Ризобек Воскресенье, 2024-04-28, 03.05.21
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Июль » 12 » Мухолифатнинг йигирма йили
    13.30.53
    Мухолифатнинг йигирма йили
    Биз халқнинг вакилимиз

    “Янги Дунё” ўзбек мухолифати ташкил топганининг 20 йиллиги муносабати билан мухолифат фаолларига 10 савол билан мурожаат қилди.

    Бизнинг суҳбатдошимиз - “Бирдамлик” ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориев.

    Юсуф Расул: -Ўзбекистондаги мухолифат тарихи ҳақида нималарни биласиз? Бурунги замонларда ҳам бизда мухолифат бўлганми?

    Баҳодир Чориев: -Дунёда ҳукуматлар бўлган, албатта унга мухолиф кишилар ва бу мухолиф кишиларни уюшмалари, сиёсий ташкилотлар ҳам бўлган. Жумладан Ўзбекистонда ҳам. 1989 йилгача энг яхши мухолифатчилар сифатида жадидларни мисол келтирсак бўлади.

    Ю.Р.: -Ўзбек мухолифатининг пайдо бўлиши ва шаклланиш жараёнини 1989 йилда “Бирлик” ҳаракати ташкил топиши билан боғлайдилар. Сизнингча, Ўзбекистонда мухолифат ва мухолифатдаги сиёсий ҳаракатларниyu пайдо бўлиши сабаблари нималар билан боғлиқ эди?

    Б.Ч.: -Бу жараёнларда мен қатнашмаганман. Сабаби 1987-1989 йилларни ҳарбий хизматда бўлганман. Ҳарбий хизматни тугатиб Россияни Томский шаҳрида Политехника институтида ўқишни давом эттирганман.

    Шуни қайд этиб ўтишим мумкин: Қайта қуриш сиёсати туфайли юзага келган ўзгаришлар сабабли ва Болтиқ бўйи халқларини озодликка, демократияга интилиши, бундан ташқари Жадидчилар харакатини яхши билган зиёлиларимиз саъй-ҳаракатлари натижасида янги мухолифатга асос солишди. Бунинг натижаси улароқ “Бирлик” Халқ Ҳаракати вужудга келди.

    Ю.Р.: -90 -йиллар бошида пайдо бўлган ўзбек мухолифати мамлакат ва халқ учун асосан қандай кўзга кўринарли, тарих учун эслаш мумкин бўлган ишларни амалга оширди?

    Б.Ч.: -90 йиллар бошидаги мухолифатнинг энг катта ютуғи халқимизни озодлиги учун кучларни тинч намойишга чиқишини кўрсатиб бергани эди. Бу курашлар натижасида тилимизга давлат мақоми олиб берилди ва мустақилликка эришилди. Булар биз ёшлар учун катта бир сиёсий мактаб ўрнини босди.

    Ю.Р.: -Сизнингча ўзбек мухолифатининг ўша пайтда йўл қўйган энг катта хато ва камчиликлари нималардан иборат эди - мухолифат нималарга эришди-ю, нималарни бой берди?

    Б.Ч.: -Ҳукумат мухолифатни қувиб чиқариш учун жуда катта куч сарфлади. Ҳукумат Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлатовларни беш қўлдай яхши билганлиги учун олдин уларни нишонга олди. Афсуски ушбу етакчилар вазиятга етарлича баҳо бера олмадилар. Иккаласи ҳам кетма -кет ватанни тарк этди. Шу билан бутун бошли мухолифатни бошсиз қилиб кетдилар. Бундан яхши фойдаланган ҳукумат истаганича қолган кўпчилик мухолифатчиларни урди, қамади, ҳаттоки жисмоний йўқотишгача борди. Агар бу иккала етакчи ватанни тарк этмаганида эди, ҳукумат аввалом бор бу икки лидерга нисбатан жуда қаттиқ тазйиқ қилар эди, аммо мухолифатга қарши кенг қамровли тазйиқларни олиб бормаган булар эди. Бошлари ёрилса, бош бир кун тузалар эди, қамалсалар бир кун қамоқдан чиқар эдилар, Уларни ўлдирсалар, ўрнига ўнлаб, юзлаб Абдураҳим Пўлат ёки Муҳаммад Солиҳлар чиқар эди. Буларни жойи ватанда эди, ўшанда мухолифат бемалол фаолият олиб борган бўлар эди.

    Менимча хорижда ҳам бу иккала етакчи доим ўзларини ишини тўғри, қолганларни фаолиятини нотўғри деб келди. Ўзаро гуруҳбозлик уюштирилди. Буни оқибатида асосий кураш қолиб кетди ва фақат ўзаро даҳанаки жанглар бошланиб, бу ҳозиргача давом этмоқда, Кўпчилик буларни жанжалидан безди. Мамлакат ичидаги оддий мухолифатчилар ҳам жуда иқтисодий қийинчилик ортида яшаб, охири кўпчилиги улардан воз кечди. Шу шароитни тўғри таҳлил қилиб мухолифат ичида янги ташкиллашган “Бирдамлик” ҳаракати ўз фаолиятини бошлади. Насиб этса биз мухолифат фаолиятини тўғри йўлга бошлаймиз.

    Ю.Р.: -Каримов ҳукуматининг мухолифатга қарши аёвсиз кураши сизнингча нималарга асосланган эди ва бу ҳаракатлар қанчалик ўзини оқлайди?

    Б.Ч.: -Каримов тузуми амалдорлари бу - эски совет тузуми коммунистлари эди. Уларни деярли ҳаммаси коммунист, аммо бир думалаб демократ бўлиб олган кишилар. Улар эркинлик, демократия тушунчаларидан узоқда эдилар. Улар ўз мансаб ва ҳокимиятларини йўқотиб қўймаслик учун қўлларидан келган барча ҳаракатни қилиб келдилар. Бу ҳукумат мухолифатни қаттиқ тазйиқ ва қувғинга олдики, натижада мамлакат ичида мухлолифат ўрнида катта бир бўшлиқ юзага келди. Каримов ҳукуматини бу ҳаракатлари ўзини оқламади. Натижасини эса кўриб турибмиз. Ўзбекистон ҳар соҳада орқага кетди.

    Ю.Р.: -Ўзбек мухолифатининг хорижда туриб амалга оширган ишлари ўзини оқлайдими? Хориждаги фаоллашув мамлакат ички ҳаётига оз бўлсада ўз таъсирини ўтказа олдими?

    Б.Ч.: -Мухолифат имконият даражасида ҳамма ерда -хорижда ҳам, мамлакат ичида ҳам фаоллашиши керак. Хорижда туриб ҳам Ўзбекистон ичидаги мухолифатни моддий ва маънавий қўллаш мумкин. Бу ҳаракатлар ўзини оқлайди. Афсуски, жуда кўп мухолифатга даъво қилувчи инсонлар Ғарб давлатларига яхши ҳаёт учун чиқиб олишган. Баъзиларидан “Нега фаолиятингизни тўхтатдингиз?”, деб сўрасангиз, “Менга бу ташкилот ёқмайди, бу лидер ёқмайди, бу сиёсатчи ёқмайди, бу ташкилот ғояси ёқмайди ва ҳакоза..» важларни мисол қилиб келтиришади. Мен шу каби инсонларга айтгим келади: Яхши, сизнинг бу важларингиз ўринли, унда ўзингизга ўхшаган тарафкашларни йиғиб бир сиёсий ташкилот тузинг. Ёки индивидуал равишда Ўзбекистон ичида қийин иқтисодий аҳволда курашаётган сафдошларингизга имкон даражасида ҳар томонлама ёрдам қилинг. Ахир бир кун сизни ҳам Ватанга қайтиш умидингиз бордир. Қандай қилиб сафдошларингиз юзига, халқнинг юзига қарайсиз. Бу сизнинг ҳозирги яхши ҳаётда яшашингизни қайси сиёсий мухолифат ташкилотида бўлсангиз ҳам ватан ичидаги ўз сафдошларингизни унутишингизни мен Ватанга ва Халққа нисбатан хоинлик деб ҳисоблайман.

    Ўзбекистонлик журналистлар ҳақида ҳам икки оғиз аччиқ сўзимни айтиб ўтмоқчиман. Бу ерда қочоқлик мақомини олиб келган бир қанча журналистларни сиртдан танийман. Афсуски, бу инсонларнинг кўпчилиги ўзларини мустақил журналист деб даьво қилиб келадилар, лекин улар ҳам бу ерга яхши ҳаёт излаб келган кўринади. Кўплари бу ерда ўз фаолиятларини деярли тўхтатдилар. Грант бўлса, яхши маошли иш топилса ўз касбларига қайтадилар. Хўш, айтингчи сиздай оқ қорани таниган инсонлар наҳотки бошқа давлатлардаги журналистликка даьво қилаётган инсонлардан фарқли бўлсангиз. Нега сиз ўзингизни халққа хизмат қилишдан, мухолиф ташкилотларга ёрдам қилишдан олиб қочасиз? Сизлар ҳам билаб - билмай халқдан, ватандан узоқлашиб кетмаяпсизми? Мустақил журналистликка даьво қилиб ҳам халқ учун, ватан учун жуда кўп ишларни қилиш мумкин. Мен шу ўринда фаолиятини тўхтатмаган, Ғарбга яхши ҳаёт эмас, аксинча тузум зулмидан қочиб келган журналистлар: Жаҳонгир Муҳаммад, Ғафир Йўлдошев, Тўлқин Қораев, Юсуф Расул, Қудрат Бобожон, Галима Бухарбаева, Ризобек Обидовларга ўз навбатида раҳмат айтаман. Уларни бир зум ҳам тўхтамай халқ учун беминнат хизмат қилаётганини олқишлайман.

    Ю.Р.: -Бугун мухолифатнинг бир қаноти диндорлар билан ўз фаолиятини кучайтиришга урунмоқда. Дунёвий мухолифатнинг исломлашиши мамлакат ва халқимиз келажагига қандай таъсир этиши мумкин?

    Б.Ч.: -Каримов ҳукумати ҳар қанча ёмон бўлса ҳам динни Ўзбекистонда кучайишига бошида ҳеч қандай қаршилик қилмади, аксинча динни мустаҳкамланишига анча йўл очиб берди. Мисол тариқасида шуларни келтиришим мумкин. Катта ва кичик маҳаллаларда масжидлар очилди, диний даргоҳларни сони ортди. Мактабларда араб алифбоси ўргатила бошлади. Иш жойлари ва талабалар ётоқхоналарида номоз ўқийдиган жойлар ташкиллаштирилди. Дин уламоларини қабрлари ва иморатлари қайта тикланди. Ҳаж сафарига кенг эътибор берилди. Дўконларда диний китоб ва журналларни истаганча сотиб олиш мумкин бўлди. Телеведение ва радио орқали дин ҳақида жуда яхши кўрсатув ва эшиттиришлар олиб борилди. Бу борада  жуда кўп мисоллар келтирсак бўлади.

    Динни чала ўрганган, сиёсийлашган диндорлар, яъни Ваҳобий, Ҳизбут Таҳрир, «Биродарлар» диний таълимни ўз билганларича талқин этиб, Ўзбекистонда халифатчилик давлатини тузишга киришиб кетишди. Буни оқибатида ҳукумат жуда ҳам қаттиқ қўрқувга тушиб, барча диний таълим ва диний фаолиятни ўз назоратига олди. Сиёсийлашган диндорларни қамадилар ва уларга нисбатан қаттиқ тазйиқ ўтказилди. Ҳозирги шароитда иккала томон ҳам бир- бирига ўта душманоно кайфиятда. Нега шундай бўлди?

    Менимча сиёсий диндорлар бир қирғоқдан иккинчи қирғоққа бир сакраб ўтиб олишмоқчи бўлишди, яъни социализмдан халифатчиликка. Ўзбекистон халифатчиликдан социализмга оз муддат йўл босиб ўтдими?. Бу ерда асрлар кўприк воситасини ўтамадими?

    Шу сабабли ҳозирги сиёсийлашган диндорларнинг уриниши беҳудадир. Булар энди Ўзбекистон ҳукумати билан умуман яхши муносабатда бўла олмайдилар. Агар улар Ўзбекистонда динни ривожланиши учун астойдил қайғурсалар ҳозирги дунёвий мухолифат билан яхши муносабатда бўлишлари керак. Қачон бўлса ҳам дунёвий мухолифат ҳукуматга келади. Агар сиёсий диндорлар бугунги кунга ўхшаб демократия ва демократик бошқарувдан норози бўлсалар, Ўзбекистонда халифатчилик хавфи доимо бўлиб келаверади. Бу эса динни ривожланиши эмас, аксинча заифлашувига олиб келади. Фақат демократик давлат динни ривожланишини қўллайди, Демократик давлатгина атрофдаги геополитик босимларга бардош бера олади. Чунки, демократия халқ иродасини ифодалайди, диндорлар ҳам халқнинг бир бўлагидир.

    Демократия бу - халқ истагини ифода этувчи бошқарув усули. Аввалом бор хақиқий демократия ва сохта демократияни халқимиз ажратиб олишига ёрдам беришимиз керак. Ўзбекистонни ҳозирги ҳукумати демократия деб жар солмоқда, афсуски бу сохта демократия фақат қоғозда қолиб кетмоқда. Буни оқибатида халқимиз қаттиқ чалғимоқда. Ҳақиқий демократия бу халқ истагини амалга оширувчи, адолатли давлат тузумидир. Бу эса одил судлов, сўз, виждон, эркин ҳаракатланиш ва бошқа эркинликлар, ҳуқуқлардир. Биз ҳеч қачон ғарб демократиясини 100 % кўчириб олмоқчи эмасмиз. АКСИНЧА БИЗ ИСТАГАН ДЕМОКРАТИЯ ХАЛҚИМИЗ УРФ ОДАТЛАРИ, МАМЛАКАТДА ЯШАЁТГАН ДИН ВАКИЛЛАРИ ИСТАК ВА ХОҲИШЛАРИ, маданият, тилимиз ва ҳакозаларни инобатга олиб ташкил қилинадиган адолатли давлат бошқаруви бўлади.

    Мисол учун ғарбда кенг ёйилган бесоқолбозлик ва шунга ўхшаш ёмон иллатларни халқимиз қабул қилмайди. Демак, халқ ўзи сайлаган ҳукуматдан бундай ёмон иллатларга қарши курашишни талаб қилади ва курашади ҳам.

    Демократия диндорлар учун ҳам ўз мақсадларига эришиш учун кўприк воситасини бажаради. Бу кўприк қачон битиши, ҳозирги диндорларни ақл фаросатига ҳам боғлиқдир. Агар улар ҳозиргига ўхшаб жуда кўп фирқаларга бўлинар экан, ўзаро зиддиятларга ва яхшими ёмонми давлат тепасида турган кучларга қарши ҳар хил курашларни олиб борар эканлар, демократия кўприги ҳам уларга торлик қилади. Натижада улар халқни динга яқинлаштириш ўрнига ўзлари билмаган ҳолда ўзоқлаштирадилар. Бу яна уларни ўзларига ҳавола. Ҳозирги ҳолатда Ўзбекистон ичидаги, ҳукумат билан биргаликда фаолият олиб бораётган дин вакиллари ижобий ишларни амалга ошираяпти деб ҳисоблайман. Чунки, 70 йил давомида диндан чиққан халқни 7 йилда динга олиб кириб бўлмайди. Демак, бу учун анча вақт керак бўлади.

    Ю.Р.: -Халқимиз қарийб 18 йилдирки деярли мухолифат фаолиятидан бехабар ҳолда яшамоқда. Мамлакат ичида янги мухолифат пайдо бўлишига қандайдир сабаблар, белгилар ёки асослар бор деб ўйлайсизми? Агар янги мухолифат пайдо бўлса, у 90 йиллардаги мухолифатни қайси хато ва камчиликларини такрорламаслигини истардингиз?

    Б.Ч.: -Мамлакат ичида “Бирдамлик” ҳаракати ўз имконияти доирасида ташкилий ишларни олиб бормоқда.Бу алоҳида мавзу.

    Хатоларни қайтармаслик ҳақида.
    Биз барча мухолифат аъзоларидан дарҳол ғийбат ва жанжалларни тўхтатишни талаб қилишимиз керак. Бир - биримизни танқид қилишимиз яхши, аммо бу танқидни тўғри қабул қилишни ва ундан тўғри хулоса чиқаришни ўрганишимиз керак. Бир- биримизга нисбатан, бошқа мухолифат ташкилотларига нисбатан, ҳукуматга нисбатан бағрикенглик қилишимиз керак. Ўзимизни қилган хатоларимизни тўғри тан олишимиз керак, ҳукуматни ҳам тўғри танқид қилишимиз, аммо уларни ортиқча жиғига тегмаслигимиз керак. Кўпроқ Ўзбекистон ичидаги фаолларимизга моддий ва маънавий ёрдам қилишимиз шарт.

    Хорижда яхши ташкиллашган мухолифат, албатта Ўзбекистон ичида хам фаолиятини яхши йўлга қўя олади. Мен бунга  “Бирдамлик” Ҳаракати фаолиятини мисол қилиб келтираман. Ҳали тугатилмаган ишларимиз жуда кўп, шунинг учун бу ҳақда ортиқча ёзишга ҳожат йўқ деб ҳисоблайман. Аммо тажрибаларимиздан шуни ёзмоқчиманки, фаолиятни имкон қадар ҳар ерда кучайтириш мумкин.

    Ю.Р.: -Сизнингча, ўзбек мухолифатини бугун амалга ошириши зарур бўлган муҳим ишлари нималардан иборат бўлиши керак?

    Б.Ч.: -Биринчидан: ўзаро зиддиятларга барҳам беришимиз керак, бир -биримизга нисбатан кечиримли бўлишимиз ва бағрикенглик қилишимиз шарт. Иккинчидан: ҳар бир сиёсий ташкилот ўзи ичидаги ноҳақликларни камайтиришга ҳаракат қилиши керак, лозим топилса ҳар бир ташкилот ўз лидерини қайта сайлаши керак. Учинчидан: мухолифат ягона лидер атрофида бирлашиши шарт. Тўртинчидан: фақат кураш усули этиб нозўравон кураш усулини танлаш лозим. Бешинчидан: кураш фақат режимни тугатиш ва Ўзбекистонда Демократия ўрнатилиши учун олиб борилиши шарт.

    “Бирдамлик” Ҳаракатини келажакда амалга оширадиган ишлари ҳақида гапирадиган бўлсак… Ҳаракатимиз ҳозирги кунгача ўз олдига сиёсий партияга айланиш ёки сиёсий партия тузиш ниятини қўйгани йўқ эди. Ҳозирги кунларда бу ҳам кун тартибига чиқиб келмоқда. Насиб этса Ўзбекистонда ҳам эркин сайловлар бўлади. “Бирдамлик” фаоллари ҳам албатта бу сайловларга жуда катта фаоллик билан қатнашадилар. Хўш, қайси партия томонида? Аввалом бор ҳар бир халқ учун катта бир Халқ Ҳаракати зарурдир. Афсуски бизни ўзоқни кўра олмайдиган Халқ ҳаракатини бошқарувчилари, тайёр Халқ иродасини ифода этган ҳаракатни барбод қилиб, ўрнига халқдан сўрамасдан бир партия ташкил қилиб, тарих олдида катта бир хатоликка йўл қўдилар. Биз эса аксинча “Бирдамлик” Ҳаракатини кучайтириб, халқ озодлигига эришсак, Ҳаракат мақомини бутунлай сақлаб қолмоқчимиз. Шунинг билан бирга янги партия тузиб, сайловларга қатнашмоқчимиз. Бу ҳозирчалик режа, сиёсий партиялар бизни бу режаларимизни қараб чиқсалар ёмон бўлмас эди. Сабаби биз сиёсий партия тузсак, албатта улар биз билан рақобатлаша олмайдилар. Мен шунга ишонаман.

    Ю.Р.: Сиз ўз ҳаётингизнинг кўп қисмини мухолифатга бағишлаганингиздан мамнунмисиз ёки афсусдамисиз?

    Б.Ч.: -Бугунги кунда мухолифат сафида туриб ватан келажаги учун қайғураётган инсонларни қаттиқ ҳурмат қиламан. Оз бўлсада ўз вақтимни шу эзгу ишга сарфлаётганимдан мамнунман.
    Худо хаммамизга инсоф берсин, бу ернинг енгил хаётига алданмайлик. Биз халқни вакилимиз. Шу халқ бор экан, биз бу ердамиз. Халқимизни, Ўзбекистонда қолган, оғир ҳаёт ва қамоқларда яшаётган дўстларимиз ва сафдошларимизни бир зум ҳам унутмаслигимиз керак. Имкон қадар уларни моддий ва маънавий қўллайлик. Уларга доим таянч булайлик. Бу кунлар ҳам ўтади, ватанга ёруғ юз билан қайтиш ҳаммамизга насиб этсин.

    Суҳбатдош: Юсуф Расул.

    www.yangidunyo.com

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz