Ризобек Суббота, 2024-05-18, 23.44.43
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Май » 19 » ҲИКОЯ
    00.15.33
    ҲИКОЯ

    Отам ўлимидан севиндим, аммо...

    Менинг исмим Қоя. Ҳозир Абубакрман. Бугун отам мозорга, онам қамоққа кетди. Мен оиламизнинг тўнғич фарзандиман. Мен учун жону жаҳоним, ҳар кимим укам ёлғиз Чингиз (Али) қолди. Ажал онамнинг қўли билан отамни олиб кетди!!! Онам ҳибсда нима қилади? Онам отамнинг қотилими? Йўқса, отамни, болаларини, ҳатто жамиятни қутқармоқчи бўлган фидокорми? Саволлар... Жавоблари борми-йўқми? Онамизни қамоққа, отамизни мозорга йўлладик, икки бола ўртада қолдик! Бу жамиятнинг тасқара башарасидир... Бу ҳаёт бир неча кишининг ҳаёти эмас, отаси ароқхўр, онаси қотил, бизнинг кўзёшларимиз, машаққатларни бўлишганларнинг ҳаёти...

    Биз икки ака-ука онамизнинг ҳаётини билишга қизиқардик. Онажонимиз бироз жим бўлиб қоларди. Юзини машаққат чулғарди. Сўнгра ғамгин табассум қилардики, шу юз ҳаракатлари унинг дардли аёл эканини англатарди. Ўша пайтларда бизни хафа қилмаслик учун бизга қарамасликка, юзларини кўрсатмасликка, яширишга уринарди.

    "Отангиз билан орамизда бешиккерти даган нарса бор эди. Отангиз мени севганини айтар, ўзлари келишган, севимли ҳамда муаллимликка меҳр қўйган эди... Уйланиш учун ўша пайтларда шу хусусиятларнинг ўзи етарли эди. Мусулмонлик ахтармасдим, тўғрироғи, мен ҳам диндан хабардор эмасдим. Мени отамдан сўратди, бермадилар. Мени олиб қочди, турмуш қурдик. Бир йилча бахтли яшадим. У пайтлар ҳам ичарди, лекин оз ичарди. Уйда ҳаддан ташқари тўполон кўтармас эди. Бир йилдан кейин ичкиликка ружу қўйди. Биринчи фарзандимиз қиз бўлди, лекин ўлди. Кейин сен туғилдинг. Уч йилдан сўнг Чингиз... Бундан кейинги ҳаётим ҳар кун бир хил кечди. Таёқ, зулм, очлик, кейин ўзларингиз улғайиб, ҳаммасини ўз кўзларинигиз билан кўрдингиз".

    Кошки, улғаймасайдик, кўзимиз билан кўрмасайдик, онажоним! Сизга қилинган зулмлар, калтакларга жавобан йиғлардик. Бошқа қўлимиздан ҳеч нарса келмасди. Отамни инсон дейишимиз учун ўзимиз инсонликдан чиқишимиз керак бўларди. Ҳайвон ҳам деёлмасдик... Чунки бунақа ҳайвон йўқ эди... Отамиз инсон кўринишидаги ғалати яратиқ эди. Муаллим бўлгани учун, мактабга боришига тўғри келар, лекин бормасди. Дарс ўтишга бизларни юборар, мудир сўраса, касал дердик. Келолмаслигини айтардик. Давлат муаллим тайёрлаб, диплом беради ва бир синф 20-25 та ўқувчини қўлига топширади, у уларга хушахлоқ бўлишни ўргатиши зарур. Лекин у маст, мактабга келмайди. Оиласига зуғм қилади, оч қолдиради. Лекин ой бошида маошини нақд ундириб кетади. Отам динсиз одам эди. Онамни ҳам ўз таъсирига олар, ўзига ўхшатмоқчи бўлар, лекин онам Оллоҳдан кўнгил узмасликка ҳаракат қиларди. Лекин отам онамнинг намоз ўқиши, рўза тутишига тўсқинлик қиларди. Доим ўткир асбобларни яшириб қўярдик, бизни яралаб ёки ўлдириб қўйишидан қўрқардик.

    Бир куни бесўнақай оёқлари билан онамни тепди, онамнинг ўнг қоши ёрилиб, атрофни қонларга бўяди. Отам онамни қанча урса ҳам онам бизни ўртага аралаштирмасди. Бизни урдирмас, бор зулму жафони ўзи чекарди. Лекин ўнг қоши ёрилиб, ҳар тарафга қон тизиллаб отилганда, неча йиллардан буён илк марта мени чақирди.

    -Қоя! Мени қутқар! Қутқар, болам, ёрдам бер! Онамнинг ўлиб қолишини ўйладим. Отамни ушлаб тортдим. Отам турди, тиғли нарсаларни ахтарди. Тополмагач, мени урди. Эрталаб Чингиз мактабга кетишидан олдин уни ҳам урди... Отам олган маошини деярли ичкиликка сарфлар, ора-сира онамга ҳам берарди. Бозорга борилмас, тузукроқ таом емасдик. Ароқхўр одам ҳайвондан ҳам баттар бўларкан. Отамиз уйда яланғоч юрар, ҳожатхонага бормас, уйда тоғорага ёзиларди. Тоғорани ҳам биз ёки онам келтирардик. Ҳайвонга ўхшаб бўкирарди. Агар тоғорани келтиравермасак, уйнинг дуч келган жойига катта-кичик ёзилаверарди. Ҳа, булар ичкиликнинг кўрсатган ҳунарлари эди... Онам отамни ўлдиришидан бир кун аввалги оқшом ҳам маст эди. Онамни, мени, Чингизни урди. Шомданоқ ҳайвондай бақира бошлади. Даф бўлишимизни, йўқса, ҳаммамизни ўлдиришини айтди. Йиллар тинглаган таҳдидлар эди бу. Эрталаб мактабга кетдим, шомга яқин соат бешларда амакимнинг қаҳвахонасига ўтдим. Амаким отамни кўрсатиб:

    -Эплай олмаётир,-деди.

    Отам одатдагидай маст, чой қуймоқчи бўлар, лекин тўкиб-сочарди. Отамни уйга олиб келдик. Укам мактабда. Онам ўтинларни майдалаб, тешани унутиб пойгоҳга қолдирган. Отам ичкари кириши биланоқ одатдагидай бақириб-чақирди. Отамнинг пойафзалини ечмоқчи бўлганида, отам онамни тепиб юборди. Ва болтани олиб онамга ташланди, онам қўлига ногаҳон теша тушиши билан ҳушини йўқотиб, отамнинг бошига урди. Онам камзул кийиб эшикни қулфлаб чиққанларида мактабдан Чингиз келиб қолди. Онам йўлда воқеани Чингизга айтмагани учун, у отам онамни уриб, қариндошлариникига кетган, деб ўйлаган. Ва албатта, кейинроқ ҳаммасидан хабардор бўлди.

    Онам вазиятни тоғамнинг ўғлига тушунтирди. У:

    -Бор, таслим бўл,-деди. Онам қотил каби маҳкамага борди. Ҳолбуки, онам қотил эмас эди, ўн тўққиз йиллик азобга нуқта қўйган, ўзини-ўзи ҳимоя қилган бир аёл. Агар онам отамни ўлдирмаганда, отам онамни ўлдирарди... Лекин воқеани халққа ёйган газеталар ўзлари истаганларидай ёлғон-яшиқни ёзмоқдалар, бу ўзини ҳимоя қилган аёлга туҳмат қилишдан бошқа нарса эмас. Мана, шу газеталардан биттасининг хабари: "Маст эрини ўлдирган хотин- икки боланинг онаси ўзини миршабга топширди. Ичкилик ва таёқ 19 йиллик оилани бузди, вайрон қилди, орқада оталари ёки оналарига йиғлашни билмаган икки бола қолди. Эр-хотин ўртасида 19 йилдан бери давом этиб келаётган жанжал ўтган куни жиноят билан якунланди.

    Болалари мактабдалигида эрини эшик ортига яшриниб кутган Ойша Қушчи уни ичкари кирар-кирмас, илгаридан ҳозирлаб қўйган теша билан бошига уради. "Мени эзаётган эримнинг ўлими эмас, болаларимнинг ҳам онасиз, ҳам отасиз қолишидир", дейди".

    Фидойи онажонимиз энг қийналган пайтида ҳам бизларни ўйларди. Ўн йилларки, ўша азобларга бизни деб чидаб келмадими?! Бизни эзаётган нарса ҳам онамиздан айрилиш эди.

    Отамиз ҳар куни сўкар, телбалар каби бақирарди. Онам теша билан бошига уриб, уни тинчитди. Ҳеч бўлмаганда, отамизнинг дунёда чекаётган азобига якун ясади. Баъзан отам бўлгани, онамга зулм қилгани эсимга тушиб, яхшиям ўлди, деб юбораман. Қисқаси, ўйлаб қарасам, отамнинг ўлганига севинар эканман. Отам ўз қариндошларига ҳам иснод келтирар, улар бизникига келишмасди. Онам қамалгунича отам учун намоз ўқиди. Динсиз бўлган отамнинг жаноза намозини ўқишиб, уни мусулмон қабилида кўмдилар. Онам қамалгач, синовли кунлар бошланди. Бир кун бу, бир кун у қариндошимизникида турамиз. Овқат бериб кузатадилар, кузатадилар эмас, кетказадилар. Кейинроқ, баъзи мусулмонлар бизларга ёрдам беришди. Ҳозир шу мусулмонлар ёнидамиз.

    Биз ўқиб, динимиз учун фойдали инсон бўлишни орзу қиламиз. Энг улуғ тилагимиз: онамиз бироз олдинроқ бўлса-да, ҳибсдан озод бўлишини, тўйиб-тўйиб бизни бағрига босиши, бошимизни силашини кутамиз. Шуни айтиш эсимдан чиқмасинки, динимизни ўрганар эканмиз, исмларимизни ҳам ўзгартирдик. Мен Абубакр, укам Али номларини олдик. Аммо динни ўрганганимиздан сўнг, отамизнинг иймонсиз ўлганидан қайғурдик, маъюсландик, ғуссаларга чўмдик...

    Абубакр

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz