Ризобек Суббота, 2024-05-18, 23.19.58
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Май » 24 » Замонавий адабиётни ўрганамиз
    00.33.27
    Замонавий адабиётни ўрганамиз
    Жаҳонгир МУҲАММАД

    ИАК
    Ҳужжатли РОМАН
    Таниқли сиёсат арбоби ва адиб Жаҳонгир МУҲАММАД  ХХ аср охири ва XXI аср бошида ўзбек тарихий романчилигининг янги мактабига асос солди.

    Илмий ишлар билан машғул олим ғоят банд бўлишига қарамай  аниқ далил ва исботлар асосидаги тарихий ҳужжатли романни ҳам моҳирона янги адабий   услубда  тақдим этиши унинг фавқулодда иқтидор соҳиби эканлигидан далолатдир.

    Тарихий ҳужжатли романда адиб   энг асосийси ҳукумат тепасидаги биринчи рақамли диктаторнинг кирдикорларини шундай моҳирлик билан очиб берадики, айрим хронологик китобларни хушламайдиган ўқувчилар ҳам унинг асарини иштиёқ билан мутоала қила бошлашлари аниқ.

    Албатта қисқагина кириш сўзи билан бутун бошли тарихий романга етарлича баҳо бериш қийин.Шу боис ҳам уни бобма боб саҳифаларимизда эълон қилиб бормоқчимиз.

    Марҳамат, ХХI асрнинг яна бир дурдона асаридан баҳраманд бўлиб, замонавий адабиётни ўрганинг.


    Ризо Обид,
    "Замондош" муҳаррири.

    6.ЖУРНАЛИСТЛАР УЮШМАСИ:ЮТҚАЗИШ


    СССР халқ депутатлигига жамоат ташкилотларидан ҳам номзодлар кўрсатиш бошланганда, Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг раиси бўлиб ишлаб турган Аҳмаджон Мухторов ҳам даъвогар бўлди. Сайлов кампанияси Тошкентда бошланиб, асосий қисми Москвада давом этди. Мен Аҳмаджон аканинг ишончли вакили эдим.Бошқа ишончли вакиллар ҳам бор эди. “Украина” меҳмонхонасида бир ой яшаб номзодимизни ўтказиш учун курашдик.

    Сайлов СССР журналистлар уюшмасини “қайнатиб” юборган эди. Ҳамма республикаларнинг вакиллари ўз номзодларини ўтказишга интилардилар. Бунинг учун сизлар бизга овоз беринг, биз сизга каби “ўйин”лар ҳам бошланганди. Аммо кўп нарса номзоднинг дастури ва учрашувлардаги нутқига боғлиқ эди. Аҳмаджон ака талантли журналистгина бўлиб қолмай, айни пайтда яхши нотиқ ва замон муаммоларини илғаб оладиган сиёсатдон эди.Шу боис ҳам журналистларнинг эътиборини тез қозонди.

    Мен Москвадаги ҳаёт билан Тошкентдаги вазиятни солиштириб кўришга уринардим.Ер билан осмон қадар фарқ эди. Ўзбек журналистлари гарчи матбуотда долзарб нарсаларни ёзаётган бўлсаларда, ҳали уюшиб, сиёсий кучга айланмагандилар.

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси эса сиёсат қайнаб турган қозон эди. Мен бу ҳақда Аҳмаджон акага гапирсам у сайловни ўтказиб олайлик, уюшмани оёққа қалқитамиз ва катта кучга айлантирамиз, деган аҳдини ва режаларини айтарди.

    Ўзбекистон журналистлар уюшмаси туғилгандаёқ ўлик туғилгандек эди. Чунки илгари ҳам фақат “қоғоз”даги ташкилот бўлиб келган.

    …1979 йилда Ўзбекистон радиосида ишлардим. Ёшлардан икки кишини ҳам мазкур уюшманинг қурултойига вакил қилиб сайлаш керак экан. Мен ва ёзувчи Примқул Қодировнинг қизи Гуля(Гуля ўша пайтда радионинг рус тилидаги болалар учун дастурлар бўлимида, мен эса ўзбек тилидаги қишлоқ хўжалик бўлимида ишлардик)ни сайлашди. Журналистлар уюшмасининг раиси Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Шароф Рашидов эди. Қурултойда у нафақат нутқ сўзлади балки у анжуманнинг бошидан охирига қадар қимирламай ўтирди ҳам.

    Сайлов бошланди ва варақалар тарқатилди. Мен Гуляга:

    -Кимларнинг номини ўчирамиз,- дедим ўзбекчалаб. У ўзбекчани тушунарди, аммо русча гаплашарди.

    -Ўчиришнинг фойдаси йўқ, барибир айтишмайди, юз фойиз сайланди,- деб айтишади.

    -Рашидовнинг номини ўчириб кўрамизми?- дедим мен. Гулянинг ранги оқарди. Бир зум ўйлаб турдида кулиб:

    -Балки Раҳмоновнинг номини ўчирармиз,-деди.

    Расул Раҳмонов Ўзбекистон радио ва телевидение қўмитаси раисининг радио бўйича ўринбосари эди.

    -Бизни бу ерга олиб келган шу одам. Кейин биздан шубҳа қилиб қолиши аниқ. Бунинг устига унинг қўмита раиси Иброҳимов билан ораси яхши эмас, раис уни кеткизмоқчи, деган гаплар бор,-дедим мен.

    -Рашидовни ўчирсак, КГБ бизни топиб олиши мукин,-деди Гуля.

    -Қандай топади? Исмимиз ёзилмаган бўлса?

    -Бармоқ изларидан топиши мумкин. Лекин синаб кўрсак бўлади.

    Хуллас, иккаламиз Журналистлар уюшмасининг марказий кенгаши аъзолари рўйхатидан Рашидов номини ўчирдик.

    Саноқ комиссиясининг раиси номздоларни номма-ном санаб, “юз фоиз ёқлаб, қарши йўқ” деб айтар экан, биз жиноят қилган одамлардек миқ этмай ўтирардик. Менинг кўзим Рашидовда эди. У ҳам худди менга қараб тургандек. эди. Навбат “Р” ҳарфига келганда юрагим гуппиллай бошлади. Худди бутун залдагилар юрагимнинг товушини эшитиб менга қараб туришгандек туюлди. Шу пайт “Шароф Рашидов… иккита қарши овоз” деган товушдан сесканиб кетдим. Бошимдан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Рашидов қизариб кетди. Мен ундан кўзимни олиб қочдим. Залда жимжитлик ҳукмрон эди. Мен шу дамда осмон узилиб тушсайдию менинг нафасим бўгилиб қолсайди, дегандек бир кайфиятда эди. Аммо ҳеч нарса бўлмади.

    Шунга қарамасдан тиззаларимда қалтироқ бор эди. Гуля ҳам жим эди. Унинг ҳам дунёсида нималардир бўлаётганди. Биз индамай уйга кетдик. Мен ҳар куни КГБ ходимлари кириб келишини кутдим. Кейин билсам Гуля ҳам айни ҳисни яшаган экан. Аммо бирор жойда бу ҳақда бирор киши гапирмади ҳам, эсламади ҳам.

    Шу нарса менда қўрқувни енгишга замин бўлганини кейин англадим. Демак, одамлар қўрқув занжири билан ўраб ташланган ва ҳеч қандай назорат қилмасангиз ҳам улар ўзларини ўзлари назорат қилар эканлар. Режим ана шундай йўқ куч устига қурилганини ҳис қилдим мен. Демак, агар одамлар истасалар кўп нарса бўлиши мумкин экан.

    Москвада Аҳмаджон Мухторовнинг ишончли вакили сифатида юрган кунларимда бошқаларда қўрқув занжири йўқолганини кўрдим. Аммо Ўзбекистонда ҳали бу қўрқув яшаётган ва одамларнинг аксарияти ўз ўзини назорат қилаётганди. Менга ана шу масала тинчлик бермас ва нима қилиб бўлса ҳам бу йўқ занжирни узиш керак, деб ўйлардим.

    Аҳмаджон ака СССР Халқ депутати бўлганларидан кейин у кишини Москвага Олий кенгашга доимий ишга чақиришди. Шу муносабат билан Тошкентдаги ишларини топширдилар.

    -Мен ўрнингизга ўтиб, бир ўзимни синаб кўрмоқчиман,-дедим Аҳмаджон акага.

    -Нима деяпсиз? Олий кенгашдаги ишингиз бундан ўн марта юқорику? Нима қиласиз бу ўлик ташкилотни? Ҳатто битта машинаси ва алоҳида бир биноси ёки хазинасида бир мири пули ҳам йўқ-ку,-дедилар.

    -Лекин бир уринмоқчиман, устоз,-дедим.

    -Аммо Марказий қўмита аллақачон ўз номзодини тасдиқдан ўтказиб қўйган.

    -Ким экан?- деб қизиқдим мен.

    -Литфилло Кабиров, илгари рус тилида у-бу нарса ёзиб юрарди. Марказий қўмитада инструктор экан. Ўзбек тилини ҳам яхши билмайди.Ташкилот бугунгисидан ҳам бадтар бўлади, энди.

    -Сиз қаршилик қилмадингизми?- сўрадим мен.

    Аҳмаджон ака бир зум ўйланиб турди-да чуқур уф тортиб, гапира бошлади.

    -Ислом ака мендан хавфа. Ҳатто табрикламади ҳам, “депутат бўлиш ниятингиз бор экан, ўзимизга айтсангиз ҳам бир жойдан сайлатардик:, деди.. Энди Москвада бир гуруҳ тузиб ўзбекистонлик депутаталрни бошқариш режаси бор экан. Гдлян ҳақидаги чиқишларим ҳам ёқмаган.Маслаҳат қилиб, кейин гапиринг деяпти…

    Мен Ошкоралик қўмитасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раислигига муқобил номзод йўли билан сайлов ўтказиш масаласини кўтардим ва ўз номзодимни ҳам кўрсатишим мумкинлигини айтдим. Журналистлар ташкилоти раислиги ҳозир эгаллаб турган лавозимимдан паст бўлгани учун ҳам кўпчилк ажабланмас эди. Акс ҳолда мансаб учун ўзини урмоқда, дейишлари ҳам мумкин эди.

    Аммо менинг назаримда бу воқеа коммунистик идора билан Олий кенгаш орасидаги илк ва ҳал қилувчи тўқнашув бўлди. Чунки мажлис қилган кунимизнинг ўзиёқ Марказий Қўмитанинг идеология бўйича котиби (асли биолог бўлган ва қўлидан ҳеч иш келмайдиган бу одамни идеология бойича котиб қилиб қўйишганди. Кейин эшитишимизча у Каримовга камгаплиги билан ёқиб қолган ва “дўсти”га айланган экан) Жаҳонгир Ҳамидов телефон қилди.

    -Нима гап?-деди у юмшоқ оҳангда.

    -Кеча мажлисга келмадингиз?- дея мен ҳам юмшоқ оҳангда савол билан жавом қилдим. У Ошкоралик қўмитасининг аъзоси ва кейинги пайтларда мажлисларга келмас эди.

    -Сизлар шундай мажлис қилаяпмиз, дея маслаҳат қилдингизларми, мен борай?-дея у яна савол билан давом этди. Мен ҳам бўш келмадим.

    -Нега энди маслаҳат қилишимиз керак? Мажлис чақириш Ошкоралик қўмитаси раиси ва ўринбосарининг ваколатига киради. Шунинг ўзи етарли эмасми?

    -Лекин мажлисда муҳокама қиладиган масалани бизнинг бўлим билан келишиб олдингларми?

    -Кечирасиз-у, сиз Олий кенгашни Марказий Қўмитага боғлаб қўймоқчимиз? Халқ вакилларига бу ҳақорат эмасми? Ҳамма ёқда демократия ҳақида гуриллаб гап бўлиб турсаю сиз шундай десангиз уят бўлмайдими?-дедим мен.

    -Сизни чақиртиргандим, келмабсиз, мана энди ўзим телефон қилаяпман, Ислом ака шахсан гаплашиб қўй деганлари учун, Журналистлар уюшмасида нима қилмоқчисиз?

    -Биринчидан, котибингизга “Ҳамидов жанобларига айтиб қўйинг, аввал ўзлари мажлисга келишни ўрансинлар, кейин биз ҳам борамиз”, дедим. Иккинчидан, депутатлик бурчингизни бажариб кеча мажлисга келганингизда нима қилмоқчи бўлганимизни билиб олардингиз,- дедим.

    -Оҳ-ҳу! Ростдан ҳам сиз билан гаплашиб бўлмас экан-ку,- деб суҳбатни якунлади Ҳамидов.

    Менинг жавобларимга ҳайрон бўлиб қараб турган Эркин Воҳидов катталар билан бундай муомила қилиб бўлмаслигини айтиб, менга анча маслаҳат берди.

    Шу пайт қисқа рақамли, ҳукумат телефони яна жиринглади. Бу Ислом Каримов эди.

    -Мен чақиртирсам келмабсиз,-деди у.

    -Менга сиз чақирганингиз ҳақида ҳеч ким, ҳеч нарса деган эмас, бўлмаса борган бўлардим,- дея жавоб қилдим юмшоқлиқ билан.

    -Агар Марказий комитетнинг қоровули чақирса ҳам демак мен чақирганим бўлади,- Ислом Каримов товушини баландлатиб гапира бошлади.-Сиз ўзингизни ким деб ўйлаяпсиз ука? Бу депутатлик вақтинчалик нарса, деб такрор ва такрор айтаяпман. Яқинда ҳаммаси жойига қайтади. Москвадаги гапларга қараб хулоса қилманг. Коммунистик партия доим ҳукмрон бўлиб келган ва бундан кейин у ҳукмрон бўлиб қолади. Унга дишманлик қилаётганлар билан ҳали гаплашиб қўямаиз. Сиз эса ақлли йигитсиз. Уларга қўшилманг, бошқаларнинг гапига кирманг. Аҳмаджон Мухторовга ўхшаганлар ўзлари панада туриб сизларни ишга солиш билан овора.Ўзбошимчалар бугун депутат бўлгани билан эртага яна ўз жойига қайтариб қўямиз.

    -Ислом ака,- дея унинг гапларига жавоб қилмқочи эдим, аммо уни тўхтатиш қийин эди.

    -Журналистлар уюшмаси раислигига бизнинг ўз номзодимиз бор. Ешак бўлса ҳам бизнинг номзодимиз бўлгани учун у ўтади. Сизга вазифа керак бўлса, мана менга айтинг, қайси вазирликни истайсиз, гапимга қулоқ солиб турсангиз Олий кенгаш раислигига қадар ҳам олиб бораман.

    -Аммо бугун мен эгаллаб турган вазифадан жуда ҳам қуйида бўлган ташкилотни бермаяпсизу, қандай қилиб…

    -Гап ташкилотнинг катта кичиклигида эмас, гап принсипда. Биз айтдикми, ўша одам бўлади, ука,-деди Каримов.

    Бу масала мен учун яна ҳам жиддий аҳамият касб этди. Журналистлар уюшмаси раислигига номзодимни ташвиқ қилишга киришиб кетдим. Учрашувлар, мажлислар ўтаказа бошладим. Икки уч марта Аҳмаджон ака келиб мени йўлдан қайтаришга уринди, лекин давом этавердим.

    Қурултой куни ўртага учинчи номзод ҳам чиқди. Бу “Бирлик”нинг номзоди, журналист Анвар Усмонов эди. Дастурлар, режалар баён этилди. Мен журналистлар уюшмасини сиёсий ташкилотга, ҳақиқатдан журналистларнинг ҳуқуқларини ҳимоа қиладиган, уларни бирлаштирадиган, сўз эркинлигини таъминлайдиган, сензурага қарши турадиган ташкилотга айлантириш ҳақида гапирдим. Лутфилла Кабиров ва Анвар Усмонов ўз дастурларини рус тилида баён этдилар.

    Қурултой Ўзбекистоннинг катта воқеасига айланиб кетди. Ўзбекситон Компартияси марказий комитети бюросининг аъзолари келишди. Таклиф қилинмаган ҳолда Олий кенгашдан бир қанча расмийлар ҳам шу ерда эди. Ҳатто журналистикага ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Кенгаш котиби Омон Олимжонов, Ўзбекистон Комсомол комитетининг биринчи котиби Азиз Носиров ҳам шу ерда фаол эди. Мухолифат ҳаракатлари ва партияларидан ҳам вакиллар келган ва Матбуот уйининг мажлислар зали ҳақиқий сиёсий кураш майдонига айланганди.

    Бу ерда эскилик билан янгиликнинг, зулм билан демократиянинг, яккаҳокимлик билан эркинликнинг кураши бошланганди. Хурсанд бўлдим. Демак, ҳаракатларим зое кетмаяпти, деб ўйладим. Қурултойда айтилган гаплар ҳам бундай минбарлардан илк бор айтилаётган, тортишувлар ҳам мисли кўрилмаган эди.

    Негадир Аҳмаджон ака жуда хомуш эди. Унинг ёнига борсам,

    -Ҳали ҳам кеч эмас, ўжарликни ташлаб, номзодингизни олинг,- деди.

    -Нима учун? –деб сўрасам, қўл силтаб кетиб қолди.

    Овоз бериш давомида Каттақўрғондаги “Зарафшон” газетасининг бош муҳаррири Асқар ака Жалилов ёнимга келди. Асқар ака билан Самарқандда вилоят газетасида бирга ишлаган эдик. Ўшанда Аҳмаджон Мухторов муҳарриримиз эди.

    -Мен Аҳмаджон акани танимай қолдим, у кишига тушуна олмай қолдим, ҳамманинг ёнига бориб, Жаҳонгирга овоз берманглар, деб ташвиқ қилмоқдалар. У ўжар, менинг гапимга кирмади, ўзига ёмонлик қилмоқда. Унга дўстлик қиламан, десангизлар унга қарши овоз беринглар, деб юрибдилар,-деди у.

    Мен яна Аҳмаджон аканинг ёнига бордим.

    -Биласизми, бу принсиплар жанги, агар шу ерда ютқазсак, тамом, ҳеч қачон юта олмаймиз, устоз. Кўраяпсиз, демократия ҳамма республикаларга келганда ҳам бизда ёўқ. Биз одамлардаги қўрқувни синдиришимиз керак. Агар бугун ютқазсак, мана барибир ҳеч нарса қилиб бўлмайди, деган фикрлар янада қатийлашади,- дедим мен.

    -Барибир ҳеч нарса қилиб бўлмайди,-деди Аҳамаджон ака.

    -Лекин сизнинг депутат бўлганингиз ва меннинг ҳам депутат бўлганим аниқ масала. Йўлимизни тўса олмадилар. Бизга ўхшаб 20-30 киши уларнинг деворини бузиб ўтди. Демак, мумкин экан.

    -Гап ана шунда, 20-30 кишимиз. Улар эса бир неча юз киши. Мухолифатмиз, деб юрганларнинг кўпи эса шу йў билан мансаб олиш ниятида. Мана қурултойда сизнинг айтганларингизни эшитиб туришди. Аммо ўзларининг номзодини илгари суришди. Агар гап мақсадда бўлса, нега сизни қўллашмади? Бундан кейин ҳам қўллашмайди? Ёлғизланиб қоласиз?-деди Аҳмаджон ака ачинган қиёфада.

    -Мен улардан қўллашларини сўраганим ҳам йўқ. Бу оддий ҳол.Номзод қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бу-демократия.

    Мен қозонни қайнатмоқчи эдим, менимча улгурдим шунга.

    -Агар демократия бўлса, нега мен билан гаплашиб турибсиз. Мен ҳам демократияга риоа қилиб, ўзим истаган номзодни ташвиқ қилиб юрибман. Сиз эса менга қаршилк қилаяпмиз? Қозонга келсак, гап унинг қайнашида эмас, гап пишадиган овқатда. Булар аллақачон бир халта тузни ташлаб бўлишди. Энди бу ошни ҳеч кимга едира олмайсиз,- дедида “Қалай мот қилдимми?” дегандек, элкамга уриб қўйди.

    Аҳмаджон акадан жуда қаттиқ хафа бўлдим.

    -Бу демократия эмас, бу демократия ғояларини сотиш, дегим келдию у кишини жуда ҳам ҳурмат қилганим учун айта олмадим.

    Саноқ комиссияси ичида журналистлар Исмат Хушев ва Дадахон Ёқубов ҳам бор эди. Бир пайт Дадахон менинг ёнимга келиб,

    -Исматга овозлар сонини ўзгартириш юкланган. Менга ҳам, лекин мен буни қилмадим. Анау Аҳмаджон тоғангиз билан Исмат бир нималарни режалаяптилар,-деди.

    -Бу гапингизни қурултойга ҳам айтинг,-дедим мен.

    Дадахон:

    -Нима қипти, мени қўрқоқ деб ўйлаяпсизми, қурултойга ҳам айтаман, керак бўлса Ислом аканинг ўзига ҳам айтаман,-деди,-Исмат нимадир қилиб Сиз ва Лутфиллага 75 тадан, Анвар Усмоновга 22 та овоз чиқарди. Кейин Ислом акага телефон қилишди. У кишига ҳақиқатни манa мен айтаман. Аммо Аҳмаджон ака ичкарига кириб, мен Жаҳонгирга овоз бергандим, қайтиб олдим ва Лутфиллага овоз бермоқчиман, шуни ўзгартириб қўйинглар, деди.

    Шу пайт Аҳамаджон ака минбарга чиқиб гапира бошлади. Менинг анчадан бери билишини ва ўжарлигимни ҳам айтиб, менга овоз бермаганини эълон қилди.

    Саноқ комиссияси ҳам Аҳмаджон ака айтгандек қилиб, натижани ўзгартириб айтди. Лекин Дадахон сўзида турди ва қурултойга мурожаат қилиб, орқада бўлган ўйинни айта бошлади. Аммо саноқ комиссиясининг натижасига исён қилган делегатлар зални ташлаб чиқиб кета бошладилар. Дадахоннинг айтганларини кимдир эшитди, кимдир эшитмади.Аммо унинг “Натижалар бузилди” деган гапи қулоқлар остида қолди.

    Саноқ комиссиясининг натижаси қурултой томонидан тасдиқлаш учун овозга қўйилмай қурултой якунланмай қолди. Чунки ҳамма йўқ ғала ғовур бўлиб кетганди. Лекин эртасига газеталарда Лутфилло Кабиров муқобил сайловда Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг раиси этиб сайланди, у 76 та, Жаҳонгир Маматов 75 та, Анвар Усмонов 22 та овоз олдилар, деган хабар чиқди.

    Мени ҳайратга солган эса, Аҳмаджон Мухторовнинг ҳаракатлари бўлди? Нега у бундай йўл тутди? Нега ўз истеъдоди ва қобилиятига қарши иш тутди? Нега мени шогирдим, деб юрган ҳолда оёқлар остига олиб топтади? Бу каби саволларга жавоб топа олмас эдим.

    Орадан кўп ўтмай, бир кун Аҳмаджон ака саҳарлаб уйга келди. Ундан хафа бўлганим учун ичкарига таклиф қилиш ёки қилмасликни ҳам билмай қолдим.

    -Мен бугун Москвага қайтаяпман. Шунинг учун ичкарига киришга ҳам вақтим йўқ. Сиз хафа бўлманг, сайловда ютқизган бўлсангиз ҳаётингизни қутқазиб қолдингиз. Ислом ака мени ҳам, сизни ҳам ўлдиртириб юборишини айтганди. Шу боис мен шундай йўл тутдим,- деди.

    -Унинг шу гапига ишондингизми?- дедим мен.

    -Сиз ишонмаслигингиз мумкин. Аммо мен ишонаман. Уларнинг қўлидан ҳамма иш келади. Улар кечиришмайди. Кечириш нималигини билишмайди. Сиз эса уларга қарши исён қилдингиз. Улар ўз принсипларини қутқазиб қолиш учун ҳамма йўлга бош урадилар…

    -Аммо биз ютганимзда уларнинг принсипларини синдирган бўлардик. Ҳамма нарса биринчи одимга бoглиқ. Биринчисида ютдингизми, демак йўл очилади.

    -Майли укажон, мен сизни ўғлимдек яхши кураман, мен кўнглимдагини айтдим, қўйдим, аммо у кеча ҳам телефон қилди. Мени қаттиқ ҳақорат қилди яна, сизни ўлдиртириб юборишини айтди. Ундан эҳтиёт бўлинг, уни мен яхши танийман. У мафиядан чиққан, бутун мафия унинг орқасида.

    Аҳмаджон аканинг кўзида ёш ҳалқаланди… Мен ҳеч нарса демадим.Мен барибир ўз фикримда эдим. Агар у киши маҳкам турганда Ислом Каримовнинг малайлари ҳеч нарса қила олмас эди. Анашу биринчи ютқазиш кейинги одимлар давомида бизга қимматга тушишини ҳис қилардим, аммо бу қай йўсинда бўлишини тассаввур қила олмасдим. Лекин Аҳмаджон аканинг кетаётиб айтган яна бир гапи менга қувват берди.

    -Мен унинг ҳақоратларини жавобсиз қолдирмайман… Агар сизга бирор нарса қилгудек бўлса, ҳаётининг энг катта хатосини қилган бўлади. Унинг ажали мен бўламан.

    Демак, бу одамнинг ҳам қалбида исён бор.У кишига нисбатан хаёлимдан ўтган салбий фикрлар бирдан ғув этиб учиб кетди ва кузатиб қўйиш учун чиқдим. Кетаётганларида:

    -Лекин барибир ютишимиз керак эди,-дедим.

    -Мен ҳам шу фикрга келдим, аммо кеч…-дедилар.

    …Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг қурултойидан эсда қолган яна бир воқеа шуки, мажлисга Бош вазир ўринбосари, шоир Эркин Самандаров раислик қилганди ва очиқдан-очиқ мени сайламасликларини талаб этганди. Ўшанда хоразмлик ёш бир журналист ўрнидан туриб:

    -Ёшулли, катта ишга ўтиб виждонингизни сотиб юборибсизку!- деганди.

    Шу нарсага аминманки, бу гапни Эркин Самандаров ҳеч қачон унута олмаган бўлса керак, айниқса Каримовнинг топшириғи билан юқоридаги каби жуда кўп “ҳунар”ларни кўрсатиб, кейин ишдан қувиб юборилгач, айниқса бу сўзлар бот-бот қулоқлари остида жарангалаган бўлса ажаб эмас.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz