Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 00.51.36
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Май » 1 » Ҳикоят
    01.35.52
    Ҳикоят
    Неъмат АМИНОВ

    ИЛЛАТЛАР ОНАСИ
    Бир пайт одамлар касофатга учраб, бошларига мушкул иш тушса, Қўҳи Қоф этагидаги ғорда яшовчи донишмандга мурожаат қилар эканлар. Донишманд ҳар бир шикоятчининг арзини алоҳида диққат билан эшитиб, унга яхши бир истак билдирар, ҳаққига дуо қилар экан. Ана шунда унинг дуоси ижобат бўлиб, ўша одам барча бало-қазолардан халос бўларкан.

    Кунлардан бир кун донишманднинг ҳузурига Эрматвой деган ўғри, каззоб ва қиморбоз келиб, арз қилибди:

    — Дуо қилинг, тақсир, тавфиққа келиб, барча ёмон одатлардан фориғ бўлай.

    —Сўзла, қандай ёмон одатларинг бор? — деб сўрабди донишманд ўсиқ қошларини қўли билан юқори кўтариб.

    — Аввало мен ўғриман, тақсир. Кўзимга нима учраса ўшани ўғирлагим келаверади. Қароқчиликка суягим йўқ. Истасам, олаҳакканинг остидан тухумини, келинчакнинг кўзидан сурмани, ҳатто носкашнинг тили остидаги ҳали суюлиб улгурмаган носни ўғирлашим мумкин. Ёшим ўтиб қолаяпти, энди ўғирлик қилмасам деган эдим.

    — Хўш, яна қандай ёмон одатларинг бор? — деб сўрабди донишманд.

    —Ашаддий қиморбозман. Отамдан қолган барча мол-мулкларни, ҳовли- жойни, ҳатто хотинимни ҳам уч марта ютқазиб, қайта ютиб олдим. Қимордан ютқазсам ўғрилик қиламан, мабодо ютсам, яна бошқа бир ёмон одатим бор.

    — Қанақа ёмон одат экан, у?

    — Қўлимга пул тушди дегунча, бегона аёлларга илакишиб кетаман.

    Донишманд чуқур ўйга толибди. Эрматвой унга қараб қанча ялиниб- ёлвормасин, у миқ этмасмиш. Охири, Эрматвойнинг тоқати тоқ бўлиб:

    — Тақсир, бир дуо қилинг, шу одатлардан халос бўлай. Истасангиз, кеча қимордан ютган минг танганинг ҳаммасини сизга бераман.

    — Менга ҳеч ниманг керак эмас, — дебди донишманд. — Майли сени дуо қиламан. Қани. қўлингни кўтар. Илоё, ёлғончилик одатинг барҳам топсин. Бундан кейин ёлғон сўзламагайсан. Бўлди, бор энди.

    Эрматвой ҳайрон бўлибди.

    — Ия, тақсир, ахир мен сизга ўғрилик, қиморбозлик ва хотинбозликдан халос бўлиш ҳақида дуо қилинг деб келганман, сиз бўлсангиз ёлғончиликдан халос бўлгайсан, деб ўтирибсиз.

    Донишманд уни юпатган бўлибди:

    — Бор, гапни кўпайтирма, ҳозирча ёлғончилик ҳақидаги дуонинг таъсирини кўр, кейин келсанг, ўғрилик, қиморбозлик ва хотинбозликдан қутулишинг учун дуо қиламан.

    Эрматвой донишманд ҳузуридан ҳайрон бўлиб чиқиб кетибди. У яёв кетаётса, йўл устида тут дарахтига бойланган бир қорабайир отга кўзи тушибди. От эгарланган бўлиб, пишқириб ер тепиниб турганмиш. Эрматвойнинг эски касали қўзиб, отни ўғирламоқчи бўлибди. Атрофга қараса ҳеч ким йўқ эмиш. Шунда у отни ечиб олиб, сакраб минибди-да саҳро оралаб қўшни туманга қараб ҳайдабди. От шу атрофнинг қозисига тегишли экан. Эрматвой йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Ҳазора деган қишлоққа етиб келиб, ўша ернинг арбобига отни беш юз тангага пуллабди-да, қўшни қишлоқдан бир эшакни ўғирлаб, изига қайтибди. Анча юргандан кейин олдидан қозининг ¬му¬лозимлари чиқибди. Ундан ¬йў¬қолган отни кўрмадингми, деб сўрашибди. Донишманддан дуо олган Эрматвой ҳарчанд ¬уринса-да, ёлғон сўзлай олмабди.

    — Қанақа от эди, қорабайирми? — деб сўрабди.

    — Ҳа, қорабайир, пешонасида қашқаси бор.

    — Отни мен олиб қочиб, анови Ҳазора қишлоқлик арбобга беш юз тангага пуллаб келяпман.

    Эрматнинг бу иқрорига қозининг одамлари сира ишонмабди.

    — Калака қилма, аблаҳ! — дея миршаб унинг бошига қамчи туширибди. Эрмат шўрликнинг боши ёрилиб, башараси қоп-қора қонга беланибди.

    — Худо, ҳаққи, ёлғон айтмаяпман. Ахир, мен ёлғон гапира олмайдиган бўлиб қолганман...

    Қозининг одамлари уни қамчилай-қамчилай, олдиларига солиб Ҳазора қишлоғига йўл олишибди.

    Дарҳақиқат, Эрматвой ёлғон гапирмаган экан, арбобнинг совоти остида қорабайир ер тепиниб турганмиш. Улар от топилганидан хурсанд бўлиб, ортиқча гап-сўз қилмасдан, қорабайирни олиб жўнаб кетишибди. Лекин, Ҳазора қишлоғининг арбоби ўз йигитларига товламачини калтаклашга буюрибди. Бегона қишлоқнинг бўз йигитлари Эрматни роса калтаклаб, чўнтагидаги бор пулини қоқиб, қиртишлаб олибдилар. Шу орада ўғринча миниб кетилган эшакнинг эгаси хабар топиб, у ҳам ҳалиги йигитларга қўшилиб, ўғрини чунонам тепкилабдики, асти сўраманг.

    — Илтимос, мусулмонлар, шафқат қилинглар, — деб ялинибди, Эрматвой. — Бундан ке¬йин ўғрилик қилсам, Чоркитоб урсин!

    Шунда қишлоқ арбобининг унга раҳми келибди.

    — Ўз ўғрилигига иқрор бўлган кимса кўпам гуноҳкор саналмайди, майли, бир аҳмоқлик қилибди, энди, қилмас, ўзининг пулидан бир миқдор йўл кира бериб, қўйиб юборинглар, — дебди.

    Арбобнинг айтганини қилиб, уни тавбасига таянтириб, қўйиб юборибдилар.

    Эрматвой қилмишига минг-минг пушаймон еб, судралиб йўлга тушибди. Алқисса, кечга яқин бир чойхонага етиб келибди. Қараса, гулхан атрофида бир гуруҳ қиморбозлар гардкам ташлаб турган эканлар. У ҳам чўнтагидаги пулни чамалаб кўриб, даврага қўшилибди. Узоқ ўйнабдилар. Эрматвой ҳар ошиқ ташлаганда жаранг-жаранг тангаларни ютиб ола бошлабди.

    Шунда аламига чидай олмаган қиморбозларнинг каттаси, тўғрисини айт, фирибгар нега сенинг қўлинг ҳар гал баланд келяпти, деб уни бир тарсаки туширибди. Донишманднинг дуоси билан ёлғон сўзлай олмайдиган бўлиб қолган Эрматвой ўз ўйинидаги ҳийлани ипидан-игнасигача айтиб берибди. Охирги ўйинда Эрматвойнинг барча сирларидан воқиф бўлган қиморбозлар ютиб чиқишибди.

    Шундай қилиб Эрматвойнинг омади кетиб, ҳамма пулини бой берибди. Унинг мардлиги ва тўғри сўзлигига қойил қолган қиморбозларнинг ҳар бири беш юз тангадан санаб бериб, у билан хайрлашибдилар.

    Қайтиб қимор ўйнамасликка қасам ичган Эрматвой ҳалиги тарсакидан шишиб кетган лунжини ушлаганча инқиллаб, йўлга тушибди. Бир ҳафта деганда шомга яқин ўз қишлоғига етиб келибди. Қишлоқ чеккасидаги чорбозорчининг дарвозаси олдидан ўтаётса ўзининг эски маъшуқаси — Дўрсахон кўз сузиб турган экан. Яна унинг ҳислари жунбушга келибди.

    — Уйингда ким бор? — деб сўрабди Эрматвой.

    — Эримнинг арвоҳи, — дея ҳиринглабди жувон. — Кира қолинг.

    — Эрингнинг ўзи қаерда?

    — Ўзи пайшанба бозорда, ҳали-вери келмайди. Пайшанба бозордан жума бозорга, ундан якшанба бозорга ўтади... Ғам еманг, лунжингизга ўзим шўр пахта босаман... Кира қолинг...

    Эрматвой қиморбоз дўстлари раҳм қилиб берган тангаларни салмоқлаб кўриб, секин ўзини дарвозадан ичкарига олибди. Уйга кириб роса маишат қилишибди... Эрта тонг билан сурнайдай бўлиб чиқиб кетаётса, рўпарасидан чорбозорчи чиқиб қолибди.

    — Ҳа, баҳай қаердан келяпсиз, Эрматвой ? — деб сўрабди у.

    Донишманддан дуо олиб, ёлғон гапира олмайдиган бўлиб қолган Эрматвой тўғрисини айта қолибди.

    — Сизнинг ҳовлингиздан келаяпман...

    Чорбозорчининг капалаги учиб кетибди:

    — Менинг ҳовлимда нима гап бор экан, тинчликми?

    — Тинчлик, — дебди Эрматвой, сўнг тўғрисига кўчибди. — Хотинингиз билан ҳалигидай... маишат...

    — Вой, аблаҳ-эй, ёлғон айтасан, қачондан бери?

    — Анча бўлди, — дебди Эрматвой чайналиб. — Бу гал кеча оқшом кирган эдим... Лекин-чи, жуда эҳтиросли хотинингиз бор-да... Баракалла, сизнинг жонингизга...

    Чорбозорчининг жаҳли чиқиб қўлидаги халачўп билан Эрматвойнинг бошига тарсиллатиб солибди. У "вой-вой"лаб бошини ушлаган экан, билагига урибди. Эрматвойнинг қўли билакдан "тарс" этиб синибди. Шўрлик Эрматвой думи қирқилган итдек вой-войлаб, синган қўлини кўксига босиб, қочиб қолибди. Шу ҳолда у ҳаллослаб, уст-боши қора қонга бўялиб, аранг ҳовлисига кириб келибди. Уйдан хотини югуриб чиқибди.

    — Вой, Эрматжон ака, сизга нима бўлди? — дебди айланиб-ўргилиб. — Во...ой, қўлингиз шалвираб қолибди-ку! Қани, киринг-чи баққа, нима бўлди, ўзи?

    Шунда ёлғон гапирмаслик учун донишманддан дуо олган Эрматвой бутун саргузаштини бошидан ¬охиригача айтиб берибди. Хотини эрининг иқрорига ҳадеганда ишонавермабди.

    — Чоркитоб урсин, гапларим рост, — дебди Эрматвой қасам ичиб. — Қозининг отини ўғирлаб сотганим, деҳ¬қоннинг эшагини ўғирлаганим, ўлгудек калтак еганим, қи¬морбозларнинг туширган тарсаги-ю чорбозорчининг хотини билан маишат қилиб, эри қўлимни уриб синдиргани ҳам рост...

    — Вой, бу кунингиздан ўлганингиз яхши эмасми, — дебди хотини. — Сизда шарм-ҳаё қолмабди-ку, қайси бет билан бу гапларни тан олиб айтяпсиз?

    — Кечирасан, хотин, — дея инграбди Эрматвой. — Мен Қўҳи Қоф этагидаги ғорда яшовчи донишманддан ёлғон гапирмаслик учун дуо олганман, очиғи ёлғон гапира олмайдиган бўлиб қолдим. Шунинг учун энди ўғрилик ҳам, қиморбозлик ҳам, хотинбозлик ҳам қила олмасам керак...

    Шундай қилиб, Эрматвой ўғрилик, қиморбозлик ва хотинбозлик одатларидан қутулиш учун донишманднинг ҳузурига бориб ҳам ўтирмабди. Чунки у барча ёмон иллат ва одатларнинг онаси ЁЛҒОНЧИЛИК эканига тушуниб етибди.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz