Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 02.16.39
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Май » 31 » Замонавий адабиётни ўрганамиз
    00.33.10
    Замонавий адабиётни ўрганамиз
    Жаҳонгир МУҲАММАД

    ИАК
    Ҳужжатли РОМАН
    Таниқли сиёсат арбоби ва адиб Жаҳонгир МУҲАММАД  ХХ аср охири ва XXI аср бошида ўзбек тарихий романчилигининг янги мактабига асос солди.

    Илмий ишлар билан машғул олим ғоят банд бўлишига қарамай  аниқ далил ва исботлар асосидаги тарихий ҳужжатли романни ҳам моҳирона янги адабий   услубда  тақдим этиши унинг фавқулодда иқтидор соҳиби эканлигидан далолатдир.

    Тарихий ҳужжатли романда адиб   энг асосийси ҳукумат тепасидаги биринчи рақамли диктаторнинг кирдикорларини шундай моҳирлик билан очиб берадики, айрим хронологик китобларни хушламайдиган ўқувчилар ҳам унинг асарини иштиёқ билан мутоала қила бошлашлари аниқ.

    Албатта қисқагина кириш сўзи билан бутун бошли тарихий романга етарлича баҳо бериш қийин.Шу боис ҳам уни бобма боб саҳифаларимизда эълон қилиб бормоқчимиз.

    Марҳамат, ХХI асрнинг яна бир дурдона асаридан баҳраманд бўлиб, замонавий адабиётни ўрганинг.


    Ризо Обид,
    "Замондош" муҳаррири.

    7.ИККИНЧИ СЕССИЯ:

    МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАТСИЯСИ

    Мустақиллик ғояси ҳамма жойда тўлқинланган ва бу тўлқин бирин-кетин соҳиллардаги қояларни йиқитаётганди. Баъзи жумҳуриятларда бу тўлқин қаршисига танклар, турли силоҳлар олиб чиқилса-да, тўхтатишнинг имкони бўлмаётганди. Чунки бу тўлқиннинг орқасида енгиб бўлмас куч – халқ бор эди. Бу тўлқин эстираётган шамол ҳар бир эшикдан ичкарига кираётган ва инсонларнинг қалблари, шуурларини қитиқлаётган эди.

    Аммо биз энг орқада бўлмасакда, энг орқадаги ўринлардан бирида эдик. Анашу орқадалик демократ депутатларга тинчлик бермас эди. Мустақиллик ҳар биримизнинг кўнглимиздаги энг улкан орзу эди.

    1990 йилнинг 18 Июнида бошланадиган Ўзбекистон Олий Кенгаши 12 чақириқ иккинчи сессияси олдидан кун тартибини муҳокама қилиш учун раёсат мажлиси чақирилди.Олий кенгаш раиси, ўринбосарлари ва қўмиталарнинг раислари раёсат аъзоси бўлганлари учун мажлисда ҳал қилувчи овозга эгадирлар. Аммо биз ҳам қатнашсак, бизни чиқариб юбориш ҳуқуқлари йўқ эди. Шу боис бу мажлисга кирдик ва мустақиллик масаласини кўтардик.

    -Бугун бўлажак сессиянинг кун тартибини муҳокама қилаяпсизлар, – дедим мен раёсатда сўз олиб. – Биламан, раёсатимиз “юқори” билан маслаҳатлашмасдан қарор чиқара олмайди. Лекин бу масала маслаҳатни кутмаслиги учун ҳам уни кун тартибига киритишларингизни сўрайман. Ёки бугун раёсат бир ҳайъат тузсин ва сессия иш бошлагунга қадар лойиҳаларни кўриб чиқиб, муҳокамага ҳозирласин.

    -Тўғри,-дея мени қўллади Маданият қўмитаси раисининг ўринбосари Алижон Қўчқоров. -Мана мен узоқ йиллар партия марказқўмида ишладим, лекин бугун мустақиллик дея тўлғанаётган йигитларга қўшиламан. Бу бир ёки икки кишининг ташаббуси эмас. Бу бутун халқнинг дарди. Шу сабабдан унга қўшилмасдан ва уни қўллаб-қувватламасдан иложимиз йўқ.

    Унинг ёнида Бахтиёр Қодиров деган депутат ўтирганди у ҳам қўшилди. Кейин мен каби раёсат аъзоси бўлмасада мажлисга кирган бошқа депутатлар ҳам дастаклашди бу фикрни.

    Раис Мирзаолим Иброҳимов ҳеч нарсага “йўқ” демас эди. “Хўп” дерди, куларди, лекин ваъда амалга ошмай қолаверарди.

    Кутилмаганда Эркин Воҳидов сўз олди.

    -Менимча бу ўйлаб кўрилиши керак бўлган масала. Ҳозир бирдан кун тартибига қўшсак сессияда шошиб қоламиз, тайёр бўлмаган нарсани қандай қилиб муҳокамага олиб чиқиш мумкин? Олдин халқдан сўраб кўрайлик. Қани нима дейди. Шу боис мен бу масала билан шуғулланадиган бир ҳайът тузишни таклиф қиламан. Унгача Оқсоқолнинг фикрларини ҳам биламиз.

    Эркин ака ва ҳамқурлари Ислом Каримовни “Оқсоқол” дейишарди.

    -Мен ҳурматли Ислом акага ўзим тушунтираман. Эркин аканинг таклифлари эса жуда тўгри, мен ўзим Ислом акадан изн олиб бу масалани сессияда муҳокамага қўяман.- деди Мирзаолим Иброҳимов “Оқсоқол”нинг ўрнига “Ислом ака”ни ишлатиб.

    - Лекин тавсия қилинадиган кун тартиби қўлингизда, ҳозироқ унга киритиб, қабул қилиш мумкин, – дея луқма ташладим мен.

    -Тушунаман, ёшларнинг қони қайнаб туради. Аммо бу масала жуда ҳам жиддий, уни икки оғиз гап билан ҳал қилиб юбориб бўлмайди, қолаверса таклифингиз рад қилинмади, қабул қилинди деб ҳисоблайверинг, ука, – юмшоқ оҳангда эътироз билдирди раис.

    -Бу ерда Мустақиллик Декларацияси матнини тайёрлайдиган гуруҳ тузиш таклиф қилинди, ҳеч бўлмаса буни амалга оширайлик, иш давом этиб турсин, – деди Алижон Қўчқоров.

    -Бизга имкон беринг, агар йўлини топсак гуруҳ-пуруҳсиз ҳам бу масалани ҳал қиламиз…,-жавоб қилди раис бироз зарда билан.

    Шу куни Олий Кенгашнинг биз жойлашган олтинчи қаватига Муҳаммд Солиҳ (Салай Мадаминов- Олий Кенгаш рўйхатларидаги асл номи шундай эди-ЖМ) келди. У билан коридорда гаплашдик.

    -Яқинда сизларни ҳам ҳокимиятга қўшиб, ағдарамиз, – деди у.

    -Сизлар деганингиз ким? – сўрадим мен.

    -Нега раёсатда мустақилликни қўлламадингизлар?

    -Тақсир, ахборотни доим нотўғри оласиз,-дедим мен жаҳлим чиқиб.- Эсингизда-ми, сайлов арафасида менинг округимга, Жомбойга борган эдингиз. Ижроқўм биноси ёнида учрашгандик. “Номзодингни қайтариб ол, бу ердан ЭРК партиясининг бош котиби Аҳмад Аъзам сайланиши керак” дегандингиз. Ўшанда сиздан “Бу услубнинг коммунистларникидан нима фарқи бор?” деб сўраганимда “Коммунистларни йиқитиш учун бу услубни қўллаяпмиз” дея жавоб қилгандингиз. Мен эса “Коммунистлар ҳеч бўлмаса олдин ўрганиб, кейин зарба уришади. Сизнинг дўстингиз эса номзодини қўшни округдан қўйган” дегандим. Мана бугун ҳам бизга пўписа қилаяпсиз. Ваҳоланки, бизнинг мустақиллик ва демократиядан бошқа дардимиз йўқ.

    -Аввал мустақиллик кейин демократия…,- деди у жиддий оҳангда. -Иккаласини ҳам баробар амалга оширишимиз керак.

    -Йўқ, унда Московга ўхшаб қоламиз. Уларнинг шиори демократия. Биз эса мустақиллик учун курашамиз, кейин демократия учун.

    -Бу гапингизни Тойиба Тўлаганова эшитиб қолмасин, сизни Каримовнинг одами деб эълон қилади…,-дедим мен киноя билан. Чунки Каримов ҳам Москвани демократияга йўл бераётганликда айблаб юрарди.

    Муҳаммд Солиҳни Мирзаолим Иброҳимов чақиртирган экан, котиби таклиф қилиб у ичкарига кириб кетаркан:

    -Мана бугун лойиҳани газетага ҳам чиқардик,- дея “ЭРК”нинг компютерда тайёрланган икки варақли 8-сонини узатди у.

    Газета-варақа ўзбек тилида бўлиб, унда бир неча кичик мақола, шеърлар бор эди. Биринчи саҳифанинг юқори томонида, чапда эса Декларация лойиҳаси бўлиб, нима учундир у рус тилида эди. Ўша кунлари Олий кенгашда бутун ишни ўзбек тилига кўчириш учун кураш бораётгани боисми бу менинг жиғимга теккан эди. Аммо ҳар нарсанинг сабаби бўлади деганларидек бунинг ҳам бир сабаби бўлса не ажаб?!

    Рус тилида босилган мазкур лойиҳанинг илк 7 жумласи кириш қисмидан иборат бўлиб, асосий қисми ҳам 7 жумладан иборат эди. У Болтиқ бўйи жумҳираятларида эълон қилинган декларастияларнинг қисқартирилган кўриниши каби эди. Энг муҳими унда Ўзбекистон калимасидан кейин ишлатиладиган “ССР” деган ҳарфлар йўқлиги эди. Мен буни Эркин Воҳидовга кўрсатсам, “Солижон менга берганди” дедилар. (Тарих учун бу газета-варақани сақлаб қўйганман.-ЖМ).

    Шундан кейин сессия олдидан “Мустақиллик Декларацияси” деган ном билан иккита ўзбекча матн пайдо бўлди. Биринчиси, “ЭРК” партияси тайёрлаган ва иккинчиси “Бирлик” халқ ҳаракати. Биринчиси анча мукаммалроқ бўлиб, бир саҳифадан кўпроқ эди. Иккинчиси, эса ярим саҳифа бўлиб, умумий руҳдаги чақириқ каби ёзилганди. Олий кенгашда ишлайдиган ходимлар “Булар шунчаки оддий қоғозлар” деб қўл силташарди.

    Биз Олий Кенгаш идорасида ишлайдиган демократик руҳдаги депутатлар эса ҳар иккаласидан ҳам фойдаланган ҳолда янада аниқроқ ва мукаммалроқ лойиҳа тайёрлашни ўйлардик. Яъни унга қонуний тус бериш кераклиги ҳақида бош қотирар эдик. Лекин баъзи қўмита раислари ва ҳайъатдагилар бунга қарши эдилар. Москвадан ажралиш керак, деган гапни эмас, СССР таркибида қолиб, Иттифоқ Шартномасини имзолаб, кенроқ ваколатлар олиш кераклигини афзал кўришарди. Чунки ўша кунларда Москвадан шундай бир таклиф юборилган ва қандай ваколатлар исталиши ўрганилаётган эди. Қўмита раислари қуруқ гапдан кўра, амалий одим тарафдоримиз, Москвадан кўпроқ эркинлик олсак бу фойда деган фикрларини бизга ҳам сингдиришга уринишарди. Каримов ҳам кўпроқ эркинлик билан Иттифоқ таркибида қолиш кераклигини ва айниқса ўзи иқтисодчи бўлгани учун ҳам бунинг афзаллигини тушунишини бот-бот такрорларди. Унинг фақат битта ўйи борлиги яққол сезилиб турарди: бу ўй нима бўлса ҳам Москва менга тегмасин, қолгани дунёни сув босса ҳам менинг тўпиғимга чиқмайди қабилида эди.

    Сессия бошланишидан бир кун олдин кўнглимга бир фикр келди. Нега сессия котибияти аъзолари олдиндан тайинланиб қўйилади ва сессияда номлари ўқиб бериладию “тасдиқланди” деб ўтиб кетилаверади? Ваҳоланки бутун сессиянинг тақдири ана шу котибиятнинг қўлида. Агар котибият мустақил бўлса, мажлислар эркин, кун тартибига исталган нарсани қўшиш мумкин?

    Ўзимча янги котибият рўйхатини туздим ва Олий кенгашдаги дўстларимга:

    -Мажлис очилиши билан котибият эълон қилинар экан, ҳар биримиз биттадан номзод кўрсатайлик. Улар ўн беш номзод кўрсатишса, биз ўн олти кишини кўрсатайлик. Мажбуран овозга қўяди. Ўтгандан кейин бизнинг одамлар котибият мажлисида раис номзодини ўзимиздан кўрсатсин. Чунки мажлиснинг тақдири котибият раисининг қўлида. Бутун рўйхатлар, қарорлар унинг қўлида бўлади. У эса бирортасини ҳам раисга бермайди, сенариясиз сессия ўтказамиз деб эълон қилади. Депутатларнинг талаблари сифатида Мустақиллик Декларацияси муҳокамасини ҳам кун тартибига киритишни сўрайди…,- дедим. Уларга маъқул бўлди бу фикр.

    Сессия куни Каримов чет эллик меҳмони билан водийга кетганди. Бу ҳам ишни қулайлаштирди. Котибият аъзолари тасдиғи бошланганда “Менда таклиф бор” дея ўрнимдан турдим ва котибият аъзоларини янгидан сайлаш керак деган таклифни айтдим. Мирзаолим Иброҳимов:

    -Укам, ҳеч жим ўтирмадингиз. Котибиятга у аъзо бўлди нима, бу аъзо бўлди нима? Шу котибият ўзгаргани билан бир нарсага эришасизми?- дедию қўшимча қилди: -Менда ҳам таклиф бор, Жаҳонгир Маматовнинг ўзи командаси билан секретариатни эгалласин, кўрамиз қани нима бўларкин? Қани рўйхатингизни ўқинг!-деди.

    Мен шошиб қолдим, чунки қўлимда рўйхат йўқ эди. Аммо бундай имкониятни бой бермаслик учун чўнтагимдан ён дафтарчамни чиқардим-да, гўё унга исмлар ёзилгандек, аслида эса хаёлдан, янги номзодлар рўйхатини ўқий бошладим. Олий кенгашда биргаликда фаолият кўрсатаётган дўстларимнинг исмлари бор эди бу “рўйхатда”.

    Бошқаларга таклиф киритиш учун ҳожат ҳам қолмади.Бир зумда мен таклиф қилган “рўйхат” тасдиқланди ва биз орқадаги хонага ўтиб, котибият мажлисини қилдик. Аслида мен “рўйхат”да йўқ эдим. Чунки ўз номимни ўзим таклиф қила олмас эдим. Аммо Мирзаолим Иброҳимовнинг таклифи ўлароқ исмим рўйхатга кирди ва мен котибиятнинг илк мажлисида раис этиб сайландим.

    Каримов бўлганда бунга йўл бермасди. Мирзаолим Иброҳимов эса ҳаётининг энг катта “хато”сини қилиб қўйганидан бехабар эди.

    Бир пайт Каримов кириб келди. У минбарда котибият учун ажратилган жойда ўтирганларни кўриб ҳайрономуз термулди-да, “салом” дегандек меннинг елкамга уриб қўйди ва раиснинг ёнига бориб утирди.

    Мен раисдан сўз сўрадим.

    -Сўз котибият раисига, – деди Мирзаолим Иброҳимов.

    Мен ўртадаги минбарга чиқдим-да:

    -Раёсат таклиф қилган кун тартиби аниқ. Лекин истаган одам кун тартиби бўйича таклиф киритиши мумкин. Котибиятга келган таклифларингизни албатта ошкор этамиз ва овозга қўямиз. Мана бу сўзга чиқувчилар рўхати эса олдиндан тайёрлаб қўйилган экан, уни йиртамиз. – Мен шундай деб, қўлимдаги қоғозларни иккига бўлиб, йиртдим. – Сўзга чиқувчилар ҳам котибиятга таклиф берсинлар, биз рўйхатни таклифларнинг келган соати, дақиқасига қараб тузамиз, – дедим. Мажлисда жонланиш юз берди. Уйқусираб ўтирадиган тўраларнинг ҳам пайтавасига қурт тушди.

    -Мен қайси қоғозга қараб иш юритаман, – дея киноя қилди Мирзаолим Иброҳимов. У Каримовнинг келиб қолганидан ваҳимага тушганди.

    -Кун тартибига қараб раислик қилаверасиз, – деб минбардан тушиб, ўрнимга келиб ўтирдим. Каримов эса ўрнидан турди-да қўл силтаб чиқиб кетди. Унинг нимага келиб, нимага кетганини ҳеч ким тушунмади.

    Мирзаолим Иброҳимов нима қилишини билмай қолди. Олдидаги қоғозларнинг аксарияти бекорга чиқиб қолганди. Котибият аъзолари мажлисга юзма-юз қўйилган жойда ўтириб таклифларни йиға бошладилар ва мен муҳокамага қўйиладаган масалаларнинг номларини эълон қилиб, сўзга чиқувчилар номини Мирзаолим Иброҳимовга етказиб турдим.

    Залда Мустақиллик Декларациясини кун тартибига киритиш учун ҳаракат ҳам бошлатилди.Аввалига депутатлар лойиҳаларни тўппа тўғри Иброҳимовга берибдилар. У эса олиб, столнинг устида тескари қилиб қўйганича қарамабди ҳам. Шундан кейин қайтадан котибиятга келди. Унда “Мустақиллик Декларацияси кун тартибига киритилиши учун овозга қўйишингизни сўраймиз” дейилган ва 167 депутатнинг имзоси илова қилинган эди.

    Шу ўринда котибиятга келган ва архивимда сақланиб қолган мактубларнинг баъзиларини мисол сифатида келтирмоқчиман:

    “Секретариат раиси Жаҳонгир Маматовга. Сўзга чиқиш имкониятингиздан фойдаланиб қўйидагиларни депутатларга-сессияга етказишингизни илтимос қиламан:

    1.Олий Кенгаш раиси таклифларни нега танлаб-танлаб овозга қўяди?

    Биз кўпчилк депутатларга қўл қўйдириб, “Мустақиллик Декларацияси”ни овозга қўйдиришни сўрагандик. Буни эътиборсиз қолдириш ҳуқуқини М.Иброҳимовга ким берган?

    2.Шулар асосида ва икки марта норозилик билдирганим ҳам инобатсиз қолгани сабаб энди раисга ишончсизлик билдираман.

    Ҳамза Ешназараов, 385-сайлов округи”.

    “Мен Маржонбулоқ олтин конида ишлайман.Тезроқ Мустақиллик Декларациясини қабул қилайлик. Кеч бўлаяпти, кеч…

    Абиёр Баротов, 386- Қўйтош округи”.

    “Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

    Биз 167 халқ депутати “Мустақиллик Декларацияи”ни муҳокама қилишни талаб этдик.Лекин раислик қилувчи овозга қўймаяпти. Бир депутат талаби ҳам овозга қўйилиши лозим. Конституцияни ҳимоя қилишни сиздан сўраб, ушбу масалани бугун кун тартибига киритиб, сессия охирида қабул қилиш керак….

    Сизга ишонч билан

    Карим Баҳриев, 327-Қўйқишлоқ сайлов округи”.

    Каримов мажлис залига Бош вазир Шукрулло Мирсаидовга баъзи гапларни айтиб қўйиш учун келган экан. Чунки водийдан қайтиб энди Марказий Осиё лидерлари йиғилишида қатнашиш учун Алматига бориши ҳам керак экан.

    У орқадаги хонада Мирсаидовни кутиб ўтирар экан, ичкарига у ерга улаб қўйилган радиодан мажлисдаги тортишувларни эшитиб қолиб, раисга танбеҳ бериб қўйиш учун сессия бўлаётган жойга чиққан экан. Каримов Иброҳимовни “чимчилаб” қўйгандан кейин орқа хонага ўтиб, Мирсаидов билан гаплашиб турганда мен кириб бордим. Қўлимда бир даста мактуб ва Мустақиллик Декларациясининг матнлари бор эди.

    -Нима гап, яна бузғунчилик-ку?- деди Каримов.- Қоғозларни йиртган билан иш тамом деб ўйлайсизми? Олдингиси дарс бўлмаганга ўхшайди.

    У Журналистлар уюшмасида ютқазганимизга шъма қилаётганди.

    -Миллатвакилларининг кўпчилиги Мустақиллик Декларациясини қабул қабул қилишимизни сўрашаяпти, -дея гап бошладим мен.

    Аммо Каримов гапимни охиригача эшитмади.

    -Уша миллатвакилларингиз … қисиб ўтирсин, – дея қўлини мушт қилиб кўрсатди.

    Бу гапи менга қаттиқ ботди. Чунки мен ҳам ўша миллатвакилларидан бири эдим.Шу боис унга жавоб бериш зарур деб ҳисобладим ва:

    -Сизни маданиятли одам деб эшитгандим…,- Аслида маданиятсиз калимасини ишлатмоқчи эдим, аммо тилим бормади.

    Каримов яна сўзимни кесди:

    -Бу депутатлигингиз узоққа бормайди, деб неча марта айтдим, тушунасизми ўзи? Қолганларники ҳам. Мустақиллик эса хоинлик. Орқадан пичоқ уришдир. Гапиришни биласиз ҳаммангиз, иш эса менга қолган. Мана бу Декларация бир тийинга қиммат қоғоз, буни туалетда ҳам ишлатиб бўлмайди, билдингизми? Шукур Раҳматович керак бўлса шу гапни чиқиб халққа ҳам айтади,- Каримов авзойи бузилиб бақира бошлади.

    Шукрулло Мирсаидов вазиятни юмшатмоқчи бўлди, шекилли, гапга аралашди:

    -Нима экан ўзи бу лойиҳалар? – деди.

    -Мен лойиҳаларни бу ерга олиб келмаслигим мумкин эди, аммо бир юз олтмиш етти миллатвакили бу лойиҳаларнинг остига имзо отган, президентнинг номига мурожаат ёзган. Истасангиз, чўнтагингизга солиб қўйинг, бизда муҳокама қилиш учун бошқа нусхалари бор,- дедим мен Мирсаидовнинг саволига жавоб берар эканман Каримовга юзланиб. Кейин қўлимдаги қоғозларни Каримовга узатдим. Аммо у эмас Шукрулло Мирсаидов олди. Каримов эса 167 рақамини эшитиб, бир лаҳза эсанкираб қолди. Сўнг Бош вазирнинг қўлидан рўйхатни олиб, исм-шарифларга назар ташлади.

    -Вой, аблаҳлар, вой нонкурлар,-дер экан, лойиҳаларни ўқиди-да, саккиз сатрлисини менга узатди:

    -Мана шунисини мажлис охирида кўриб чиқишсин, – деди.

    Каримов ажратиб берган саккиз сатрли лойиҳада ҳеч гап йўқ эди.Чиқиб кетар эканман яна Каримовнинг гаплари қулоғимга чалинди:

    -Бу жўжахўрозлар билан ади-бади айтиб ўтиришга ҳолим йўқ. Агар боягини муҳокамага қўйишадиган бўлишса, мустақиллик деган сўзларни “суверенитет” калимаси билан алмаштириб, Москванинг қонунлари ҳудудимизда ўз кучини сақлаб қолади, деган қўшимча билан қабул қилиш мумкин. Ўшанда ҳеч гап бўламйди. Кейин истасак қайтадан ёзамиз, истасак эълон қилмаймиз. Ўзингиз сўзга чиқиб, бунинг бир парча қоғозлигини тушунтириб беринг, булар ҳали иқтисоднинг “и” ҳарфини билишмайди…Исмоил Ҳакимовичга айтинг, анқайиб ўтирмасдан ана у имзо қўйганлар билан гаплашиб қўйсин…

    Каримов бирдан мен томонга қаради ва:

    -Яна бирор гапингиз борми?- деди. Мен уларнинг гапига қулоқ тутиб қолганим одобсизлик эканлигини ҳис қилиб “узр” дедимда мажлислар зали томон кетдим.

    Шу орада Каримов Эркин Воҳидовни чақиртирди.Мен учун унга танбеҳ бера бошладида дея кўнглим хижил бўлди. Мард бўлса гапини ўзимга айтақолмайдими, деб ранжидим. Аммо гап бошқа эканлигини кейин тушундим.

    Мустақиллик Декларациясини муҳокамага қўямиз десак Эркин ака сўз сўради.

    -Мустақиллик ҳаётимизнинг энг муҳим ва энг керак масаласи. Шу сабабдан бу ҳақда Декларация қабул қилиш учун махсус ҳайъат тузишимиз керак. Бунга ёзувчилар, шоирлар, ҳуқуқшунослар, олимлар, сиёсат арбоблари, хуллас ҳамма соҳадан вакиллар кирсин. Шундай бир ҳужжат қабул қилайликки, дунё бизга қойил қолсин. Сихни ҳам кабобни ҳам куйдирмасдан иш қилайлик…,- деди у.

    Ундан кейин Аҳмадали Асқаров, Муҳаммад Солиҳ, Ойгул Маматова, Мурод Жўраев ва яна бир неча киши сўзга чиқиб ўз фикрларини айтдилар. Кўпчилик ҳайъатни шу заҳоти тузиб, Декларацияни мажлис охирида қабул қилиш кераклигини айтди. Мен ҳам сўз олиб иккинчи лойиҳа мукаммаллигини ва уни муҳокама этиб, қўшимчалар билан қабул қилиш кераклигини айтдим.

    Муҳокама давом этар экан, мени Каримов чақиртирди.


    (Давом этади)
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz