Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 05.42.42
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Апрель » 29 » Замонавий адабиётни ўрганамиз
    00.37.46
    Замонавий адабиётни ўрганамиз
    Жаҳонгир МУҲАММАД

    ИАК
    Ҳужжатли РОМАН
    Таниқли сиёсат арбоби ва адиб Жаҳонгир МУҲАММАД  ХХ аср охири ва XXI аср бошида ўзбек тарихий романчилигининг янги мактабига асос солди.

    Илмий ишлар билан машғул олим ғоят банд бўлишига қарамай  аниқ далил ва исботлар асосидаги тарихий ҳужжатли романни ҳам моҳирона янги адабий   услубда  тақдим этиши унинг фавқулодда иқтидор соҳиби эканлигидан далолатдир.

    Тарихий ҳужжатли романда адиб   энг асосийси ҳукумат тепасидаги биринчи рақамли диктаторнинг кирдикорларини шундай моҳирлик билан очиб берадики, айрим хронологик китобларни хушламайдиган ўқувчилар ҳам унинг асарини иштиёқ билан мутоала қила бошлашлари аниқ.

    Албатта қисқагина кириш сўзи билан бутун бошли тарихий романга етарлича баҳо бериш қийин.Шу боис ҳам уни бобма боб саҳифаларимизда эълон қилиб бормоқчимиз.

    Марҳамат, ХХI асрнинг яна бир дурдона асаридан баҳраманд бўлиб, замонавий адабиётни ўрганинг.

    Ризо Обид,
    "Замондош"  муҳаррири.


    *                     *                    *

    3. ҲАЙРАТ

    Халқнинг бир қисмини алдаш мумкин, яна бир қисмини доим алдаш мумкин, халқнинг ҳаммасини вақтинча алдаш мумкин, лекин бутун ҳалқни ҳамма вақт алдаш мумкин эмас, деганди Америка президентларидан бири. Чунки ғарбда мамлакатни идора қилишга даъвогар шахсларнинг «етти кўрпасини» ағдариб кўрадилар. Шахснинг ҳалоллиги, ростгўйлиги, диёнатли, иймонли, инсофли, ақл-идрокли ва саломат бўлишига аҳамият берилади. Америкада сайловлар даврида номзод ёшлигида қимор ўйнагани, қандайдир ҳужжатли филмни хавфсизлик идорасига сотгани, наркотик қўллангани, гўзал бир хонимга кўнгил қўйгани каби ҳолатлар ҳам сув бетига қалқиб чиққан. Чунки Америка халқи фермага мудир эмас, мамлакатга раҳбар, агар мамлакат вужуд бўлса, вужудга бош, агар мамлакат бош бўлса, бошга ақл исташади.

    Собиқ Совет иттифоқи даврида эса шахснинг ўзи эмас, ҳужжатлари «тоза» бўлса бас эди. Ҳар қандай ифлосликка булғанган ҳужжатни ҳам пул бир пастда тозаларди. У пайтда шахснинг партияга садоқати, халққа қўрқмай ёлғон сўзлай олиш қобилиятига эътибор бериларди.Хўш, бугун нега Ўзбекистонда мустақил мамлакатда яшаб, ҳамон Ленин чизиб берган йўлдан бир қадам ҳам нарига ёки берига одим отилмаяпти? Чунки ҳокимият макрнинг мулкига айланди, макрнинг домига тушди.

    Макр маҳоратдир, деган гап бор. Макрнинг миллион қармоғи бўлади. Биридан қочсанг иккинчисига тутуласан. Макрдан узоқ бўлишнинг йўли иккитадир. Бири уни билиш, иккинчиси уни йўқотиш. Биринчисига эга бўлмай иккинчисига эришиб бўлмайди. Табиатнинг оддий қонуни бу. Шу ниқтаи назардан келиб чиқиб, аввало кутилмаганда ҳокимият теппасига кўтарилган ва тарихнинг бурилиш нуқтасида Ўзбекистонда миллат ҳамда мамлакат тақдирига қора тамға урган шахснинг, яъни макр манбаини ўрганиб кўриш керак.

    Ҳокимиятни макр билан қўлга олган ва макр билан бошқарган Ислом Каримовни ҳам яқиндан ҳам узоқдандан яхши танийман. Тарихнинг бурилиш нуқталарида у билан кўп марта тўқнаш келдик. Унинг шахси, нимага қодир бўлиб, нимага қодир эмаслиги, қандай қилиб ҳокимиятни бу қадар маҳкам ушлаб олиши, нима сабабдан зулм ва қатағон йўлини танлаши, миллонлаб одамларни бахтсизликка бошлаши сабаблари унинг қиёфасида, маънавиятида “мана-ман” деб тургандай.

    Кўпчилик унга ишондими ёки ундан қўрқдими? Ўзбекистонни сақлаб қолиш учун унинг қаттиққўллиги, яккаҳокимлиги керак эдими ёки бу қаттиққўллик, яккаҳокимлик Ўзбекистон келажагини таҳлика остида қолдирдими? Нима сабабдан бугунга қадар халқ унинг кимлигини танимайди ва мамлакатни қандай бошқариши ҳақида аниқ маълумотга эга эмас? Бу унинг маҳоратими ёки жамиятнинг ожизлигими? Хуллас, бу каби сарҳадсиз саволларга боис бўлган Ислом Каримов ким?

    Мен илк дафъа Ислом Каримовга дуч келганимда орзуларим туғён урди. “Юракдаги бундай ловуллаган олов, куч-ғайрат, фидойилик билан партия идораларида қандай ишлаяпти экан, бу зот?”- деган савол ўртади мени. Тасаввур қилинг, собиқ шўролар мамлакатида тўқнашувлар туфайли қуёш чизиғидан чиққан бир пайт. Ҳам фикр, ҳам мушт тўқнашувлари. Озодлик ва қуллик курашмоқда эди. Собиқ комфирқа нима бўлса-да ўзини сақлаб қолиш талвасасида. Бунинг эвазига кўп нарсадан қочмоққа ва кўп нарсани емирмоққа тайёр. Шундай кезда шўролар мамлакати таянган ва ишонган «штаб»лардан бири Ўзбекистон комфирқасининг биринчи котиби Ислом Каримов Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида сайловчилар билан (Ўзбекистон ССР Олий Советига 12 чақириқ сайловлари бошланган пайтда) учрашмоқда. Энди-энди ўзбек тилини ўргана бошлаган «биринчи»нинг сўзларни қўпол тарзда бузиб айтиши, кулгига боис бўладиган иборалар ишлатиши, олди-қочди гаплардан қутула олмаслиги ҳеч кимнинг ғашига тегмас эди. Чунки у курмаклар аро пишиқ гуручлар сочаётганди.

    «Қачонгача еримиз, Ватанимиз, бойликларимизга нарёгдан келганлар хўжайинлик қиладилар?». Қарсаклар.

    «Қачонгача ўзбек тили хор булади? Ўз тарихимиз, динимиз, тилимиз, қадриятларимиз қачонгача карам (қарам демоқчи- Ж.М.) бўлади? Биз озод, мустақил бўлишимиз учун керак бўлса жонимни бераман». Гулдурос қарсаклар.

    «Биз фақат пахта, тиллолар эвазига дунёда энг бой яшашимиз мумкинлигини мана шу манбардан (минбардан, демоқчи - Ж.М.) ишо&нч билан айтаман». Қарсаклар.

    “Бу заминдаги ҳамма нарсалар дунё бозорида энг баланд баҳога сотилади. Олтин дейсизми, пилла дейсизми, қаракўл, пахта дейсизми, ҳаммаси жаҳон бозорининг энг чаққон маҳсулотлари, булар ўзимизга қолса, биз дунёнинг бой давлатларидан бири бўламиз. Манa мен иқтисодчи сифатида бунга гарантия бераман: Ўзбекистоннинг бойликлари ўз халқини боқишга, боққанда ҳам тўлиқ боқишга этиб ортади, мана кўрасизлар!” (Қарсаклар)

    «Мен нарёгдан, келинг очиқ айтай, Московдан қўрқадиган ерим йўқ. Сизлар ҳимоя қилсаларинг, бас! Нима дейсизлар?» Гулдурос қарсаклар.

    «Фарғона, Бўка, Паркент воқеаларини ким уюштирганини биламан. Очиб ташлаймиз ҳали. Олдингизда тиз чўкиб айтаманки, ҳаммаси жазосини олади». Қарсаклар.

    «Сайловлар озод бўлади. Кўппартиявийликка йўл очамиз. Коммунистик партия майдондан чиқади. Московда ухлаб ётган депутатларимизни ишга соламиз, улар ҳақимизни ўндириш учун ишламасалар ким ишлайди?». Қарсаклар.

    “Дин эркин бўлади, истаганимизча мачит қурамиз, бизга ресторанлар, қасрлар керак эмас, бизга ибодат қиладиган жой керак”. Қарсаклар.

    “Намоз оқигани учун партиядан ўчирган замонлар ўтди, энди керак бўлса бу юртда намоз қилмайдиган бўлмайди”деган гапни Конституцияга киритиб қўямиз. Диндан бехабар бўлганлар ўргансин, кейин кеч бўлади. Оллоҳга хизмат қилишни ўрганмаган одам менинг дўстим эмас!. Қарсаклар.

    «Пахта иши» билан қамалганларни, иншоллоҳ озод қиламиз. Халқимизнинг номини осмонга кўтарамиз». Карсаклар.

    «Ерни деҳқонга берамиз, Горбачёв қўлини пештахта (пеш демоқчи-Ж.М.) қилмасин кўп. Сиз қўлласангиз, биз ҳам қўлимизни пештахта қиламиз». Гулдурос қарсаклар.

    Қарсак урганлар ва Каримовни қўллаб гапирганлар сафида камина ҳам бор эди. У жуда кўп одамлар ўйлаб юрган гапларни тилга келтирган эди. Унинг айтган кўп гаплари менинг ҳам орзуларим эди.Унинг нутқини ким ёзиб берган бўлса ҳам халқнинг кўнглидагини сатрларга тўкканди ва Каримов уни вақтида тилга келтирганди.

    Ўшанда “Биринчи», яъни бир республиканинг бошида турган шахс бемалол ёлғон гапириши, халқни алдаши, бугун айтиб эртага сўзидан қайтиши мумкин, деган фикрдан йироқ эдим. Таассуфки, ана шу мен йироқ бўлган фикрлар ҳақиқатнинг ўзгинаси экан. Ҳа, ҳақиқат олис-олисларда, этганлар бор, этмаганлар бор!


    (Давом этади)
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz