Ризобек Суббота, 2024-05-18, 23.03.23
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Август » 11 » Яқингинада ўтган кунлар
    00.34.04
    Яқингинада ўтган кунлар
    Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: Халқ сўзи (7)
    1991 йил 17 июл.
    Олий Кенгаш раиси Йўлдошев бошчилигидаги казо-казолар Номоз Саъдуллаевни бош муҳаррир вазифасини бажарувчи сифатида опкелиб таништиришди. Ҳар ким Олий Кенгашга, казо-казоларга ўз талаб-истакларини билдира кетишди. Фақат раҳмат (лаънат) айтиб ўтирсам бўлмас эди, шу сабабли баҳона топдим:
    - Тақдир тақозоси билан вилоят мухбирларидан бу ерда фақат мен қатнашяпман. Биз ҳаммамиз ҳамиша бизга ғамхўр партия-ҳукуматимизга раҳмат айтиб юрамиз. Бугун шунча кишилар ўзларининг бошқа ташвишларини қўйиб, шу ерга келиб ўтирганларингиз ҳам партия-ҳукуматимизнинг бизга ғамхўрлиги намунасидир. Шунинг учун сизларга минг раҳмат! Вилоят мухбирларининг тилагига келсак, Олий Кенгаш: “ҳар бир вилоят мухбири “ГАЗ-24” хизмат машинаси билан таъминлансин”, деган қарор чиқарган ва бу қарорни вилоятлар раҳбарларига жўнатган, аммо мазкур қарор бугунга қадар амалга ошмаяпти. Шуни амалга ошириб берсангиз, вилоят мухбирлари партия-ҳукуматимиздан янада кўпроқ хурсанд бўлардилар, – дедим.
    Биров ундай тушунди, биров ажабланди, биров ғазабланди. Хуллас, шу иборамни кўплар эсида сақлаб, латифа қилиб айтиб юришди.
    - Мен газета профком раисиман, – деди Норбобо Шакаров, – жамоада бир қанча ёшлар бор, уларнинг айримлари турар жойга муҳтож. Мана шу қора кўзлар қаршисида турипсиз, шу… – дея гапини давом эттираётган эди, Йўлдошев аччиқланиб чеграйди:
    - Сиз нега миллатчилик қиляпсиз? Нима, сиз биз ҳақиқий байналмилалчилар эканлигимизни, бизда барча миллат вакиллари тенг ҳуқуқлилигини унутдингизми? Тағин менинг, Олий Кенгаш раисининг олдида “қора кўзлар” деб ўтирипсиз-а?! Бу қанақа майнавозчилик?! Йўқ, мен буни шундай қўймайман, бу сиёсий масала. Ўртоқ Номоз Саъдуллаев, сиз бу масалани алоҳида кўриб чиқиб, менга маълумот тайёрланг.
    Мажлисда “Халқ сўзи” ходимлари билан бирга “Народное слово” ходимлари ҳам ўтиришарди. Бир-икки киши: “ундай эмас, бундай эмас, Норбобо Шакаров тўғри маънода айтганди”, дейишига қарамай, Йўлдошев ўдағайлайверди. Шу пайт газета мухбири, шоира Мукаррама Муродова сўз сўраб, ўрнидан турди. Ҳамма унинг сўзини кутиб, жим бўлгандан сўнг бармоғини Йўлдошевга бигиз қилиб:
    - Сиз ҳозир сиёсий жиноят қилдингиз! – деди дона-доналаб.
    - Нима?! – деганча Йўлдошевнинг бошидан, юз-кўзидан бирдан тер қуйилиб, гапиролмай, ўтириб қолди. Сониялар ичида. Бу одам – ўша, 1989 йили Қувасойда “қулупнай жанжали” бўлган пайт Фарғона вилояти раҳбари бўлган одам эди.
    - “Қора кўзлар” дегани доим айтиладиган гап, кишиларга нисбатан меҳр ийганда шундай дейилади. Сиз эса… рус ходимлари билан орамизда шу вақтгача ҳеч қандай нифоқ йўқ эди. Шакаров “қора кўзлар” деганда ҳам улар мутлақо эътибор қилишмаганди. Сизнинг даъвойингиздан сўнг улар хавфсираб қолишди. Сиз орамизга нифоқ соляпсиз! Сиз миллатларни айиряпсиз! – деди Мукаррама Муродова.
    Мукаррама опани газета бўлим мудири, шоира Муҳтарама Улуғова қўллаб, “қора кўзлар” иборасини тушунтириб берди. Йўлдошев бошидан, юз-кўзидан оқаётган терларни рўмолчаси билан тинмай артаркан, бир нарса дея олмас, қизариб-бўзариб борарди. Казо-казолардан иккитаси унинг ёнини олган бўлиб, вазиятни силлиқлашга уринди
    Мажлис тугаб, меҳмонлар жўнаётганда коридорда бир сурхондарёлик аёл чақалоғини кўтариб олган ҳолда Йўлдошевга осилиб йиғлайверди. Чиқаверишдаги эшикни тўсиб олган, Йўлдошев четлаб ўтиб кетиш иложини қилолмай, ноилож аёлнинг гапини тинглади ва деди:
    - Идорамга боринг, ўша ерда гаплашамиз.
    - Идорангизда мени кўчадан киритишмайди. Майдароқ катталарингиз эса мени алдаб жўнатишади. Сиз ёрдам қилмасангиз бўлмайди, – деб дод солиб, Йўлдошевнинг қўлига осилганча, йиғлайверди.
    Муҳтарама Улуғова тушунтиришича, икки йил бурун аёлни қўшнилари қип-яланғоч қилиб ечинтиришиб, кўчада сазойи қилишган экан. Аёл икки йилдан бери бола кўтариб, идорама-идора адолат истаб юрган экан.
    Шу ернинг ўзида Муҳтарама Улуғова, газета ҳуқуқий бўлим мудири Ҳабибулла Олимжонов ва Олий Кенгаш вакилидан иборат комиссия тузилди. Улар Сурхондарёга бориб, аҳволни ўрганадиган бўлишди.

    1991 йил 5 август.
    Анча вақтдан бери Анвар ака: “бола-чақамни “Зомин” санаторийсида дам олдиришим керак”, деб юрганди. Мен йўлланма топиб беролмаётгандим. Бахмал пансионатига топгандим, Умида опа “Бахмалга бормайман”, депти. Кейин “Зомин” санаторийсига икки марта чиқиб, иккинчисида бош врачни топиб, икки йўлланмани нақд пулга сотиб олиб, 2 августда Тошкентга телефон қилиб, 5 августдан келаверишлари мумкинлигини айтдим.
    - Ўзинг келиб, бола-чақамни олиб кет, – деди Анвар ака.
    5 август куни Зарбдор туман “Озарбайжон” совхози бригадири Сиддиқ Аҳмедовнинг янги “05”ида Умида опани уч ўғли билан Тошкентдан “Зомин” санаторийсига олиб келиб, жойлаштирдик. Ўша кунлари Анвар аканинг кайфияти мутлақо йўқ эди. Номоз Саъдуллаев иш бошлаганданоқ, Анвар Жўрабоев бўшатилади, деган гап чиққанди. Абдукарим Раҳимбердиев ўринбосарликдан бўлим мудирлигига туширилган эди. Уч-тўрт кундан сўнг Тошкентга телефон қилган эдим, Анвар ака:
    - Кеча мени ишдан бўшатишди. Ўрнимга Саидов тайинланди, лекин мен ҳозирча кабинетимда ўтирипман, ҳеч ким мени “чиқ” деб ҳайдагани йўқ, – деди ўта тушкун кайфиятда.
    Мен тасалли бердим, соғлик бўлсин, дедим. Жиззахга таклиф қилдим, янгани жойлаганимни айтдим. Яна уч-тўрт кундан сўнг Тошкентга борсам, кабинетда янги биринчи ўринбосар ўтирарди. Абдунаби Бойқўзиев Анвар ака уйида ётганини айтди. Мен телефон қилдим, яна Жиззахга таклиф қилдим. Қийин-қистовлардан кейин эртага кечга боражагини билдирди.

    1991 йил 19 август, жума.
    Кечқурун соат олтиларда (ёки еттимиди?) Анвар ака Тошкент-Жиззах автобусида келди. Автостанцияда кутиб олдим.
    - Қаерга борамиз? – деб сўради.
    - Уйга, – дедим мен.
    - Йўқ, санаторийга, бола-чақанинг олдига ҳайда, – деди Анвар ака.
    Мен санаторий бу ердан 110 км узоқликда, тоғнинг тепасида, қоронғида у ёққа чиқиш хатарлилигини айтиб, машинани уйга бурдим. Оқшом бизникида ҳангома қилдик.
    - Абдукаримнинг тақдирига ҳеч ким қизиққани йўқ, аммо Пиримқул Қодиров “Анвар нима бўлади?”, деб катталардан сўрапти. Катталар “бир иш топиб берамиз”, дейишганмиш. Биз Абдукарим иккимиз маслаҳатлашгандик. Йўлдош билан Норбобонинг эркаликлари жондан ўтиб кетган эди, шу сабабли Аҳмаджон акага кириб: “Сиз редакциядан кетинг”, демоқчи бўлиб юрган эдик. Бари бир у ерда у вазиятда ортиқ ишлаб бўлмасди.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz