Ризобек Суббота, 2024-05-18, 23.03.25
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Май » 19 » Ҳажвий қиссадан парча
    00.42.22
    Ҳажвий қиссадан парча
    Тошбой ГАИ ҳангомалари

    Падари бузрукворимнинг панд-насиҳатлари, йўл-йўриқларини олиб, энг муҳими, ўртага қўйган таниш-билишларининг ёрдамлари билан ГАИга ишга кирган пайтларим эди. Бир ҳайдовчидан 10 сўм олиб қарийб қўлга тушгандим. Одамни сезги хавф-хатардан огоҳ этар экан. Шаънимга бир умрлик қора доғ чапланишидан худо асради. 10 сўмликни оғзимга солиб ютиб юборишга улгурдим. Кейинчалик билсам, яхшиямки, ўзимизнинг шахсий таркиб бўйича инспекциядагилар гапни катта қозонда қайнатмасдан, прокуратурадагиларни аралаштирмасдан мени пул олган пайтимда ушлаб, қўлимдан рапортимни олиб, ими-жимида органдан "кавушимни" тўғрилашмоқчи экан. Рисоладагидай иш кўрилиб, пулга кимёвий ишлов берилган тақдирда найрангим фош бўлиши, қамалиб кетишим мумкинлигини отам тушунтириб бердилар. Ўшанда бошқарманинг шахсий таркиб бўйича инспекциясидагилар:

    — Ҳозир манови ҳайдовчидан 10 сўм олдингиз. Ўзингиз чиқариб беринг, ¬— дейишди.

    Мен ҳеч нарсани тушунмаётгандек, елка қисиб ҳайрон қолгандай туравердим. Шофёр:

    — Пул бердим, ҳозиргина олиб киссасига тиқди,— деб такрорлашини қўймайди.¬

    Чўнтакларим, планшетим, туфлимнинг ичи, пайпоқларимгача авра-астарини ағдариб текшириб чиқишди. Пайпаслаб кўрмаган жойлари қолмади.

    Шундан кейин билдимки, изимдан тушишган. Ҳушёрликни янада оширдим. Ушлаган билан "тишим" ўтмайдиган, аксинча, бошлиқлардан ўзим дашном эшитадиган ҳайдовчилар қоида бузган тақдирда атайдан бошқа тарафга бурилиб, кўрмаганга оламан. Нотаниш қоидабузар ёки ҳужжатларида бирор камчилиги борларини ушласам, правасини олиб, баён¬нома тузишга тутинаман. Дўқ-пўписа қиладиганлар, "казо-казоларни" от тутадиганлар, талабимга индамасдан итоат этадиганлар, баённома тузганимдан сўнг болохонадор ҳақоратлаб кетадиганлар ҳам учрайди. Гапга тушунадиганлари "бир гал кечиришимни, ёрдам қилишимни" сўрайди. "Правани фалон сўм жарима тўлаб, ГАИ¬дан оласиз", дейман. Шу тариқа каминага қанча чўзсалар ён беришим мумкинлигига ишора қиламан. "Қўйинг энди, қоғоз-қалам қилиб ўтирманг. Икки-уч кун овора бўлганимча, яхшиси, келишайлик, жаримани ўзингизга бераман", деб, илтимослаб чўнтагини кавлашга тушади. Мен "Нима, мени жиноятга бошламоқчимисиз?", дея жаҳли чиққанга ўхшаб ёлғондан пўписа қиламан. У қўлларимга маҳкам ёпишиб олади. Баттар ялиниб-ёлворади. Ниҳоят, қиёфамга иккиланаётганимдай, раҳмим келгандай тус бераман. Ҳайдовчи енгил тортади. Мен йўл четидаги тошни кўрсатиб, "пулни ўша ерга қўйиб кел", деган маънода ишора қиламан. Овоз чиқариб айтсам диктафон-пиктафонга ёзиб олиб, ўзимни чув тушириши мумкин-да. Кайф аралаш оғиз қизиб, ичимга сиғдиролмай ўзимга яқин олиб, бу усулни ҳамкасблардан бирига айтиб қўйибман. Кўп ўтмай бу гап ўртоқ бошлиқнинг қулоғига етибди.

    Эрталабки развод пайти ўртоқ бошлиқ қаршимга келиб, бошдан-оёқ разм солиб тургач:

    — Нега куласан? — деди вужудимни кўзлари билан тешиб юборгудай тикилиб.

    Ўртоқ бошлиқ қаршисида турганда кулиш тугул, тишнинг оқини кўрсатиб бўлармиди! Ўйлашимча, унинг феъли айниган, эрталаб ўрнидан чап биқини билан турган ёки хотин-потини билан манжашган шекилли, аламини кимдан олишини билмасди.

    — Ким, менми?— дедим ҳайрон қолиб ва елка қисиб ёнимдагиларга қараб олгач эътироз билдирдим. — Кулганим йўқ, ўртоқ бошлиқ.

    — Ие, ҳали гап қайтаришни ҳам биласанми, аҳмоқ! Сафдан чиқ, — деди ўртоқ бошлиқ нақ еб қўйгудай важоҳат билан ва қўлини чўзди. — Қани, гувоҳномангни бер. Нишонни еч. Тошнинг остидагиларни еб, семирибсан. Кўзингни ёғ босибди. Бор энди, тошинг¬ни тер! Тилинг чиқиб қолибди, — кейин командирга юзланиб буюрди. — Буни постга қўйма.

    "Аҳмоқ бўлмасанг ўртоқ бошлиққа ҳам эътироз билдирасанми, Тошбой. Падари бузрукворингнинг "Тилни тийган бой бўлади", деган пандлари ёдингдан чиқдими", дейман ўзимга-ўзим. Ана натижа...

    Кўролмайдиганлардан бирортаси ўртоқ бошлиққа ёмонлаган шекилли. Қайси куни холаваччаси ўтирган даврада билмасдан ғийбатини қилганимиз қулоғига етганмикин? Ёки жиянини рулда маст, ўғлини светофорнинг қизил чироғидан ўтганида ушлаганимга жаҳли чиққанмикин? Йўғ-е! Ўртоқ бошлиқни от тутгач, узр сўраб, янам ўртоқ бошлиққа айтиб ўтирмаслигини тайинлаб қўйиб юборгандим-ку. Бир ой ишлаганимдан сўнг отамнинг маслаҳатлари билан "Биринчи маошдан ният қилгандим", деб, ўртоқ бошлиқнинг уйига икки бош қозоқи қўй, дурустгина совға-салом ташлаб қайтгандим. Берган топшириқларини пайсалламай бажараётгандим. Ўтган ҳафта командирнинг гапи билан уйига бир машина беда жўнатган бўлсам. Эҳтимол, командир уни "ўзим келтирдим", дегандир..." Шу тариқа хаёлнинг минг бир кўчасига кириб, бошига оғир мусибат тушгандай бечораҳол, энди нима қилишимни билмай юрганимга раҳми келдими, жонимга командир ора кирди.

    Очиғи, ўртоқ бошлиқ командир орқали онда-сонда бирор хизмат-пизмат буюрар, жуда нари борса бирор ресторан-песторандаги ўтириши ёки бирор дўкон-пўкондан харидининг ҳисоб-китобини қилиб қўйишимни айттирарди. Лекин "қуруғидан", бунинг устига ўзимнинг қўлимдан олмаса керак, деб ўйлардим. Падари бузрукворим ҳам "Бошлиқларингнинг хизмат-пизматини қилсанг қил, лекин иложи борича пул бера кўрма. Бир марта мазахўрак бўлса, ўрганиб қолади. Кейин доим чўзиб туришинг керак", дердилар. Отамнинг гапига кириб янглишган эканман. Командир кўзимни очди. Унинг маслаҳати билан кечқурун тошнинг остига қўйиб кетилганлардан тўплаганларимнинг бир қисмини қоғозга ўраб ўртоқ бошлиқ ҳузурига кирдим. Муддаомни тушунгач, ўртоқ бошлиқ ўрнидан туриб рўпарамга келди, бир муддат бошдан оёқ синовчан разм солиб турди ва шунча ишлаб ҳали ҳеч кимдан сариқ чақа ҳам олмаганлигини айтиб дағдаға қилди. "Кабинетидан чиқариб ҳайдаса-чи", дея ҳадиксирардим. Жаҳли чиқса нохос қулоқ-чакка аралаш тарсаки тортиш ёки оч биқинга мушт тушириш одати борлигини эшитганим учун борди-ю қўл кўтариб қолса чап беришга ҳам шай турардим. У ортига бурилиб стол четида турган пульт¬ни қўлига олиб телевизор овозини баланд кўтарди ва қайтиб ёнимга келди. Сўнгра ҳаромдан ҳазар қилиш, ҳайдовчилардан бир нарса ундиришга уринмаслик, лекин ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб қанчаики, нимаики берса олиш мумкинлиги, бундай одам бировга ҳеч қачон айтмаслиги ва у она сутидай ҳалоллиги тўғрисида ваъз ўқиб, ГАИга кирганимдан бери отамдан эшитадиган панд-насиҳатларни эринмай қайта қулоғимга қуйди.

    — Ҳайдовчи ичида майли, болохонадор қилиб сўксин, ҳақоратласин. Лекин кўрганида "Ассалому алайкум, Тошбой ака," деб икки букилиб, ҳурмат-иззатингни жойига қўйсин, ҳайиқсин, — дея қўлимдагини жавондаги телевизор, китоблар турадиган токчага "қўй", дегандек ишора қилди ва ўзи қабулхонага чиқиб ҳаял ўтмай қайтиб кирди. У ҳар эҳтимолга қарши, ўйлашимча, хавотирланганидан, борди-ю қўлга тушириб берсам ва мендан пора олганликда айблангудай бўлса "Менинг хабарим йўқ, пулни ташқарига чиққанимда қўйган", деб каминани туҳматчига чиқариш, овози эшитилмаслик, шаънига гард юқтирмаслик, сувдан қуруқ чиқиш чорасини кўриб қўйган эди.

    — Хатоингни билдингми?— деди қайтиб киргач овозини бир парда кўтариб.

    Қайси "хато" ҳақида гап кетаётганини ақлим бовар қилмасада:

    — Ҳа, ўртоқ бошлиқ,— дедим қоматимни шахт тутиб.

    — Ҳуда-беҳуда кулма.

    — Тушундим.

    — Бор, командирингга айтаман, эрталабдан постга қўяди. Ҳозир ночной группага чиқ. Кечаси маст кўп тушади. Бировдан пул сўрама. Эҳтиёт бўл. Тилни тийган бой бўлади. Тушундингми?

    — Тушундим, ўртоқ бошлиқ!

    — Менга бирор нарса бердингми?

    — Йўқ! Нима деяпсиз, ўртоқ бошлиқ.

    — Тилингга эрк берсанг, ўзингга ёмон қиласан.

    — Ақлимни еганим йўқ, ўртоқ бошлиқ. Ишонганингиз учун раҳмат!

    Ўртоқ бошлиқ хизмат гувоҳномам ва нишонни қайтариб бергач, ўнг қўлимни чеккамга тираб "честь" бериш асносида:

    — Кетишга рухсат этинг, ўртоқ бошлиқ, —дедим. У рухсат бергандан сўнг "Есть", дея бироз орқага чекиниб, эшик томон бурилдим.

    Кутилмаганда, баъзан пешинга қараб ёки кун ниҳоясида командир келиб, теварак-атрофдаги тошларни кўтариб остини кўрадиган, "Ие, бу ерга ким пул қўйибди", деб кулиб, тушумнинг анчагина қисмини ўмариб кетадиган одат чиқарди. Командир бўлса, "Олма, қўй, меники", деёлмайман-ку. Ичимда бўралаб сўксамда, сиртимда жилмайиб тураман. Бирга кулишамиз. Ўртоқ бошлиқ ҳам, қатъий график қилиб олган шекилли, шунча югур-югур, ташвиш билан ҳам ёдидан кўтарилмайди, ҳузурига ҳар ой охирида киришни бир кунга кечиктирсам, тўнини тескари кияди. Эрталабки развод пайтида:

    — Cемириб қолибсан, Тошбой! Шаҳар марказидаги чорраҳага қўйсакмикин? — деб нохос қорнимга бир мушт туширади. Бу — ҳузурига киришим кераклигига шаъма эканлигини тушуниб тураман. Замон кўтарсаки, мен ҳам қулоқ-кўзи аралаш қулочкашлаб тарсаки тортсам. Бўғзидан тутиб деворга қисиб олсам ва биқинига тўрт-беш мушт тушириб, орқасига ўхшатиб тепсам. "Ўзинг-чи, мешқорин, тўйдимни биласанми? Бу жойга сен нуқул мол-дунё тўплаш, айшингни суриш, шахсий таркибга нимани хоҳласанг шуни буюриш, қўша-қўша иморатлар қуриш, иши тушиб келганлардан иложи борича бир нарса ундириш, автохўжалик раҳбарларига истаганча зуғум ўтказиш, ходимларга солиқ солиш учун эмас, халққа хизмат қилиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, билдирилган ишончни оқлаш учун қўйилгансан, муттаҳам! Бошқалардан олаётганинг ҳам етар", десам. Лекин ўртоқ бошлиққа бундай деб ёки қўл кўтариб бўлармиди?!

    Гуноҳкорона бош эгиб, кўзларига маъноли қарашим асносида тилим зўрға калимага келади:

    — Тушундим, ўртоқ бошлиқ!

    — Тушундингми? — ўртоқ бошлиқ оғир бош чайқайди.

    Онда-сонда командирнинг хизмат буюришини ҳисобга олмаганда оқшом ўртоқ бошлиқ ҳузурига кириб чиққач, бир ой қулоғим тинчийди.

    Бора-бора қоидабузарлик билан ушланган, ҳужжатида чалкашлиги бор айрим ҳайдовчиларнинг ўзлари ҳали оғиз очмасимдан, қоғоз-қаламни қўлимга олмасимдан бурун чўнтакларини кавлаб, тош остига пул қўйиб келишга одатланишди. Чамамда кунлик тушумнинг чўғи камайди. Тошнинг остига пул қўяётгандек бўлиб, аксинча, бошқаси қўйган пулни оладиган олғир ҳайдовчилар ҳам пайдо бўлди.

    Ахир дарров бориб қанча пул қўйиб қайтганини кўриб бўлмаса! Одамнинг оласи ичида, пора олаётганда қўлга туширтириб бериш учун ортидан кушандаларни эргаштириб келган бўлишиям мумкин-да. Бу усулни ўзгартирмасам, фойдам зараримга етмаслигини англаб роса бош қотирдим. Ўйлай-ўйлай ниҳоят унча-мунча донишманд одамнинг ҳам ақли бовар қилмайдиган чорасини топдим. Йўл ёқасидаги ошхона буфетчиси билан келишиб олдим. У қора чой дамлаб, коньяк шишасига солиб қўяди. Қўлга тушган ҳайдовчилар ялиниб-ёлворишгач:

    — Қўймадингиз-қўймадингиз-да! Юринг, майли, юз грамм "дори" олиб беринг. Чарчоқ чиқади, — дейман.

    Буфетга кирамиз. Буфетчи стаканни тўлдириб "коньяк" қуяди. Мен ҳайдовчининг соғлиги, йўли ҳамиша бехатар бўлиши, бундан кейин қоидани бузмаслигини ният қилиб, "куф"лаб чойни симираман. Буфетчи газагига қимматбаҳо шоколад тутади. Ҳайдовчи пулини тўлайди. Оқшом, қайтаётганда буфетчи билан ҳисоб-китоб қиламиз. Кўролмайдиганлар ўртоқ бошлиққа "Тошбой пост¬да турганда нуқул коньяк ичади", деб етказишибди. Изимдан тушиб, икки-уч бор қўлга туширмоқчи бўлиб текшириб кўришди. "Билишимча, бугун камида икки-уч литр коньяк ичган бўлиши керак"¬, деб уриб-енгишади. Текширишгач, ҳушёр чиқаман. Ҳамма ҳайрон.

    Ж.Исмоилов,

    (Давоми бор).


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz