Ризобек Воскресенье, 2024-04-28, 21.42.41
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Июль » 4 » Замондошлар ижодидан
    00.33.49
    Замондошлар ижодидан
    Бегона ит

    "Ит вафо..." деган ибора болалигимдан хотирамга муҳрланиб қолгандай. Шунинг учун ҳам бирор киши ит ҳақида салбий фикр билдирса, уни рад қиламан. Ҳақиқатан ҳам, бундай олиб қараганда, ит зоти бошқа ҳайвонларга нисбатан эгасига содиқроқ бўлади... агар у қутурмаган бўлса, албатта.

    Итнинг садоқати ҳақида турли хил афсоналар, ривоятлар, ёдномалар, битиклар кўп қолдирилган. Машҳур Троя жанги қаҳрамонининг Аргус лақабли ити йигирма йил хўжайинини кутади ва у Итакага келганидан кейин умридан рози бўлиб жон беради: садоқатни қаранг!

    Тузингни еб, ўзингни сотиб юрадиганларни ит билан қиёсласак, ҳар ҳолда, унинг тадрижий тараққиёт (ёки эврилиш) натижасида инсон қиёфасини олган авлодларидан анча устунлиги аён бўлади. Бу каби хиёнат тимсоли Эзопдан қолган масалда шундай ифода қилинади: бир қобон доимо эман дарахти тагига келиб, унинг ёнғоқларини тўйиб-тўйиб ер, сўнг дарахт тубини қазарди. Шунда эман: "Эй, чўчқа, ахир мен сенга ризқ бераяпман. Сен эса ҳам ёнғоқларимни еб, қорнингни тўйдириб, ҳам томирларимни қазиб, кесиб, мени қуритмоқчи бўлаяпсан. Шу ҳам инсофданми?" -деса, шунда у "Чўчқачилик-да. Мен бундан бошқа нимага ҳам ярардим",-дея жавоб берган экан.

    Тўғри, халқимизда "у итлик қилди", "итдан тарқаган" каби иборалар мавжуд. Аммо бу, ўйлайманки, Аргусга ёки бойсунлик адиб ҳикоясидаги эгаси қабрида жон берган Кўкбойга ўхшаш садоқатли итларга тааллуқли эмас. Хуллас, ит-вафо иборасининг мазмун-моҳиятига ҳеч қандай шубҳам йўқ. Лекин…

    Ўша куни ишдан сўнг шаҳарнинг энг чеккасидаги битмаган томи устида қўрғошин булутлар қовоғини уйиб турган ҳовлимга қайтдим. Маъюс ҳовлим мени соғингандай, кўчатларнинг баъзилари сўлигандай... Ҳовлим "бу ерни қачон одам яшайдиган қиласан, умринг ўтиб кетаяпти", деб сўраётгандай кўринарди. Шу алфозда кулча юзлари тиниқ, кўзмунчоқдек кутубхоначи жувоннинг бугунги гаплари эсимга келди:

    -Санжар ака, бирор ёққа кетаяпсизми, китобларнинг ҳаммасини топшираяпсиз?

    -Ким билсин, келиш ҳам, кетиш ҳам осон бўлиб қолди. Тасодифан кетиб қолсам, китобларингизни излаб юрманг, дейман-да.

    Ҳазилим хунук чиқди. Чиройли жувон менга савол берганига пушаймон бўлиб, лабини тишлади. Ўзим ҳам ўйланиб қолдим: яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришта омин, дейди. Нима бало, менга берилган муҳлат тугаяптими? Бор-э!.. Тугаса тугар. Ким бу дунёга устун бўлиб қолибди? Шу ҳам гап бўлди-ю…

    Бу фикр ҳам унча тўғри эмас. Ровийлар айтадиларки, ким бу ҳаётни севса, унинг учун ҳар куни кураша олса, шундайларга умр ҳалол, фақат курашчан кишиларгина юксак мақтовларга лойиқдирлар...

    -Воф-воф-воф...

    Баданим жимирлаб кетди. Бу қандай ит бўлдийкин? Ахир, менинг ҳовлимда бегона итга бало борми? У ёнгинамда ҳургандай бўлди. Бурилиб қарадим. Ҳовлим дарвозасида оқиш тукли увоққина ит турарди. Бу қўшнимизнинг ити эди.

    -Воф-воф-воф..-ҳурди у яна (унга эътибор берганимни сезди, чоғи). Кейин у, худди ўз хўжайини ҳовлисида тургандай, дадил ҳура бошлади.

    -Бахайми? Ит деган ўзининг ҳовлисини қўриқларди. Сен эса…

    У яна аккиллади. Мен уни тушунишга ҳаракат қилдим. Нима гап ўзи? У баъзанда бу ердан еб кетадигани ювиндини сўраяптими? Ахир, мен эндигина келдим-ку! Ҳали овқатга уринмаган, дастурхонга қарамаган бўлсам. Қотган ушоқ-увоқ бўлса, унга ташлардим. Ёки у нега анча вақт келмай кетдинг? Келмаган кунларингда дарвозангни қўриқлаб турдим, энди шу хизмат ҳақини бер демоқчими?

    Унга шу қадар маданий муомала қилганим, яъни унинг "воф-воф"ига инсоний сухан билан жавоб берганимга қарамай, у ҳураверди. Энди худди у менинг ҳовлимга эмас, мен унинг ҳовлисига кириб қолгандай важоҳат билан ҳурарди.

    Уни яна инсофга чақирмоқчи бўлдим: ахир, мен бу ҳовлини елкаларим яғир, қўлим, белларим қақшаб, давлат менга дам олиш учун берган кунларда қурганимни ўз кўзинг билан кўргансан-ку. Нега энди шуни била туриб, менга мунча вайсайсан?

    Итвачча андишанинг номини қўрқоқ билдими–мен томон бир-икки қадам босди-да, важоҳат билан ҳура бошлади.

    -Воф-воф, воф-воф...

    -Сенга яна қандай тушунтирсам экан? Дарвоқе, итсан-да! Ит бўлганда ҳам бегона итсан. Энди сенга бу ҳовлининг эгаси ким эканлигини тушунтиришнинг бошқача усулидан фойдаланмасам, бўлмайди, чоғи.

    Шундай дея ҳали шувалмаган ғишт девор ёнида ётган юлғун таёқчани ердан кўтаргандим, масала ҳал бўлди-қолди: шу пайтгача ҳеч нимани тушунишни истамаган ит гап нимада эканлигини дарҳол сезди-да, орқа-олдига қарамай тирақайлаб қочди. У йўл-йўлакай гоҳ ҳуриб, гоҳ ғингшиб борарди.

    Шундай қилиб, биродар, ит-вафо деганларига ишонаман. Лекин ит, барибир, ит-да. Унга бирор нарсани уқтириб бўлармиди–айниқса, у бегона ит бўлса?!

    Шу дам юзимга муздай томчилар қўна бошлади. Мубҳам осмонга қарадим: ҳовли устида тўп-тўп кулранг булутлар, йиғлаб юборадигандай, тўлиб турарди. Яхши бўлди, кўчатларим энди қониб сув ичади…

    Бозор Илёс ал-Амин

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz