Ризобек Воскресенье, 2024-04-28, 16.38.08
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Июль » 5 » Замонавий адабиётни ўрганамиз
    02.33.32
    Замонавий адабиётни ўрганамиз
    Жаҳонгир МУҲАММАД

    ИАК
    Ҳужжатли РОМАН
    Таниқли сиёсат арбоби ва адиб Жаҳонгир МУҲАММАД  ХХ аср охири ва XXI аср бошида ўзбек тарихий романчилигининг янги мактабига асос солди.

    Илмий ишлар билан машғул олим ғоят банд бўлишига қарамай  аниқ далил ва исботлар асосидаги тарихий ҳужжатли романни ҳам моҳирона янги адабий   услубда  тақдим этиши унинг фавқулодда иқтидор соҳиби эканлигидан далолатдир.

    Тарихий ҳужжатли романда адиб   энг асосийси ҳукумат тепасидаги биринчи рақамли диктаторнинг кирдикорларини шундай моҳирлик билан очиб берадики, айрим хронологик китобларни хушламайдиган ўқувчилар ҳам унинг асарини иштиёқ билан мутоала қила бошлашлари аниқ.

    Шунингдек ушбу асарни қунт билан ўқиб чиқсангиз унда эркин жамият қуришни ўрганиш мумкин бўлган ғоят долзарб йўл -йўриқлару кўрсатмалар топасиз.Зеро адабиёт бу одамларга қандай яшаш илмини берувчи бадиий асаргина  эмас, балки  илмий жиҳатдан мафкуравий кураш қуроли ҳам эканлигига =ам ишонч ҳосил қилиш мумкин.

    Албатта қисқагина кириш сўзи билан бутун бошли тарихий романга етарлича баҳо бериш қийин.Шу боис ҳам уни бобма боб саҳифаларимизда эълон қилиб бормоқчимиз.

    Марҳамат, ХХI асрнинг яна бир дурдона асаридан баҳраманд бўлиб, замонавий адабиётни ўрганинг.


    Ризо Обид,
    "Замондош" муҳаррири.
    10. “ХАЛҚ СЎЗИ”

    Ислом Каримов Хоразмга борганда шоир ва айни пайтда вилоят партия қўмитасининг идеология масалалари бўйича котиби бўлган Эркин Самандаров катта йиғилишда унинг шарафига шъер ўқиди. Оз қолсин Каримовни пайғамбар даражасига кўтарадиган шъер эди. Телевизорда Каримовнинг мамнун қиёфасини кўрар эканман, Эркин Самандаров “қушни ургани”нига шубҳа қилмадим. Зотан орадан кўп ўтмай Каримов уни Бош вазирнинг маданият масаласи бўйича ўринбосари этиб тайинлади.

    Аввалига кўпчилик хурсанд бўлди. Нима бўлганда ҳам шоир. Адибларни қувонтирадиган гап. Нима бўлганда ҳам қўшиқнавис. Санъаткорларни мамнун этадиган ҳол. Нима бўлганда ҳам журналист. Илгари “Хоразм Ҳақиқати”и газетасида ишлаб етишган. Демак журнаситлар учун ҳам умид пайдо бўлганди.

    Аммо Каримов уста экан, сўядиган ҳўкизини соҳибига сўйдирар экан. Феъл-хуйини билади-да. Акс тақдирда шохлаб ёки тепиб юборса ўзига келолмай қолиши мумкин. (Зиёлилар бизни ҳўкизга ўхшатибди деб хафа бўлиб юришмасин, ҳўкиз қўй, чўчқа, ит ва эшакдан анча яхшироқ обзраз-ЖМ)

    Эркин Самандаров тез орада санъаткорларнинг кушандасига айланди. Театрлар, консертлар Каримовни улуғлайдиган саҳнага айлана бошлади, озгина мустақил фикр айтишни истаган одам четлаштирилди.

    Мен Эркин Самандаровнинг кимлигини “Халқ сўзи ” газетасига қарши қилган ҳунарларидан яхши биламан. Аммо Каримов унинг қўлини қонга ботириб, кейин ҳайдаб юборди. Кимнинг қонига дейсимиз? Демак бир бошдан.

    Каримов Олий Мажлиснинг ўз газетаси бўлишига розилик бергандан кейин шу борада бош қотира бошладик. Ҳали туғилмаган боланинг отаси бўлишни истаганлар кўпайиб кетди. Эркин Воҳидов ёзувчи ва журналист Нурали Қобулга ваъда бериб қўйибдилар. Йўлини топиб буни Ислом Каримовга ҳам айтибдилар.

    Бир куни Каримов менга:

    -Жаҳонгир, мана буни қаранг, Эркин акангиз билан Нурали бир…(сўкиш калимасини ишлатди) экан,-деди.

    Каримовнинг қўлида Исмат Хушев редакторлик қилаётган “Иқтисод ва Ҳаёт” журнали бор эди. Уни менга узатди. Олиб қарасам, Нурали Қобулнинг ҳаёт қийинчиликлари ҳақида мулоҳазалари ёзилган мақоласи, ундаги иқтисодий камчиликлар ҳақидаги жойларининг ости қизил қалам билан чизилган.

    -Бу қачондан иқтисодни тушунадиган бўлди? У ҳали менга ақл ўргатадиган бўлдими? Унинг бурнини тошга ишқалаб қўяман, ҳали. Ана у латта акангиз эса менга уни (”Халқ сўзи”, ҳали бу пайт газетанинг номи тайин эмас эди-ЖМ) редакторликк тквсия қилиб юрибди. Мен сизнинг илтимосингиз билан бу газетага рози бўлганман ва бу ишни сизга топширганман, бошқларнинг қўлига бериб қўйманг. Ўзингиз бош муҳаррир бўлинг ёки бирор кишини топинг,- деди кескин оҳангда Каримов.

    Аслида мен ундан бундай газета ҳақида илтимос қилган эмас эдим, биз чиқармоқчи бўлган газетани тўхтатиш учун унинг ўзи ўйлаб топган ва газетани бир идорага бoғлаб, назоратини ушлаб турмоқчи эди. Менинг бош муҳаррир бўлишимга ҳам рози эмас эди. Чунки ё ўзингиз бўлинг, ёки бировни топинг, дейиши бежиз эмас.

    Журналистлар уюшмаси раислигига сайланишимга тиш тирноғи билан қаршилик қилган, мустақил газеа чиқармоқчи бўлганимиз учун мени жазолашга буюрган, ҳали яқинда мени “Туркистон”(”Ёш ленинчи”) газетасига бош муҳарирликка кўрсатишганда ҳам оёқ тираб олган Каримовнинг энди рози бўлишига асло ишонмас эдим. Ўзбекистон комсомол қўмитасининг раиси Азиз Носиров менинг номзодимга қаршилик қилган экан. “Ёш ленинчи” расмиятан унга қарар эди. У бизнинг ошкоралик қўмитасининг аъзоси бўлгани учун, мени четга чақириб, “Ислом ака билан муносабатингизни яхшилаб олинг, сизга қаршилар” деган эди. Ўшанда мени бош муҳаррирликка кўрсатиш таклифи кимдан чиққан ва нега мен хабарсиз бўлганимни кейин тушиндим.

    Олий Кенгашдан узоқлаштириш учун Раиснинг тавсияси билан Эркин Воҳидов кўрсатган экан. Балки “Халқ сўзи”га номзодлар сонини қисқартириш ҳам назарда тутилган бўлса ажаб эмас. Лекин бу ёғи менга қоронғу.

    Хуллас, агар менинг номзодимга рози бўлганда Каримов мени шу ишга “сургун” қиларди.

    Бир куни “Халқ сўзи”га Ўзбекистон коммунистик партиясининг Марказий комитети Номоз Саъдуллаевнинг номзодини кўрсатмоқчи эканлигини эшитиб қолдим. У Олий Кенгашнинг Халқаро масалалар қўмитасида ишларди. Уни яхши танир эдим. “Совет Ўзбекистони” гезетасида бирга ишлаганмиз. Қўрқоқлиги ва хасдан ҳам ҳуркиши билан редактор ўринбосари бўлган кезда биз журналистларнинг қонимизни “ичган”. Уни “едактор ўйинбосари” деб орқаваротдан масхара қилишарди. Аввал бўлим мудири эди. Қуп-қуруқ, ўн саҳифалик ёзувидан бир гап ҳам эсингизда қолмайдиган технократ журналист эди. Бунинг устига партия идорасининг ишонилган аскари экан, озгина демократия бошланган ўзи туғилиб ўсган Қўшработ туманидан депутатликка сайланиб олди. Ўша кезда журналистларнинг орасида ўз қишлоғига бориб депутат бўлиб қайтиш модага айланган эди. Шу боис мени ҳам бугунга қадар Жомбойлик деб ўйлашади. Лекин мен Жомбойдан эмас, балки Самарқанд туманидан эдим. Жомбой туманида илгари бир йил ишлаганман ва туман газетасида йил давомида маданият муаммолари борасида шов-шувларга боис бўлган туркум мақолаларим чиққан. Шундан туманда танилган эдим.

    Олий кенгашда нима гап бўлса Номоз Саъдуллаев бориб партия идорасига айтади, деб ундан сир сақлашга уринилар эди. Шу боис Каримов шундай номзодни қўллаши турган гап эди. Баъзи миш-мишларга қараганда у ўзини Каримовга қариндош, деб ҳам айтиб юрар экан. Бу қанчалик ҳақиқатга тўғрилигини эса билмайман.

    Шу боис мен Каримовнинг ўзи ҳам қаршилик қила олмайдиган ёки у кўрсатган номзоднинг олдида икки калла баланд бўлган одам топиш ҳақида ўйлай бошладим. Узоқ ўйлаб ҳам ўтирганим йўқ. Бу одам Аҳмаджон Мухторов эди. Биринчидан, СССР Халқ депутати эди, иккинчидан жуда кучли журналист, бир ўзи бир газетани чиқара олиш қобилиятига эга, учинчидан уни демократия томон йўналтириш осон эди, чунки шунга очиқ одам ва ниҳоят Каримов ҳам унга ишонарди. Чунки Каримовнинг гапи билан менинг Журналистлар уюшмаси раислигига сайланишимга моне бўлганди.

    Мен бу номзод ҳақида дастлаб Тойиба Тўлагановага айтдим.

    -Сиздан шу гап чиққанига ҳайронман,- дея қарши бўлди у.-Бир марта хиёнат қилган одам, яна хиёнат қилаверади.

    -У киши кейин қилган ишини тушунди, менга устозлик қилган бўлса ҳам кечирим сўради. Москвада сессиялардаги чиқишларини кўраяпсизми? У бугуннинг руҳи билан яшамоқда. Агар биз унинг қаватида турсак, кучли газета ташкил қила оламиз,- дедим ва узоқ тортишувлардан кейин уни кўндирдим.

    Қўмитамизнинг қолган аъзолари ҳам рози бўлдилар, чунки Аҳмаджон Мухторов Москвада СССР Олий Кенгашида Гдлян гуруҳига қарши чиқишлари ва “Қишлоқ Ҳақиқати” газетасини ҳеч ким ўқимайдиган рўзномадан қидириб ўқиладиган нашрга айлантирганини яхши билишарди. Лекин унинг номзодини биз кўрсатсак, Каримовнинг ўтказмаслиги ҳам аниқ эди. Шу боис мен Аҳмаджон аканинг ўзи билан гаплашдим.

    -Мен ўзим ҳам газета ишидан йироқлашиб жуда зерикдим,-деди у киши.

    Мен унинг рози эканлигини ҳис қилиб:

    -Шу ишни бошлаб берсангиз мустақил Ўзбекистон парламентининг биринчи газетасига биринчи муҳаррир бўлиб тарихга кирасиз,-дедим,- иккинчидан, бошланиши қандай бўлса кейин уни синдириш қийин бўлади ва фақат сиз бу газетани халқ рўзномасига айлантира оласиз, учинчидан Олий Мажлис, хусусан бизнинг қўмита сизнинг орқангизда туради ва Ўзбекистоннинг эркин матбуотига йўл очилади. Энди бу масалани ўзингиз бир Мирзаолим Иброҳимов билан гаплашасиз. У тавсия қилса, Каримов ҳам йўқ демайди.

    -Мен ўзимни-ўзим тавсия қила олмайман,- деди Аҳмаджон ака,- бунинг устига Ислом ака менга Москвадаги депутатларга раислик қилишни топширмоқчи.

    -Бу яхши имконият,- дедим мен,- Каримовга сиздан узоқда эмас, сиз билан ёнма-ён ишлайман, дейсиз.

    Эртасига у киши Москвага кетди. Орадан икки кун ўтиб телефон қилдилар ва:

    -Мирзаолим ака шу ерда, оғиз очгандим, зўр иш бўлади,-дедилар.-Ислом акага ҳам ўзим айтаман, дедилар.

    Шу кунлари Каримов бир йиғилишда исмини айтмасдан Нурали Қобулни қатиқ тандиқ қилди. Гап унинг журналда ёзгани ҳақида бораётганини ҳамма тушунди. Чунки у қўлида журнални тутганча гапирган эди. Аслида мақола жуда яхши ва одамларнинг юрагидаги гаплар ёзилган эди.

    Нурали Қобул хотини билан айрилгани учун ҳам Каримов уни ёқтирмайди, деган гаплар бор эди.

    Маълумки, Жиззах газетасида ишлаб юрган ёш, талантли журналист Нурали Қобул Шароф Рашидовнинг жиянига уйлангач, “Ўзбекистон санъати” журналига бош муҳаррир бўлиб келди. Ҳамма унинг куёв бўлгани боис раҳбарликка келди, деса-да, лекин журнал унинг келиши билан тубдан ўзгариб, одамлар қидириб ўқийдиган бўлиб қолди.

    У талантли эди. Мен ҳам унинг газетамизга бош муҳаррир бўлишига қарши эмас эдим. Истеъдоди билан бирга ташкилотчилиги ҳам бор эди. Журналда ишлаб ўзини кўрсатаолган, ҳар турли шубҳаларни енгиб чиққан эди. Кейинчалик у Рашидовнинг жиянини қўйиб юборди. Унинг “Муҳаббат” деб номлаган шеъри Шерали Жўраев ижросида машҳур бўлиб кетди. Каримовга “Нурали Қобул Рашидовдан фойдаланиб, кейин жиянини қўйиб юборди ва Рашидов ўлгач уни ёмонлаб роман ёзди” деб ҳам айтишган экан.

    Хуллас, Каримов унга нисбатан тўнини тескари кийиб олганди. Аммо Нурали Қобул бундай булутларни бир зумда тарқатиб юборадиган истеъдодга эга эди. Масалан, муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммд Юсуфни телевидениега олиб чиқиб, Каримовни Аллоҳнинг ердаги сояси дедириб, сайлов олдидан дуо қилдириб юбортирганда кўпчилк ҳайратланиб қолишган. Чунки ўз қарашига эга, деб билинган муфти ўшанда Нурали Қобулнинг “қули” бўлиб кўринган эди. Нурали Қобулни Каримовнинг маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов ҳам қўллаб қувватлар эди.Лекин Каримов ҳаммадан ҳам уста “ўйинчи” эканлигини ўша кезда кўпчилк билмас эди.

    Бир куни Олий мажлис танаффусида мен Каримовга:

    -Ислом ака, газета ҳақида ваъда берган эдингиз, шуни тасдиқлатиб беринг энди,- дедим.

    Шу пайт Нурали Қобул келиб қолди. Каримов “Бўпти қарор лойиҳасини ёзинг” деди менга. Мен ҳали қоғоз қидургунимча, Нурали Қобул қарор лойиҳасини ёза бошлади ҳам. Биргалашиб газетага “Халқ сўзи” деган ном қўйдик ва сессияда дарҳол бу ҳақда қарор қабул қилинди. Каримов Нурали Қобулга хаҳрироҳдек эди, аммо сессиядан чиқиб водийга кетар экана менга:

    -У редактор бўлиши керак эмас, керак бўлса ўзингиз олинг бу ишни,- деди.

    Демак у Нурали Қобулга кулиб қараб турган билан ичида бошқа нарса ўйлаётган экан.

    -Биласизми, деди худди хаёлимдан ўтганини уқиб олгандек,- Христос, билмайман, уни сизлар нима дейсизлар, уруслар Христоз дейди, душманингга ҳам кулиб қара, деган.

    Исо алаҳисалом аслида “душманингни ҳам дуо қил” деган бўлсада Каримов русларнинг ичида тарқалган гапни айтаётган эди. Ҳатто шу лаҳзада Нурали Қобулнинг эмас, менинг бош муҳаррир бўлишимга ҳам рози эди. Бунинг сабабини эса кейин билдим. Каримовга Нурали Қобулни Мирсаидовнинг одами, деб айтишган экан.

    Каримов коммунистик таълимотни жуда яхши ўқиган эди. Бир менга Лениннинг “Партия адабиёти ва партия ташкилоти” деган мақоласини эслатганида, инқилоб учун энг аввало газета керак, деган гапни такрорлаганида бунга амин бўлган эдим. Аслида бу гапни Ленин айтган билан бошқалар ҳам шу фикрда бўлганлар, чунки халқни бир йўлга бошлаш учун минбар керак экан. Энг яхши минбар эса газета, биз ҳам халқни демократияга этаклаш учун газетадан фойдаланишни мақсад қилган эдик.

    Аммо Каримов ҳам бўш келмасди. У жуда моҳир ва талантли эди. Ана шу моҳирлик ва талант фақат ёмон томонга йўналганди. У мақсадга тўғри йўл билан ҳам бориш мумкинлигига ишонмайдиган шахс эди.

    Айни пайтда ҳаммани ахмоқ деб, фақат ўзини ақлли ҳисоблар ва шунинг учун ҳам ҳамма билан ўйин ўйнарди. Унинг ўйин ўйнаганини кўплар билиб туришсада, мансабининг ҳурмати боис унинг мусиқасида йўрғалар эдилар.

    Бизда умумий кайфият шундай эди. Олий мажлис ёки президент девонининг машинасида ишга келсангиз, милитсионер қўлини пешансига олиб бориб, “чест” берарди. Аммо пиёда ўтиб кетсангиз ҳатто қайрилиб ҳам қарамасди. Унинг саждагоҳи темир машина эди. Кимларгадир мансаб аншундай. Бу зеҳният бутун қонимзига сингиб кетган. Мансабдаги одамнинг орқасидан югуриш ва у ишдан кетгач ундан юз буриш халқимизни маънавий ҳалокатга итқитқан иллатлардан биридир. Кўпчилк халқ наздидан тушмаслик учун мансабдан айрилмасликка ҳаракат қилади ва ҳар қандай ўйинга мосланади. Буни табиийки Каримов ҳам яхши билар эди.

    Бизда ҳар ҳолда азалдан сарой найранглари, сарой ўйинлари одат бўлиб қолганди. Бу ердагилар гуруҳларга бўлиниб шоҳнинг фел-атворидан фойдаланиб, ўз ишларини битирар эканлар. Масалан, Каримовга эрталаб бири кириб фалончи ёмон одам, сиз ҳақингизда бўлмағур гапларни айтиб юрибди деса, Каримов бунга ишонмайди. Аммо келишган гуруҳ одамлари бу гапни Каримовга йигирма томондан етказишади ва кимнингдир хонумони барбод бўлиб кетади. Бошқа гуруҳлар ҳам айни ҳунарни қўллашарди ва ўртада доимий, кўринмас жанг боради.

    Бир куни Нурали Қобул менга:

    -Уйда Иштихондан келган яхши қовун бор, бориб емаймизими?-деди.

    Унинг иккинчи умр йўлдоши асли иштихонлик бўлган шоира эди. Улар Марказкомнинг уйида яшар эдилар, ишхонага яқин жойда. Бордик. Қовун ҳақиқатдан ҳам асалдек экан. Лекин Нурали Қобул менга:

    -Дўстим, сарой ўйинларини билмайсиз, бу ерда бир қанча гуруҳлар бор, улар ҳам Каримовга хизмат қиладилар, ҳам ўзларига,-деди.- Биз ҳам ўз гуруҳимзига эга бўлишимиз керак. Аммо бошқалардан фарқимиз шу бўладики, биз халққа хизмат қиламиз, Каримовни ҳам шунга бўйсундирамиз.

    Мен рози бўлишимни, лекин Каримов бизни қўлланиши мумкинлигини айтдим. У рўйхат тузди ва демократ депутатларни ҳам киритиб Мавлон Умурзоқов билан гаплашаман, деб ишга киришиб кетди.

    Аслида бу фикр Нурали Қобулда илгаридан мавжуд эди. Олдинроқ ҳам Боймирза Ҳайитни ватанга таклиф қилиш ҳақида ёзилган хатга 41 депутат қўл қўйганда у “Шундай нарсалар одамларни саралаб қўяди, Олий Мажлисда бир мушт бўлиб иш қиладиган 41 эркак бор экан, қолганлар товуқдай гап, қўрқоқлар” деганди.

    Хуллас, Каримовнинг Нурали Қобулга қаршилиги, мен ҳақимда ҳам фикри кейин яна ўзгариб қолиши ва Номоз Саъдуллаев каби биттасини ўтказиб юборишини билганим учун Мирзаолим аканинг ёнига бориб:

    -Ислом ака менга янги бўладиган газетанинг бош муҳарирлигини ўзингиз олинг, дедилар. Аммо мен ёшман. Сиздан илтимос, ўзингиз шу жойга бирор номзод кўрсатинг,- дедим ҳеч нарсани билмагандай.

    -Аҳмаджон аканга нима дейсан?-деди у.

    -Қарши эмасман,-дедим.

    -Ўзинг уни кўндирибсанку,- дея муҳим сирни очгандек мийиғида кулди Мирзаолим ака. Шунда Аҳмаджон аканинг соддадиллиги ёдимга тушди ва унга телефон қилиб Каримовга ҳам шундай деб қўймаслигини тайинладим.

    Раёсат мажлисида номзодлар масаласи кўрилар экан, Эркин ака Нурали Қобулни айтди. Кимдир менинг номимни айтганди. Мен рад эттим ва Мирзаолим ака:

    -Аҳмаджон Мухторовга нима дейсизлар?- деганди ҳамма қўллаб қувватлади. Демак Каримов ҳам рози бўлибди, деб ўйладим мен. Чунки Каримовдан изн олмасдан Мирзаолим ака бундай “мардлик” қила олмас эди.

    Аҳмаджон ака бош муҳаррир этиб тайинланди ва кадрларни ишга олишдан тортиб, газетада қандай мавзулар кўтарилишига қадар Ошкоралик қўмитаси аъзоларининг таклифларини тўла инобатга олиб ишлай бошлади. Газетанинг биринчи сони чиқиши катта воқеага айланди. Тез орада ҳамма “Халқ сўзи”ни ўқийдиган бўлди ва рўзнома чиндан ҳам халқнинг сўзи айтиладиган минбарга айланганди.

    Аммо газетага қаттиқ босим бошланди. Биринчи сонларида Тошкентдаги марказий универмаг ёнида турна қатор навбат кутган одамлар ва орқадан навбатсиз нарса олиб чиқиб кетаётганлар ҳақида расмли материал чиққани боис Каримов телефон қилиб, Аҳмаджон акани қаттиқ койиб берибди. Аммо биз унга бош келмаслигини айтиб, қўллаб турдик. Бир куни Аҳмаджон ака кўнглини очиб қолди:

    -Бу Эркин Самандаров деган одам нега ишимизга аралашади? Газетанинг бевосита раҳбари бўлган Ошкоралик қўмитаси аралашмайди-у ҳукуматнинг вакили нега хўжайинлик қилади? Ахир у бош вазирнинг маданият масаласи бўйича ўринбосари бўлса? Бизнинг газетамиз Олий Мажлисники? У ҳар кун телефон қилиб эснамни қотирмоқда,-деди Аҳмаджон ака.

    Мен Эркин Воҳидовга айтсам, “Оқсоқолнинг гапи билан аралашаётгандир, ўзича бундай қилмайди” деди.

    Ўзим Эркин Самандаров билан учрашиб гап нимадалигини сўрадим.

    -Ислом акам, бу одамни йўқотиб, ўрнига Абдусаид Кўчимовни қўйишимиз керак, деяптилар,- деди у.

    -Бўпти, мен Ислом ака билан гаплашаман,-дедим унга.

    -Менга у киши эмас, у кишининг номидан бошқа одам айтди,- деб қолди у мен чиқиб кетар эканман.

    Аммо шу куни Каримовнинг ўзи менга телефон қилди:

    -Сиз нима учун Бош вазир ўринбосарининг хонасига бостириб кириб, унга дўқ қиласиз? Қачон мен сизга Кўчимов ҳақида гапирган эдим. Ким ўзи у Кўчимов деганингиз? Ана у ургутлик бола эмасми?- деб қолди.

    Эркин Самандаровнинг сув келмасдан ариқнинг олдини боғлаганига “қойил” қолдим. Унинг ҳар турли ўйинларга уста эканлигини кўп эшитгандим, лекин бунчаликка боришини тахмин қилмагандим. Билдимки, Кўчимов ҳақидаги гап ҳам унинг калласидан чиққан экан. Мен ўша пайт Кўчимов ҳақида яхши гап айтсам, у ҳам бизниинг “одам”га айланарди. Ёмон гап айтсам, Каримовнинг одами бўларди.

    Каримовнинг ажиб одати бор эди. Бир куни Олий Мажлиснинг қабулхонасида жанжал бўлаётганининг устидан чиқиб қолдим. Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида ишлайдиган подполковник Урайимжонов “Тўмарис” хотин-қизлар ташкилоти аъзоларини ҳақорат қилаётган экан. Мен келганда у улардан бирининг кўкрагидан ушлаб олганди. Айтишиб қолдик. Унга ўзининг ҳам онаси борлигини эслатдим. Яқинига борсам, ундан арақ ҳиди анқимоқда.

    -Вазифа вақтида ҳам ичиб олганингиздан кейин оналар ҳам кўзингизга душман бўлиб кўринадилар,- дедим унга.

    -Сиз ичиб олгансиз,-деди у менга,- булар сизларни ҳақорат қилишга келишган, сиз бўлсангиз тарафларини олаясиз?

    -Ичиб олганимда балки сиз билан ади-бади айтиб ўтирмаган бўлардум, булар халқ вакиллари билан учрашувга келганлар ва биз уларни эшитиҳсимиз керак.

    -Бизга уларни эмчагидан тортиб чиқариб ташлаш буюрилган,- деди у ўзлигини йўқотиб.

    Мен жуда ҳам хафа бўлдим. Олий Мажлис котибияти раиси Омон Олимжоновни чақиртириб аёлларни қабул қилдим. Лекин Урайимжоновнинг ҳаракатидан ўзимга кела олмадим.

    Эртасига мажлисда сўзга чиққанимда бу воқеани мисол келтириб, бизга ишониб мурожаат қилганларга муносабат ҳақида гапирдим.

    Каримов “Маст бўлганимзида ҳамм нарса қўшша кўринади” дея кесатди. Кейин билсам, ўша заҳоти Каримовга “Жаҳонгир маст эди ва ишимизга халақит берди” деб айтишган экан. Қизиғи шунда эдики, Каримовга худди мана шунақа гаплар ёқарди. У бундай гапларга ишонарди ва ҳар қанча ўзингизни оқлайман, деб уринишингиз беҳуда эди. Бировни ёмон кўрса, у одам ҳақида фақат ёмон гап эшитишни истарди. Яхши гап айтган одамнинг хонумони куйиб кетарди. Буни билганлар Каримовнинг бу феълидан усталик билан фойдаланишарди. Бунинг устига Каримовнинг биринчи хулосадан воз кечмаслигини ҳам ўрганиб олишганди.

    Менинг Урайимжонов ҳақидаги гапни бир жойда айтишимни билиб у ким орқалидир буни Каримовга етказган ва мени маст ҳолда ишимизга аралашди, дегани ҳам унга мойдек ёққанди ва мана энди уни ўзимга қарши қўлланди. Ўшанда Каримов Урайимжоновни жазолаш ўрнига уни президент девонига ишга олганди. Ана шуни билганим учун ҳам баъзан баъзи одамлар ҳақида гап очилса, индамай қўя қолардим. Шу боис Абдусаид Кўчимов ҳақида ҳам индамадим.

    Абдусаид Кўчимовни “Ленун учқуни” газетасида ишлаганидан биламан. Уни “Машҳур шоирнинг қизига уйланиб, муҳаррир бўлиб олди” деб юришар эди. Болалар шоири эди. Бир куни Самарқандга кетаёганимни айтсам, мен билан бирга кетишни истади ва машинада бирга кетдик. Самарқандга етиб боргач, мен уйда қолдим ва акам уни Ургутга ташлаб қайтди.

    -Бу бола узоққа кетади,-деди акам,-лекин ундан эҳтиёт бўл. У дўстини ҳам ўлдириб, норвон қилиб ўтадиганлардан, бир икки савол бериб билиб олдим.

    Мен эътибор қилмадим. Кейинчалик президент девонида ишлаганимда демократ депутатлар билан Каримовнинг ойда бир юзма-юз учрашувини ташкил қилар эканман, бир куни мажлис тугагач, депутатлар Каримовга яна савол бера бошладилар. Абдусаид Кўчимов ҳам бир нарса деган эди, Каримов уни қаттиқ сўкиб юборди. У бошини эгиб индай тураверди. Шундан билдимки, у Каримовга керак кадрлардан экан.

    Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди. Бир муддат Эркин Самандаровга бўлим мудири, кейин давлат телерадио компаниясида радио бўйича ўринбосар бўлди ва раисликка тайинланди. Бу жойда узоқ ишлаш қийин. Аммо Абдусаид узоқ ишлади. У Каримовнинг оёғини босмаслик учун ҳар қандай ишга тайёрлигини шу йилларда намойиш этди. Халқимизни сиёсий жиҳатдан манқурт бир вазиятга солиш учун у тинмай курашди ва қисман шуни таъминлади ҳам. Хуллас, гап у ҳақда эмас эди. Гап Самандаровнинг макр-ҳийласи ҳақида эди.

    У Аҳмаджон акани ишдан кетказиш учун чин дилдан курашга киришиб кетган эди. Бир куни Каримовга бағишланган достонини чоп этиш учун берибди. Аҳмаджон ака уни менга кўрсатиб “Нима қиламиз?”, дедилар.

    -”Шарқ юлдузи” журналига боп экан,-деб қайтиб беринг,- дедим мен. Лекин Самандаров тўртликлардан иборат мадҳиянома-достонини Каримовга кўрсатиб, “Мухторов маддоҳликни йиғиштиринг, деб отиб юборди” деб айтибди. Каримов бу гапни МХХнинг раисига айтган экан. У қўшнимиз эди. Бир куни ишга кетаётсам:

    -Аҳмаджон акага айтинг, ҳали ҳам кеч эмас, Самандаровнинг достонини чоп этсинлар, шу билан иш битиши мумкин,-деди.

    -Бир тийинга қиммат достон-ку,- десам:

    -Лекин Аҳмаджон акага қимматга тушадиганга ўхшаяпти,- деди.

    Шу кунларда Панорама кинотеатрида Ўзбекистон мусулмонлар жамоасининг сайлов мажлиси бўлди. Шу куни “Халқ сўзи” газетасида ёзувчи Ўктам Ҳакималининг “Оллоҳ” деган мақоласи чиққан эди. Унда Мусулмонлар идораси Саудия Арабистонидан ҳадяга келган 1 миллионта Қурон китобини одамларга совға қилмасдан сотгани ва пулини ўзлаштиргани қистириб ўтилганди.

    Мусулмон делегатларга “Бу газета бандани Худо деб эълон қилди” деб тушунтиришибди. Мақола босилганда Ўктам Ҳакималининг исми юқорида ва сарлавҳа пастроқда бўлгани боис бир қарашда Ўктам Ҳакимали Худо деган гап чиқарди. Аслида эса “Халқ сўзи” ҳамма чет муаллифларнинг номини юқоридан берар эди. Қолаверса Худо калимаси катта ҳарфаларда бўлиб, сўзлар бир биридан узоқда ва ажратилган ҳолда эди.

    Хуллас, шу куни Аҳмаджон акадан узр сўрашни талаб қилишди. Эркин Самандаров газета таҳририятига келиб, Аҳмаджон акага “Юринг мусулмонлар талаб қилишмоқда, ўша ерда узр сўрайсиз, оқсоқол шундай дедилар”, деб олиб борибди. У ерда мусулмонларни Аҳмаджон акага қайраб гапни оз қолсин “У ўлганда жанозасиз кўмилсин” деган фатвога чиқаришга қадар олиб боришган. Кейин Эркин Самандаров видеотасмани таҳрирдан ўтказиб, олиб бориб, Каримовга қўйиб берган ва “Аҳмаджон Мухторовнинг диний жамоа билан алоқаси бор, мана уларнинг йиғилишларида ҳам сўзга чиқиб юрибди” деган. Унинг узр сўраган жойлари кесилиб, бошқа гаплари қолдирилган экан. Ҳар ҳолда бу амалиёт Эркин Самандаров билан бирга ўша кездаги диний жамао пешволарининг “отаси” бўлган МХХ раси Ғулом Алиевнинг ҳунари бўлса керак. Шундан кейин Каримов Олий Мажлис раисига (Бу пайтда Иброҳимов ишдан олинган ва ўрнига Шавкат Йўлдошев раис этиб келтирилган эди) бош муҳаррирни ишдан бўшатиш ва газетани Олий кенгаш билан бирга Вазирлар маҳкамасининг ҳам нашри этиб эълон қилишни топширган эди.

    Биз бу ҳаракатга қаршилик қилдик. Газета ходимлари иш ташлаш эълон этдилар. Биз депутатлар ҳам уларнинг ёнига бориб турдик. Мухолифатдан Ёдгор Обид ва бошқалар ҳам келиб уч кун шу ерда туришди. Каримов ҳеч биримиз билан гаплашгиси келмас эди.

    Иш ташлаш давом этар экан, Аҳмаджон ака ҳали ҳам буларнинг орқасида Эркин Самандаров ва Шавкат Йўлдошев турганига, Ислом Каримовнинг бехабарлигига ишонар эди. Ислом Каримов эса ўзини олиб қочиб ҳеч кўриниш бермас, телефонларга ёрдамчиси “Келсалар айтаман, сафардалар” каби жавоб берарди.

    Учинчи кун Каримов Аҳмаджон аканинг хонасига телефон қилди. Аҳмаджон ака Каримовнинг гапини эшитар экан, қизариб кетди ва ўрнидан турди.

    -Сўкманг, сўкманг, менинг онам гўрда ётибдилар,- деди, лекин Каримов аллақачон телефон гўшагини қўйган эди. Аҳмаджон ака хўрлиги келган одамдай йиғлаб юборди.

    -У онамни ҳақорат қилди,- дея олди фақат.

    Шундан кейин иш ташлашларнинг ҳам, бизнинг у ерда туришимизнинг ҳам маъниси қолмади. Аҳмаджон ака ишдан қўлини ювиб, қўлтиғига урди ва уйга қамалиб олди. Кейин ҳам у бу гапни узоқ эсдан чиқара олмади ва фақат онасининг руҳига дуо қилиб, кечирим сўраб юрди. Каримов эса унга оддий иш берилишига ҳам қаршилик қилди. Охир оқибат Ўзбекистоннинг забардаст журналисти мияга қон қуйилишидан ўлди. Бу Каримовнинг одамларни ўлдириш усулларидан бири эди. Каримовнинг жаллоди ўлароқ Эркин Самандаровнинг қўли қонга ботганди. У биргина Аҳмаджон аканинг эмас, балки яна кўпларнинг қотилига айланди ва бу ҳақда кейинги бўлимларда тўхталамиз.

    Раҳматли Аҳмаджон ака ишсиз юрган кунлари катта дафтарга бошидан ўтганларини мақола тарзида ёзарди. Бир куни кўзим тушиб қолди. Тўрттаси Эркин Самандаров ҳақида экан.

    - Яқин орада эмин-эркин замон келади ва буларни чоп этаман,-деганди у. Аммо у ҳаёт бўлган кунлари ундай замон келмади, балки келар, аммо у етмади шундай кунларга. Унинг ёзганлари қаерда қолди экан? Уни келажак авлод ўқир эканми? Кимдир балки уларни сақлаб қўйгандир?

    Шу билан биз орзу қилган “Халқ сўзи” ҳам битди. У энди ҳукуматнинг, тўғрироғи Каримовнинг сўзига айланган эди.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz