Ризобек Суббота, 2024-04-27, 19.51.24
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Июль » 6 » "Бирдамлик"да
    10.37.10
    "Бирдамлик"да
    Баҳодир Чориев
    “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари


    “Бирдамлик” мақсади - Ўзбекистонда демократия ўрнатиш!

    “Бирдамлик” халқ ичига кириб боравергани, унинг сафлари мустаҳкамланаётгани сари баъзи мухолифатчилар ўзларининг беҳузурлигини иғволар, бирон бир тарбия кўрган инсон тилга олиши мумкин бўлмаган сўзлар билан ифода қилишдан тўхтамаяптилар.  Айниқса, “Эрк” партиясининг рупори - “Понауз” ва “Бирлик”нинг “Ҳаракат”и бу борада жонбозлик кўрсатмоқда. Уларга кўра “Бирдамлик” аъзолари хунаса, “Бирдамлик”чилар МХХ га хизмат килаяпти. Бу иғволарни ўқир эканман ҳамиша менда бир савол туғилади:  “Бирдамлик” МХХ нинг хизматидаги ташкилот экан, буни сиз қандай тасдиқлайсиз ёки МХХ сизга ҳисобот юбориб турадими?

    Абдурахим Пўлатовга айтгим келади - ҳунасаликни нима эканлигини биласизми? Сиз ўзингиз ёки яқинларингиздан бирортаси “Бирдамлик”чилар билан яқин жинсий алоқада бўлганмисиз?  Ҳар бир фикр исботи билан, бирор асосга таянган ҳолда айтилиши керак эмасми?

    Яна бир нарсани айтиб қўймоқчиман, “Понауз” сайтида берилган материалларда бир неча бор “Бирдамлик” сайти иғво ва хақоратлардан иборат деган иддао босилди. Мен ва сайт муҳаррири ҳар бир материални қайта кўриб чиқдик ва биронта инсон шаънини ерга урувчи сўз топмадик. Сайтда берилган мақола муаллифларининг дунёқараши, уларнинг фикрлари кимгадир ёқиб, кимгадир ёқмаслиги табиий. Лекин фикр ёқмаса фикр берилади, мунозара деган нарсалар бўлади. Ёки сўз эркинлиги демократиянинг асосий шартларидан бири эканлигини демократмиз деб жар солаётганлар наҳотки билишмаса.

    Фақат ҳақорат ва туҳмат билан қуролланиб, озгина ҳаққоний танқид учун ҳам дўқ -пўписа қилиб нимага эришиш мумкин? Қўлингиздан келса ҳақоратсиз, туҳматсиз ўз нуқтаи назарингизни билдиринг. Қўлингизда бизни МХХ хизматида эканлигимизни кўрсатувчи далил-исботингиз бўлса очиқланг. Шунингдек, А.Пўлатов ҳам ўз ҳақоратларини далил-исботи билан очиқласин. Агар очиқлай олмасалар уларни ғирт иғвогар ва туҳматчи деб аташга тўла ҳақимиз бор.

    Айрим сафдошларимизнинг ўзбекона андишага бориб “эркчи” биродарларимиз ўз лидерларига, “Бирликчи” биродарларимиз ҳам ўз лидерларига нисбатан мулоҳазаларини айтолмаётганликларини ҳам тўғри тушунаман.  Лекин андишани отини қўрқоқ қўйиб, 20 йилдан бери бир-бирини ғажиш билан вақтини зое ўтказаётган икки лидерга “бас” дейиш вақти етмадимикин!?. Бу икки лидернинг қилаётган ишларига қараб ҳайрон қолмай иложинг йўқ:

    А.Пўлатов ҳаммани сотқин дейди, хунаса дейди, ит дейди, шу билан бирга “Бирлик”ка бирлашинг ва моддий ёрдам беринг дейди.  Демак, бирлашсак, пул берсак яхшимиз, бўлмаса ёмонмизми?

    Солиҳчилар ҳаммани МХХнинг агентига чиқариб бўлди. Фақат М.Солиҳга таъзим қилувчилар ёки 20 йил давомида унинг барча хатоларига индамай кўз юмиб келаётганларгина бу “унвондан” қуруқ қолди. Энди эса иттифоқ тузиб, ҳаммани ҳамкорликка чақирмоқдалар. Ҳамма МХХ бўлса, улар билан ҳамкорлик қилиб нима қиласиз?  Нима ҳам қилардингиз 3-4 ой ичида йўқ жойдан бир икки ташкилот тузиб, у чўнтагингиздан олиб бу чўнтагингиза солиб,  “иттифоқ-иттифоқ” деган номи катта, лекин ўзи майда ўйинларни ўйнаб….

    Кези келганда “Андижон-13” ташкилоти ҳақида икки оғиз сўз айтмоқчиман:
    Тўрт йилдан бери қаерда эдингиз? Андижондаги воқеаларни ўз кўзингиз билан кўриб, яна ҳукумат билан шартлашиб, ўлганлар руҳига хиёнат қилиб тўрт йил оғзингизга талқон солиб ўтирдингиз. Биз андижонликлар хотирасига бағишлаб қанчадан қанча намойиш ва пикетлар ўтказдик. Андижон воқеасидан кейин режимга қарши курашиш учун кўпчиликни жалб қилишга ҳаракат қилдик. “Озодлик” радиоси олдида Ўзбекистонга эшиттириш учун талаблар қўйдик. Сизлар эса мум тишлаб ўтирдинглар.

    Энди қолганларни (Ўзбекистондагиларни) хавфга қўйиб иттифоқ туздингиз. Билишимча, Андижон ҳақида дунёга айтадиган гапингиз йўқ. Эътибор камайдими? Иқтисодий инқироз сизга ҳам панд бердими? Ҳар ҳолда сиёсат майдонига келишингизнинг боиси нима? Ҳукумат шартларини бажармади, деган иддонгизга жуда кулгили. Сиз билан расмий Тошкент орасида ҳеч қандай келишув бўлмаган, деб ўйлайман. Агар келишув бўлган бўлса сиз хиёнатчисиз. Бугун М. Солих билан келишдингиз, аминманки тўрт йилдан кейин унга нисбатан худди шундай хиёнат қиласиз.

    Энди “Пона уз”сайти ва Бобожоновларнинг “топилмас матоҳи” Икром Ёқубов ҳақида:

    Мен авваламбор И.Ёқубовнинг МХХ да шундай катта лавозимларда ишлаганига ишонолмайман. Агар унинг гаплари рост бўлса, яъни ўзи айтган жойда ишлаган бўлса, менинг назаримда ундан хавфлироқ одам йўқ. Чингизхон ўз уруғини жанг пайтида ташлаб у томонга қочиб ўтган бир жосусни ўлдиришга буюрган экан, унинг бу қароридан ҳайрон бўлганларга шундай деган экан: “Эгасига вафо қилмаган ит менга вафо қиладими?”.

    Энди кейинга пайтда “Эрк” демократик партияси атрофига йиғилаётган ёки “Эрк” партиясига ҳайрихоҳлик билдираётган диний ташкилот ва оқимлар ҳақида фикримни билдириб ўтмоқчиман. Менга М. Солиҳни жуда яхши билган бир одам 1991 йилдаги сайлов пайтида “агар Ўзбекистонни исломий давлат қиламан десангиз сизга етарли овозни ҳам, етарли маблағни ҳам етказиб берамиз”, деган диний ташкилот вакилларига: “Сизни бу таклифингиз нақадар жозибали бўлмасин, мен уни қабул қила олмайман, чунки, илоҳий динни сиёсат даражасига тушуришни истамайман. Мен президент бўлсам Ўзбекистонда ислом давлати бўлишига йўл қўймайман” деганини айтиб берган эди. Шуни эшитганимда М. Солиҳга қойил қолган эдим. Бу жуда мардона жавоб эди. Наҳотки муҳожиротда юриб умидсизликдан ва ўзингизга бўлган ишончсизликдан қутулишнинг ягона йўли деб динни танлаган бўлсангиз. Ҳаммамиз мусулмонмиз, лекин бугун Ўзбекистонда исломий давлат қуриш учун қилинаётган ҳар қандай ҳатти - ҳаракат ўзбек халқига қарши қилинаётган ҳаракат деб баҳолайман. 19-аср бошида ўзбекларни диндан йироқлаштириш, аёлларни очиқ юришга мажбурлаш қанча фожеа келтирган бўлса, бугунги кунда шариат аҳкомлари асосида яшашга халқни мажбурлаш ҳудди шунча фожеага олиб келади. Дин - бу сиёсий система эмас, уни сиёсийлаштириш фақатгина қай йўл билан бўлса ҳам хокимият тепасига келишни истаганларгагина керак.

    “Бирдамлик”нинг позицияси - Ўзбекистонда демократик давлат қуриш ва шу йўлда соғлом кучларни бирлаштириш. Дунёвий тажриба шуни кўрсатадики, соғлом кучлар умуминсоний принциплар, демократик анъаналарга содиқ қатламлардан иборат. Лекин ўзларини демократман деган баъзилар мамлакатдаги парокандалик туфайли муҳожир сифатида Европага келиб қолган фанатик диндорлар билан ҳам бирлашишга ҳаракат қилмоқдалар. Мазкур ҳаракатлар позицион характерга эга бўлганлиги учун ҳам бу ҳақда гапириш, кураш йўлларимиз сарҳадларини яна бир бор аниқлаштириб олишимиз лозим деб ҳисоблайман. Масаланинг халқимиз тақдири, мухолифат истиқболи билан боғлиқ жиҳатларини ҳисобга олсак, нафақат уларнинг бу ҳатти - ҳаракатларини қўлламаслигимизни, балки бундай жараёнларга қарши эканимизни ҳам билдирмоқчиман.

    Албатта бу мақолани қоралашдан аввал “Бирдамлик” фаолларининг фикрларини ҳам ўргандим. Хурсанд бўлдимки барчамиз мен айтаётган позицияда ҳар қандай диний радикал, демократиядан йироқ қарашлар билан суғорилган ғояларни рад этишда собит эканмиз. Шунингдек, биз ҳар қандай зўравонликни, қурол кучига суянган ҳатти - ҳаракатларни қоралаймиз. “Бирдамлик” Ўзбекистонда ҳар қандай демократик жараёнларни конституцион йўл билан амалга ошириш тарафдори. Тўғри, бу йўл машаққатлидир, лекин мухолифат машаққатдан қўрққанларнинг жойи эмас. Ҳазрат Навоий айтганидек: “Эрмас осон бу майдон ичра турмоқ…”

    Бугун А.Пўлатов ва М.Солиҳ “Бирдамлик”нинг равнақидан манфаатдор эмасликларини очиқ - намоён этиб бўлдилар. Бу эса ҳаракатимиз олдидаги вазифа ва мажбуриятлар биз ўйлаганимиздан ҳам кўп эканлигини англатмоқда. “Бирдамлик”чиларни айнан шуни ҳис этишларини истардим…

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz