Ризобек Суббота, 2024-05-18, 22.48.45
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Май » 30 » Қатралар
    01.03.33
    Қатралар

    ЕР КИМНИКИ?

    Қишлоқда яқин бир амаки-жиянларни билардим. Жиян уруш йилларининг бошида туғилган. Фронтга кетган отасидан қора хат келгач, онаси ўзга кишига турмушга чиққан.

    Ҳали ёшига етмаган норасида жиян амакининг оиласида камолга етган. Суннати бўлгач, уйланган. Албатта амакининг кўмагида. Аканинг фарзанди у ахир. Жон-жигар оғадан қолган ёлғиз ёдгор. Йиллар ўтиб уларнинг оралари бузилди. Садоқатга дарз кетди. Улғайиб отасидан қолган ҳовлига эга бўлган жиян айрим бузғунчи одамларнинг гапи билан томорқа-ер устида амакиси билан жанжаллашиб қолади. Мақсади томорқани тенг бўлиб олиш эди. Табиийки, катта рўзғор эгаси бўлган амаки, бу "ултиматум"га кўникмайди. Орага маҳаллий ҳокимият кишилари қўшилади. Даъвогар инсофга чақирилади. Бўлмайди, бўлмайди. Ора-орада икки-уч бор муштлашишлар ҳам юз берди. Амаки ўкинади, қарғайди: "Етим қўзи асрадим, оғзи-бурним мой бўлди, етим бола асрадим, оғзи-бурним қон бўлди".

    Йиллар шу зайл ўтаверди. Борди-келди узилганига ўн йиллар бўлиб кетди. Амаки қон босими ошадиган касалга, жиян эса инсульт¬га йўлиқди. Оёқлари касалхонадан бери келмай қолди. Бу орада жияннинг фарзандлари ҳам вояга етиб, ҳовли тағинда торлик қила бошлади. Сал совиган эски можаро қайта "жонланди". Нари борса тўрт қадам келадиган орадаги жой "сеники, меники" бўлиб икки томонни ҳам ҳолдан тойдирди.

    Инсульт қайталанди. Жиян эллик ёшни ҳам кўрмади. Орадан беш-олти йил ўтиб, қон босими баландлиги амакининг ҳам яйраб нафақа олиб юришига имкон бермади. Бирин-кетин амаки-жиян бандаликни бажо келтиришди. Шуларни эслаб қайсидир китобда ўқиганим ёдимга тушди.

    Бир одам дебди:

    — Бу ер, меники!

    Иккинчи даъво қилибди:

    — Йўқ, меники!

    Ер дебди:

    — Ҳар иккаловинг ҳам меники.

    Якуний хулоса сиздан, азизлар!

    ***

    КЎЗЛАРИМ ДЎСТ АХТАРАР...

    "Бир йигит қирқ йилда вояга етади", деган гап ҳақ экан. Раҳматли отам баъзан бу нақлни атайин бузиброқ айтиб, "қирқ йилда ақлга киради", дердилар. Ўшанда нақд қирқнинг устида турган менга бу шаъма сал ғалатироқ эшитиларди. Отамнинг назарида менинг ақлга киришим кечикаётгандек эди. Орадан бор-йўғи икки йил ўтди. Мен "ақлга киради"га тўлиқ ишондим. Юриш-туриш фаолиятимда ўзгаришлар бўлди. Албатта, ижобий томонга ўзгаришлар. Афсуски, отам кўролмадилар. "Энди унга ақл ўргатишим уят", дерканлар онагинамга. "Туппа-тузук обрўйи, назокатли касби бор ўғлингнинг. Ҳар ким унинг тенги эмас. Даврадошларининг кўпларига унинг одамохунлиги, қўли очиқлиги, айниқса ҳожатбарорлиги керак!" Бу гапларни онам секин менга шипшитардилар.

    — Отам ёмон қарияптилар, — дедим бир куни онаизоримга.

    — Отанг бошидан ўтганини айтади. Одамнинг боши тошга теккач, билади буни. У одамнинг улфатлари гоҳида бир меҳмонхонага сиғмасди. Танига касаллик йўлиққач, кўпчилиги сўрамай қўйди. Соғайгач, отангни улардан кўнгли қолди, — дедилар онам.

    Мен дўстлар хизматини 20 йил бекаму кўст бажардим. Шаҳардаги хонадоним баъзан 2-3 кунлаб меҳмонхонага айланиб кетган вақтлари бўлган. Қишлоқ йигитларини ҳарбийга узатишдан тортиб, шаҳарга ўқишга келганларга ётоқхона олиб беришгача бўлган юмушлар, ҳафтада икки бор тўйларига бориб косагуллик қилишга кетган вақтлар бари беминнат бўлганлигини юрак-юрагимдан айтаман. Кўплаб "дўстларнинг" укалари, жиянлари бугун шаҳарда айнан менинг ёрдамим туфайли, мендан ўн чандон тузукроқ яшаёт¬ганликлари оқланаётган бурчдек ҳаловатли менга.

    Мен "ақлга киргач", яъни 40 дан ўтиб отам сўзларини фаҳмлай бошладим. Ҳушёр тортиш, ўнгланиш арафасида бош "тошга" тегди. Сурункали уч ой тўшак билан "дўст" тутиндим, ҳасратдош бўлдим. Кўзларим дўст ахтарди, таскин ахтарди. Ўнлаб йигирма йиллик биродарлар рўйрост омонатлик қилдилар. Шунда фақат Оллоҳга сиғиндим, отамнинг руҳидан узрлар сўрадим, тавба-тазарру қилдим. Онам бошимда турди. Аёлим, фарзандларим суянч бўлишди. "Дўст"лардан тўртта садоқатлиси қолди, ёнимда. Мен ана шу саодатманд тўртта садоқатнинг вафодор қулиман энди. Шоир айтганидек "Мен садоқат томонман!"

    Дилмурод ЖАББОР.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz