Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 11.25.49
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Апрель » 25 » Ўзгармаган мавзулар
    00.58.14
    Ўзгармаган мавзулар
    Жаҳонгир  МУҲАММАД

    Миллий маънавиятсизлик ёки Жамол Камол

    “ Адабиёт ва санъат азалдан бери давлат ва салтанат соҳибларининг ҳимоясида бўлиб келган. Султон Ғиёсиддин Мавлонони ўз қанотлари остига олган эди. Султон Ҳусайн Бойқаро бўлмаса Навоий бўлмас эди. Давлат раҳбарининг оти истанг бошқон, истанг султон ва ёки президент бўлса ҳам масала ўзгармайди… Ўзбекистонда Ислом Каримов ана шундай буюк ишни бажараётгани ҳолда Туркияда ижодкорларга бундай муносабат йўқ”..

    Менинг Жамол Камол ҳақидаги фикрларим унинг “Туркия” газетасининг мухбири Иҳсан Гулcу билан ўтказган суҳбатидан кейин ўзгарганди. Ўшанда мен Туркияда яшардим ва мазкур рўзномада ишлардим. Рўзномада аксарият-кўпчилик Каримов режими ҳақида, унинг халққа зулм ва зуғуми борасида хабардор эдилар ва менинг қарашларимни ҳурмат қилардилар. Ўзбекистон ҳақида ёзгудек бўлсалар, албатта келиб, мендан фикр олардилар. Аммо бир-икки киши Тошкентга бориб, Каримовдан шахсан тўн кийиб қайтгач, уларнинг ва уларнинг гапларига ишонганларнинг фикрлари ўзгара бошлади. Шуларнинг орасида Иҳсан ҳам бор эди. Бир куни у менга:

    -Жаҳонгир аби(ака-ЖМ), эртага чиқадиган саҳифани яхшилаб ўқи, бизларга ишонмасанг, мана Жамол бейга ишонарсан, ахир у ҳам мухолифатдан чиққан экан, ҳақиқатни айтадиган одам-ку!- деди сенсираб.

    Туркияда яқин олиб гапирилганда сенсирашади ва сизлаш ўртадаги узоқ масофани кўрсатади. Аммо газетадагилар ўзбек одатлари ҳақида ёзганларимни ўқиганларидан кейин ва менинг уларни “сен” деб гапиришга тилим бормаганини кўрганларидан сўнг мен билан сизлаб гапиришарди. Шу боис ҳам Иҳсаннинг сенсирашини ўша дақиқада тушуна олмасамда, кейинчалик унинг ”ватан хоинларининг гапларига ишонаверманглар” деган насиҳатлардан таъсирланганини ўргандим.

    Дарҳақиқат, эртасига, яъни 1995 йилнинг 5 Сентябр, Сешанба куни Жамол Камолнинг “Туркия” газетасининг 4-саҳифасида тўлиқ ва бошқа саҳифада ҳам давом этган суҳбати чиқди.

    Унда Жамол Камолнинг алоҳида бир суврати, яна мухбир билан тушган сурати ҳамда қизи, неваралари ва илгари “Озодлик”да ишлаган ва ўша кунларда Ўзбекистон ҳукумати билан яқин бўлган Зиёвуддин Бобоқурбон билан бирга тушган сурати ҳам босилганди.

    Ўшанда Жамол Камолнинг фикрларига қарши мақола ёздим ва бир неча газетада чиққан ҳам эди. Баҳора Олим қизи бу мақолаларни тўплаб, “Озодлик” радиоси орқали эшиттирганди ҳам. Демак, жавобсиз ҳақ қолмаган, бунинг устига шу суҳбати чиққандан кейин орадан ҳеч вақт ўтмай Жамол Камол ишдан олиб ташланди. Шундай экан, нега бу мавзуга қайтишга эҳтиёж туғилди, деб ўйларсиз.

    Гап шундаки, яқинда, яъни 2003 йилнинг 14 февралида Жамол Камолнинг “Моҳият” ҳафталигида “Китобсиз эл…” деган бир мақоласи чиқди.

    Унинг мақоласидаги мана бу сатрлар кишини ўйлатади:

    “…Биров бозорга супурги олиб чиқади, биров кўкат, биров картошка, саримсоқпиёз… Ёзувчининг халққа таклиф этадигани-китоб…

    …алам қиладиган жойи шундаки, бизда сандиқ ясаган устадан солиқ олинмайди, китоб ёзган ёзувчига солиқ солинади…

    …ҳозир Ўзбекистонда китоб нашр этиш ёзувчи учун орзу эмас, армон бўлиб қолди…

    …Юртимиз мустақилликда яшаётган ўн икки йил ичида менинг битта ҳам китобим босилмади. Ажабо, мустақиллик шиорини биринчи бўлиб кўтариб чиққан биз, ёзувчилар эмасмидик?..

    Ёшим олтмишдан ошди. Эл олдида ҳисоб бериш фурсати етди…

    Лоақал “Сайланма” асарларимни чиқариб беринг, деб қайси эшикка борай, қайси остонага бош урай?..”

    Ана энди мен юқорида зикр этган суҳбатдаги мана бу сатрларни ўқиб кўринг. Ўшанда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раҳбари бўлган Жамол Камол Туркиянинг энг йирик рўзномасига қуйидагиларни айтган эди:

    “ Адабиёт ва санъат азалдан бери давлат ва салтанат соҳибларининг ҳимоясида бўлиб келган. Султон Ғиёсиддин Мавлонони ўз қанотлари остига олган эди. Султон Ҳусайн Бойқаро бўлмаса Навоий бўлмас эди. Давлат раҳбарининг оти истанг бошқон, истанг султон ва ёки президент бўлса ҳам масала ўзгармайди… Ўзбекистонда Ислом Каримов ана шундай буюк ишни бажараётгани ҳолда Туркияда ижодкорларга бундай муносабат йўқ”..

    Жамол Камол ўшанда Туркия билан Ўзбекистонни солиштирар экан, Туркияни, унинг ҳукуматини қаттиқ танқид қилгани, машҳур латифани эслатганди. АҚШ раҳбари Брежневга ” Мана бизда сўз эркинлиги бор, одамлар ҳукуматимизни истаганча танқид қиладилар” деса, Брежнев, “Бизда ҳам сўз эркинлиги бор, бизникилар ҳам истаганча танқид қилишлари мумкин, ҳукуматингизни…” деган экан.

    Жамол Камол ёзганди:

    “…Ўзбекистонда Ёзувчилар уюшмаси раисининг мавқеи Маданият вазири билан тенглаштирилган.
    Менга давлат катта маош беради.
    Мен учун ҳукумат махсус машина ажратган.
    Ўтган йил Президентимизнинг қарорлари билан ёзувчиларга тарқатиш учун 50 та квартира берилди.
    Турк ҳукумати ёзувчиларга шундай меҳрибонлик қилмоқдами?…
    Ёки яна ўтган йил Тошкент атрофидан 100 гектар ер ажратиб бердилар. Истаган уй қурсин, истаган боғ, дедилар. Бу давлатимизнинг ижодкорларга муносабатининг бир ифодасидир.
    Аммо Туркияда ижодкорларга бундай муносабатни кўрмадим…
    Яна Ўзбекистонда ўтган йил ҳукуматимиз ижодкорлар учун, уларнинг оилалари учун уч қаватли бир поликлиника қуриб берди…”

    Шундан кейин Ўзбекистонда ижодкорларнинг рўзномалари-ю журналларига ҳукуматнинг меҳрибончилиги саналади. Ҳаммаси Ислом Каримовнинг мунаввар сахийлиги боис бўлаётгани айтилади. Китоблар гувиллаб чиқиб турганидан мачитларда азонлар гуриллаб айтилганига қадар ҳеч нарса унутилмайди ва Ислом Каримов халққа Аллоҳ инъом этган бир зот эканлиги урғуланади.

    Шундай гапларни айтган одам бугун бирданига жамиятдан, тузумдан шикоят қилиб қолса, қулоққа анча қизиқ туюлар экан.

    Нима бўлганда ҳам бугунга қадар Туркияда бирор бир ёзувчи китобим чиқмаяпти, деб шикоят қилган эмас. Чунки Туркияда ҳукумат ижодкорнинг ишига аралашмайди ва ижодкор мустақил. Ҳукумат раҳбарига қуллуқ қиладиган ижодкорни эса у ҳар қанча талантли бўлса ҳам ижодкор, деб тан олишмайди, балки маддоҳ, дейишади.

    Жамол Камолнинг мустақиллик деб аталган йилларда Ўзбекистонда китоблари чиқмаган бўлса аслида у фахрланиши керак эди. Чунки бу йилларда маддоҳона китобларга доим йўл очиқ… Каримов режимининг қулларига Жамол Камолнинг ўзи Туркияда баралла айтгани каби барча шароит қилиб берилган. Маддоҳлик муаллифларига орден, медаллар, қаҳрамонлик унвонлари берилмоқда…

    Мен шу йилларда Ўзбекистонда китобим чиқмаганидан ғурурланаман. Менинг ҳам китобимни чиқаринг, дея ёлвориш эса сиз қилаётган зулмларга кўз юмганман, дегандек туюлади, менга.

    Дарҳақиқат, “Америка Овози” га суҳбат берган (21 феврал, 2003 йил) таниқли олим, ёзувчи ва журналист Ботир Норбоев халқни эмас, ўзингни ўйлашни мустақиллик йилларида янада кенг ёйилган миллий маънавиятсизлик, деб баҳолади. Қачон ана шу маънавиятсизликдан қутулсак, жамият ўшанда ўнгланади.

    ( Вашингтон, 2003 йил, 24 феврал).

    “Тарихни титратган кунлар” китобидан


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz