Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 00.25.33
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Май » 27 » ҲИКОЯ
    22.36.32
    ҲИКОЯ
    Оқибат кўрган дарахт

    Эркатойининг авзойи бузуқ келишини кўрган Нўъмонжон ўсмоқчилаб сўради:

    - Ҳа полвон, ким ҳафа қилди?

    Изатилло қовоғини баттар уйиб, ер сузганча тўнғиллади:

    - Анови Элёр пакана-да, жиғимга тегяпти.

    Сўнг кутилмаганда равон оҳангга ўтди:

    - Ҳў-ўв толни ким эккан ўзи, сизми ё Ғулом аками?

    - Нима қипти, ким сўраяпти?

    - Чўзма ясаятувдик, иккаламиз битта айрини талашиб қолдик. Элёр бу асли бизники, деб ҳайдаворди…

    - Нима?! – ғазаб билан жеркиди Нўъмонжон. – Бир қарич боладан қочдингми? Бориб айт, толни бобом эккан экан дегин!

    Иззатиллога жон киргандек, сапчиб туриб ҳовли этаги томон югурди. Нўъмонжон қўшни уй билан ўртада тортилган деворнинг тугаган жойида "манаман" деб турган кекса дарахтга қош чимириб қаради. "Шу ғўдайган тол бўлмаганда томорқаям кенгроқ бўларди, кимга керак ўзи бу!".

    Хиёл ўтмай Иззатилло айвон саҳнидаги сояда узун толчивиқларни тарс-тарс синдириб, айри новдани йўнишга киришди. Нўъмонжон сўрида ёнбошлаганча деворнинг уёғидаги боланинг минғирлаган йиғисини ҳузур қилиб эшитар, ўғлига қараб хаёлан "яшавор, ота ўғил!" дея ғурурланарди. Дарвозанинг зарб билан очилиши иккисини ҳам чўчитиб юборди.

    - Ҳой муштумзўр, қани даданг? - дея Ғулом жавобни ҳам кутмай бостириб келаркан, қўшнисини кўриб босилиш ўрнига тутоқиб кетди.

    - Сен ўзи отангни кўрмагансан-ку, тол экканини қаердан билақолдинг?

    Нўъмонжон ҳадеганда индайвермади, чунки беихтиёр ўчай-ўчай деб турган оловни ўзи пуфлаб аланга олдирганини дарҳол англади. Қўшниси ўтган йилги девор можаросида анча панд еб, алами ичида юрганини ўйламабдиям.

    - Кўрмасам ҳам эшитганман, отам эккан!

    - Бекорларни айтибсан, менинг отам эккан! Щзи ўтган йили беш панжангни оғзингга солиб томорқадан ярим метр чегириб қолгансан, энди битта толгаям эга чиқмоқчимисан? Девор ўз жойига қурилганида тол биз томонда қоларди!

    - Қўлингдан келса бузиб, бошқатдан қур!

    - Бузаман ҳам! Толниям кесаман!

    Хуллас, "бежой" ўсиб қолган битта дарахт баҳона эски гиналар қўзғолди. Нўъмонжон ҳам бўш келмади: бултур ёз бўйи "безиб" тухумини кўрсатмаган товуғи шуларнинг сомонхонасига ўрганганини айтиб, қўшнини роса изза қилди. Эркакларнинг овози тобора кўтарилгани қўшни аёлларга ташаббусни қўлга олиш пайти келганига ишора бўлди шекилли, бир-иккита пичинг ташлаб, улар ҳам қўшилиб кетишди. Жанжалнинг овозаси кўчага чиқди. Бу тарафдаги қўшни оқсоқол кириб қолмаганида, ким билади охири нима бўларди. Тўполоннинг тагига етгач, отахон шарт кесиб гапирди:

    - Бас қилларинг, суф сенларга-е! Бир қарич томорқани деб ёқалашасанлар, қани ўзларинг гуркиратиб боғ қилиб қўйганларинг? Яна битта ковак толни талашганларингга нима дейин! Оталаринг яхши одамлар эди, бирон марта "сен-менга"га боришмаган. Лекин толни улар эмас, анави ўн беш гектарлик ернинг сувчиси Саттор раҳматли эккан, соясида одамлар дам олсин деб. Ундан баҳраманд бўлиш ўрнига… Уят-э!

    Қўшнилар бош эгганча жимиб қолдилар. Отахон ҳам анча сокин, лекин алланечук изтироб билан давом этди:

    - Манави далага тер тўккан қанчадан-қанча деҳқонлар шу тол соясида бир бурда нонини бўлиб еганлар. Бу дарахт қанча оқибат кўрган, нечта беланчак тебратганини билмайсизларда! Туриши ҳикмат-ку бунинг! Тили бўлса айтсин, оталаринг ким бўлгану, ер қадрини нима билан ўлчашганини. Нўъмон, "картошкага соя ташлаяпти", деб отангдан қолган қандак ўрикни кесганингни билмас эканмизми? Сенчи, Ғулом, болта кўтариб югургунча узумингни ҳомток қилсанг бўлмайдими?

    Қўшнилар бир-бирига зимдан қараб олишди.

    - Толни эса тинч қўйинглар. Агар оталаринг экканида ҳам, бири ушлаб туриб, бири сув қуйиб эккан бўлишарди…

    Ҳамма сукутда эди. Енгил шаббода ихтиёридаги толнинг кокиллари силкиниб, гўё афсус билан бош чайқаётгандек кўринар, сийраклашиб қолган соясида эса Иззатилло билан Элёр апоқ-чапоқ бўлиб ўйнашарди…

    Г. Асронова
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz