Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 00.35.12
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Декабрь » 21 » Қатра
    15.51.19
    Қатра
    Тиканли гул

    Инсонмиз, Оллоҳ фитратимизни гўзал қилиб яратган. Қўлларимиз билан оламни гуллатишимиз ва , аксинча, пайҳон этишимиз мумкин. Ўзимиз гўзал-олам гўзал. Аммо баъзан бошқа бир инсонда ҳам қалб борлигини, уни ҳам оғритиб қўйиш мумкинлигини унутиб, қаттиқ-қаттиқ гапларни айтамиз, кўнглини синдирамиз. Қалб, кўнгил бир чинни мисол, синган жойи ямалса ҳам, изи қолади, кўзингизга гўзал кўринган жозибасини йўқотади...

    Бир ташкилотга иш билан бордим. қабулхонадаги котиба қиз:

    -Тўлдиринг!-деди-ю, олдимга бир нечта бланка ташлади. Мен эса, бу ҳужжатларни қандай тўлдиришни билмаганим боис, бир оз довдираб турдим. Котибадан сўрашга эса, юрагим бетламади, чунки қиз келган ҳар бир одамни "чақиб" гапирарди. Кўнглим сиқилиб, ишимни ҳам битирмай хонадан чиқдим. Йўлакда кетаётиб, бир йигит туртиб ўтди, ҳолбуки, сал нарироқ юрса, жой бемалол эди. Асабийлаша бошладим, "сурбет" дедим ижирғаниб.

    Кўчага чиқар эканман, котибанинг муомаласини ўйлаб, жиғибийроним чиқди. Гўё мен оғир жиноят қилганман-у, энди тузукроқ муомалага лойиқ эмасман.

    Атрофдаги одамларни кузата бошладим. "Нега одамлар бунчалик қўпол бўлиб қолишган. Бировнинг кўнглига озор беришга нима ҳақлари бор уларнинг. Наҳотки, ёмон иш қилаётганларига виждонлари қийналмаса?" Шу фикрлар билан бир четда турган эдим, "Синглим", деган овоз эшитилди. Қарасам, боя йўлакда туртиб ўтган "сурбет" йигит турибди. Қўлида жилд, менинг ҳужжатларим солинган жилд.

    "Ҳали йўлакда тушириб қолдирдингиз",-деб қўлимга тутқазди. Асабийлашганимдан сезмабман ҳам тушиб қолганини.

    "Раҳмат".

    "Арзимайди, энди йўқотманг".

    Йигит шундай деб жилмайиб қайтиб кетди.

    Ҳушимга келгандай бўлдим. Тўғриси, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, котибадан ранжидим, кейин асабийлашиб, ҳалиги йигитни ўзим туртиб ўтдим, яна уни "сурбет" дедим. Аммо менинг қўполлигим эвазига у яхшилик қайтарди. Шундагина бу кўнгилбузарликлар занжири бошини топгандек бўлдим. Балки котиба қизнинг ҳам кимдандир кўнгли оғригандир, менга ўхшаб унинг олдига келадиганлар озми ахир. Қай бирининг кўнглига қараб, қай бирига тушунтирсин. Мен эса ёмон гумонларга бориб ўзимнинг беэътиборлигим туфайли, яна кимнидир хафа қилган бўлишим мумкин.

    Ўзимиз бировнинг гапидан хафа бўламиз-у, лекин биз ҳам кимнидир хафа қилишимиз мумкинлигини ўйламаймиз. Худди ҳамма одам биздан қарздордек, гўё биз ҳаммага "ўтказиб" қўйгандекмиз. Аслида оддий табассум ҳам кимнидир кўнглини кўтариши мумкин. Пайғамбаримиз: "Табассум ҳам садақадир", деб бежиз айтмаганлар.

    Энди бундай гумонларга бормасликка ва бошқанинг кўнглини оғритмасликка ўзимга ўзим ваъда берган ҳолда йўлимда давом этдим. Қаршимда қўлларида гўзал гулдаста билан бир аёл келарди. Гулдастани кўрганим заҳоти қалбим фахрланди, аёлга қараб жилмайдим. Шунда аёл тўсатдан тўхтади-да, қўлимдан тутди. Сўнг гулдастадан бир нечта гулни чиқарди-да, менга тутқазди. Ичимдан ҳайратим, қувончим тошиб келганидан, бўғзимга нимадир тиқилиб, бир сўз дейишга улгурмадим. У йўлида давом этди. Ортидан: "Раҳмат, опажон", дея олдим, холос.

    Бугун ҳаёт менга кўнгил дарсини берар эди. Атиргулларнинг ширин бўйини маст бўлиб ҳидлар эканман, бармоғимга бир нарса санчилди- гўзал гулларнинг тиканлари ҳам бор эди. Назаримда, ҳаёт ҳам шу гулларга ўхшайди. Бир тарафи бизни сармаст айласа, бир тарафи хушёрликка ундайди. Аммо бу тиканлар бизга атиргулларни севишга тўсиқ бўла олмайди. Гулни севган уни тиканлари билан бирга севади.

    Қалбимда ўзгача фараҳ, лабларимда табассум, қўлларимда гул билан йўлимда давом этдим...

    МАДИНА
    Жойлади: zamondosh
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz