Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 10.43.43
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Июнь » 16 » ҲИКОЯ
    23.43.36
    ҲИКОЯ
    Тўрт ўғилнинг отаси


    Совчилар хонадондан хушнуд чиқишди.
    Уларни катта йўл бўйигача кузатиб қўйган Каримбекнинг ҳам кайфияти чоғ эди. Ахир нега қувонмасин, одамлар қари қиз деб “тўн бичишган”, ёши ўтиб, ўтириб қолди деб ўйлашган қизалоғи – жони-дилига яхши жойдан оғиз очилди. Айниқса, куёв бўлгувчининг таърифидан мум каби эриб, боши айланаёзди. Аллоҳнинг марҳамати улуғ, даргоҳи кенг, деб шуни айтадилар-да. Акс ҳолда тўрт ўғилни уйлаб, силласи қуриган, тирикчилиги қўл учида ўтаётган оилага шундай обрў-эътиборли, нуфузи баланд қўрғондан элчилар ташриф буюришмадими...
    Каримбек ҳали эллика бормаган, лекин кўриниши нафақа ёшидаги кишига ўхшаб кетарди. Сочлари оппоқ, сийрак, олд тишлари тўкилиб, лунжи осилиб қолганида ясама тиш қўйдириб, қиёфасини сал эпақага келтирди. Ҳадеб ўйланиб юргани учун юзи тунд, хўмрайган каби туюлади. Кунганида салқи қовоқлари кўзини беркитиб, яна ҳам “чиройи”ни очиб юборади.
    У остонадан кира солиб, ишком остидаги сўрига ёнбошлади. Чорпоянинг тиззасига ўхшаш устунига кимдир катта пиёлада яхна чойни қуйиб кетибди. Юраги ёниб турган эди, лўққиллатиб ичди. Сўнг сал наридаги болишга суяниб, хотини Умринсони ёнига чорлади.
    Умр йўлдоши бир олманинг икки палласидан ўзига ўхшаб кетарди. Тўрт тўйнинг залвори унинг рангпар чеҳрасига муҳрланиб улгурганди. Рўмоли орасидан илашган сочларининг қорасидан оқи кўп, кенг пешонаси, буғдойранг юзи тарам-тарам...
    Каримбек набирасини зўрға кўтариб келаётган хотинининг аҳволига қараб зимдан ачинди. Тўрт ўғил-у бир қизни туҳфа этган жуфтига кўрсатган каромати унинг қадди-басти, ранг-рўйидан маълум эди.
    -Куёв қутлуғ бўлсин, онаси,-деди у енгил қўзғаларкан,-ўтирган қиз ўрнини топади, деганлари айни ҳақиқат экан, шукр, қизимизнинг бахти очиладиган кўринади...
    Умринсонинг фикри бошқача эди. Бироқ ҳозир эрининг кайфиятини бузишга ботинолмади. Шу хонадонга келин бўлиб тушганидан буён яхши кунига шукр, ёмонига сабр қилиш яшаётган бу муштипар аёлга аллақачон ўзлигидан воз кечиб, рўзғорим, фарзандларим деб яшашга, уларннг қувончини ўз бахти деб билишга ўрганиб кетганди.
    Ота шу топда хаёлот дулдулида самоларга учарди. Эсон-омон шу қизини эгасига топширса, кейин эр-хотин топганини дастурхонга қўйишиб, хотиржам умргузаронлик қилишади. Турмуш ташвишлари, муаммолари ҳам шу билан камаяр ахир. Ўзи етимликда ўсди, мана шу етимчага уйланди. Эр-хотин қўш хўкиз бўлишиб, рўзғор халтасини тўлдиришга киришиб кетишди. Умринсо трикотаж цехида ишлади, Каримбек ёлланма қурувчи сифатида танилди. Аста-секин ўзларидан кўпайишгач, бошлари осмонга етди. Каримбек етимнинг хонадонида тўрт ўғил улғая бошлади. Эр-хотин фарзандлари учун жонини тикиб қўйишди, емай едиришди, киймай кийдиришди.
    Ҳали улгурамиз, болалар улғайишгач, бизларни етти қават кўрпачана ўтқазишиб, топган-тутганини этагимизга солишади, қадримизга етишади. Ана шунда бу қийинчиликлар унутилиб кетади. Бу уларнинг ширин, ҳузурбахш орзулари эди. Аммо орзу орзу-да, унинг воқеликка айланиши учун яна қанча қовун пишиғи бор.
    Умр оқар сувдай ўтиб борарди. Ҳадемай Қаюмбекнинг овози дўриллаб, феъл-атвори ўзгариб қолди. Ота-она орзуси ушаладиган пайт келганини пайқашиб, ҳали бирон касбнинг этагидан тутмаган йигитни уйлаб қўйишди. Оилага яна бир оғиз қўшилди. Бу оғиздан фақат овқат ўтса кошки эди, унинг на гап қайтариши, жанжал кўтариши, дод-фарёд қилиши ҳам бор экан. Келин эмас, балонинг ўқини олишганини пайқашган қайнота билан қайнона тезда икки хонали иморат тиклашиб, ёшларга эркинлик, зларига хотиржамликни раво кўришди.
    Бироқ, бу билан заҳмат олови пасаймади. Халимбекнинг хотини ҳам ҳурликни қўмсаб, арзимаган ғалвага аразлашни ўрганди. Уларга ҳам кулба топишди, бироқ ҳузур-ҳаловат топилмади. Боиси, кейинги ўғиллари Наимбек билан Ойбек ҳам акалари изидан боришди.
    Шу тариқа тинимсиз меҳнат, болаларни уйли-жойли қилиш ташвишида куч-қувватидан, сиҳатидан, энг ёмони ширин хаёлларидан ажралган эр-хотин кенжа қизи Гулбека билан “ўғри урган хонадондай” кўримсиз ҳовлида сўппайиб, бир-бирларига аламли термулиб яшашга кўникдилар.
    Бироқ, қисматнинг “атаганлари” шу билан тугамади. Ака-укаларнинг оқибатсизлиги, рўзғордан барака ариганлиги Гулбеканинг “нархи”ни ростмона тушириб юборди. Бу хонадонга совчи ўрламай қўйди. Шу орада Каримбекка бир дард илашди, кўзини парда босди. Шифокорлар “катаракта бўлибсиз, гавҳар қўйишимиз керак” дейишди. Бироқ кўзга гавҳар қўйгандан, қизининг бирон камини тўлдириш уларнинг назарида жўяли туйилди. Борингки, сеп-сидирға ҳам тайёрланди, лекин... Қиз боланинг савдоси оғир экан. Бозорга сигир олиб борсанг, сотилса яхши, сотилмаса қайтариб келаверасан. Қиз болага харидор чиқмаса, урди Худо деяверинг...
    Каримбек ич-этини еб, адои тамом бўлаёзди. Бир томонда кўз хиралашгани, иккинчи томонда бу мушкулот. Қани тўрт ўғилдан биронтаси келиб, хол-аҳвол сўраса, номига ёрдам кўрсатишса. Тўғри, келишмайди эмас, келишади. Шунда ҳам бирон нарса керак бўлса... Ахир улардан умиди шу эдими?
    Умрини, ҳаётини шуларга бағишладими? Нега меҳр кўрган ўғиллар бу қадар томҳр, худбин бўлиб ўсишди. Тарбиянинг қай ерида адашди? Эҳтимол, уларни ортиқча эркалатиб юборгандир, эҳтимол, ҳаёт синовларига бардошли қилиб улғайтирмагандир. Ундай деса, ҳозир ҳаммаси ёмон яшамаяпти, ҳудди чумолидай уйига ниманидир ташиш билан овора. Лекин, ота-она учун, ёлғиз синглиси учун саратонда олов, қишда қор беришмайди, ҳаммаси хотинининг қули, нафсининг малайи. Агар шу тўрт азамат ўрнига тўрт қўчқорни боққанидами?
    Каримбек хаёлига келган бу фикрдан сесканиб, уни худди хотини уқиб оладигандай хижолат тортиб ён-верига қаради. Индамай киртайган кўкоагига туфлаб қўйди.
    -Тўйдан кейин сени анжонга обориб би-ир лағмонга тўйдираман,-Каримбек буғи чиқиб ётган овқатни кўз ўнгига келтирганида ўзининг ҳам оғзидан суви оқиб, тамшанди,-ҳа майли, икки сихдан кабоб ҳам еймиз, нима дейсан...
    Умринсо ўткинчи ҳавасларга берилмасди. У бунақа эркаликлар, томошаларни бутунлай ёдидан чиқарганди. Унинг тасаввурида ўғил уйлаб, қиз чиқарган онадан ортиқ бахтли инсон йўқ эди. Шу топда у Гулбеканинг сеп-сидирғаси-ю, қирқ кунлик тавозеси, йўқлови ҳақида бош қотирарди.
    -Аллоҳга шукр, кўзимиз очиқлигида қизимизнинг бахтини кўрадиган бўлдик.
    Каримбек худди кайф одамга ўхшарди. Назарида неча йиллардан буён бағрини ўртаб, юрагига санчилган игна тортиб олингандай, ширин жони халоват топгандай эди.
    -Мана кўрасан, ҳали ишларимиз юришиб кетади. Қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди. Сал танбалроқ дейишсаям барибир тўрт чиноримиз бор. Ахир биттадан камини тўлдиришсаям, ханна-да...
    Сен хотин кечки овқатга урин, палов дамла. Гўшт ўрнига тепасига тухум босасан. Мен ўғилларингни чақиртираман. Қизингни дугонасиникига чиқариб юбор. Ҳа, айтмоқчи, қандай камчилиги бўлса тортинмай айтавергин. Салимбой шаҳарнинг таниқли тунукасозларидан экан, обдон суриштирдим.
    Умринсонинг миқ этмай, кичик кўзларини дастурхондан узмай, ўйга чўмиши Каримбекнинг ғашини келтирди.
    -Ҳой хотин, оғзингга тош солганмисан. Мундоқ гапирсангчи, нима хурсанд эмасмисан?
    Аёл ўша кўйи эшитилар-эшитилмас:
    -Гулбека розилик берармикан?-деди.
    Каримбек сийрак сочини силади, чаён чаён чаққандек “дик” этиб ўтирди.
    -Бу билан нима демоқчисан, очиқроқ гапир!
    Бундай зуғумлардан юрак олдирган хотин лабини қаттиқ тишлади. Бироқ зоҳиран кўл мавжидай сокин, ботинан уммон довулидай ҳис-туйғулар пўртана каби отилди.
    -Қизимизни билиб туриб ўтга ташлаймизми?
    Эрнинг энсаси қотди.
    -Ўт эмас, жаннат дегин, жон хотин...
    Умринсонинг митти кўзлар ёшланди, дум-думалоқ томчилар яноғига из солди.
    -Йигирма олти йил тилимнинг тагида, қароғим қанотида асраганимни келиб-келиб қирқдан ошган кишига узатаманми?
    -Ўчир унингни!-эрнинг ранги оқарди, қурт еган тишлари орасидан туфуги сачраб, хотинининг пешонасига ёпишди.-Эси паст, йигит киши қирқ ёшида қирчиллайди... Бойнинг боласи элликка кирса ҳам бўй бола ҳисобланади. Нима, Гулбекани ҳаётини совурмоқчимисан, бошингга ёстиқ қилмоқчимисан.
    Умринсо йиғлаб туриб юрагини ёзди.
    -Бой бўлмай ўлсин, ахир хотини устига қиз олгани қандай юзи чидади экан.
    Каримбек дарров шаштидан тушди. У воқеалар таскари томонга оғиб кетмаслиги учун сал бўш келди.
    -Хотин, Худо ҳаммагаям ўғил ато этавермайди. Салимбойнинг ёлғиз зурриёди уч қиз кўрибди. Шунга отаси бош туриб яна уйламоқчи, билдинг. Акс ҳолда уларнинг бизга қовоғи учиб турганмиди. Қолаверса, ҳозир айби йўқ, ўрни топилса текинга бер, дейдилар. Дийдиёни йиғиштириб, қизингни йўлга сол. Билиб қўй, яна икки йилда пенсияга чиққан куёвгаям рози бўласан. Яхшиси, эсимизнинг борида этагимизни ёпайлик. Яна бир гап, чўнтагида шамол айланган мирқуруқ йигитдан, тилида пул айланадиган бадавлат киши афзал. Қиш ўлдирма-ёз ўлдир, оч ўлдирма-тўқ ўлдир, деб мен айтмаганман-ку, ахир.
    Умринсо ҳақ гап олдида тилини тишлади. Аммо, бу билан муаммо ечилмади. Тортишув паловхонтўра паққос туширилганидан кейин ҳам давом этди. Тўйга ким қандай улуш қўшади, деган саволга тўрт йигитдан биронтаси аниқ жавоб айтолмади.
    -Сизларни шу умидда тарбиялаганмидим?-деди ота пешонаси тиришиб,-Қаюмбек, сен тўнғич ўғлимсан, ўлсам укаларингни бошини силайдиган сенсан, наҳотки ёлғиз синглинг учун атаганинг йўқ бўлса...
    Қаюмбек нимадир демоқчи эди, хотини чапдастлик қилиб, оғзидаги гапни илиб кетди.
    -Ота, ўзиз биласиз, тўнғич неварангиз бу йил институтга кириши керак. Шунча йил ўтирган қиз яна бирор муддат кутса осмон узилиб тушмас.
    Балонинг ўқига бас келолмаслигини англаган ота ўртанча ўғилга нигоҳ бурди. Аммо, Ҳалимбек учун Опиятхон жавоб бериб қўя қолди.
    -Бу йил тутдай тўкилиб турибмиз, бизга узр, ота...
    -Сен нима дейсан, болам?-Каримбек Наимбекка ўғирилди. Аммо отанинг норози кайфиятдаги сўрови Наимбекнинг иддаоси олдида чиндан ҳам арзимас холдай туюлди.
    -Атай қиляпсизми ота, ахир куни кеча қайнонамни тупроққа топширдим-ку.
    Каримбек ўсал бўлиб, дарров кечирим сўради.
    -Буни қара-я, бу бош эмас, бўш қовоқнинг ўзи-ку болам.
    Наимбек тантанавор руҳда завжаси Шаддотхонга кўз ташлади. Негадир бошига рўмол ўрашни унутганазадор келиннинг чиройи очилиб, ясама хаспўшлашга уринди.
    -ўғлингиздан ранжиманг ота, ахир бизни ўзиз яхши биласиз-ку. Қўлимизда бўлса қараб турармидик. Ойдай онамдан айрилиб...-Шаддотхон маслаҳатни азага айлантириб юборишга бир баҳя қолди.
    Гарчи ёруғлик чиқишига умиди сўнганлигига қарамай ота кенжа “ботир” Ойбекни қатордан қолдиргиси келмади. Акаларидан турмуш сабоғини олиб тобланган йигит андишани йиғиштириб, дангалига кўчди.
    -Ота, мен кўча боласиман, акаларим бирни беришса, икки тан қўшиламан.
    Каримбек бу мўлтониликни тушунмади.
    -Жигарларингнинг ҳасратидан чанг чиқяпти-ку, ўғлим.
    Ойбек юзсизлигини давом эттирди.
    -Унда менда нима айб, ахир туғишганларим юзига оёқ қўёлмайман-ку.
    Калака қилинаётганини пайқаган отанинг бутун вужуди қақшаб оғриди, кўз ўнги хиралашди, юпқа, ёрилган лаблари терак баргидай дир-дир титрай бошлади. Агар бошқа одам бўлганида ўрнидан сапчиб туриб, қўлига илинган таёқ билан фарзандларини аямай савалар эди. Аммо, етимликнинг қора қозонида қайнаб тобланган Каримбек тишини тишига қўйди, хира кўзларидаги ип каби майда томирлар қип-қизил қонга тўлди. Худди кўсов каби қоп-қора, қотма қўллари тортишди, панжалари мушт бўлиб тугилди. Шу аснода гезарган лабларидан шу гап сизиб чиқди.
    -Вой худобехабар, вой ноинсоф аҳмоқ, вой ношукр банда!
    Умринсо эри эсидан оғди деб ўйлаб, қўрқа-писа пешонасидан ушлади.
    -Дадаси, кимни ёзғиряпсиз-а?
    Эр хотинига ўқрайди.
    -Кимни бўларди, қўшним Ҳакимжонни-да.
    Ҳамма ҳайрон, нафаси ичига тушиб, унинг оғзига тикилди.
    -Бу Ҳаким дегани шу ерга кўчиб келганидан буён: қўшни менда ўғил йўқ. Меннинг илдизим мўрт, деб йиғлайди. Тўрт ўғилни тарбиялаб, алал-оқибат қиз қизбоққандан холим хароб экан-ку... Энди йигитлар, сизларга жавоб, мен беш йигитнинг ҳиммати бор беш қиз боққан Ҳакимжоннинг этагидан ўпиб чиқай... Унга миннатли ўғилдан ҳимматли қиз афзаллигини уқдирай...
    Каримбек ўғилларини депсаб ўтиб, қўшниси Ҳакимжоннинг дарвозасини шиддат билан қоқа бошлади.

    Абдумутал Абдуллаев
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz