Ризобек Воскресенье, 2024-04-28, 17.05.19
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Июль » 12 » Замонавий адабиётни ўрганамиз
    00.39.07
    Замонавий адабиётни ўрганамиз
    Жаҳонгир МУҲАММАД

    ИАК
    Ҳужжатли РОМАН
    Таниқли сиёсат арбоби ва адиб Жаҳонгир МУҲАММАД  ХХ аср охири ва XXI аср бошида ўзбек тарихий романчилигининг янги мактабига асос солди.

    Илмий ишлар билан машғул олим ғоят банд бўлишига қарамай  аниқ далил ва исботлар асосидаги тарихий ҳужжатли романни ҳам моҳирона янги адабий   услубда  тақдим этиши унинг фавқулодда иқтидор соҳиби эканлигидан далолатдир.

    Тарихий ҳужжатли романда адиб   энг асосийси ҳукумат тепасидаги биринчи рақамли диктаторнинг кирдикорларини шундай моҳирлик билан очиб берадики, айрим хронологик китобларни хушламайдиган ўқувчилар ҳам унинг асарини иштиёқ билан мутоала қила бошлашлари аниқ.

    Шунингдек ушбу асарни қунт билан ўқиб чиқсангиз унда эркин жамият қуришни ўрганиш мумкин бўлган ғоят долзарб йўл -йўриқлару кўрсатмалар топасиз.Зеро адабиёт бу одамларга қандай яшаш илмини берувчи бадиий асаргина  эмас, балки  илмий жиҳатдан мафкуравий кураш қуроли ҳам эканлигига =ам ишонч ҳосил қилиш мумкин.

    Албатта қисқагина кириш сўзи билан бутун бошли тарихий романга етарлича баҳо бериш қийин.Шу боис ҳам уни бобма боб саҳифаларимизда эълон қилиб бормоқчимиз.

    Марҳамат, ХХI асрнинг яна бир дурдона асаридан баҳраманд бўлиб, замонавий адабиётни ўрганинг.


    Ризо Обид,
    "Замондош" муҳаррири.

    11.”БУ ХАЛҚНИНГ ОНАСИНИ…”


    Ошкоралик қўмитаси раиси, шоир Эркин Воҳидов билан Ислом Каримовнинг устидан келган шикоятлар хусусида суҳбатлашиб ўтиргандик. Ҳар ҳолда одамлар демократия, сўз эркинлиги шамолини сезиб қолишганди.

    Масалан, наманганлик санъаткор-журналист Носир Зокир қўмитамизга юборган хатида: “Каримов ухлаётганга ўхшайди. Дунё ошкоралик ҳақида гапириб турган пайтда у ошкораликни бўғмоқда. Биз мустақиллик баёноти билан боғлиқ бўлган гапларни эшитдик. Лекин нега бу гапларни ҳалқ билмайди?” дея ёзганди.

    Яна кимдир Ислом Каримов номига ёзган хати ўзи шикоят қилган одамнинг қўлига тушганини ёзган бўлса, бошқа биров Каримов ўзбек олтинларини четга чиқараётгани ҳақидаги миш-мишлар текширилишини сўраган. Бундай хатлар устига қизил белгилар қўйилганди. Уларни Эркин Воҳидов кўрмагандай қилиб, менга ўтказарди. Устига “ўрганиш, текшириш ёки жавоб ёзиш” деб бир жумла битарди.

    Шу куни Олий кенгаш ҳайаътининг мажлиси бор эди. Эркин ака мажлисга чиқиб кетди.

    Мен сессияга олиб чиқишимиз керак бўлган қонун лойиҳаси устида ишлаётган эдим. Аммо хатлар ҳам тинчлик бермасди. Уларни столим устига қўйиб, бир режа туза бошладим.

    Бўрини йўқласанг қулоғи кўринади, дейдилар. Бирдан эшик шиддат билан очилди. Ислом Каримов, Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов, Бош вазир Шукрилла Мирсаидов кириб келишди. Эшик ёнида иктисодий ислоҳот, саноат, транспорт ва йўл қурилиш қўмиталари раислари ва бошқалар туришарди. Орқароқда ҳуқуқ тартибот қўмитаси раси Эркин Халилов жилмайиб қараб турганди.

    Каримов салом-аликдан кейин столнинг четига енгилгина “илашиб” ўтирди. Менинг жойимга эса Бош вазир “ёйилди”. Олий Кенгаш раиси Иброҳимов эса, Эркин Воҳидовга яқинроқ жойда қўлини орқасига қилиб турарди. Ҳаммаларининг кайфияти яхши эди. Бир икки қочириқ гаплар айланди ўртада. Мен эса улар нимага киришганини ўйлар эдим. Бир кун аввал ойнаижаҳонда “депутат минбари” рукни билан бериладиган курсатувда суд тизимини, Олий суд раси Бобур Маликовни қаттиқ танқид қилгандим. “Пахта иши” бўйича умумий авфга тушганлардан Олий суддагилар катта миқдорда пора олиб, кейин ҳужжатларини расмийлаштирмоқда, деган шикоятлар кўп эди. Каримов телевидениеда танқидий гап айтилишинии ёқтирмас эди. Лекин худди менинг кўнглимдагини топгандай:

    -Кеча яхши гапирибсиз, телевизорда,-деб қўйди.

    Демак, кўрмаган, кимдир бир гап айтган. Хонамизга келишига бу ҳам сабаб эмас экан. Балки у Олий Кенгашдаги иш шароитлари билан танишиш учун келгандир? Хуллас, саволлар хаёлимдан “ғириллаб” ўтиб турганда, Каримов стол устидаги хатларни қўлига олди.

    Аллоҳнинг кудратини қаранг: бу хатларни олиб бориб, “Ўқинг”, деб илтимос қилганда ҳам у ё қўлига оларди ё йўқ. Кутилмаганда ўзи кириб келиб, ўзи ҳақида ёзилган шикоятлар, норозилик хатларини ўқимоқда. Мен аввалига енгил тортдим. Кейин негадир кўнглим ғашланди. Худди, Каримовнинг устидан ҳужжат тўплаётганга ўхшаб қолдим-ми, деб ўйладим. Чунки унинг қўлидаги барча мактубларда одамлар Ошкоралик қўмитаси ёритади, дея ёзишаётганди, шекилли. Қолаверса, бошқа республикаларда юз бераётган ошкоралик уларни ҳам қитиқлаётгани сезилиб турарди.

    Каримовнинг авзойи бузилди. Буни сезган шериклари жим бўлиб қолишди.

    -Сизлар шикоят текшириш билан бош қотирманглар! Пастда хатлар бўлими бор, уша ердан керакли жойга қайтариб жўнатаверсин,- деди у ва ўқишда давом этди.

    Икки уч хатни ўқигандан кейин шартта ўрнидан турди-да:

    - Ҳе, бу нонкур халқнинг онасини…! – дея сўкиниб, қўлидаги хатларни ўртасидан йиртиб, ахлат қутисига отиб, чиқиб кетди. Қолганлар ҳам унинг орқасидан ташқарига югурдилар.

    Мен оғир аҳволда колдим. Каримов ҳалқ баробарида мени ҳам ҳақорат қилди. Эркин ака тортмасидан асабни сокинлаштирадиган доридан олиб ичди. Сўнг мендан сигарет сўради-да, чиқиб кетди. Шу пайт қўмита котибаси Тойиба кириб келди.

    - Нима гап? -деди у.

    Мен индамадим.

    -Нега рангингиз оқариб кетган? – деб сўради Тойиба.

    -Каримов бутун халқни, ҳаммамизни ҳақоратлаб кетди, – дедим мен.

    Кейин бор гапни айтиб бердим.

    -Даҳшат-ку! – деди Тойиба, – қандай чидаб ўтирибсизлар?! Бирор чорасини кўриш керак!

    -Нима қиламиз? Орқасидан югуриб бориб, сўкиш керакми?

    -Имкониятингиз кўп, ҳалққа маълум қилиш керак, – деди у.

    Халққа қандай қилиб маълум қилишни ўйладик.Ниҳоят, матбуот конференсияси ўтказиш керак, деган фикрга келдик.

    Бир кун олдин шаҳар журналистлар уюшмасидан қўнғироқ қилиб, “Ошкоралик қўмитаси раҳбарлари билан қалам аҳлининг учрашувини ташкил қилсак” дейишганди. Қўл келди, дарров уюшмага сим қоқиб, эртага пешин чоғи вақтимиз борлигини маълум қилдик. Кейин ўзимиз бош муҳаррирларга, мухолифат лидерларига, фаолларга, диний идорага ҳам телефон қилиб, вакиллари қатнашишини сўрадик.

    Эртасига Эркин ака:

    -Саломатлигим ёмон, дўхтирга кўринишим керак эди, сизлар ўтказаверинглар, – деди.

    -Сиз бормасангиз бўлмайди, – деб туриб олдик. Хуллас, “Майли, етиб келаман” деди у.

    Учрашувни Журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳар кенгашининг раиси очди.

    Мен Ошкоралик қўмитаси фаолияти ҳақида гапирдим. Сўнг:

    -Яқинда раҳбаримиз ишхонамизга келиб, тасодифан шикоят хатларини кўриб қолди. Аксарият хатлар унинг фаолияти ҳақида эди. Шунда хатларни ўқиб, йиртиб, ахлат қутисига отди-да “Бу нонкур халқнинг онасини…!”, – деб ҳақоратлади, – дея воқеани ҳикоя қила бошладим.

    Бу гапни эшитган зиёлилар оёққа қалқиб кетади, балки матбуот уйидан Каримовнинг девонига қараб юриш бошлашар, деб ўйлагандим. Умуман бу гапни ошкор қилишга кўп истиола қилгандим. Катта тўс-тўполон бошланади, мухбирлар газетага ёзишади, одамлар оёққа туради, деган хаёлга боргандим. Чунки муштга ёки калтакка чидаш мумкин, лекин “онангни…” деган ҳақоратга чидаш мумкин эмас, деб тушунардим. Шу сабаб, бутун вужудимни масъулият, юз берадиган воқеалар учун масъулият юки босганди. Ҳали гапирадиган гапим охирига етмасдан, ЭРК партияси котиби Абдулҳай Абдумавлонов ўтирган жойидан бақирди:

    -Исмини айтинг, қани ошкоралик, нега хаспўшлаб гапирасиз!

    Меннинг хаёлимдан “ана бошланди” деган гап ўтди.

    -Исмини айтмасам ҳам кимлигини сезиб турибсизлар. Ким бўларди, президент Каримов-да, – дедим.

    Ўтирганларга қарасам, умумий лоқайдлик руҳи ҳукмрон. Биров ажабланмади ҳам, бировнинг жаҳли чиқмади ҳам. Миллатнинг гуллари – ойдинлар, шоирлар, курашчилар… Уларни бирдан қўрқув босдими? Ёки аввалдан қўрқоқмидилар? Балки қулликларини тан олган қулларми булар? Хуллас, на диндорлар ва на майдонларда халқнинг олдида борадиган фаоллар ҳам бир сўз демадилар. Бақириб савол берган Абдулҳай ҳам негадир жимиб қолди.

    Ташқарида воқеанинг бу саҳнаси ўтишини пойлаб ўтирган эканми, бир оздан кейин Эркин ака кириб келди. Унга “Юртда диктатура бошландими?” деган савол тушди. У диктатура нима эканлигини, бизда эса унинг белгилари ҳали кўринмаётганини тушунтириб берди. Сўнг Тойиба сўзга чиқди. У анча дадил гапирди. Ҳақиқатни очиб ташлади.

    -Менга қийин, – деди Эркин ака. – Илгари Жаҳонгир гапирганда унинг сўзларини андавалаб туришга тўғри келарди, энди Тойиба хонимнинг ҳам гапларини текислашим керак.

    Ўринсиз “аския” ва ўринсиз кулги бўлди. Учрашув кечга яқин якунланди. Уй-уйга тарқалдик. Мен эрталаб ишга келсам, доим соат 10-11дан кейин келадиган Эркин ака ҳали соат тўққиз бўлмасидан хонада сигарет тутатиб ўтирарди. У киши кашанда эмас, лекин баъзида тутатиб қолардилар. Салом алик совуқ бўлди.

    -Кечқурун оқсоқол уйга телефон қилдилар, – деди у ҳар доимгидек Каримовни “оқсоқол” билан алмаштириб. – Мен унақа гап айтганим йўқ, бундай дегунча ўзимни отмайманми, дедилар. Исмат Хушев бориб ҳамма гапни айтиб берибди. Аллақачон ундан шикоят ҳам ёздириб олишибди. Қаматмасам қўймайман, деяптилар. Наҳотки мажлисда мен келгунга қадар шунча гап бўлди?

    Хуллас, осмон узилиб ерга тушган, айтганим йўқ, дедилар.

    -Ўзингиз эшитдингиз-ку?!-дедим мен ҳайратда қолиб.

    -Кенгаш раиси бир нарсалар гапириб турувдилар менга. Ушанга эшитмай қолган бўлсам керак. Ўзи, ростдан ҳам шундай деганмидилар?-Эркин ака болаларга хос самимият билан тикилиб қолди.

    Мен уйга толдим. Менинг хаёлга ботганимни Эркин ака бошқача тушунди, шекилли:

    -Ҳозир нима бўлса ҳам оловни ўчириш керак, – деди.-Бориб оқсоқолга узр, деб қўйиш керак. Бўлмаса, ҳамма нарса тескари айланиб кетади…

    Аллақачон, ҳамма нарса тескари айланиб кетганди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети қўмитаси Ислом Каримовнинг шаънини ҳимоя қилиш учун мени судга бериш керак, деган қарорга келганди. Шу куни кечга яқин Марказқўм иккинчи котиби мени чақираётганини айтишди. Борсам, ташкилий бўлим мудири Зокиров кутиб олди.

    -Олдин иккаламиз суҳбатлашсак, нима бўлганда ҳам ҳамкасбмиз. Кейин у кишига кирасиз, – деди у.

    Мудир машинкада ёзилган олти-етти саҳифалик хатни ўқиб, кейин менга савол бера бошлади.

    -Бу саволни Исмат Хушевга берасиз, – дедим.

    Исмат журналистлар орасида “Каримовнинг айғоқчиси” номини олган эди.

    -Нега?- деб ажаблангандек сўради мудир.

    -Чунки қўлингиздагини у ёзган.

    -Қаердан билдингиз у ёзганини?

    -Охирги саҳифасини тескари ушлаб қолибсиз, шундан,- дедим мен Эркин акадан эшитганимни билдирмай.

    -И, и, – у дарров саҳифаларни тўғрилаб олди.

    -Аммо, раҳмат, нима бўлганда ҳам ҳамкасбсиз-да, сотқин кимлигини сездириб қўйдингиз, – дедим.

    -Бу сотқинлик эмас, бу юртни, Ватанни севиш белгиси.

    -Юрт, Ватан фақат Каримовдан иборат бўлса, асло севмадик!

    Кейин у мен сайланган Жомбой тумани биринчи котибининг имзоси билан келган шошилинчномани кўрсатди.

    -Халқ ҳам сиздан норози,-деди у шошилинчномани ўқиб.

    -Бечора халқ телеграмма юборса, бир ойда ҳам етиб келмайди.Буни қуш билан юборишган шекилли,бир кунда қўлингизга тегибди. Топшириғингизни вақтида бажаришибди, – киноя килдим мен.

    Мудирнинг икки оёғи битта этикка тиқилди.

    -Биласизми, мен сизни анчадан бери кузатаман. Илгари доим танқидий мақолалар, фелетонлар ёзардингиз. Миллатвакили бўлиб ҳам доим камчилик қидирасиз. Умуман, шундай дунёқарашдаги киши учун бора – бора ҳамма нарса нуқсонли кўринади. Бу ҳам бир хасталик. Шунга иқрор бўлсангиз, даволанишга ёрдам берамиз, суд ташвишидан ҳам қутуласиз, – деди у.

    Мен кулдим:

    -Балки,шундайдир,-дедим.-Сизларнинг кўзларингизга ҳамма нарса яхши бўлиб кўринади. Ҳаммаёқ тўкин – сочин, муаммо йўқ. Бу ҳолда даволашни бу идорадагилардан, жумладан Каримовдан,партия раҳбарларингиз ва ўзингиздан бошламоқ керак. Судга келсак, осмон қўлингизда, ташлаб юборинг! Совет давридаги каби танқид қилганларни руҳий хастахонага тиқиб қўйиш пайти ўтиб кетди, кўзингизни очинг, биродар!,-дедимда мудирнинг эшигини ёпиб чиқиб кетдим-у лекин кўнглим тинчимади. Мудир “юқорига чиқишимиз керак” деганча қолди.

    Ташқарига чиқарканман негадир ўзимни ёлғиз ҳис килдим. Асабларим чатнай бошлаганга ўхшаб туюлди. Уйгача пиёда келдим.

    “Воқеа” тафсилоти дарҳол Каримовга етиб борган шекилли, эртасигаёқ Ошкоралик қўмитаси фаолиятини тафтиш қилиш бошланди. Тўгрироғи мен ва Тойибанинг “дафтар, қаламлари”ни текширишга киришилди.Кўп ўтмай Ошкоралик қўмитасининг фавқулодда мажлиси белгиланди. Мажлисдан бир кун олдин миллатвакиллари Каримовнинг ҳузурида “маслаҳат”, “топшириқ” олдилар.

    Ўзбекистон радиосининг Москвадаги мухбири Раимжон Султонов билан яна икки киши Каримов қабулидан кейин менинг олдимга келишди.

    -Ҳар бир киши билан ўзи алоҳида гаплашмоқда, кимга иш, кимга машина ваъда қилинмоқда. Агар сиз ва Тойибани қувмасак, қўмита ҳам ёпиларкан,- деди Раимжон.

    Раимжон жасоратли журналист эди. Адолатсизлик қаршисида чидай олмас эди. Аммо кейинчалик ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган ўғлидан ажралиб қолгач, негадир жамоат ишларидан ҳам узоқлашди. Уни тушуниш мумкин. Бундай кезда одамнинг кўнглига бошқа дард сиғмайди. Хуллас, ўшанда Раимжон ва бошқалар мажлисда маҳкам турадиган бўлишди.

    Мажлис куни Олий кенгаш қўмиталаридаги миллатвакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам иштирок этиш учун тўпланишди. Олий Кенгаш раисининг ўринбосари Бугров уларга “жавоб” бериб, мажлис ёпиқ ўтишини айтди.Баъзи миллатвакиллари қатнашамиз, деб залдан ўрин олишди. Лекин уларни ҳам чиқариб юборишди.

    Мажлис “совуқ” бошланди.Бугров мажлисни рус тилида олиб боришни таклиф қилди.

    -Бу Ўзбекистоннинг Тил ҳақидаги қонунига зиддир, агар мажлисда қатнашганлардан кўпчилиги рус бўлганда балки буни ўйлаб кўрган бўлардик, лекин, битта рус бор, у ҳам сайланаётган пайтда сессияда ўзбекча гапирганди,- дедим мен.

    -Энди ўрганаяптилар,-деди Эркин ака.

    Хуллас, мажлисни рус тилида ўтказишга йўл бермадик. Қўмитанинг ҳамма соҳага аралашаётгани, умуман Олий мажлис ҳукумат ишларига аралашмаслиги, партияни ҳурмат қилиши кераклиги ҳақида гапирилди. Узоқ тортишдик. Каримов бир неча бўлакка бўлиниб, бир неча кишининг ичига кириб олган каби бир хил гаплар айтила бошланди. Ўзбекистон комсомол комитетининг биринчи котиби Азиз Носиров Ислом Каримов бу халқни севиши ва халқ ҳам уни севганини айтиб, биз унга туҳмат қилаётганимизга тўхталди.

    Компартия Идеология бўйича котиби Жаҳонгир Ҳамидов ҳам шу масалада сўз юритди. Тошлоқ туман прокурори, шу мажлисдан кейин кўп ўтмай Тошлоқ туман ҳокими бўлган Қ.Сотиболдиев ҳам уларнинг сафида эди. Охирида қўмита раисининг ўринбосари ва қўмита котибини бўшатиш керак, деган масала ўртага қўйилди. Овозга қўйилганда мен бир овоз кўп олганим учун қолдим.Чунки Эркин ака менга қарши овоз беришга ўзида куч тополмади. Навбат Тойибага келганда ҳам яна қўмита иккига бўлинди.Бугров Эркин акага:

    -Агар буларни бўшатамасак, қўмитани ёпамиз,-деди.- Топшириқ шунақа!

    Бунга Тойиба дарҳол жавоб қилди:

    -Топшириқ қаердан? Яна ўша коммунистик идораданми? Ўлган ўликдан қандай қилиб садо чиқди экан?- деди.

    Эркин ака шартта ўринларидан турдилар-да русчалаб:

    -Биз учун муқаддас бўлган идорани ҳақорат қилишга ҳеч кимннинг ҳаққи йўқ,-дедилар.Кейин ўзбекчалаб, – Мен Тойибахоннинг бундай ҳақоратини қабул қила олмайман ва унга қарши овоз бераман,- дедилар.

    Дунёнинг ишлари қизиқ экан. Эркин ака “ЭРК”нинг 1990 йил Апрел ойидаги қурултойида қатнашиб, партиянинг бош ҳаками этиб сайлангандилар. Коммунистик партиядан эса чиқишга сўз бергандилар. Аммо икки партиянинг аъзоси бўлиб қолавердилар.Кунларнинг бирида эрталаб ҳовлиқиб кириб келдилар.

    -Бу Исмат Хушев деганлари ким ўзи?- дедилар.

    -Нима бўлибди?- деб сўрадим мен.

    -Биттасининг номидан менга қарши мақола ёзибди, журналининг янги сонида чиқаётган экан, шуни тўхтатиш керак.

    -Агар бўҳтон-мўҳтон бўлса сиз ҳам жавоб ёзасиз, лекин биз Ошкоралик қўмитаси раиси бўла туриб қандай қилиб, ана у мақолани тўхтат, деб айтамиз. Қилган ишимиз айтган гапимизга мос тушмай қолади-ку,- дедим мен.

    Гапим ёқмади, чиқиб кетдилар, кейин билсам Олий кенгаш раисига кирибдилар, у “Президентга айтиш керак” дебди. Хуллас, Каримовнинг гапи билан Исмат Хушев бош муҳаррир бўлган “Иқтисод ва ҳаёт” журналидан Эркин ака ҳақида ёзилган нарса олиб ташланибди. Бир кун хат келди ва унда “Сизлар қандай қилиб ошкоралик курашчилари бўласизлар?” деб ёзилган ва журналдан олиб қолинган мақоланинг “Гранкаси”- хомакиси қўшиб юборилганди. Ўқиб кўрсам, мақола ҳам эмас, бир ўқувчининг савол тарзидаги мактуби, унда Эркин Воҳидовнинг “ЭРК” партияси қурултойидаги гапи ва “Туркистон” рўзномасидаги яна шундай гапи эслатилиб, КПСС дан қачон чиқадилар деб сўралган экан. Эркин акага шунга шунча ваҳима қилдингизми, фақат савол экан-ку, десам “Билмасам, журналдаги укалардан бири келиб ваҳима қилганди-да” деб қўя қолдилар.

    Бир куни эса Абдулла Ориповни Компартияни “Нажот қaлъаси” деб ёзган шеъри учун масхара ҳам қилиб гапиргандилар. Мана энди Совет Иттифоқи емирилиб бораётган бир пайтда ҳам бу идорани “муқаддас даргоҳ” дея баралла айтмоқдалар. Эркин ака Тойибага қарши овоз бердим, дейишлари билан у мажлисдан йиғлаб чиқиб кетди. Ҳамманинг кўнгли бузилди ва Бугровнинг “Маматов масаласини қайта овозга қўяйлик” деган гапига Раимжон Султонов “Бу ер болалар боғчаси эмаски, ҳамма нарсани ўйинга айлантирсангизлар” деб жавоб қилди. Мажлис тугаб, чиқиб кетаётганимизда Раимжон Султоновни Каримов чақираётганини айтишди.

    Арбоб арбобда, йўлини топади. Кўп ўтмай қўмитани “қисқартириб” туришга қарор беришди. Яъни мендан қутулиш лозим эди. Мен кетсам, яна қўмитани тиклашларини айтиб Эркин акани ишонтиришибди. Шу сабаб қўмита қисқариши масаласига Эркин ака ҳеч қандай муносабат билдирмадилар.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz