Ризобек Суббота, 2024-04-27, 20.40.36
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Июль » 28 » Ўзгармаган мавзулар
    14.17.33
    Ўзгармаган мавзулар
    Баҳодир Чориев, “Бирдамлик” Ҳаракати лидери

    Озодлик учун очлик!
    2006 йил март ойидан буён “Озодлик” радиосида нима ўзгарди? Ўша йили биз ўтказган очлик акциясидан кейин радио раҳбариятидан яхши ваъдалар олиб қайтган эдик. “Ҳаммаси яхши бўлади, майли бу ёғига радио маъмуриятини босим остига олмайлик”, деб ўзимизни анча вақтгача четда олиб турдик. Афсуски, радио раҳбарияти ва радио журналистлари вазиятни яхшилаш ўрнига “қўлингдан келгани шу экан”, дея бизларга таъна тошлари отишди. Ўша воқеадан сўнг радио нафақат бизга, аксинча бошқа мухолифат вакилларига ҳам цензурани бошлаб юборди.

    Қуйида эълон қилинаётган мақола бундан уч йил олдин ёзилган ва бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ўзингиз холис баҳо беринг. Радиода шу йиллар давомида цензурага қарши бирор ўзгариш бўлдими?

    ****


    Вашингтон ДС га йўл

    Мана Америкада яшаётганимга ҳам бир йилдан ошди. Шу давр ичида мен Вашингтонга тўрт маротаба бордим. Олдинги учала боришимда ДЎКни тўлиқ шаклланишида оз бўлса ҳам ўз ҳиссамни қўшганимдан хурсандман.

    Мен яшаб турган шаҳар Сант Лоуисдан Вашингтон ДС гача 900 мил бу дегани бир томонга 1500 км-дир. Олдинги уч саёҳатимда автобус ва учоқлардан фойдаланган эдим. Бу сафарги мақсад “Озодлик” радиоси томонидан “Бирдамлик” Ҳаракатига нисбатан бўлаётган цензурага қарши Вашингтон ДСда оилавий очлик намойишини ўтказиш эди ва шу мақсадда мен хотиним ва тўрт фарзандим билан 12 март куни эрта саҳар соат 5-00да VAN машинамизда йўлга чиқдик.

    Америкада компютерлаштириш ҳар бир соҳага кириб борган. Интернетдан уйимдан Вашингтон ДСгача, яъни охирги борадиган манзилимгача йўл харитамни принтдан чиқариб олдим. Бу харитада қанча мил йўл босиб ўтиш керак эканлигини, йўл рақамлари, қайси йўналишда қанча йўл босиб ўтиш кераклигини ва тахминан қанча вақт бу йўлларни босиб ўтишдаги йўл вақти берилган.

    Америкада машинада харитасиз юриш жуда қийин. Йўлларда тахминан ҳар 50 милда “Rest area” яъни дам олиш жойлари бор. Дам олиш жойларида ҳар қандай юк ва енгил машиналарни ҳайдовчи ҳамда йўловчилари машиналари билан истаган вақтда кириб истаганларича дам олишлари мумкин. Бу ерда ҳожатхона ва бир қанча бепул хизматлар бор, қойил қолмасдан иложингиз йўқ. Биз ҳам Вашингтонга бориб келишда мана шу дам олиш масканларини бир нечтасидан фойдаландек, ҳатто шуларни биттасида кечаси ўз машинамизда тунаб ҳам қолдик.

    “Озодлик” радиосидаги цензура

    Мана Каримов режимига ҳам 15 тўлди. Мухолифат борган сари тарқоқлашмоқда, режим аксинча кучаймоқда. Бир тўда ҳукуматни бошига келган раҳбарлар коррупцияни орқасидан бойимоқдалар. Оддий халқ камбағалликдан қашшоқликка юз тутди. Жуда кўплаб эркак кишилар ҳатто аёллар ҳам Ўзбекистонда мардикорлик орқали кун кўрмоқдалар. Қишлоқларда даромади кўп оилалар қишлик ғамини ейиш учун буғдой далаларида, ўримдан кейин мошоқ термоқдалар.

    Йигитларимиз бошқа ўлкаларда мардикор бўлиб бир бурда нонни топиш илинжида хор-зор бўлмоқдалар, аёлларимиз оила боқиш учун мажбуран фоҳишаликка бормоқдалар.

    Ўзбекистонни қайси бир соҳасини олмайлик, ҳамма соҳа оғир иқтисодий қийинчиликка, таназзулга юз тутган. Келажагимиз мана шу бир тўда президент Каримов бошчилигидаги қароқчи, порахўр раҳбарларнинг қўлида.

    Бас шундай экан, биз қаерда бўлишимиздан қатъий назар режимга қарши курашмоғимиз керак. Бу бизнинг ҳаммамизнинг бурчимиздир.

    Курашни бир неча усуллари мавжуд. “Бирдамлик” Ҳаракати тузилишини илк кунларидан кураш усули этиб Зўравонликсиз Ҳаракатлари усулларини танлади ва шу усул билан курашмоқда.

    Бизнинг мақсад Зўравонликсиз Ҳаракатларини бўйсунмаслик усулини кенг халқимиз орасида ёйиш ва халқимизни мана шу усул орқали режимга қарши халқимиз билан биргаликда курашиш.

    Бу усулни Ўзбекистонликлар ичида ёйишда ва курашга чорлашда асосий восита этиб “Озодлик” радиосини танладик.

    Мен январ ойини охирларида “Бирдамлик” Ҳаракати мақсади, кураш усуллари, қилган ишлари, яратган сайти ҳақида радио журналистлари ва раҳбари Сожида Жаффаровага бир неча бор айтдим. Улар мендан интервию олишни пайсалга солиб келдилар, олинган интервюлар ҳам эфир юзини кўрмади. Мен Сожида Жаффаровадан бу пайсалга солишни асил мақсадини очиб беришни қаттиқ талаб қилдим. У киши “Сиз халқни кўтармоқчисиз, бу “Озодлик” радиоси сиёсатига тўғри келмайди, шунинг учун сизни сайтингиз ва “Бирдамлик” Ҳаракати тўғрисида Ўзбекистонликларга ҳаттоки маълумот ҳам беролмаймиз” деб узил- кесил жавоб берди.

    Мен у кишидан “Озодлик” радиосини сиёсатини ким белгилайди, деганимда “Америка президенти Жорж Буш ва Конгрессменлари деб жавоб берди”.

    Тарихидан маълумки, Қизил Империяни парчаланишида “Озодлик” радиосини аҳамияти жуда катта бўлган. Ҳозирги кунларда дунёда демократияни ёйиш, диктатор, яккаҳоким, золим режимларни асл башарасини очиб ташлашда ва халқлар озодлиги учун курашда “Озодлик” радиосини бошқа тиллардаги эшиттиришлари қаттиқ иш олиб бормоқдалар.

    “Озодлик” Радиосини ўзбек хизмати бизга қўйган цензурадан қаттиқ ғазабланиб, уларга бизга нисбатан цензурани олиб ташлашликлари учун бир ой муддат бердим, акс ҳолда Америка Конгресси олдида оилавий очлик эълон қилишимни билдирдим.

    Мана бир ой муддат ўтди, радио бизни огоҳлантиришни назарига илмади.

    13 март куни мен оила аъзоларим билан Вашингтонга етиб келдик ва очлик бошладек. Бизни Вашингтонга келишимиздан “Озодлик” радиосини раҳбарлардан бири Дон Женсен (Don Jensen) хабардор эди ва келганимиз заҳотиёж у киши бизни “Озодлик” (Liberty) радиосини АҚШдаги бош қароргоҳига таклиф этди ва бизни эшитиб талабларимиз билан танишиб чиқди.

    Биз у ердан АҚШ Конгресини олдига қайтиб келдек ва у ерда очликни давом эттирдек. 15 январ куни мен яшаб турган Миссури штатини Конгресмени Рус Карнаҳан (Rus Carnahan) билан учрашдим. Унга олдинги ёзган хатимни нусхасини топширдим ва Миссурига қайтиб бу ишлар тўғрисида батафсил гаплашишга рози бўлдим.

    Биз Конгресс олдига бориб, талаб ёзилган қоғозларимизни машинамизни ҳар томонига ёпиштириб ташладик. Олдинига бир полициячи мотоциклида келиб, бу ердан жўнаб кетишимизни талаб қилди, акс ҳолда “Тикет” яъни $20 жаримага тортишни айтиб огоҳлантирди. Мен рози бўлдим, аммо у жарима солди ва ёрдамга бошқаларни чақирди. Улар мени нима мақсадда келганимни билдилар. Ҳужжатларим билан чуқур танишдилар. Тезда болалар назорати бўлимидан ҳам мутахассислар келишди ва болаларим аҳволи билан танишдилар. Биз болаларимизга очлик бошлашга қуймаган эдик. Болалар бўйича инспектор ҳам буни очлик тўғрисида биздан ва болаларимиздан нима овқатлар ейишларини ҳам батафсил сўраб олдилар. Инспектор биз очликни тугатгунча болаларимизни бепул меҳмонхонага жойлаштирмоқчи бўлди. Биз унамадек ва бир дўстимиз болаларимизни кечаси уйига олиб бориб ётқизаётганлиги ва ҳар куни эрталаб олиб келаётганлиги учун у кишидан биз кетгунча болаларимизга ғамхўрлик қилишни сўрадек ва у киши бажонидил рози бўлдилар.

    14 март куни “Америка Овози” радиосини ўзбек бўлими бошлиғи Жавдат Сайхон келиб биз билан танишди, машинада ёзилган талабларни ўқиб қаёққадир бирдан ғойиб бўлди. 16 март куни Конгрессда ишимизни тугатиб, “Америка Овози” радиоси ва радиолар раҳбарияти - BBG ташкилотини олдида очликни давом эттирдик. Жаноб Жавдат Сайхон бизни олдимизга чиқиб соат 10-00 ларда келиб интервю олишини айтдилар. Соат тахминан 11-00 ларда Жаноб Сайхон бугун эрта биздан 5 минутлик интервю олишга умуман вақт тополмаслигини, келаси ҳафта ҳам иложи бўлмаслигини айтдилар. Мана сизга ўзбекнинг қўлига тушиб қолган демократия! Шундан кейин уларнинг биз холисмиз, биз яхшими ёмонми хабарни берамиз деган гапларига қандай ишонасиз?.

    16 март соат 13-00 да “Озодлик” радиосининг расмий вакиллари олдимизга келди. Узоқ суҳбатлашдим ва интервю бердим. Келган вакил “Озодлик” радиоси раҳбарияти яқин кунлар ичида бизни талабларимизни ўрганиб чиқишини ва расман жавоб беришини бизларга ваъда қилди. Биз 16 март куни очликни тўхтатдек.

    Мен оила аъзоларим номидан бизни келиб кўриб, аҳволимиздан хабар олиб турган, кўнгил сўраган ўзбек ватандошларимизга, хусусан Жаҳонгир Маматов, Зокир Али, Жамшид Очилов, Алишер Ҳамидов ва бошқа юртдошларимизга миннатдорчилигимизни билдираман.

    Март, 2006 йил.
    Жойлади: Маъмур | Теги: bahodir choriev
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz