртасига у гап деярли эсдан чиқади. “Аммо, мен шу гапни гапирмадим, хўпми?”, дея огоҳлантиришга асос қолмайдида. Акс ҳолда, ўзбеклар шу даражага етдикки, Каримовнинг бирор асари тўсатдан қўлимиздан тушиб кетса ҳам, дарҳол, “шу иш бўлмади, деб ҳисоблаймиз хўпми?”, деб ҳимояланиб оламиз. Шишавой иштирокида тушиб кетса эса, бу гапга ҳожат қолмайди, барибир ҳеч ким эсламайди. Хуллас эртасига деярли ҳамма гапни унутиб кўчага чиқдим, атрофда “тақ-туқ, тарақ-тарақ”, уч-тўрт миршаб қўлларида бир уюм қоғозни ушлаб олганича кимларгадир нималарнидир уқтираётган, ёнларида эса ёш-ёш йигитлар тўхтовсиз қаёққадир қўнғироқ қилаётган…

    Бугунги Тошкент ана шундай кўринишда. Одамлар уйига уйқуга кетишдан олдин кўчасидаги иморатлар билан ҳайрлашиб кетадиган бўлиб қолишди, чунки бугун кўрганингиз бинони эртасига топа олмайсиз. Мен бир дўкондан пишлоқ олгандим, уйга келиб қарасам, мазаси бироз ҳалигидай экан. Чўрт-ей, деб ортга қайтдим, дўконга топшириб бошқасини оламан дебман, келиб кўрсам дўкон йўқ. Унинг ўрнида ўнта миршаб, йигирмата ишчи, учта галстук таққан болакай, иккита қоринбой тоғалар турибди. “Кечирасизлар, шу ерда дўкон бўларди, кўринмайди-я”, дедим секингина, миршаблар эса, “энди кўринмайди ҳам, ҳаммаёққа хавф туғдириб кўриниб турганидан кўринмагани маъқул”, деб жавоб қилишди. Тушунарли…

    Анави куни бутун бир маҳалла ғойиб бўлди, адашмасам ичидаги одамларию майда-чуйда ҳайвонлари билан. Қизиқ бўларкан. Биз томонга такси тўхтатсангиз, кўчангизни тушунмаса, анави фалон маҳалла бор-у, ўша томонга дердик, энди нима деймиз… Маҳалла йўқ, эмишки унинг борлиги аллакимда жиддий хавотир туғдирган ва хавфсизлик мақсадида маҳаллани шартта… Унинг кетидан дарахтлар кесила бошланди, кейин ўт-ўланлар. Баҳор энди келди, ҳали бу ўт-ўлан деганлари атиги 6 сантиметрга кўтарилди холос, нима қипти, ўриб ташланди. Йўл четидаги уйлардан бирининг ойнаси ўрнига целофан тортилган экан, бўлиб ҳам энг юқори қаватда, чунонам хавф сезилибдики, натижада целофан олиб ташланди, уй эгаси эса…

    Кўп қаватли уйлар ёнларида ҳам “тақ-тақ, тақара-туқур”, у ерни аралашаётган, бу ерини кесишаётган, уни олиб ташлаётган, буни йиқитаётган, урушдан кеийинги Варшавани эслатадия. Прапессир учун ўч олгим келдида, бир уй остида йиғилиб турган уч-тўрт галстукли чулдирвақалар ва аллақандай барзангилар ёнига бориб, “анави уйни, фалончи фалончиевичнинг кичик қизи бўлажак ўғлига олиб берган, шу учун атрофида анавиндай қулайликлар қилинган”, дедим. Чулдирвақаларнинг ранги ўчиб, қўлларидаги варақларни бирма-бир текшира бошлашди. “Бўшсизда укажон, бўшсиз, сиёсий ҳушёр эмассиз, ундайларнинг фарнзандлари турадиган уйларнинг адреслари ошкор қилинмайди, бу уйлар почти стратегик объектдай”, дедим жиддий. Болакай беўхшов тиржайдию, “анави жойни қараб келайлик”, деб шерикларини бошқа жойга етаклади.

    Ҳамма ишлар ортида ана шу майда-чуйда болачалар турипти. Уларга қараб туриб, анави каттамизнинг нечанчи йили айтган гаплари эсимга тушиб кетди. Ўшанда мухолифатми-е, алламбало ҳақида гапирар экан, катта, “бу қаёқдаги тепса тебранмас, номи ҳам бир балолар билан ишлаш, улар ёрдамида фуқаролик жамияти қуришга интилиш ўрнига, ўша чет элликлар, ана, марҳамат ёшларимиз билан шуғулланишсин, ўшалардан мухолифат яратишсин, бизда қаршилик йўқ, қани, бир уриниб кўришсин”, деган эди. Афтидан ўшанда мана шу, ҳозир ҳаммани қақшатиб томорқаси, уйининг олдига шинамгимна қилиб қуриб олгани дам олиш жойларини буздираётган ваҳшийларни назарда тутган чоғи. Ҳозирдан қақшатишни, катталар, кексалар “хой болам, отанг тенгиман-а, қўй энди”, деганда афтини буриштириб туришни билишидан маълумки, зўр тарбияни олган.

    Уйга кириб энди телевизорни ёққан эдим, эшигимнинг қўнғироғи шанғиллаб қолди. Бориб очсам, бояги чулдирвақалардан биттаси турипти. “Ока, анави жойдаги бир уй олдини тозалатвотганду, чўта у ҳақда ҳам бирнималар дейишвотти, қараберассми?”, деди чулдирвақа. Қайси дўм, деб сўрадим мен, рақамини билгач эса, ичкари кирдимда, ўзимча бир жойга телефон қилгандай бўлдим. “Мирҳайдар Зирҳайдарович, фалон дўмда ҳам стратегик хонадон борми, анави муҳим рўйхатни қараворинг”, дедим, сўнг эса, шунақами дедиму, чулдирвақанинг олдига югуриб чиқдим, “срочно ўттан кетларинг, умуман опасний одамга қарашли экан, ахир ўша ерда махсус қоровулларни кўрмадиларингми, агар съёмка қилиб олган бўлишса тамомсанла”, дедим. Йигит ранги оқариб кўчага отилди. Фақат у югуртирадими, биз ҳам бир югуртирайлик.

    Ўша воқеадан англадимки буз-буз фақат оддий инсонларга қаратилган, агар уй яшовчиси бирор амалдор бўлса, масала ўзгача кўрилади. “Булар эмишки, Тошкентни юбилей олдидан чиройлироқ кўринишга келтириш учун қилинмоқда экан”, деди сартарошимиз. “Менга қаранг, мана шу сартарошхонангиз неча йилдан бери бор?”, сўради клиентлардан бири, “адашмасам ўн-ўн беш йил бўлди”, деди сартарош. “Демак ўн беш йилдан буён унинг туриши шаҳар ҳуснини бузмас эди, бугун бирдан бузиб қолибдими?”, деди клиент, сартарошнинг ранги ўчиб кетди, “нима демоқчисиз бу билан, бизнинг кулба ҳам, анавинақамикан?”, деди шўрлик ҳаяжонда, “э-э, йўқ, мен қайдан билай, шунчаки мисол ўрнида айтдимда”, деди клиент. “Ҳозир мана бу сочингизни бир томонини ундай, иккинчисини мундай қилиб қийиб ташлайман, мисолингиз қурсин-э”, деди сартарош.

    Ўтириб ўйланиб қолдим, биз неча йилдан буён тўйларимизни ҳам, байрамларимизни ҳам шаҳарнинг айнан ўша аввалги кўринишида ҳеч уялмай нишонлаганмиз. Бизга ҳеч бир жойнинг ҳалақит берадиган ўрни йўқ, ахир унда ҳам кимнингдир насибаси бор. Катталарга шуни айтиш керакми дейманда, ахир улар байрамни биз, оддий инсонлар билан нишонламайдику! Энди ўсиб келаётган ўт-ўлану, деразадаги целофандан чўчиб юрганлар биз билан қандай байрам қилсин. Шундай экан, нима қилишса, ўша ўзлари байрам қиладиган жойларида қилмайдими, дейманда. Меҳмон келса ҳам ахир ўша ёққа юради, ҳеч замон, анави прапессирнинг маҳалласини бир айланайлик, қани, балким ҳунукроқ бирор дўконми, томорқами бордир, деб юриш қилмайди-ку. Умуман бирор меҳмон келадимикан ўзи?..

    Ҳали прапессир яна нимадандир хафа бўлиб келди, “йўқ, биз абсолют ҳеч ким эмасмиз, ҳатто кимдир бўлишга арзимаймиз ҳам”, деб ўтиб кетди. Ким бўлсак ҳам бўлиб бўлдик прапессир, фақат баъзан эсимиздан чиқиб қолмаслиги учун, ўзимиздан чиққан катталар буни эслатиб туришади, холос. Кимдир бўлиб қолишимиздан қўрққани учун эмас, шунчаки, ҳеч ким эмасликни ҳам маълум маънодаги бойлик деб билиб, адашиб қолаётганимиз учун шундай қилишади. Бориб шу гапларни прапессирга яхшилаб тушунтираман, кейин икки яшарни балконга олиб чиқиб, ҳўв анави жойда “тақара-туқур” қилдираётганларни боплаб бир сўктирай, ўзиям жуда бу масалада прапессаналда. Яна суҳбатлашамиз, агар эртага шаҳаримиз ҳам тўсатдан йўқ бўлиб қолмаса, билиб бўладими…

    Нидои Мазлум.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz