Ризобек Суббота, 2024-05-18, 22.48.45
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Май » 26 » Қардошлар ижодидан
    01.00.08
    Қардошлар ижодидан

    МЕНИНГ ТАҚРИЗЧИЛАРИМ

    (Ҳажвий ҳикоя)

    Қаппайган хат жилдимни қўлтиғимга қисиб кетаётган эдим, қадрдон дўстимни учратиб қолдим. Биз қучоқлашдик, ўпишдик, бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўрадик.

    Дўстим деди:

    — Хўш, йўл бўлсин? Папкангда нима бор, бунча қаппайган?

    Мен янги ҳикояларимни нашриётга олиб бораётганимни айтдим.

    Дўстим оғир хўрсинди.

    — Ҳа, сизларнинг нон топишларингиз ҳам ҳазилакам эмас, — деди кейин. — Соҳаларингизда шундай олғирлар борки, уларнинг орасидан нон айириб ейиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.

    — Нега? — деб сўрадим.

    — Шунақа-да, — деди дўстим.

    — Сен уларни қаердан биласан?

    — Биламан. Бошимдан ўтказганман.

    Англадимки, дўстим ниманидир очиқ айтмаяпти. Уни шаҳар боғининг бир чеккасига бошладим. Музқаймоқ ва бир шиша шарбат олиб келдим-да, секин уни гапга солдим:

    — Қани, музқаймоқдан ол, шарбат ич. Гапир-чи, қаердан биласан?

    — Бир куни, — деб ҳикоясини бошлади дўстим, — мен шўрликнинг ҳикоя ёзгим келиб қолса бўладими. Қарасам ҳамма ёзяпти: ЖЭК бошлиғиям, автоназоратчи ҳам, дўкон мудири-ю қоровул ҳам ёзяпти. Хўш, улардан менинг қаерим, нимам кам? Улар ёзганда нега мен ёзолмайман, деб ўйладим. Шарт столга ўтирдиму ҳикоя ёзишга киришдим. Ёздим. Мазмуни бундай эди: бир йигит бир қизни яхши кўради, аксига олгандай у қизни бошқа бир йигит ҳам севади. Қиз эса қайси бирига розилик беришни билмайди. Биринчи йигитни Хаёл деб атадим, иккинчисини эса Малол, қизнинг исмини Можаро деб қўйдим. Биласан, унақа шоирона отлар топишга нўноқман.

    Хуллас, гапни чўзиб сени қийнамай қўя қолай, бир неча мавзуни қаламга олдим, кўпгина масалаларни кўтардим, бир неча проблемаларни қамраб олдим, шунингдек, одатга кўра, табиат тасвирига ҳам кенг ўрин ажратдим. Лекин уларнинг ҳаммасини сенга айтмоқчимасман. Ҳикоя шундай тугайди: йигитларнинг қистовини бир ёқли қилиш мақсадида Можаро Хаёлга кечқурун соат саккизда менга қўнғироқ қил, дейди. Хаёл роппа-роса саккизда телефон-автомат будкасига киради. Бироқ аксига олиб автомат ишламайди. У иккинчи будкага киради, аммо у ердан ҳам ҳафсаласи пир бўлиб чиқади. Хаёл бошқа автоматга югуради, лекин у ҳам... Афсуски, атайлаб қилингандай, биронта ҳам автомат ишламайди. Шундай қилиб, Хаёл вақтни бой беради. Можаро эса уни тутуруқсиз йигитга чиқариб, иккинчи йигитга, яъни Малолга изн беради. Ҳикоям жуда чиройли тугайди: "Можаро билан Малол денгиз соҳилидаги боғда эгилиб турган мажнунтол тагида ўтирашарди. Можаронинг соч¬лари ёйилган, хаёлга чўмган, мисоли паридек. Малол ҳам жим. Унинг юраги қувончдан тўлиб-тошган. Малол чуқур-чуқур нафас оларкан, қизнинг узун-узун киприкларига, нафис лабларига, лола каби гўзал бўйни-ю сийнасига суқ билан термулади ва ўзини дунёдаги энг бахтиёр йигит санайди.

    Бу пайтда Хаёл соҳилдаги харсанг устига ўтириб ўзини ҳақоратланган, эзилган каби ҳис этар, бир-бирини қувлаб келаётган тўлқинлардан кўз узолмас, аччиқ-ширин хаёллар гирдобидан чиқолмай, рўёбга чиқмаган муҳаббати ҳақида афсус-надомат ила ўйларди. Эҳ, Можаронинг мовий кўзлари! Уларни унутиб бўлармиди!"

    Ҳикояни ёзиб бўлгач, хотинимга ўқиб беришга қарор қилдим. Ҳар ҳолда, илк ижодим, бегонадан кўра аввал рафиқам эшитсин-чи, қани нима дейди.

    У ҳикояни миқ этмай, бир сўз демай тинглади. Сўнгги жумлани ўқиб бўлишимни биламан, хотиним "Билдим!" деб шунақа қичқирди-шунақа қичқирди, ҳеч ҳисоби йўқ, хонадан отилиб чиқиб кетди.

    Менинг юрагим ёрилиб кетишига сал қолди. Нима бўлди унга, деб ўйлайман. Орқасидан югурдим.

    — Азизам, кимни, нимани билдинг?

    — Сени билдим!

    У кийимларини йиғиштирар эди.

    — Меними? — дедим ҳайрат ила.

    — Нима, мени ҳеч кими йўқ, деб ўйлайсанми? — у кўйлакларини жомадонга тиқа бошлади. — Ёки сенингча, мени карамзордан топиб олишганми? — Оғзи гапдан тинмас, қўли эса янги туфлисини қоғозга ўрарди. — Менинг қўлимга қараб ўтирибди, деб ўйлайсанми? Сенинг кулбангдан кетсам, борадиган жойим йўқми? Янглишасан! Балки менсиз очидан ўлади, деб хаёл қиларсан? Бекорларни айтибсан! Менинг тароғим қани?

    — Азизам, жоним, бундай тушунтириброқ гапир, ўзи? Нималарни ўйлаяпсан? Қаёққа кетмоқчисан?

    — Нима, сенингча, мен шунчалик ғалчаманми, ҳеч нарсани тушунмайманми? Тароғим қани, деяпман?

    — Хўп, айт ахир, нимани тушундинг? Гапир, мен ҳам билайин. Ҳеч нарсага ақлим етмаяпти. Ўзи нима гап?

    — Тўғри, сен ҳеч балони билмайсан! Балки менинг ҳеч қанақа танишим йўқ дерсан?! Тароғим қани? Сенингча мени карамзордан топиб олишгандир?

    — Азизам, жоним! Қанақа карамзор? Қанақа тароқ? Э, жин урсин... Мана тароғинг... Мундай тушунтирсанг-чи, нима гап ўзи? Ҳеч нарсага ақлим етмаяпти! Каллам ғувиллаб қолди.

    — Шундайми!.. Ҳали менинг устимдан куляпсанми? Эҳтимол, мени ҳам билмассан? Бўлмаса, сенингча Можаро ким?

    — Можаро? Бу нима деганинг? У образ... персонаж... яъни, бадиий тўқима, унинг меваси...

    — Менга қара, сен кўп мени лақиллатаман деб ўйлама! Бадиий тўқима меваси эмиш! Қанақа мева эканлигини яхши биламан! Бемаъни эртагингни бувингга айт! Чучварани хом санабсан. Хўш, Тайюбанинг қизи-чи? Балки уни ҳам эслаёлмассан?

    — Тайюбанинг қизи?..

    — Ҳа, ўша! Амакингни қизи Ҳуринисо-чи! Туғилган пайтингларда икковингни нималар қилишган — билмайман, аммо бўй етгач, у бош¬қага турмушга чиқиб кетди, сен эса менга уйландинг.

    — У гапларнинг бизга нима алоқаси бор, ахир?

    — Шунақами? Алоқаси йўқми? Яхши. Қани, айт-чи, Ҳуринисонинг кўзлари қанақа?

    — Мен қаёқдан билай?

    — Шунақа дегин! Билмайман де! Тароғимни бер, бу ёққа! Жомадонни бекит! Мен бу ерда бир дақиқа ҳам туролмайман!

    — Тинчлан, азизам... Ҳуринисонинг кўзлари...

    — Ҳа, мовий! Берилиб ёзганинг аллақандай сатангнинг кўзлари каби. Демак, унинг кўзларини унутиб бўлмайди. Шундайми? Шундайми? Нимаям қилардик, унутолмасанг унутма! Билганингни қил. Мен эса бир дақиқа ҳам турмайман, бу ерда. Билдингми, бир дақиқа ҳам!

    Мен куйиб-пишиб унга бор гапни тушунтира бошладим, онамни ўртага қўйиб қасам ичдим, ҳеч қанақа Ҳуринисони танимайман, ёдимда йўқ, деб қайта-қайта онт ичдим. Бу ҳам кифоя қилмади: Можаро кўзларининг рангини ўзгартирдим, мовий ўрнига светафор кўзларидек сариқ деб ёздим. Охирги жумлани ўчириб ташладим. Кошки шу билан тугаса, хотинимга жуда чиройли, қимматбаҳо дублёнка олиб бердим. Уч-тўрт кундан сўнг базўр ярашдик.

    Ҳикоямни Сокина деган машинкачига олиб бордим. Ёзиб беришни илтимос қилдим. Сокина деди:

    — Йўқ, йўқ, вақтим йўқ. Бўш вақт қаердан бўлсин, менда? Иложим йўқ. Уруш ҳақидами? Уруш ҳақида бўлса икки дунёдаям ёзмайман. Соғлиғимга таъсир қилади. Врачлар айтган, асабийлашиш мумкин эмас менга. Шундоғам давлением баланд.

    — Йўқ, Сокинахоним, уруш ҳақида эмас, рост айтаяпман.

    — Кулгилими?

    — Йўқ, кулгили ҳам эмас.

    — Бўлмаса кўтар, ёзмайман. Нима ҳақда ўзи?

    — Муҳаббат ҳақида.

    — Муҳаббат ҳақида! Боядан бери шуни айтмайсанми, ол бу ёққа, ёзганим бўлсин.

    Сокина ёза бошлади, ёзиш жараёнида фикрларини билдириб борди:

    — Яшавор-э. Манави жойларини яхши ёзибсан. Менга ёқяпти.

    Севинганимдан сакраб кетай дейман. Ҳикоянинг яримларини ёзиб бўлган эдик, Сокина бирдан тўхтади:

    — Сендан илтимос, — деди у, — сабрим чидамаяпти охиригача, қиз кимга турмушга чиқади: Хаёл¬гами, Малолгами?

    — Малолга, — дедим мен.

    — Нега? — деди у менга ҳўмрайиб. — Бундай бўлиши мумкин эмас! Сен шундай қилгин-ки, Хаёл¬га турмушга чиқсин. У келишган йигит. Малолинг қандайдир лаллайган.

    — Қандай бўлади, — мен тушунтиришга ҳаракат қилдим. — Ахир, бадиий мантиқ...

    — Шунақа дегин! Ишинг тушганда юмшоқ супургига ўхшаб турувдинг, энди эса қайсарлик қиласан, арзимаган нарсани илтимос қилса гап қайтарасан, истамайсан! Мантиқ эмиш" Сен ўйлайсан-ки, мен шунчалик саводсизманми, маданият етишмайдими? Ёки китоб ўқимайди деб ўйлайсанми? Кинога бормайманми? Мантиқ дейди яна! Бўлмаса, ахборотинг учун билиб қўй, мен ўқиган китоблар сони бошингдаги сочингдан ҳам кўп. Билдингми? Борди-ю у Хаёлга турмушга чиқмас экан, кўтар ҳикоянгни, ёзмайман.

    — Сокинахоним...

    — Гап тамом. Ўша қизнинг ўрнида мен бўлганимда албатта Хаёлга турмушга чиқардим.

    — Сокинахоним... Албатта у қизнинг ўрнида сиз бўлмайсиз... Ахир, мен сизни тасвирлаганим йўқ-ку...

    — Менга қара, — деди у ранги оқариб, — бор, хотинчангни тасвирла! Ўргилдим! Қоғоз-поғозингни йиғиштир-да, бу ердан туёғингни шиқиллатиб қол!

    Қисқаси, уч ҳафта машинкачи қидирдим. Бирига ҳикоянинг мазмуни ёқмади, иккинчисига мавзуси, яна бири тилидан ёзғирса, бошқаси характерлар ривожини танқид қилди... Бири жуда узун экан, вақтим йўқ, деса, бошқаси: жуда қисқа экан, ёзиб ўтиришга арзимайди, дейди.

    Ниҳоят, инсофли бир машинкачи топдим. Хайрият-ки, у индамай ёзиб берди.

    Хатжилдга солганча хурсанд ҳолда таҳририятга чопдим. Аввал кичик муҳаррир ўқиди, яхши ҳикоя деди, фақат баъзи ўринлари ортиқча, ўчириш керак, деди. Кейин етакчи муҳаррир ўқиди. Яхши, лекин ўчирилган жойларини тиклаш лозим, деди. Сўнгра катта муҳаррир ўқиди, яхши деди, фақат бироз қуруқроқ. Умумий гапларни олиб ташла, шахсий кечинмаларни кўпайтириш зарур, деди. Ундан кейин бош муҳаррир танишди. Яхши ҳикоя бўпти, деди у, фақат бироз ишлаш керак. Шахсий кечинмалардан воз кечиш, умумий фикрларни қўшиш ва бойитиш даркор. Ниҳоят, ҳикоям энг катта бошлиққа етиб борди. Энг катта бошлиқ ҳикояни ўқиб, ҳаммани ўз ҳузурига тўплади.

    — Мен ҳикоянгизни ўқидим, — деди у менга юзланиб. — Менга маъқул бўлди. Сиз жуда муҳим ижтимоий масалани кўтарибсиз. Жуда тўғри пайқаганингиздек, афсуски, баъзи камчиликларимиз, вақтинчалик етишмовчиликларимиз бор, учраб туради. Чиндан ҳам айрим телефон-автоматларимиз яхши ишламаслиги каби фактларга дуч келамиз. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Аммо... бу ерда энг асосийси янглишиш бор. Хўш, у қайси ўринда кўринади?

    Муҳаррирлар бир-бирларига қарашди. Кичик муҳаррир қўлини кўтарди.

    — Ўртоқ энг катта бошлиқ, мумкинми ўз фикримни айтсам?

    — Айт.

    — Ҳаёт ҳақиқатида.

    — Тўғри, — деди энг катта бош муҳаррир. — Худди ана шу ерда. Ҳаёт ҳақиқатини тасвирлашда кўринади. Ўртоқ муаллиф, айтайлик, биз сизнинг ҳикоянгизни шу ҳолда босдик, дейлик. Хўш, Янги Зеландия-чи?

    — Нима? — назаримда унинг гапини хато эшитгандай бўлдим.

    — Янги Зеландия деяпман!.. Бизнинг журналимизни Янги Зеландияда, Финляндияда, Исландия, Гренландияда ўқишларини биласизми? Мисол учун айтайлик, Янги Зеландияда бир ўқувчи сизнинг ҳикоянгизни ўқиб қолди, дейлик. Қарайди-ки сизнинг қаҳрамонингиз телефон-автомат будкасига киради, лекин у ишламайди. Хўш, нима бўпти? Нима, биз камчиликларимизни кўрсатишдан қўрқамизми?

    Етакчи муҳаррир қўлини кўтарди ва деди:

    — Сира ҳам.

    — Жуда тўғри. Қўрқмаслигимиз керак. Аммо қаҳрамонимиз иккинчи, учинчи ва ҳоказо телефон катакларига бош суқади. Уларнинг ҳаммаси баравар ишламайди. Хўш, бундан қандай хулоса келиб чиқади?

    — Умумлаштириш! — деди кимдир.

    — Тўғри, умумлаштириш! Демак, маълум бўлади-ки, сиз қора бўёқни ошириб юборгансиз. Ҳаётимизнинг ёруғ томонларини кўра билмайсиз. Вақтинчалик, онда-сонда учрайдиган ҳодисани сиз... Нима?

    — Таъкидлайди, — деди кичик муҳаррир.

    — Ошириб кўрсатади! — деди етакчи муҳаррир.

    — Бўрттирган! — деди катта муҳаррир.

    — Ҳаддан зиёд оширган! — деди бош муҳаррир.

    — Тополмадинглар, — деди энг катта бошлиқ. — Бу билан муаллиф, — шу ўринда у бироз тўхтаб, нафасини ростлаб олди, — мамлакатимиз ҳақида Янги Зеландия ўқувчиларида нотўғри тушунча, янг¬лиш тасаввур ҳосил қилади.

    — Сиз жудаям ҳақсиз, ўртоқ энг катта бошлиқ, — дедим мен. — Очиғини айтсам, мен ҳикояни ёзаёт¬ганимда Янги Зеландия ҳақида ўйлаш хаёлимга ҳам келгани йўқ.

    — Нотўғри қилгансиз, — деди энг катта бошлиқ. — Нега энди ўйламайсиз? Ёш, ўқимишли йигит бўлсангиз. Одам бир нарса ёзаётганда шу ёзаётган нарсаси ҳақида Тринидад ва Тобаго оролларида нима деб ўйлашини хаёлан тасаввур қилиб кўриши керак. Тао-Као ярим оролида-чи? Клунтур-Плунтур тоғларининг чўққиларида қандай қабул қилишади? Ҳаммасини ҳисобга олиш зарур.

    — Албатта, инобатга оламан, — дедим.

    — Жуда яхши? Нега энди сизнинг қаҳрамонингиз Хаёл ёлғиз қолиши керак? Яхшиси, сиз масалани бошқача қўйинг. Учаласи ҳам бахтли бўлсин. Хаёл, Маёл... Кечирасиз, Малол ва Можаро. Учови бир-бирининг қўлидан ушлаганча ям-яшил хиёбонда қувноқ ҳолда бормоқда. Кейин¬ улар бошлари хам мажнунтол тагига бориб ўтирадилар. Шу жойларини яхши ёзгансиз, менга ёқди. Бошлари эгик мажнунтол проблемасини яхши қўйгансиз. Хўш, демак учови тол соясида ўтиришади...

    — Қанақа қилиб? — дедим мен. — Учови? Ахир, севги...

    — Мунча севги-севги дедингиз. Сизсиз ҳам севги ҳақида кўп ёзишган. Уч дўст, уч ўртоқнинг дўстлиги ҳақида ёзинг... Уч дўст толнинг соясида...

    Энг катта бошлиқ шу ерда бир дам тўхтади. Бундан фойдаланган етакчи муҳаррир минғирлади:

    — Мм...мм...

    Энг катта бошлиқ деди:

    — Сиз нимадир демоқчимисиз?

    — Мен, ўртоқ энг катта бошлиқ, демоқчиман-ки, яъни... мм...ҳалиги...сиз бунга қандай қарайсиз?

    — Нимага?

    — Мм...сояга... уларнинг сояда ўтиришига?..

    — Бу ерда нима жиддий гап бор?

    — Мм...мм... унақа жиддий гап йўқ. Аммо... лекин...демоқчиманки...мм...балки...ҳар хил гап-сўз кўпаймаслиги учун мм...соя... соя томони... Нега энди соя? Негадир шу жойи менга...

    Энг катта бош муҳаррир ўйланиб қолди, ке¬йин деди:

    — Демоқчисизки, буни бошқача тушунишлари мумкин. Шундайми?

    — Ким билади дейсиз? Мм... ҳар эҳтимолга қарши... соя... соя томон... ҳар ҳолда ҳар хил гап-сўз кўпаймаслиги учун... нима дейиларди... ўз соясидан ҳам қўрқади дейдими... соя... билмадим. Яна...

    Энг катта бошлиқ деди:

    — Маъқул — кейин менга қаради. — Яхшиси, сиз ўша жойни ўзгартиринг. Толнинг соясида эмас... менингча, бундай бўлгани тузук: тол... тол... ҳа, топдим: толнинг ёруғида! — У хурсанд бўлганидан ҳатто чапа чалиб юборди. — Жуда яхши! Охирини бундай деб ёзинг... — Унинг кўзлари ўйчан тус олди, ёқимли овозда қироат билан деди: — Ой ёруғи. Бошлари эгик мажнунтол ўз сочларини булоқ сувига ювмоқда. Уч ўртоқ тол ёруғида ўтиришипти, уларнинг дилида романтик туйғулар. Тол! Кўп нуқта... улар ҳам учта... Кўп нуқта... қалай?

    Кичик муҳаррир деди:

    — Ажойиб! Йўқ, ундан ҳам зўр!

    Етакчи муҳаррир деди:""

    — Мен аллачонлар айтганман, ўртоқ энг катта бошлиқ, сиз генийсиз!

    Катта муҳаррир рўмолчасини олиб кўз ёшларини артди.

    — Бу ерда сўз ортиқча... Нима деб қўшимча қилиш мумкин? Ҳеч қанақа! — у йиғлаб юборди.

    Бош муҳаррир деди:

    — Бир нарсага менинг ақлим етмаяпти: шунақа ноёб истеъдод соҳиби бўлатуриб, одамларга шунақа қимматли, ажойиб маслаҳатлар берган ҳолда нега ўзингиз ёзмайсиз?

    Энг катта бошлиқ мушти билан столни бир урди:

    — Игна!

    — А-а... — дейишди муҳаррирлар бараварига, гўё ҳамма нарсани тушуниб етгандай тутишди ўзларини. Аммо бир-бирига шундай ажабланиб термулишди-ки, улар ҳам мендан зиёд бирон нарса англамаганлигини сездим.

    Мен жимликни бузиб, сўрадим:

    — Нима, ортиқ даражада кескинми?

    Энг катта бошлиқ бошини қимирлатиб афсусланди ва деди:

    — Тушунмадиларинг! Игна ҳаммани кийинтиради-ю ўзи яланғоч юради, деган мақолни эшитмаганмисизлар.

    Кичик муҳаррир деди:

    — Ўртоқ энг катта бошлиқ, халқимизнинг бой ижодий меросини сиз бунчалар чуқур, мукаммал биласиз-а!

    ... Қисқа қилиб айтганда, сенинг бошингни кўп қотирмай қўя қолай, менинг ҳикоямни босишмади. Шу кундан бошлаб мен бу ишга бошқа қўл урмадим.

    Дўстимнинг ҳикоясини тинглаб ўтириб дедим:

    — Дўстим, бахтимизга ўшанақа хотинлар, ўшанақа машинисткалар, ўшанақа муҳаррирлар саноқли, яккам-дуккам, гоҳ-гоҳида учрайди улар. Бизнинг хотинларимиз, машинкачилар ва муҳаррирларимиз унақамас, уларнинг кўпчилиги ҳалол, покиза, ростгўй, адолатли, маданиятли, ўқимишли, ақлли, дадил, тарбия кўрган одамлар. Мен ҳозир нашриётга боряпман. Ишонаманки, мени ақлли, дадил, билимли, адолатли муҳаррир қабул қилади. Яна шунга аминманки, энг катта бошлиқ ўнг қўли билан (борди-ю у чапақай бўлса, чап қўлда — бунинг аҳамияти йўқ) менинг қўлёзмамнинг биринчи саҳифасига чиройли қилиб "Наборга!" деб ёзиб беради.

    Дўстим деди:

    — Ҳазиллашмаяпсанми?

    — Йўқ, — дедим мен. — Мутлақо жиддий гапиряпман.

    Анор,

    Озарбайжон

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz