Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 06.01.10
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Апрель » 26 » Зулм зиндонида қолаётган буюк адиб ижодидан
    00.53.39
    Зулм зиндонида қолаётган буюк адиб ижодидан
    Юсуф ЖУМА

    Бир жон хотиралари (4)


    Тангри барча яхшилар тортган азоб уқубатлар учун ёвузликдан қасос олди


    Худо дод деб юборар дегандим, Худо дод деб юбормади. Оломон жунбушга келар дегандим, оломон парво қилмади.
    Чунки териси шилинаётган Осмон эмас, Туркмард эди.
    Чунки териси шилинаётган Худо эмас Туркмард эди.
    Чунки териси шилинаётган оломон эмас Туркмард эди.
    Туркмард қулаб тушса осмоннинг эмас Туркмарднинг қизи ўларди.
    Туркмард қулаб тушса Худонинг эмас Туркмарднинг қизи ўларди.
    Туркмард қулаб тушса оломоннинг эмас Туркмарднинг қизи ўларди.
    Бу уч қудрати чексиз осмон, Худо, халқнинг ичидан фақатгина Худо Туркмард томонда эди. Фақатгина У Туркмардни чексиз ирода, матонат билан сийлаб, Туркмард қизини асраётган эди.
    Жаллодлар ишни тугатишди. Туркмарднинг терисини белигача шилиб олишди. Майда майдалаб эмас бутун ҳолда шилиб олишди. Бир малай терини олиб келиб Қонвулқон пойига ёёди. Қонвулқон мамнун бўлиб оёқларини туркмарднинг шилинган териси устига қўйди. Сўнгра шоҳсупага тикилди. Белигача териси шилиб олинган туркмард бағрига қизини босиб нарвондан пастга тушиб келарди. На оҳ чекарди, на гапирарди. Фақат терисиз қолган қисмидан қон сизарди. Нарвон ҳам шоҳсупадай қонга бўялди. Бу манзарадан неча ўн йиллаб қон ичиб келаётган, не не эрларни ўлдирган, уларнинг ўлимини завқ билан томоша қилган Қонвулқон ҳам тахтадай қотиб қолганди. Оломон қотиб қолганди. Фақат танасидан қон сизиб ирмоқ бўлиб оқаётган Туркмард мардона келарди, нарвондан ерга яқинлашганди.
    Туркмард ерган тушаркан унинг яқинларидан бири, синглиси эди шекилли Зарзаминага қўлини чўзди. Қизини авайлаб унга берди. Қондан из қолдириб Қонвулқон қошига борди. Мустабид пойидаги терисини тортиб олиб, терисини мустабиднинг бўйнига ўраб бўға бошлади. Ҳамма тош қотганди. Мустабиднинг қўриқчилари ҳам. Мустабиднинг жони ҳиққиллаб қолди. Шундан сўнг бўғишни бас қилиб мустабид Юзига тупурди.
    - Мен сени ўлдирмайман. Агар ўлдирсам то қўриқчиларинг ҳушини йиғиштиргунча ўша вақти, сени тахтдан кет деган вақтим ўлдирган бўлардим. Гарчи менинг бошимга рўзи маҳшарда ҳам юз бермайдиган ҳолни солган бўлсангҳам ўлимингни тиламайман. Узоқ яшашингни истайман. Худо сендек ёвузни қайта ярата оладими, йўқми билмайман. Яратганда ҳам бу манфур оломонга, мунофиқ, риёкор халққа подшо қиладими, йўқми билмайман. Шу боисдан сенинг узоқ яшашингни истайман. Ё бу риёкор халқ зулмингдан кўзини очсин, ё зулмингда қирилиб кетсин. Сени худо бу халққа жазо қилиб юборган. Худо ҳукмига қарши бормайман. Сўзини тиугатиб мустабид юзига тағин тупурди. Қизи томонга кетди, қизини бағрига босиб пешонасидан ўпди:
    - Мени кечир, қизим, мен туфайли шундоқ кунларга қолдинг. Кечир жон, қизим, она қизим! Кечир…
    Бу охирги сўзи эди. ерга чўзилди. Устига белидан пастидан шилиб олинган терисини ёпди. Оҳ деб жон берди…
    Зарзамина тилдан қолганди. Кўзларини катта катта очиб киприк қоқмай ётарди. Эндигина тўрт ёшини тўлдирган қизалоқнинг сочлари оппоқ бўлиб қолганди. Қоп қора сочлар оппоқ бўлганди. Оппоқ. Бир тола ҳам қора сочи қолмаганди.
    Зарзамина етим бўлиб қолди. Онаси Туркмард билан қизини шоҳсупада кўриб ҳушидан кетди. Ҳушига келмай оламдан ўтганди. Отасиз ва онасиз зарзаминани аммалари бағрига олдилар. Не не табибларга даволатдилар. Фожеадан уч йил ўтиб Зарзамина тилга кирди. Яна сочлари қорайди. Оқарган сочлар тўкилиб қора сочлар чиқди. Энг машҳур отинларга бериб ўқитдилар. Ўқимишли, соҳибжамол қиз бўлиб вояга етди. Лекин отаси кўз қорачиғига бир умр муҳрланиб қолди. Кўз очса ҳам отасини кўрарди, кўз юмса ҳам отасини кўрарди.
    Ҳар тун уйқуга кетгунча отасини ўйлар, тушида отасини кўрар, ўша кун, ўша шоҳсупа, териси шилинаётган отасини кўриб, қўрқиб додлаб уйғонарди. Уйғониши билан тағин отаси кўз қароғида номоён бўларди. Зарзамина бутун умри давомида ўша фожеадан чиқиб кета олмади. Менда оғриқ кучайгандан кучаяр, Зарзамина оғриқдан эзиларди. Кўзларининг мунги бир умр йўлдоши бўлди. Бироқ у ҳаддан зиёд соҳибжамол эди. уни кўрган эр зоти ҳайратдан қотиб қоларди. Уни Зарзаминани кўриб, дафъатан қотиб қолмаган эркак бўлмаган. Уни кўргач ҳеч кимнинг тили сўзга келмасди. Бироқ у ҳаммадан нафратланарди. Отаси—Буюк Туркмардни бир золим Қонвулқонга бериб қўйган халқни бир умр кечирмади. Бир умр қарғади.
    Зарзаминага бесаноқ йигитлардан совчи келди. Ҳаммасига жавоби битта эди:
    - Бу Халқда ҳам эр бор эканда. Чиндан эр бўлганда отам Туркмарднинг ёнини олиб чиқарди. Битта бўлса чиқарди. Афсуски, битта ҳам йўқ экан. Сотқин, ноэр, мунофиқ қавмдан туғилган ноэрлардан ҳеч бирига хотин бўлмайман.
    Зарзамина бир отиндан илм ўрганаётган кунларнинг бирида Отин уйига фолбин аёл кириб келади. Фолбиннинг кўзи Зарзаминага тушадию, кўзини узолмай қолади.
    - Соҳибжамол қизалоқ кимнинг қизи?
    - Буюк туркмарднинг қизи зарзамина!—деди отин аёл.
    -Буюк инсоннинг буюк қизи, қисматинг ғалати сенинг,-деди фолбин.
    - Бу нима деганинггиз? –ҳайрон бўлиб сўради отин аёл.
    - Агар бу сулув қиз турмушга чиқса, етита азамат ўғил туғади. Ғалати, бу қиз турмушга чиқмайди. Болалари туғилмай қолади, лекин тўғри қилади,- деди, фолбин аёл.
    - Бундай деманг, ҳамма фолинггиз ҳам тўғри чиқавермайди,-хафа бўлди отин.
    Лекин фолбин ҳақ бўлиб чиқди. Зарзамина ҳеч кимга турмушга чиқмади. У эр деганда отаси Туркмардни кўз ўнгига келтирарди. Отасидай инсон бу қавмда йўқ эди.
    «Бу юртда туғилиш гуноҳ! Болаларим туғилса боболарининг қонидан, албатта, ўтади. Бу қон ҳақни айтдиради. Отамнинг қисмати болаларим бошига тушади. Мен турмушга чиққан хоин бўлсаю, хоин бўлмаган борми бу қавмда, болаларимнинг бири хоин бўлса-чи, буюк бобосига иснод бўлади. отам руҳи олдида гуноҳга ботаман. Бир томчи заҳар дошқозонга тушса, бир дошқозон овқат заҳарга айланади. Баъзан бир учқун бутун бир ўрмонни кулга айлантиради. Нега кўргиликлар кўриш учун болаларимни бу сотқин қавм ичида туғишим керак.
    Ёвузлик аждаҳосининг бошлари кўпаймоқда. Эзгулик тулпори бошсиз қолди. Отам унинг охирги боши эди. ёвузлик енгди, лекин Тангри сукутни бузади. Қутуриб кетган ёвузликни йўқ қилади. Ўшанда дунё чороғон бўлади. отам дунёга қайта келади, мен қайта келаман. Болаларимни ёруғ дунёга келтираман. Биз эзгулик тулпорининг бошлари бўламиз. Чала қолаётган эртак якунланади. Эзгулик муроду мақсадига етади. Афсуски, ҳозирликча ёвузлик ғалаба қилди. Ҳозирликча одамлар хоин, ҳолзирликча болаларимни дунёга келтирмайман. Фолбин аёл айтган етти азамат ўғлоним боболари Туркмардга ўхшаган ўғлонларим ҳозирликча жаннат боғларида, боболари ёнида».
    Зарзамина етти туғилмаган болаларига номлар ҳам қўйганди.
    «Тўнғичи Эртурк бўлади. Бобосига адаш. Иккинчиси Шертурк бўлади, учинчи ўғлим Кўктурк бўлади. тўртинчиси Кунтурк, бешинчиси Қўртурк, олтинчиси Пиртурк, еттинчиси кенжаси Ҳуртурк бўлади. Етти ўғлимда боболари Туркмарднинг қони жунбушга келади. Етти ўғлимда етти осмоннинг кучи бўлади. Тангри уларнинг ҳар бирига бир осмоннинг қудратини беради. Етти иқлимни етти ўғлим эзгулик билан бошқаради. Боболарининг қони билан суғорилган заминни адолат билан обод этадилар.
    Эй азамат ўғилларим!
    Заминда буюк бобонгиз, эр бобонггиз Туркмард қони бор. Демак, замин бобонггизнинг танининг бир парчаси. Бу парчани ёвузлик аждаҳоси забт этган. Бу аждаҳо ҳамон заминнинг, бобонггиз танининг бир парчасининг терисини шилмоқда. Уни таҳқирламоқда, таламоқда. Тангри мададга келади. Ёвузлик балосини ер юзидан супуриб ташлайди. Шунда мен дунёга қайта келиб, сизларни дунёга келтираман.
    Сизлар етти иқлимда эзгулик байроғини тиклайсизлар. Бу байроқни бобонггиз Туркмарднинг шилинган терисидан этасизлар. Қонвулқон—ёвуз мустабид шилдирган терисидан этасизлар. Ҳозирликча жаннат боғларида бобонггиздан таълим олинг. Унинг ғаройиб эртак, ривоятларини тингланг. Ёруғ дунёда яшашни ўрганинг. Яқинда мен ҳам ёнинггизга бораман. Ҳаммамиз бирга бўламиз. Бобонггиз мени роса соғингандир. Мен ҳам отажонимни роса соғинганман. Яқинда етиб бораман».
    Зарғзамина узоқ яшамади. Ўша машъум кундан қолган оғриқ мендаги оғриқ. Охири йўқ изтироблар, ёлғизлик, соғинч униэрта олиб кетди. Ҳар тунни ё ухлай олмас, ё бир озгина ухлар, ўша фожеани тушида кўрар, қўрқиб, додлаб, ўрнидан туриб кетарди. Тунлардан бир тун кеч - саҳаргача ухлай олмай тўлғониб чиқди. Жонида—менда кучли оғриқ янада кучайди. Кўзларидан ёшлар яна тўкилди, юрагининг тилкалари тўкиларди, қонли ёш бўлиб. Йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолди. Узоқ уйқусизлик, ҳолсизлик, оғриқдан кейинги уйқу эди бу уйқу. Бироқ кўзи илинар илинмас тағин ўша машъум кунни, машъум «шоҳсупа»ни кўрди. Отасини жажжигина қўлчалари билан қучоқлаб олган, отаси икки оёқ зўрға сиғадиган шоҳсупага оёқларини маҳкам тираб, қизини бағрига босиб турарди. Жаллодлар Туркмарднинг тавонидан бошлаб терисини шилмоқдалар.
    - Мени кечир, қизим. Сени қийнаб юбордим, эзилиб кетдинг. Сени хазон қилдим.
    - Йўқ, йўқ отажон. Сиз билан фахрланаман. Сиз буюк Туркмардсиз! Мен эса буюк Туркмарднинг қизиман! Шу бахт менга етади. Биз бахтлимиз, отажон!
    - Мени кечир, қизим! Мен ҳам ҳаммадек жим юрганимда, ҳақни ҳақ демаганимда сенинг бошингга бу кунлар тушмасди.
    - Йўқ, йўқ, Отажон! Ҳаммага ўхшаб ҳақни айтмай жим юрганинггизда Сизни кечирмасдим.. Ҳа отажон, пастдаги қўрқоқ, мунофиқ оломондай бўлсанггиз Сизни кечирмасдим! Ҳозир ҳам, рўзи маҳшарда ҳам, жаннатда ҳам Сиз билан фахрланаман!
    Ота бир қўли билан қизини бағрига янада қаттиқроқ босиб, бир қўли билан унинг бошини силади. Жаллодлар Туркмард терисини шилишарди. Пичоқлар ўткир эди, баъзан чуқур кетиб суякка қадаларди.
    - Ҳозир ҳаммаси тугайди, қизим, теримни жаллодлар қўлидан олиб қанот қиламан. Жаннатга учамиз. У ёқда ором оласан.
    Жаллодлар белгиланган жойгача Туркмарднинг терисини шилдилар. Жаллодлар қўлидан терисини тортиб олиб ўзига қанот қилган Туркмард поёнсиз осмон бўйлаб учиб кетди. Қизи Зарзамина унинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олган эди. Энди ота қизлар беҳад бахтиёр эдилар. Охири йўқ оғриқлардан қутулган шўрликлар энди ҳур эдилар. Улар жаннатга учиб кетдилар…
    Мен яна Тангри ҳузурига йўл олдим. Гарчи Зарзамина танидан айрилган бўлсам ҳам мендаги оғриқ кучайгандан кучайди. Тангри ҳузурида менга ўхшаган бир неча жонлар ҳозир эди. улар Заминдаги—ёруғ дунёдаги охирги яхшиларнинг, ҳақгўйларнинг жонлари эди. бизнинг барчамизни оғриқ қийнарди. Разолат босган, фақат ёмонлар қолган дунёга бизни яна одамларнинг жони қилмасмикан деган уй ҳам бизга азоб берарди. Оғриқнинг зўридан уфлаб юбордик. Ё Тангрим, бизни одамлар жони қилиб заминга юборма деб илтижо қилардик. Бизнинг оҳимиз, айниқса менинг оҳим вулқондай олов бўлиб чиқарди. Тангри ҳаммасини кўриб турарди. Узоқ сукутдан сўнг Тангри деди:
    — Зарзамина тортган азобдан кейин дунёни бундай қолдириб бўлмайди.
    Тангри Заминни қуёшга яқин олиб борди. Замин ёна бошлади. Узоқ ёнди, кулга айланди. Коинотга сочилиб кетди. Ёвузлик аждаҳоси ёниб кетди. Бу заминда рўй берган биринчи қиёмат эди. парвардигор заминга кул бўлиб сочилиб кетган Заминни кулларидан қайта қурди. Тангри барча яхшилар тортган азоб уқубатлар учун ёвузликдан қасос олди.

    (Давом этади).

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz