Ризобек Суббота, 2024-05-18, 22.31.03
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Май » 2 » Ҳажвия
    00.52.25
    Ҳажвия
    ТАРБИЯ КЎРГАН ОДАМ

    Мен "одамнинг барча хислатлари туғилишидан олдин, асли зотида бўлади", деган гапга ишонмайман. Бу ёлғон. Бари одамда туғилгандан кейин пайдо бўлади. Масалан, мен туғилишимдан олдинни-ку қўяверинг, тилим чиқмасидан бурун бирор кишини сўка олармидим? Йўқ. Ёки бу сўконғич бола бўлади, деб пешонамга ёзиб қўйилганмиди? Қаёқда дейсиз, сўкишни менга жондан азиз дадажоним ўргатди. Дастлаб тоғамни сўктирди. Кейин қўшнининг болаларини сўкишни ўзим мустақил равишда ўргандим. Нима, улар тоғамдан ортиқмиди? Сўнг, сал эсимни таниганимдан кейин сўкишни билиш менга ниҳоятда зарур эканлигини англадим. Биров кўнглимга ёқмайдими, боплаб бўралатиб сўкаман, шундай сўкаманки, эшитувчи мендай боланинг оғзидан шундай ярамас гаплар чиқаётганидан ҳайратга тушади. Бошини чайқай-чайқай йўлида давом этади. Бундан мен лаззат олиб, бўйим бир қарич ўсгандай бўламан.

    "Керак жойда ёқалашсанг ҳам, кишига ҳақингни берма!", деган насиҳатни эса кичик амакимдан эшитганман. Шу-шу ҳеч кимдан қарздор бўлганим йўқ. Одамлар гапга зўр берса, мен муштга зўр берадиган бўлдим. Баъзиларга кучим етмаса-да кўйлагининг бирор парчаси қўлимда қолади. Дадам эса бундан руҳланиб, "ота ўғил" деб мақтайди. Онам эса айиқнинг сурати бор шоколаддан қўлимга тутқазади. Акам бели синмаганлардан биттасини чўнтагимга солиб қўяди. Бунга мен авваллари музқаймоқ олиб ердим, кейин сигарета олиб чекадиган бўлдим. Демак, шундан менинг ёшимга ёш қўшилганини билишингиз мумкин.

    Телефонда сўзлашишни кейинроқ ўргандим.

    — Отанг борми? — деб сўрайди телефон қилган одам.

    — Ўзидан сўраб кўрайин, борми ёки йўқ экан? — деб жавоб бераман мен.

    Дадамдан еган икки шапалоқдан кейин бундай хатога йўл қўймайдиган бўлдим.

    Ким дадамни сўраса, ўйлаб ўтирмай "йўқ", дейман. "Билмайман", дейман. Унда "гапимни ёзиб ол", дейди. Мен нима деса ҳаммасини қўлимга ёзиб оламан-да, бирпасдан кейин уни совунлаб ювиб ташлайман.

    Ўқишда менга ҳеч қачон "икки" қўйилган эмас. Бу тўғрида уйдагилар ҳаммасини гаплашиб қўйишганди. Жисмоний тарбия ва меҳнат дарсларига қатнашмасдим. Бўйни оғрийди деган справкам бор эди. Лекин мактабни битиришда район учун ажратилган олтин медалнинг биттаси менга тегди. Бу бизга арзонга тушдими, қимматгами, билмадим. Тўғрисини айтганда, бунга қизиққаним йўқ... Фақат мактаб директори билан биллур қадаҳимизни чўқинтириб икки марта ¬коньяк ичганмиз, холос.

    Институтга киришимда эса, имтиҳонларга кириб-чиқиб юрган биров ўрнимга кириб, "беш" олиб берган. Кейин ўқишни зўр қилиб ўқидим, йўғе, ўша билан икковимиз бирга ўқидик.

    Мана, ҳозир катта бир рестораннинг директориман. Ведомостларга қўл остимдагилар қизил қалам билан белгилаб берган жойгагина имзо чекаман. Газета-журналларни ўқишни ёқтирмайман. Ўқисам, уйқу босаверади. Лекин уйдаги шкафларда муқоваси қалин, номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилган чиройли китоблардан қирқ-элликтаси бор. Қани, ким мени саводсиз деб айблай оларди? Айблай олмайди. Сабаби, биринчидан, саводсиз одам ресторанга директор бўла олмайди, мен директорман, иккинчидан, саводсиз одам машина ҳайдай олмайди, менинг эса учта машинам, иккита ҳайдовчилик гувоҳномам бор.

    Оилам зўр. Ҳамма нарса етарли. Албатта, мен бу эришган ютуқларим учун дадажонимдан миннатдорман. Эндиликда у киши пенсияда, ҳар икки-уч йилда бир марта хабар олиб турибман.

    Болалар эса бир этак. Улар ҳам менинг тарбиямни олиб катта бўлишмоқда. Баъзилари шогирд устоздан ўзибди, дегандай, қувликда мендан ҳам ошиб тушади. Масалан, телефонда мени сўрайдиганларга "Дадам йўқ, гапингиз бўлса ёзиб олай", деб айтишади. Сўнг қўлига қалам олмай "ёзиб олишади". Шунда мен телефондаги гапларни қўлимга ёзиб юрганлигимдан афсусланиб кетаман. Уни дадам тарбиясининг чалалигига йўяман. "Ақл ёшдан" дегани шу-да!. Кичкинтойларимиз эса йўлдан ўтган одамга тегса тегиб, тегмаса, кесак отиб қо¬лади. Уларнинг қилиқларини кўриб, ёшлигим эсга тушиб, "баракалла, ўғилларим!" дейман. Уларнинг бундан яйраганини кўрсангиз. Болалар қўшниларникига чиқдими, тамом, ўйинчоқларини, ҳар хил буюмларини ё ўғирлаб, ё босиб олиб келади. Чаққонда, боласи тушмагурлар. Лекин бир нарсадан қўрқаман, шу болалар "кўп китоб ўқиб, мияси суйилиб кетмасин", дейман. Шунинг учун бирортасининг қўлига китоб бермайман.

    Ана "туғилишдан олдин зотида бўлади", деган гапнинг ёлғонлигига энди ишондингизми? Тарбиянинг ҳаммаси туғилгандан кейин берилгач, ишонасиз-да, ишонмай қаёққа борардингиз. Мана, ҳали кўрасиз, менинг шу тойчоқларим ё қаҳвахонанинг, ё магазиннинг директори бўлишади. Сал бундайроғи базанинг экспедитори бўлмаса, отамнинг ўғли эмасман. Нима, бу гаплар уларнинг пешонасига онасининг қорнида пайти ёзилган дейсизми? Йўқ! Ҳамма гап менга отамдан мерос қолган тарбия-да!

    Мурод БЕК
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz