Ризобек Воскресенье, 2024-04-28, 07.59.49
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Июль » 2 » ҲИКОЯ
    00.35.34
    ҲИКОЯ
    ХАТОНИНГ АРОСАТ ЙЎЛИ

    Насибанинг кўзи осон ёриди. Ҳушига келганида палатадаги аёллар аллақачон ухлаб бўлишганди. Насиба мажолсизлик билан ёстиқдан бош кўтариб, деразадан ташқарига бўйлади. Кеч тушибди.

    Симёғочларнинг хира нурлари юлдузчалардек дам-бадам кўз қисарди. Ярим тун бўлишига қарамай машиналар серқатнов. Насиба бир нимадан қўрққан одамдек кўзларини олазарак қилиб атрофга аланглади. Боласини қидирган экан. "Эсим қурсин, дўхтирлар олиб чиқиб кетишганди-ку..." - деди кейин эслаб.

    ...Йўлакчадан чақалоқлар овози эшитилди. Оналар дилбандларини интизор кутишарди.

    - Онажониси! Олмайсизми паҳлавонни?..

    Ҳамширанинг овози Насибани сапчитиб юборди. Чақалоққа базўр қўл чўзди. Ўзи истар-истамас унинг кулчадек юзларига тикилди ва секингина шивирлади: "Тавба, худди отасининг ўзи-я..."

    Орадан бир ҳафта ўтди. Уни йўқлаб ҳеч ким келмади. Шаҳарда бировнинг биров билан иши ҳам йўқ. Насиба Санжар топган квартирада ёлғиз яшаётганди. Энди... жажжи ҳамроҳи ҳам бор.

    Насиба тугунини кўтариб, чақалоғини бағрига босганча туғруқхонадан чиқди. Дўхтирлар билан ўксинибгина хайрлашди-да, уйига йўл олди.

    Мана, тўрт девордан иборат, каталакдек уйига ҳам етиб келди. Уйда ҳеч қандай егулик ҳам қолмаганди. Эмизикли эмасми, Насибанинг ичи ачишди. Газга чой қўйди. Кейин дастурхон ёзиб, қаттиқ-қуруқ нонларни олиб келди.

    Ярим кечаси кимдир эшикни тақиллатди. Насиба чўчиб уйғонаркан, туриб чироқни ёқди. Кейин эшикка яқинлашиб, овоз берди:

    - Ким у?

    - Наси! Оч, оч эшикни...

    Насибанинг юраги қинидан чиқаёзди.

    - Кетинг! - базўр оғзидан шу сўз чиқди. - Киритмайман!

    - Наси, болани бир кўрай, илтимос... Кейин ҳайдасанг ҳам майли... Кетаман... - Санжар энди ялинишга ўтди.

    Насибанинг муз юраги бироз юмшагандек бўлди.

    Санжар ичкарига кириб, гўдак ётган томонга гандираклаб юрди.

    - Мастмисиз? - деди Насиба. - Секинроқ, болани уйғотиб юборасиз.

    Санжар чақалоққа хиёл эгилиб, уни ҳидлади.

    - Буни ширинлигини қара, Наси, - деди кўзларини сузиб.

    Насиба Санжарни базўр кетказиб юборди. Ташқарига чиққанда у ғудраниб: "Мен яна келаман, Наси!" - деди.

    ...Нонушта тайёрлаётган Арофат қовоқ уюб ўтирган эрини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди.

    - Сенга нима бўлди? - ўдағайлади Санжар унга қараб. Арофат индамади.

    Шу пайт уйга Лутфия хола кириб келди.

    - Турдингми, ўғлим? - дея ўғлига юзланди ва нохуш вазиятни англаб, келинига деди:

    - Келин, тушганингизга қирқ кун бўлай деяпти, бирор марта очилиб юрганингизни кўрмадим...

    Шунда "кесак"дан ҳам ўт чақнаб кетди.

    - Ўғлингизни сўроққа тутинг, ойижон, - деди у қошларини чимириб. - Хоҳласа келади уйга, хоҳламаса йўқ...

    Лутфия хола анграйиб қолди. Санжар эса даст ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди.

    ***

    Эшик қўнғироғи кетма-кет чалинди. Чақалоғини қандай овутишни билмаган Насиба, ҳовлиққанча кўча томон шошиб югурди. Санжар экан, Насиба кутмаганди.

    - Санжар ака, сизни Худо етказди, киринг...

    Насиба шундай дея ичкарига кириб кетди. Санжар унинг ортидан бораркан, чириллаб йиғлаётган гўдакни қўлига олди.

    - Нима бўляпти бунга? - сўради у. - Юр, дўхтирга олиб борамиз! Ахир, иситмаси борга ўхшаяпти-ку?!

    ... Касалхонага боришганда Санжар ташқарида қолди.

    Чақалоққа биринчи ёрдам кўрсатилди. Насиба дағ-дағ титраб, дўхтирга юзланди:

    - Опа, болам тузукми?

    - Хавотирланманг, бироз шамоллатибсиз болани. Керакли дориларни ёзиб бераман. Яхши бўлиб қолади, - деб уни юпатди. Кейин ҳамширага қаради: - Арофатхон, нариги хонага чиқиб...

    Шу пайт эшикдан бетоқатланган Санжар кириб келди:

    - Ўғлим... ўғлимга нима қилибди? Тузукми?

    Арофат Санжарни кўриб, ҳайкалдек қотиб қолди.

    - Санжар ака!.. Наҳотки?..

    Дўхтир уларга ҳайрон тикиларкан, ҳеч нимага тушунмади.

    Арофат бўлса... Эс-ҳушини йўқотиб, гангиб қолган эди. "Эридаги ўзгариш сабаблари бежиз эмас экан. Демак у..."

    РАЙҲОНА.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz