Ризобек Суббота, 2024-05-18, 22.48.44
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Май » 22 » Ҳажвий қиссадан парча (давоми)
    00.35.32
    Ҳажвий қиссадан парча (давоми)
    ТОШБОЙ ГАИ ҲАНГОМАЛАРИ

    Навбатчилардан бири таътилга чиққач, унинг ўрнига вақтинчалик каминани ўтказишди. "Ўзимнинг ишим яхши, бошқа кишини қўйинглар, мен постда туравераман", деб ўтинишим беҳуда кетди. Ноилож навбатчиликни қабул қилдим. Гап бу ёқда экан. Биз кун бўйи тик оёқда, турфа характердаги ҳайдовчилар билан ади-бади айтишиб, ҳақ-ҳуқуқ талашиб тўрт танга орттирадиган бўлсак, навбатчи тинчгина хонада, ўтирган жойида биздан кўра кўпроқ топаркан. Асосий постларда турадиган аксарият назоратчилар разводдан сўнг ўртоқ бошлиқнинг улар томонга бораётганлигидан огоҳлантириб қўйишни қулоғига шипшитиб, атаганларини навбатчига биров билмас қистириб кетишаркан. Камина ҳозиргача тош йўлдан катта трассага чиқадиган чорраҳада турганим учун бу ёзилмаган қоидадан бехабар эканман.

    Ўртоқ бошлиқ идорадан чиқаётиб қаерда бўлишини айтади ва бошқалар сўраб мурожаат этишса нима дейишимни, шароитга қараб иш тутишимни, ҳушёр қараб туришимни, зарурият туғилса, фақат бошқармадан йўқлаб қолишса дар¬ҳол топишимни тайинлайди. Камина машинагача ўртоқ бошлиқнинг орқасидан эргашиб бораман ва яқин қолганда чаққонлик билан олдинга ўтиб орқа эшикни очаман. У ўтириши асносида эшикни ёпиб, қоматимни шахт тутиб "чест" бераман. Машина ўрнидан жилади. Кети кўлдай бўлиб, шардай шишган ўртоқ бошлиқнинг фарзандидан меҳр-оқибат кўрган отадай мамнун боққан қиёфаси кўз ўнгимда қолади. Ортимга югургилаб қайтаману навбатчилик хонасига кириб рацияни қўлга оламан.

    — "Ниҳолзор", "Ниҳолзор", — дейман ўртоқ бошлиқ кетган йўналишдаги биринчи постнинг шартли номини тутиб. — Мен — "Марказ". Жавоб бер!

    Бу пайтда "Ниҳолзор"даги назоратчи соя-салқинда бамайлихотир тамаки тутатиб, ҳордиқ чиқараётган, овқатланаётган ёки йўл четидаги машинасида пинакка кетган, эҳтимол қоидабузарлик тўғрисида баённома тузаётган ёки ҳайдовчидан чўтал ундираётган бўлади. Менинг овозимни эшитгач, этига нохос нина санчилгандай ҳушёр тортади.

    — "Марказ", "Марказ". Мен — "Ниҳолзор", — дейди рация орқали менга жавобан. — Эшитаман.

    — "Саккизинчи" (ўртоқ бошлиқнинг шартли номи. У саккизинчи бошлиқ бўлганлиги учун шундай айтишни буюрган) йўлга чиқдилар.

    — Сизни яхши тушундим. Постда ишлаб турибман.

    — Яхши, яхши! Ҳушёрликни ошир, — дейман ва навбатдаги постнинг шартли номини айтиб алоқага чақираман.

    — "Чорбоғ", "Чорбоғ". Мен — "Марказ". Эшитаяпсанми?

    Афтидан "Чорбоғ" ҳам қандайдир юмуш билан банд, узоқроқда шекилли, қайта-қайта чақирганимдан сўнг рацияга чиқади.

    — Мен —"Чорбоғ", намунча ваҳима қилмасанг. "Марказ", эшитаман.

    — "Саккизинчи" ўтишлари мумкин.

    — Тушунарли!

    Шу тариқа ўртоқ бошлиқ ўтадиган "Гужумли", "Бақатерак", "Қумбости" пост¬ларидагиларни ҳам огоҳлантираман.

    Ўртоқ бошлиқ ўтган пайтда постида бўлмаган ёки ҳузурига кутилган пайтда киришни пайсалга солган назоратчининг бошига қандай кунлар тушишини мен айт¬май, сиз эшитманг. Шаҳарнинг қоқ марказидаги чорраҳада елкасига овоз кучайтиргич ва противогаз илиб кун бўйи тик оёқда постда туради. Қишнинг қаҳратоними, ёзнинг жазирамасими, қору ёмғирда қоладими, офтоб куйдирадими — фарқи йўқ. Ўртоқ бошлиқ ҳам бошқа юмуши йўқдай шу ердан атайдан ўтиб-қайтишини канда қилмайди. Бу "жазо" неча кун давом этиши ҳам ёлғиз Оллоҳга-ю ўртоқ бошлиққа аён.

    * * *

    Қарасам, мен билан ГАИда ишни рядовойликдан бошлаганлар олий маълумот олиб ўсиб кетаяпти. "Қачонгача постда турасан, Тошбой, каллани ишлат, бошқаларга қара, улардан сенинг қаеринг кам, юрсанг юраверасан-да", дедим ўзим ўзимга. Йўлини топиб, сиртқи ўқишга кирдим. Ўқиш қайда, ҳар йил қирқ кун номига бориб келамиз. Машинаси бор домлалар имтиҳонда "Йўлда кўрганда танимасликка олмасангиз бўлди", дея баҳо қўйиб беришади. "ГАИга ишингиз тушса, тортинмай келаверинг, хизматингизга тайёр¬миз, домла", дейман. Қашшанг, фанини билмасангиз ҳатто оламдан ўтган отаси тирилиб келган тақдирда ҳам имтиҳондан ўтказмайдиган домлаларни атайдан бирор жойга кетказиб, уларнинг ўринларига кафедра мудирлари жонимизга ора киради. Насиядан кўра нақдни афзал кўрадиган, мозордан ҳеч бўлмаганда битта суякни илдириб ўтадиган домлалар ҳам бор. Бундайларга "зачётка"нинг орасига "қуруғи"дан қўйиб узатиб, иш битирамиз. Шу тариқа давлат имтиҳонигача етиб келдик. Давлат имтиҳонида проректор суяди. Олдиндан қайси саволни беришини айтиб, қандай жавоб қайтаришимни ҳам пухта "ўқитиб" қўяди. Жавобни қоридай ёдлаб оламан.

    Сиёсий иқтисод фанидан давлат имтиҳонида ўсал бўлишимга бир баҳя қолганди. Проректор олдиндан огоҳлантириб қўйганлигига биноан дунё харитасидан Осиё қитъасини кўрсатдим. Кутилмаганда комиссия раиси:

    — Америка қитъасини ҳам кўрсатинг-чи? — деб қолса бўладими.

    Нима қилишни билмай қотиб қолдим. Миямга нохос "домла мени чалғитиш, синаш учун давлат номини атайдан ўзгартириб айтаяпти, шекилли", деган фикр келди.

    — Америка давлатиними, домла? — дедим. Иккиланганим учун овозим бироз ишончсиз чиқди.

    — Йўқ, Америка қитъасини сўраяпман.

    — Ха, Америка қитъасиними? Мен Америка давлатини айтаяпсизми, дебман.

    — Нимани айтаётганларини домланинг ўзлари яхши биладилар, ўртоқ Бобокалонуп, — деди ўзини қарийб осмоннинг устунидай тутиб юрадиган, учинчи курсда кафедра мудири аралашгандан сўнг ҳам олти ой орқасидан югуртириб имтиҳондан зўрға "уч" қўйган домла Қўзи Қўчқорович бошини сарак-сарак қилиб. — Сиз аравани қуруқ олиб қочманг.

    — Арава? Қанақа арава?! — Ҳайрон қолганимдан атрофимга аланглаб қарадим ва нохос оғзимга шу калом келди. — Қачон олиб қочдим?

    Ҳамма кулиб юборди.

    Билдимки, Америка қитъаси бошқа, Америка давлати бошқа. Яхшиям фалокат босиб тил бесуяк, билағонлик қилиб "Америка деган қитъа йўқ", деб юбормабман.

    Кўрсаткич чўпини биқинимга тираб, харитага битиламан. "Америка қитъаси қаерда бўлдийкин?" Ёзувларни ҳижжалаб ўқишга уринаман: Поль-ша, Ру-ми-ния, Гер-ма-ния... У ёғига кўзим тинийди.

    — Чап томонда ҳам қитъа бор, Тошбой!—деди курс раҳбаримиз.

    — Айтиб ўтиргунча туриб ўзингиз кўрсатиб беринг, домла,—кесатиқли луқма ташлади Қўзи Қўчқорович.

    — Америка қитъаси, — такрорлайман ўзимча хаританинг чап томонидаги ёзувларни ўқишга зўр бериб. "Америка қитъаси қаерда бўлдийкин?", дейман ичимда. Зора бирортаси ишора қилармикин, деган илинжда нажот кутиб ўтирганларга умидвор назар ташлаб қўяман.

    — Ўқиш ҳам керак, ўртоқ Бобокалонуп! — Қўзи Қўчқорович очиқчасига пичинг қилди.— Олий маълумот оладиган кишининг оддий, ҳатто мактаб ўқувчиси ҳам биладиган саволга жавоб беролмаслиги уят! Фан пана-пастқамда пойлаб машина тутиш, ҳайдовчини ҳафталаб овора-сарсон қилиш эмас.

    "Ҳали шошмай тур, Қўзи Қўчқорович. Бир амаллаб имтиҳондан ўтиб олай, кейин сен билан бўлганим-бўлган. Қўлимга тушсанг, Бобокалонупнинг зарбини шундай кўрсатиб қўяйки, онадан туғилганингга минг пушаймон қилдириб, етакка ўрганган қўйдай юввош торттирмасам, одам эмасман. Тошбойнинг кимлигини, пана-пастқамда туриш билан фаннинг фарқини ўшанда биласан", дейман ичимда.

    — Студентнинг бундай саёз билим билан гос. экзаменгача қандай келганига ҳайронман,— деди давлат имтиҳон комиссияси раиси.

    — Бу студентни жуда яхши биламан. Яхши ўқиган,—деди ҳаракат қоидасини бузиб ҳайдовчилик гувоҳномасини олдирганида, ҳатто рулда маст келаётиб қўлга тушганида мен бир неча бор жонига ора кириб қутултириб юборган факультет декани.—Домлаларнинг салобати босиб, ҳаяжонланиб қолди шекилли.

    — Энг муҳими, ўзи яшаётган қитъани билади, — деди каминага "тирговичлик" қилаётган проректор. — Қаранг, қанчалик аниқ чегаралаб берди.

    Хуллас, қолган имтиҳонларни ҳам қоқилсак-да бир амаллаб йиқилмай топшириб, диплом қўлга теккач, офицерлик лавозимига ўтиб олдик. Кабинетда ўтирадиган, устига сирена чироқлари ўрнатилган, биқинига герб тасвири туширилган ва орқа томони юкдони устига, катта айлана ичига "ГАИ" деб ёзилган хизмат машинасида постларни текширадиган, рейдга гуруҳ бошлиғи бўлиб чиқадиган бўлдик.

    * * *

    Минг афсуски, бошқарманинг янги бошлиғи келаётган шахсий машина ҳайдовчисига таъмагирлик қилиб (бу алоҳида ҳангома), ноилож форма билан хайрлашишимга тўғри келмаганида ҳали-бери ишлаб юрган бўлармидим! Шу тариқа битта мен эмас, менга ўхшаган беш-олти ҳамкасбимнинг кавуши тўғриланди. Нон-насиба шунча пайт узилмаганига, қамалиб кетмаганимга ҳам минг карра шукр. Қўша-қўша участка қилдим, катта бозорда ошхонам бор. Тагимда "Нексия". Иккита "Дамас"имга шофер ёллаб қўйганман, киракашлик қилади. Улардан кундалик мўмайгина тушум бор эди. Собиқ ҳамкасблар андиша қилиб, улар қоида бузадими, белгиланганидан кўп йўловчи оладими, индашмасди. Ке¬йинчалик янгилари кўпайиб, бўлар-бўлмасга тўхтатиб ҳужжат суриштирадиган, айримлари эса бирор нарса ундирмаса қўйиб юбормайдиган, кундалик "улуш" талаб қиладиган бўлишди. Даромаднинг чўғи камайди. Яқинда ўртоқ бошлиққа совға-салом қилиб кирмоқчиман. Ҳамма жой хусусийлаштириляпти. Борди-ю келгусида йўллар ҳам сотиладиган бўлса, бирорта чорраҳаними, бир парча йўлними, оларман. "Шапка"си қанча бўлса бераман. Командирга ҳам бир оғиз "Йигитларга етказ, фалончи ўзимизда ишлаган, машиналарига гапирмасинлар", деб айттираман. Катта йўл ёқасида хотиннинг номига олиб қўйган ерга "Дамас"ларнинг тушумидан дўкон қурмоқчиман. Ўғил вояга етиб қолди. Насиб этса, бир амаллаб уни ГАИга қўйдирмоқчиман. Ҳар ҳолда шунча ишлаганимни инобатга олиб, суханимни ерда қолдиришмас.

    Дарвоқе, ҳаётда ўрнимни топишим, шу даражага етишимга сабабчи бўлган, бошқа ҳеч ким бермайдиган панд-насиҳатлари билан йўл-йўриқ кўрсатиб турган падари бузрукворим (илоҳи охиратлари обод бўлсин) ҳақларида тўхталмасам кўнглим жойига тушмайди. У зоти бобарокот ҳуқуқшунослик факультетига сиртқи ўқишга кириб фаолиятларини судда котибликдан бошлаб, камина сингари бир амаллаб дипломни қўлга олгач терговчиликка ўтиб, ҳатто бир муддат қишлоқ туманида прокурор бўлиб ҳам ишлаган, кўролмайдиганлар дастидан адвокатликка ўтиб кетган эдилар. Жуда узоқни кўрардилар, ишларига ниҳоятда пухта, етти ўлчаб бир кесадиган, қатиқни ҳам "пуф"лаб ичадиган, камина сингари нуқул ўз манфаатларини ўйлайдиган одам эдилар. "Одамнинг оласи ичида. Сиртдан қараб ким дўсту ким душманлигини билолмайсан, болам. Шунинг учун ҳар доим бир ерга киришдан олдин чиқишни ҳам пухта ўйлаб иш тутишга ўрган", деб қулоғимга қуйишни канда қилмасдилар. Баъзан фикрлари нақадар тўғрилиги ва айтаётганларига амал қилсам ҳаётимда асқотишини ўз фаолиятларида юз берган воқеалардан мисол келтириб гапирардилар. Прокурор бўлиб ишлаб юрган пайтларида қўлга тушишларига бир баҳя қолганида қандай қутулганларини эшитсангиз, ўзингиз ҳам падари бузрукворимнинг қанчалик устамонликларига қойил қоласиз.

    ГАИнинг РЭО (транспорт воситаларини рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлинмаси), техника бўлинмаларида ишлаганим, ГАИдан кетгач ўзимга ўхшаган икки-уч собиқ ҳамкасбларимнинг гапларига кириб тадбиркорлик билан шуғулланганимда бошимдан кечирган, кўрган-билган ҳангомаларнинг ўзи бир китоб. Мавриди келса, уларни ҳам айтиб берарман.

    Ж.ИСМОИЛОВ.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz