Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 03.10.24
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Август » 18 » Иншо
    12.40.01
    Иншо
    Билмасвойнинг уч қаҳрамони

    Мактабни тамомлаганимга икки йил бўлаябди. Ҳалигача ҳаётда ўрнимни тополмайман. Нима иш қилсам ўзимга ёқмайди.
    Кичкиналигимда ҳозиргимнинг акси бўлиб жуда пишиқча, билимдон бўлиб жуда тўқувчи эканман. Боғчада ўртоқларимга ўзим ўйлаб топиб “ужаслар” айтиб берсам, бунча янги видеоларни қаерда кўрасан, деб қизиқиб сўрашарди. Боғча опам мени тўқишимни билса ҳам уришмасдилар, болалар бақириб тўполон қилиб югуравергунча жимгина Искандарнинг эртакларини эшитиб ўтиргани яхши дер эди.
    Мудирамиз Мунира опа Санақулова бувим билан бирга ўқиганлар. Ёшликда иккаласи ҳам ёзувчи бўламиз деб, ҳикояларини редакция қолмай, Ёзувчилар ташкилоти қолмай олиб бориб, ҳаммадан дастхат олишган. Мунира опанинг ўқимаган нарсаси йўқ. Бир куни Петя билан Дилшод машина талашиб қолганда “Яқинда мактабга кетсаларинг, бир-бирингни соғиниб тополмай юрасанлар,” - деб Зафар Диёр деган шоирнинг…

    Федя билан Феруз икков бир ватаннинг боласи,
    Бир гулзорда ўниб - ўсган қизил гулнинг лоласи.
    Мана икков хайрлашар, поезд жўнар шарқ томон
    Федя дейди: ҳайр Феруз, хайр дўстим жонажон .
    Унутмайди бир бирини хат ёзишар икки дўст,
    Икки ўртоқ, икки тенгқўр, бири ўзбек, бири рус.


    …шеърини айтиб берганди. Бошқа нарсаларга ҳам ҳар доим биронта шеър айтиб берарди. “Украина еллари сарин еллар,нега қаҳ-қаҳ уриб кулмайсиз” - деган, “Болалик кунларимда уйқусиз тунларимда кўп эртак эшитардим...” “Дераза олдида уч қиз узоқ тунда уйқусиз...” кабиларни ҳаммасини ёддан биларди. Мунира опа ёшлигида Қримда “Артек” деган лагерда ҳам бўлган. Уни ҳам бизга қиззиқ қилиб айтиб берардилар.
    Ўзи бор билган нарсамни Мунира опадан эшитганман. Марк Твен, Жюл Верн, Даниел Дефонинг “Робинзон Крузо”сини, Гулливернинг саёҳатини – ҳаммасини эринмай айтиб берардилар. Мен эса қўшиб-чатиб уларни бошқаларга айтардим.
    Ҳамма менга “фантаст ёзувчи” бўласан дер эди. Ўзим ҳам бу гапга ишонар эдим. Лекин мактабга бориб, каттароқ синфда адабиёт ўта бошлаганимдан кейин бу ниятимдан қайтдим. Туртса тебранмас, бир жумлани айтгунча ўн марта тўхталиб, чўзилиб гапирадиган адабиёт ўқитувчимиздан ҳеч нарса сўраб бўлмас эди. “Савол...сў-ў рашга санга ҳеч ким рух-саат бергаани йў-ўқ, ўтир...жойнг-а-а,” - деб ҳаммани “ўтқазиб қўярди,” айтганини қилмаган болага канадай ёпишиб олиб, бошқа мактабга, айниқса ақли камлар ўқийдиган мактабга жўнатмагунча тинчимас эди. Агар боланинг ота-онаси кучлироқ чиқиб қолса, ҳеч бўлмаса бошқа синфга кўчиртириб юборарди.
    Иншо деган нарсани эшитмаганман. Дадамнинг гапига қараганда авваллари қайси ўқишга кирмоқчи бўлсангиз, иншо ёзишингиз керак экан. Иншо билимни ошириш билан бир қаторда, ўқувчиларни мустақил фикрлашга, фикрларини равон ва бехато ифодалашга ёрдам берар экан. Менинг ичимда жуда гап кўп, ёзай десам қоғозга туширолмайман. Агар ёзолганимда, мендан зўр бўлмаса хам, ўртачароқ ёзувчи чиққан бўлар эди. Гапиришга эринган ўқитувчи, иншо текширишни яхши кўрадими? Шунинг учун биз ёзишни билмай қолганмиз.
    Балки ҳали ҳам кеч эмасдир... Ёзишни иншодан бошламоқчиман.
    Иншолар икки хил бўлар экан. Биринчиси, ёзувчининг ҳаёти ва ижодига бағишлаб ёзиларкан. Иккинчиси эркин мавзуда бўлиб, ҳоҳлаган нарсангизни ёзавераркансиз. Биринчи типдаги иншоларни ёзолмаслигимни юз фойиз биламан, бирон ёзувчининг ҳаётини билсам, асарларидан хабарим йўқ; асарларини билсам, ўзи ҳақида ҳеч нарса билмайман.
    Бобом Чингиз Айтматов дейсизми, Марков, Леонов, Лимонов, Тоғай Мурот, Одил Ёқубов - умуман ҳаммасини ўқиган. Мен эса фақат мактаб китобидагиларни ўқиганман. Яқинда кириллча ёзишни ўрганиб олдим, аста-секин ўқишни ҳам ўрганаман. Шунга қараганда ўзим сал ақлли бўлсам керак деб ўйлайман, лекин барибир билмасвойман, буни бўйнимга оламан. Иншони ҳам кириллча ёзаябман, хатоси бўлса, тўғрилаб ўқирсиз. Демак, иншони эркин мавзуда ёзмоқчиман, уни мен “Уч қаҳрамон” дeб атадим.
    Мана режаси:

    ИНШО МАВЗУСИ: УЧ ҚАҲРАМОН

    КИРИШ

    1 Иншонинг мақсади;
    2 Нима учун “Уч қаҳрамон” мавзуси танлангaнлиги ҳақида.

    АСОСИЙ ҚИСМ

    1 Қаҳрамонлар ҳақида;
    2 “Уч қаҳрамoн”лар ва бошқалар;
    3 “Уч қаҳрамон”нинг жамиятда тутган ўрни ва роли.

    ҲУЛОСА

    “Уч қаҳрамон”ларнинг тарбиявий аҳамияти.


    “Уч қаҳрамон” мавзусини танлаб, ҳозирги замоннинг хакикий қаҳрамонлари кимлар эканлигини оммага кўрсатиб бермоқчиман. Қабул қилиш ёки қилмаслик хар кимнинг ўзига хавола. Иккинчидан, улар ҳақида ўз фикимни қоғозда акс эттириб, ёзишни қанчалик эплаганимни кўрмоқчиман.
    Асосий мақсадим, ёзишни ўрганиш, келажакда ҳикоя ва романлар ярата оладиган ёзувчи бўлишга эришишдир.
    “Мен севган шоир”, “Мен севган асар” мавзусини танламаганим, ҳозирча севган шоирим йўқ, севган асарим ҳам йўқ. Иккинчидан, менинг учта қаҳрамоним бор.Ушалар ҳақида ёзмоқчиман.
    Адабиётдаги қаҳрамонлар Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Озод Шарафуддинов ва Сaид Аҳмадлардир, лекин булар менинг қаҳрамонларим эмас.
    Абдулла Ориповнинг шеърлари ёқса ҳам, мадҳияни ҳам шу шоир ёзгани учун, ёқтирмайман. Шунча зўр шеърлар ёза олган шоир бунчалик бетутуриқ нарса ёзганига тушинмайман. Боғчадан то мактабни битиргунча мадҳияни ҳар йили ёдлаттиришди. Баҳо олиш учун бир амаллаб ёдлаган бўламан, эртасига яна эсимдан чиқиб кетади. Битта мен шундай бўлсам керак десам, синфимизнинг аълочилари ҳам ҳеч эслаб қололмасди. Ҳозир ҳамма билан гаров ўйнашим мумкин, биронта одам шеърни охиригача ёддан билмайди.
    Абдулла Орипов сарой шоири бўлиб қолган. Шунинг учун у тўғрисида ёзгим келмайди.
    Эркин Воҳидовнинг лирик шеърлари ёқарди. Рус шоири Сергей Есениннинг шеърларини таржимасига гап йўқ. Бир куни ўртоғим Володяга Эркин Воҳидовинг шеърларини таржима қилиб айтиб берсам, маъноси зўр экан-у, айтиб берганларинг кўпроқ ҳикояга ўхшаб қолди, дейди. “Буларни русчага таржима қилиш учун мен эмас, Есениндай шоир руcларда яна қайта туғилиш кeрак. Ўшанда бу шеърлар русчада ҳам ўзбекчадагидек зўр жаранглайди,” - дедим.
    Эркин Воҳидовнинг қаҳрамонлигини тан олсам ҳам унинг ҳoзирги тутган ўрни менга ёқмай қолди. Юcуф Жумаевнинг у тўғрисида ёзган нарсасини ўқиб, Э. Воҳидовдан қўлни ювиб, қўлтиғимга тиқдим.
    Чолдан энди нимани ҳам кутиш мумкин.
    Озод Шарафуддиновни жуда яхши билар эдим, бир маҳаллада турардик, елкаси букилиб, ияги ерга тегай деб турса ҳам, бурни осмонда эди. Ўлганлар тўғрисида ёмон нарса айтиш мумкин эмас, дейишади. Мен эса яхши нарсасини топа олмадим.
    Саид Аҳмад ҳақида нима ёзишни билмайман. Ойимдан сўрасам, ҳaжвиялар ёзган эмиш. Кейин бир эски журнал топиб берди. Саида Зуннунова тўғрисида ёзган эсдаликлари экан, унинг йўқолган узугини сув омборида қидиришгани тўғрисида бир нарса, ҳажвия-ми, ростми тушинмадим, кириллча бўлгани учун қолганини ўқигим келмади, зерикиб кетдим.
    Эркин мавзуда ёзаётганим учун, ўзим танлаган қаҳрамонлар ҳақида баён қилмоқчиман. Юқорида айтганимдек билимим паст, лекин ўз фикрим, ўз дунё қарашим бор. Кексалар айтанидек, менинг ҳам ўзим сиғинадиган мозор, харид қиладиган бозорларим бор. Ҳар нарсага сиғинавермайман, ҳар хил бозорга боравермайман.
    Қаҳрамонларимнинг сони учта, шунинг учун иншомни “Уч қаҳрамон” деб атадим.
    Уларни тенгдошларимнинг кўпи билмайди, чунки улар тўғрисида ёзиш у ёқда турсин, ҳеч ким гапиролмайди. Мен улар ҳақида асосан интернетдан билиб олганман.

    Оққа кўчирувчи Орзигул

    (Давоми бор)


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz