Ризобек Воскресенье, 2024-04-28, 00.14.08
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Июль » 27 » Яқингинада ўтган кунлар
    03.37.15
    Яқингинада ўтган кунлар

    Абулқосим Мамарасулов:"Ҳалқ сўзи" (5)


    1991 йил 23-28 апрел
    .
    Жиззах туманида “Халқ сўзи” кунлари ўтказиладиган бўлди. Мен бу ҳақда обком секретари Эркин Турсуновга ахборот бердим.
    - Бу кимнинг ташаббуси? – сўради Эркин ака.
    - Тошкентда менга раҳбарларимиз шу хабарни етказ, дейишди. Мен элчиман, холос.
    “Халқ сўзи” бўлим мудирлари Йўлдош Исмоилов, Норбобо Шакаров, Икром Ўтбосаров ва бошқалар роса беш кун Жиззах туманида бўлдилар. Бешинчи куни туман маркази Учтепада туман меҳнаткашлари ва фаоллари вакиллари билан якуний учрашув бўлди. Мажлисга Аҳмаджон Мухторов ташриф буюрди. Аҳмаджон Мухторов билан савол – жавоблар бўлди.
    - Жиззах қўзғолони ҳақида ҳеч гап ёзилмади. Нега?
    - Куни кеча битта мақола чиқди, иккинчисини тайёрлаяпмиз, яқинда чиқади, – дея жавоб берди Аҳмаджон ака.
    Журналист Имом Бердининг шу мавзудаги кичиккина мақоласини мен яқинда тайёрлаб берган, куни кеча у эълон қилинган эди. Тарихчи олим Ҳайитбой Ҳайдаровнинг шу мавзудаги катта мақоласини ҳам мен тайёрлаб берган, аммо буни Аҳмаджон Мухторов билмаса керак, деб ўйлагандим.
    - Хўжам Исроилов ҳам журналист, ҳам партия раҳбари эди, гдлянчилар уни ўлдириб юборишди. Партиянинг содиқ хизматкори Мустафоқул Умурзоқов ҳам гдлянчилар томонидан тўрт йил қамоққа ташланди. Нега улар ҳақда мақола берилмаяпти? Форишдаги миллий Олимпиада ўйинлари ҳақида айтарли материал берилмади. Нега? – Шу ва шулар каби саволлар кўп эди.
    Аҳмаджон Мухторов уларнинг барини жамлаб, битта жавоб қилди:
    - Биз барча вилоятларда вилоятнинг энг зўр журналистини танлаб, махсус мухбир қилиб олганмиз. Улар нимани республика аҳамиятига молик деб топишса, биз газетада ўша воқеаларнигина ёритамиз.
    Бу гап – мен “Халқ сўзи”да иш бошлаганимдан буёнги менга берилган энг катта мукофот эди. Аввалроқ айтганимдай, менинг дастлабки кўзга кўринарли мақолам уч ойдан сўнг эълон қилинганди. Мен курашлар гирдобида мазкур ишга ўтган, ва гирдоб мени чирпирак қилиб, бир неча ойдан бери ўзимни ўнглаб олиш имконини топа олмаётган эдим. Норбобо ака билан Йўлдош ака азалдан менга қарши, зимдан менга қарши кураш олиб боришар, агар мақолаларим қўлларига тушиб қолса, бўлим мудири сифатида ўткизмасликка ҳаракат қилишарди. Йўлдош ака вилоятлардаги махсус мухбирларни ҳам бошқарар, улар билан бош муҳаррир ўртасидаги воситачи бўлиб, редакциянинг дастлабки уч мажлисига – бошқа вилоят мухбирларидан ажратиб, – мени айттирмаган ва ҳар уч мажлисга, худо ўнглаб, мен ўз оёғим билан бориб қолган ва мажлисларда қатнашган эдим.
    Анвар Жўрабоев эса … у ҳам мени кўрган сари елкаси тиришаверарди. Шу сабабли Саттор Қорабоев куч олиб, дуч келган жойда менинг ёқамдан тутиб, алам ўтказаётганди
    Фақат Абдукарим Раҳимбердиев билан бир-биримизни яхши тушунардик.
    Ва ниҳоят… шахсан бош муҳаррирнинг ўзи мана бу гапни айтяпти.
    Бу ҳали ҳаммаси эмас эди.
    Мажлисдан сўнг Аҳмаджон Мухторов райком котиби Муқум Ҳасанов билан бирга обкомнинг биринчи секретари Эркин Турсуновникига – онасининг вафоти муносабати билан – таъзия изҳорига бориб келишди. Кейин “Халқ сўзи” вакилларини “Москва” колхози боғида – облисполком раиси Ўктам Олимов, Жиззах шаҳри ва туман раҳбарлари Аҳмад Соатов ва Муқум Ҳасанов, туман ижроқўм раиси Холмамат Суюновлар – меҳмон қилишди. Суҳбат қизиган пайти Аҳмаджон Мухторов Ўктам Олимовга мурожаат қилди:
    - Махсус мухбиримиз пиёда юрипти, хизмат машинаси бермайсизларми?
    - Ортиқча машинамиз йўқ, беролмайман, – деди Ўктам ака.
    - Бозор фондидан ўзига сотиб ола қолсин, мен битта “Москвич” берай, – деб қолди Муқум ака.
    - Паст кетманг, “Жигули” денг, – деди кимдир.
    - Йў-ўқ, “Жигули”га иложим йўқ. Битта “Москвич”га қудратим етади, – деди Муқум ака. – Мана, райисполком раиси ҳам ўтирипти, керак бўлса, ҳозир фармойиш ёзиб беради.
    - “Жигули”ни мен бераман, – деди Аҳмаджон Соатов тошиб.
    Албатта, бу ваъдалар кайф, кайфият яхши пайт берилган бўлиб, амалга ошмади. Аммо Аҳмаджон Мухторов далдаси билан қўзғалган бу гапдан сўнг менда машина олиш иштиёқи туғилди. Чунки вилоят бўйича юришим керак эди. Бунинг учун менга “ГАЗ-24” хизмат машинаси ажратишлари керак эди ва бу нарса амалга ошмаётганди.
    Шу кунларда вилоят ёзувчилар уюшмаси янги раҳбари Абдураҳмон Каримов мени топиб: “Тез шаҳар ижроқўмига боринг, у ерда фармойиш чиқарилиб, битта “Жигули –07” ёзувчилар уюшмасига ажратилипти. Машинага биринчи бўлиб, ўтган йили сиз ариза бергансиз. Уни сиз олишингиз керак”, деди. Мен тез ижроқўмга бордим. Ҳақиқатан ҳам ижроқўм деворида шунақа фармойиш илиб қўйилган экан. Бўлимга кириб, тафсилотларни сўраган эдим, бир рус аёли: “Машина Келди Қодирга берилган, раис фармойиши Келди Қодирга чиққан”, деди. Мен ҳайрон бўлиб, бу ҳақда Абдураҳмон Каримовга сим қоқдим.
    - Бундай бўлиши мумкин эмас, – деди Абдураҳмон. – Келди Қодир аризаси сиз раҳбар пайт ўтмаган, мендан ҳам ўтгани йўқ. Саттор пайти ҳам Келди Қодир бирор марта уюшмага келмаган. У ёлғондакам ҳужжат тўғрилаган бўлса керак, уни фош этиш керак, – деди.
    - Мен ҳаракат қилаверайми? – дея сўрадим.
    - Қайтманг! Босинг. Машинани сиздан бошқасининг олишга ҳаққи йўқ.
    Кейин биз аниқладикки, Республика Ёзувчилар уюшмаси профкоми раиси Раҳимжон Отаев ва котиби Самарқандова номидан шаҳар раҳбарларига хат қилинган, унда Келди Қодирга машина ажратиш тўғрисида илтимос қилинган экан. Мен яхши билардимки, Раҳимжон Отаев анча илгари профком раислигидан бўшаб кетган. Шунга қарамай, мен Тошкентга сим қоқиб, Раҳимжон Отаевдан шу ҳақда сўрадим. У Келди Қодирга ҳеч қачон ҳеч қанақа хат бермаганини айтди. Шундан сўнг Абдураҳмон Каримов бирдан айниб қолди: “Қўйинг, Абулқосим, уришиб юрмайлик, машинани Келди Қодир ола қолсин, сизга ҳам насиб қилгани бўлар”, деди.
    Алам қиладими? Хабарим йўқ эди, тинчгина юргандим. Ўзи чақирди, ўзи мени кураш майдонига тезлаб солди ва энди…
    Мен уюшмада масъул котиб бўлиб ишлаётган кунларим Абдураҳмоннинг бир қиссасини русчага таржима қилиб берган, ўзим икки бетли русча сўз боши ҳам ёзиб, Абдураҳмоннинг сурати, сўз боши ва қиссадан парчани – “Джизакская правда” газетасининг салкам бир бетини тўлдириб чиқаришга келишгандик газета ходимлари билан Газета бўлим мудири Николай Подлеснов бир куни тушлик пайти кўчада мени тўхтатиб, “Адабиёт саҳифаси” тайёрлашаётганини, унга Абдураҳмоннинг таржимаи ҳоли ва сурати сиққанини, қиссадан парчани эса кейин эълон қилажакларини айтди.
    - Ундай бўлса, сурат ва таржимаи ҳолни ҳам олиб қўйинглар, ҳаммасини битта қилиб берасизлар, – дея таклиф қилдим.
    - Саҳифа тайёр, – деди Подлеснов, – уни бузмайман.
    Мен хонамизга келиб, бу ҳақда Абдураҳмонга айтганимда у тутаб кетди. Шунақа қилиб берадиган бўлса, кераги йўқ, , деди.
    - Унда мен ёзувчилар раҳбари сифатида газетага чиқиб, ўз фикримни айтайми?
    - Айтинг, – деди Абдураҳмон.
    Мен тепага чиқиб, (биз матбуот биносининг тўртинчи, “Джизакская правда” бешинчи қаватида жойлашган эди) Николай Подлеснов ва газета бош муҳаррири ўринбосари Олег Смугловга ўз позициямизни билдирдим.
    - Ҳаммаси ҳал бўлган, сен аралашма, – деди Подлеснов.
    - Газета бизники, – деди Смуглов.
    - Аммо материал бизники, – дедим мен қизишиб. – Ундан фақат бизнинг розилигимизга кўра фойдаланасизлар.
    - Материал сеникимас, – деди Подлеснов.
    - Сўз бошини мен ёзганман, таржимани мен қилганман.
    - Ичи қора одам экансан, – деди Олег Смуглов.
    Мен мот бўлдим. Пастга тушиб, Абдураҳмонга: бор, ўзинг гаплаш, деб жўнатдим. Абдураҳмон бориб келди ва деди:
    - Қўйинг, шулар билан олишиб ётманг, билганини қилаверсин. Сизга нима фарқи бор? Менга гонорарини берса бўлди.
    Шу тахлит уюшмада Абдураҳмон мени 20 сўм гонорарга сотиб юборган эди. Кейин Саттор билан курашга ҳам мени тезлаб туширди ва… То Сатторни бўшатишганча, керак бўлса, ҳафтада икки марта уйимизга келар, бир дунё шикоят қиларди. Саттор билан ажрим қилиб, муҳрларни олиб, хонага эгалик қилганга қадар ҳам яна Саттордан шикоят қилиб турди “муҳрни бермаяпти, хонани бўшатмаяпти”, деб. Ўшандан кейин эса… (ҳозир 2007 йил 8 март, 15 йилки, на сим қоқади, на уйимизга келади)
    Мана энди, Келди Қодир воқеаси…Мана, энди учинчи марта мени жанг майдонига тушириб, ўзи яхши одам бўлиб, четга чиқиб олган эди.
    Дунё ўзи шунақа шекиллиЯ

    (ДАВОМИ БОР).
    Жойлади: Маъмур | Теги: abulqosim
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz