Ризобек Суббота, 2024-04-27, 17.49.53
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Июль » 14 » "ТУРОНЗАМИН"да
    12.15.46
    "ТУРОНЗАМИН"да
    Абулқосим Мамарасулов

    Яқингинада ўтган кунлар: "ХАЛҚ СЎЗИ"
    1990-91 ЙИЛЛАР

    1990 йил 6 ноябр

    Катталар билан узоқ тортишувлардан сўнг, – Шароф  Рашидов вафотидан сўнг биринчи бор! -  Жиззах туманига қарашли Шароф Рашидов туғилиб ўсган ҳудуд – “Москва” колхози клубининг кичик залида Шароф Рашидовнинг туғилган  кунини нишонладик.

    Мен  1990 йил 16 июндан  Ўзбекистон Республикаси  Ёзувчилари  уюшмаси Жиззах вилояти бўлимида масъул котиб бўлиб ишлай бошлаган  эдим.  Шу даврдаги фаолиятимнинг дастлабки якуни эди  бу. Биз сентябрдаги секретариат йиғилишида Шарофат Ботирова таклифига кўра бўлим қошида “Шароф Рашидов қадриятини тиклаш комиссияси тузган, унга: Тўпа Раҳмонқулова – СССР халқ  депутати, Мели Қобилов – Ўзбекистон халқ депутати, Умарқул Эгамов  -  вилоят кенгаши депутати, Акром Иномов – “Жиззах овози” (Жиззах шаҳри ва Жиззах тумани)  газетаси  бош муҳаррири, вилоят “Жиззах ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Ўктам Жавлонов, вилоят “Джизакская правда” газетаси бош муҳаррири Леонид Адильшаев, журналист ва ёзувчи Нўъмон Мирзаев, шоира. Жиззах педагогика институти доценти  Шарофат Ботирова, Жиззах  тумани байналмилалчи жангчилар етакчиси, шоир Фурқат Ортиқов ва мен аъзо бўлиб кирган, Акром Иномовни комиссия раиси этиб сайлаган,  - расмий ташкилот сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовга, вилоят, шаҳар ва туман раҳбарларига ўзимизнинг Шароф Рашидов хотирасини қайтадан тиклаш бўйича аниқ таклифларимизни жўнатган эдик:

    1. 6 ноябрда Ш.Рашидов туғилган кунни  тантанали нишонлаш.
    2. Жиззах шаҳар Дўстлик майдонида Ш.Рашидов бюстини яна олдинги ўрнида тиклаш. Ш.Рашидов номи олиб ташланган жойларга яна бу номни тиклаш. Хусусан, вилоят кутубхонасига, ип-йигирув фабрикасига, шаҳар ва “Москва” колхозидаги марказий кўчаларга Ш.Рашидов номини қайтиб бериш.
    3. Ш.Рашидов номидаги  халқаро жамғарма тузиш.
    4. Ш.Рашидов номли ижод боғи яратиш ва ҳоказолар.

    Шароф Рашидов туғилган кунни нишонлашга ҳеч ким қарши эмас, аммо ҳеч ким расман рухсат беришни ҳам истамас эди. Шу тахлит сентябрдан бошлаб биз шаҳар, туман, сўнг вилоят раҳбарлари билан учрашдик  30 октябр  Шароф Рашидов вафот этган кун. Бу кундан анча олдин биз  30 октябрда  Фурқат Ортиқов бошчилигидаги байналмилалчи жангчилар Дўстлик майдонидаги Ш.Рашидов бюсти ўрнида йиғилиш ва митинг ўткизмоқчи, ҳукумат томонидан қаршилик кўрсатиладиган бўлса, бунга яраша  амалий тадбир қўлламоқчилар, деган хабарни эшитдик. Мен вилоят ёзувчилари уюшмаси раҳбари сифатида  ходимим Абдураҳмон Каримовдан менга Фурқатни топиб келишини сўрадим.  Уларнинг ҳар иккаласи “Москва” колхозида яшашарди. 26 октябрларда Фурқат менинг хузуримга келди. Авзойи бузуқ, ҳар қандай қаршиликларга қарамай намойишга чиқамиз, бизга нисбатан тазйиқ ўтказиладиган бўлса, қаршилик кўрсатамиз. Афғончилар ҳамма нарсага тайёр, деди. Мен Фурқатга:  Ш.Рашидов қадриятини тиклаш бўйича расмий ташкилот тузганимизни, ташкилотимиз олиб бораётган ишларни,  бизнинг ишларимизга ҳозир ҳеч ким қарши эмаслигини, аммо ҳеч ким  расмий тадбирларга расман розилик ҳам бермаётганини, бу ҳаракатни ур-тўполон билан эмас, балки тинчгина, дипломатик йўл билан ҳал қилиш лозимлигини ва бу мумкинлигини, агар рози бўлса, Фурқатни ҳам комиссиямизга аъзо қилиб олишимизни, ва у комиссия аъзоси сифатида  бу йўналишда қандай кўламда ишлар олиб борилаётганию, нимага эришилаётганию ва нималарга эришиш мумкинлигини ўз кўзи билан кўриши мумкинлигини тушунтирдим. Хуллас, Фурқат Ортиқов комиссияга аъзо бўлиб киришга рози бўлди, аммо 30 октябр куни намойиш уюштирилишини, бунга байналмилалчилар ўзаро келишиб қўйишганини айтди. Менимча, бунга ҳеч ким қарши бўлмайди, фақат провокацияга учманглар, намойиш тинч ўтиши шарт. Бу йўлда баҳона тополмай турганларнинг қўлларига дастак тутиб берманглар, деб илтимос қилдим.

    30 октябр куни эрталаб, Дўстлик майдонига келсам, намойишчилар  қўлларида Шароф Рашидов портрети, бошқа транспарантларни кўтариб, Ш.Рашидов бюсти ўрнида туришипти. Улар 30 нафарча бор. Майдон четида бир қанча машиналарда, балки йўлкаларда ҳам махсус хизмат ходимлари уларни кузатишмоқда. Вазият тинч эди. Шунисига шукр қилиб, уларнинг олдига бордим. Фурқат Ортиқов йўқ эди. Фурқатни раҳбарлар чақириб кетишганини айтишди. Уни кутиб анча вақт туриб қолдим. Кейин уюшмага борсам, комиссиямиз аъзолари хурсанд ҳолда ўша ерга кириб келишди. Айримлари мендан “сен  нега қочиб кетдинг?”, деб таъна ҳам қилди. Маълум бўлишича, Фурқат Ортиқовни ва барча комиссия аъзоларини вилоят партия қўмитаси биринчи котиби, вилоят Совети раиси Эркин Турсунов ўз ҳузурига чақирипти, Шароф Рашидов масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш лозимлигини таъкидлабди. Комиссия аъзолари ўз таклифларини айтганда, жумладан, 6 ноябр кунини катта тантана билан нишонлаш кераклигини айтганда “Шароф Рашидов масаласи  – республика миқёсидаги масала, уни мен ҳал қилолмайман, сизлар Республика Президенти Ислом Каримовга учранглар”, депти. Шу ернинг ўзида Президентга учрайдиган комиссия аъзолари сайланипти: СССР халқ депутати Тўпа Раҳмонқулова, “Жиззах овози” газетаси бош муҳаррири Акрам Иномов, байналмилалчи жангчилар раҳбари Фурқат Ортиқов. 1 ноябр куни Тошкентга боришга келишилипти. 1 ноябр куни Тошкентда Олий Мажлиснинг навбатдаги сессияси бўлиши лозим эди. Ўзбекистон халқ депутати Мели Қобилов “мен ўша ерда бўламан, сизлар етиб борганча, агар имкон тополсам, Президентга вазиятни тушунтираман”, депти.

    1 ноябр куни сессия иши давом этаётган пайт  сессия танаффусида Тўпа Раҳмонқулова билан  Мели Қобилов Президент Ислом Каримовга учрашган, 6 ноябрни тантана қилишимизга ҳеч ким розилик бермаяпти. Биз бу кунни ўғринча эмас, балки халқ билан бирга тантана қилмоқчимиз, дейишипти.”Ким қаршилик кўрсатса, менинг номимдан айтинглар, ўшанда ҳеч ким йўлларингга чиқмайди. Бемалол тантана қилаверинглар”, депти Президент. Шу гап билан вакилларимиз қанот боғлаб Жиззахга учиб келишди. Яна пиллапояма-пиллапоя  вилоят, шаҳар, туман раҳбарларига учрашилди. Шароф Рашидов туғилиб ўсган макон “Москва” колхози клубида туғилган кунни нишонлашга келишилди. Аммо 5 ноябр куни “Москва” колхози раиси Асқар Эшонқулов: “Агар расмий рухсатнома менинг қўлимга тегмаса, мен клубни очиб бермайман”, деб туриб олди. Яна югур-югур бошланди. Биз ҳамма ёққа эълон қилиб қўйганмиз, меҳмонлар таклиф этганмиз, тантанага бир кун қолган ва шу аҳволда… 5 ноябр куни кечқурун  комиссиямиз раиси Акром Иномов Жиззах тумани райижроқўми раиси Холмамат Суюнов имзоси ва райижроқўм муҳри босилган  рухсатномани колхоз раиси қўлига топширди.

    6 ноябр куни колхоз мажлисхонаси олдида тантаналар у қадар катта эмас эди. Ўша куни якшанба бўлиб, йўлдан кўплаб одамлар ўтса-да, биз уларга нима уюштирилаётганини айтиб, клубга таклиф этсак-да, ҳа, майли, бошлайверинглар-чи, биз бозорга бирров бориб келайлик, деб ўтиб кетишарди. Шаҳар раҳбари Аҳмад Соатов, туман раҳбари Муқум Ҳасанов шу ерда. Юзтача одам тўпланди. Уларнинг асосий қисми кўкрагига шода-шода орден-медал таққан қариялар, Шароф Рашидовнинг сафдошлари, болалик дўстлари  ва ихлосмандлари эди.  Тошкентдан бир киши – филология фанлари доктори, профессор, Шароф Рашидов асарлари мутахассиси Назрулла Шодиев келди.  Йиғинни мен бошқардим. Шароф Рашидов ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида  филология фанлари номзоди, Жиззах  Давлат Педагогика институти доценти Ўрол Носиров маъруза қилди.  Назрулла Шодиев гапирди. Сайёра Тўйчиева, Иброҳим Дониш ва бошқа шоирлар адибга бағишланган ўз шеърларини ўқиб бердилар.

    Йиғин, энг асосийси, тинч ўтди.

    Бу – Шароф Рашидов вафотидан сўнг ва қоралангандан сўнг, – у киши хизматларини қайтадан тан олиш ва  тан олдириш йўлидаги ҳаракатларнинг биринчи кўзга кўринарли натижаси эди. Ҳар қалай, шундай улуғ зотнинг вафотидан сўнг етти йил ўтиб, биринчи бор бу Шахснинг  номи тантанавор шароитда тилга олинаётган, туғилган  куни тантанавор нишонланаётган эди. Шаҳар раҳбари А. Соатов йиғин бошлангандан сўнг ярим соат ўтиб, бир иш юзасидан мендан рухсат сўраб кетди. Туман раҳбари М. Ҳасанов йиғин охиригача, меҳмонлар кузатилганга қадар биз билан бирга бўлди.

    Кўп ўтмай “Известия”нинг Ўзбекистондаги мухбири Андрей Орлов – 1986-89 йиллари “Джизакская правда”га бош муҳаррирлик қилган, Жиззахнинг нонини еб, сувини  ичган – “Известия”да “Опять Рашидов?” номли мақоласини эълон қилди. Унда хатарли экстремист рашидовчилар яна бош кўтараётганини, Жиззахда унинг туғилган кунини нишонлаганини катта ташвиш билан куюниб ёзган эди.

    Комиссия тузиб, иш бошлаганимизда кўплар қўрқиб юришди. Комиссия мен бевосита раҳбарлик қилаётган вилоят ёзувчилар уюшмасида ташкил этилгани боис айримлар менинг қайси кун қамоққа олинишимни ҳам кутишди. Ҳолбуки, вақт ўзгарган, Русия сиёсати – Горбачёв инқирозга юз тутган давр кульминацияси яқинлашиб қолган. Фарғоналик бир гуруҳ журналистларнинг Рафиқ Нишоновга матбуот орқали очиқ хати эълон қилиниб, қўлма-қўл ўқилаётган, шахсан Республика Президенти И. Каримовнинг ўзи икки марта – Ўзьекистон Компартиясининг ХХ11 съездида Ш.Рашидов шахсига  объектив баҳо бериш лозимлиги тўғрисида сўзлаган, лекин ўшанда ҳам бошқа ҳеч ким Каримовни бу масалада қўллаб, расман бир оғиз гап айтишга ботинмаган эди. Айни шу шароитда бизнинг комиссия фаол иш бошлади. Шу шароитда кимдир расмий ташкилот тузиб, иш бошласа, албатта нимагадир эришиши мумкинлигини тушунган эдим. Бундан ташқари  Шароф Рашидов – жиззахлик ижодкор эди. Мен эса Жиззах ижодкорларининг расмий раҳбари эдим. Демак, бу хайрли ишни мен виждонан ўз зиммамга олишим керак эди ва олиб, бу ишнинг уддасидан чиқдим ҳам. “Биз Шароф Рашидов руҳини қўллаб қувватласак, у кишининг руҳи бизларни қўллаб қувватлайди”, деган ақидам бор эди менинг.

    Шундай бўлди ҳам.

    1991 йил 6 ноябрни 1990 йилга қадар бирмунча кенгроқ нишонладик. “Халқ сўзи” газетасида кичик бир эълон бердирдик. Унда биз 6 ноябр куни Рашидовнинг туғилган кунини Жиззахда нишонлашимизни, юрагида Рашидов шахсига ҳурмати бор барча кишиларни ана шу тантаналарга таклиф этишимизни билдирдик.

    Биз бошлаган иш  кенг қулоч ёйиб, 1992 йил 6 ноябрда Шароф Рашидов туғилган кун жуда катта тантаналар тусини олди. Тантаналар сўнгида вилоят драма театрида тантанали йиғин бўлиб, унга шахсан Республика Президенти Ислом Каримов қатнашди. Қўшни республикалардан Шароф Рашидов сафдошлари ташриф буюришди. Жумладан, узоқ йиллар Қозоғистонга раҳбарлик қилган Д. Қунаев ва бошқалар. Шу ўринда  Шарофат Ботирова, Тўпа Раҳмонқулова, Фурқат Ортиқовлар: вақтида ҳамма қийинчиликни биз ўз гарданимизга олиб, иш бошлаган эдик, энди байроқни бошқалар кўтариб, биз бир четда қолиб кетдик”, дея ёзғиришди. Мен уларни юпатар, “биз бошлаган иш шу қадар кенг тус олди, энг асосийси, биз жиззахликлар ҳамюртимиз Шароф Рашидов руҳи олдидаги қарзимизни ювдик, виждонимиз тинчиди, шунинг ўзи биз учун жуда катта иш”, дердим.

    Аслида ҳам шундай эди.

    Шундай бўлиб қоляпти.

    Шундай бўлиб қолади.

    1990 йил 13-18 ноябр

    Шу кунлар  Дўрмонда республика ёш ижодкорларининг навбатдаги кўрик-танлови бўлиб ўтди. Мен вилоят ёзувчилари раҳбари сифатида ҳали ҳеч кимга таниш бўлмаган, шеърлари ҳали ҳеч ерда чиқмаган уч шоирни: Ҳабиба Қурбонбоева, Меҳриниса Абдураҳмонова, Икром Бўрибоев (Икром Искандар)ни жўнатган эдим.

    1990 йил 14 ноябр.

    Кечқурун ёш ижодкорларга бағишланган телекўрсатувда Омон Матжон бошчилигида бир неча ёш қаламкашлар сафида Меҳринисо Абдураҳмонова ҳам чиқди ва ўзининг кейин афсонага айланиб кетган, аммо ҳозирча мендан  бошқа барчага номаълум бўлган “Зайнаб ноласи” номли шеърини ўқиди. Шоир Омон Матжон уни мақтади. Мен жуда қаттиқ таъсирланиб кетдим. Ўзимни тутолмадим. Ички туғёнларимни босолмай, кўчага чиқиб, бирон соатча айланиб юрдим. Ҳар қалай, бу  – мазкур идорадаги олти ойлик фаолиятим  давридаги иккинчи бор тан олинишим эди. Меҳринисони – бор-йўғи саноқли , тўртта шеъри бор 25 ёшли аёлни журъат билан семинарга мен жўнатган эдим. Мана – мана буни натижа дейдилар! Нима, телевизорга чиқадиган бошқа шоир топилмаганмиди? Семинарда 150 нафар ёш ижодкор қатнашаётган эди. Демак, Меҳринисонинг тўртта шеъри Тошкентдаги катта устозларга ҳам маъқул келган.

    1990 йил 15 ноябр

    Укам Бахтиёрни уйлантириш тараддудида эдик. Қишлоққа, Барлосга бордим.

    1990 йил 16 ноябр.

    Янгам, укам, Келёр акамни машинага олиб, ЗАГСдан ўтиш учун Пахтакорга жўнадик. Йўлда Келёр акам, “хотининг Зулайҳони ҳам олишинг керак”, дея таклиф қилди. Ўзи Жиззахда тушиб, Пахтакорга кетди. Биз Бўстонга, уйга келдик. Зулайҳо: “бола-чақа билан овора бўлиб юрмайин, биратўла тўйга бораман”,деди. Ўша пайт учинчи қизимиз Гулноз тўрт ойлик чақалоқ эди. Айтишича, Жиззахдан менинг ўринбосарим Абдураҳмон Каримов  телефон қилипти. Мени “Жиззах ҳақиқати”  бош муҳаррири Ўктам Жавлонов, унинг ўринбосари Абдулла Аҳмедов излашаётган эмиш. Улар иккови ҳам яқинда Тошкентга боришипти. Тошкентда янги “Халқ сўзи” газетаси ташкил бўлаётганидан хабарим бор эди. Янги газета бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари  Анвар Жўрабоев ҳар иккаласига: “Абулқосимга айтинглар, тез келсин, биз уни Жиззах вилояти бўйича махсус мухбир қилиб ишга оламиз” депти.

    Мен бу таклифга унчалар қизиқмадим, чунки ёзувчилар  раҳбари сифатида жуда катта ишларни бошлаган, халқаро Шароф Рашидов жамғармасини тузишга ҳам рухсат олган эдим. Хуллас, Шароф Рашидов руҳи бизни қўллай бошлаган, бизда кўтаринки руҳ, кўтаринки кайфият бор эди. Қолаверса, бу ёқда укамни уйлантиряпмиз, тўй ташвишлари…

    Мен парво қилмай, Пахтакорга жўнадим. То шанба якшанбагача тўй қилиб, келинни қишлоққа олиб бориб, барча тадбирларни битирдик.

    1990 йил  19 ноябр.

    Душанба. Мен Жиззахга ишга бордим. Уч нафар семинарчиларим тўлиб-тошиб келиб қолишди. Икром Бўрибоев ҳақида Усмон Азим: “Семинарда қатнашаётган 150 ижодкор орасида  мен ўзим учун Икром Бўрибоевни кашф этдим”, депти. Шеърларини нашрга тавсия этиб, кичик сўз боши ёзиб берипти. Меҳринисо билан Ҳабиба: “Шу гапдан сўнг қизлар Икромга ўралашаверишди. Ўғирлатиб қўймайлик, деб иккимиз икки қўлтиғидан олиб, қўриқлаб юрдик”, дейишди. Икки қизни Фароғат Камолова “Ёзувчи” нашриётига таклиф қилипти, икковларингни китобларингни битта қилиб чиқарамиз, дейишипти. Хуллас, ҳар учаласи семинарнинг диққат марказида бўлишипти.

    Ҳабибанинг шеърларини икковлон икки ой давомида сатрма-сатр  чизиб,  семинарга тайёрлаган эдик. Ниҳоят мен ўз машинкамни унга арзонроқ баҳода сотган, у шу тахлит семинарга тайёрланган эди. Ҳар куни, кун ора шеърларини кўтариб келар, биргалашиб тахлил, таҳрир қилардик.

    Икром – 17 ёшли йигитча – Ғаллаоролнинг Авлиё ота қишлоғидан – бир даста шеърини кўтариб келганда мен аввал эътибор бермаган, кейин икки соат давомида мук тушиб, унинг шеърларини ўқиган ва шу заҳоти ўзим машинкада биратўла республика семинарига йўлланма ёзиб берган эдим.

    - Мен вилоят семинарида қатнашиш учун келган эдим, – деди Икром ҳайрон бўлиб.

    - Вилоятдан ўтдинг. Республикага боравер, – дея уни жўнатиб юбордим.

    Мана, Икром ҳам тан олинипти.

    Мен дарҳол Жиззах Педагогика институти ректори  ёрдамчисига телефон қилиб, воқеани тушунтирдим ва зудлик билан семинар қатнашчиларининг талабалар билан учрашувини ўтказишни таклиф қилдим. Таклифим шу қадар зудлик билан қабул қилиниб, биз ўн дақиқалардан сўнг Пединститутга бориб, 1,5 соатча қизиқарли учрашув ўткиздик. Ёш семинарчиларни таништирдим, уларнинг муваффақиятларини айтдим, агар талантлар бўлса, биз  холис хизматга тайёрлигимизни билдирдим. Ёшлар ўз шеъларидан айтиб беришди. Шу тахлит ҳиссиётларга кўмилган ҳолда  ёшларни жўнатиб, тушдан сўнг ишхонага қайтиб келдим.

    Бу ерда мени шоир, “Жиззах ҳақиқати”нинг Зомин ва Зарбдор туманларидаги махсус мухбири Саттор Қорабоев – Оға Бургутли  кутиб ўтирган экан.

    - Қандай, ёшларнинг кўнглини кўтариб жўнатдингми? – сўради у мендан.

    - Ҳа.

    - Юрибсан-да,а, савоб иш қиляпман, деб.

    - Шундай.

    - Биламиз. “Халқ сўзи”га мухбир бўлиб ўтишга югурганингни ҳам эшитдик. Лекин, жўра, билиб қўй, қолиб кетдинг. Ҳозир Келдиёр Жўрақулов Аҳмаджон Мухторовдан хат олиб келиб, “Жиззах ҳақиқати”дан бўшади. “Халқ сўзи”нинг Жиззах вилояти бўйича мухбири бўлиб ўтаётганини нишонлади. Ана шундай, жўра. Югурганники эмас – буюрганники.

    - Жуда яхши. Ҳалоли бўлсин. Ўтган бўлса, табриклайман.

    - Ичингда ўт ёниб кетдию, билдирмайсан-да, а?

    Мен эса ҳақиқатан ҳам парво қилмасдим. Бугун эрталаб Абдулла Аҳмедов билан учрашган, у менинг ўзимга Анвар Жўрабоевнинг таклифини айтган, мен эса парво қилмай, ёшларни учрашувга бошлаб кетган эдим.

    - Наҳотки бу сени қизиқтирмаётган бўлса? – дея Саттор чинакамига ҳайрон бўлди. – Биласанми, сен мухбир бўлсанг, кейин фақат вилоят раҳбари билан гаплашасан, вилоятда қирол  бўлиб юрасан, ҳамма сен билан ҳисоблашади. Район раҳбарлари айтган ҳар қандай илтимосингни бажаришади. Наҳотки шундай лавозимга Келдиёр Жўрақуловдай бор-йўғи сураткаш бир мухбир ўтиб кетаверишини лоқайд кузатиб турсанг?!  Бормайсанми, ўтмайсанми, ҳаракатингни қилмайсанми. Ҳеч бўлмаса, шунча чақиргани эвазига бир марта бориб: “Анвар ака, узр, мен ўтолмайман, менинг ўрнимга, мана, Сатторни қабул қилинглар” деб айт.

    Мен Абдураҳмонга қарадим.

    - Шундай қилсангиз бўлади лекин, – деди Абдураҳмон. – Ҳар қалай, сизни уч кишидан айттириб юборгани – жуда катта гап. Сиз эса бир ҳафтадан бери парво қилмай юрибсиз. Ҳеч бўлмаса, бориб раҳмат айтиш керак, ҳурмати-да.

    - Раҳмат айтмасанг, ўзинг ўт, ўтмасанг, мени тавсия қил, мен ўтаман, – деди Саттор.

    - Ҳал бўлди, Келдиёр Жўрақулов қоғоз олиб кетди, деяпсиз-ку.

    - Ўнта қоғоз олгандаям уни тўхтатиш керак. У бундай лавозимга лойиқ эмас. Анвар ака бекорга чақирмаётгандир ахир. Бир бор-чи олдига, – деди Саттор куйиб-пишиб.

    Мен Тошкентга, Ғаффор Ҳотамовга телефон қилиб, бўлаётган таклифлар тўғрисида маслаҳат сўрадим. Ғаффор ака: “Бугун кечқурун катталар билан маслаҳатлашаман, эртага келсанг аниқ бир гап айтаман”, деди.

    (ДАВОМИ БОР).


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz