Ризобек Понедельник, 2024-05-13, 02.32.55
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2013 » Июль » 8 »

    Чолизм (ҳажвий ҳикоя)
    14.57.15

    Чолизм (ҳажвий ҳикоя)

    Тахминан ўн  минг милялар олисдан ун оладиган ва бутун оламга гоҳида бўлар, гоҳида бўлмас сас тарқатиб турадиган бир карнай бор. Ўша карнайнинг овозини эшитмайин, деб икки қулоғингиз тешикларига пахта тиқиб олсангиз ҳам унинг вата-вати юмалаб, қумалаб бошқалар қулоғига урилиб, сас бериб тураверади. Яна шуниси борки,  кўп ҳолларда у карнайнинг гўё кўзи кўр, қулоғи кар гунг кимсадай али десангиз балли,  деб турадиган одати ҳам йўқ эмас.


    Суҳбатимиз карнай ҳақида эмас, мавриди келса у  ҳақида ҳам гаплашамиз албатта. Ҳозиргиси  шу карнайдан чиққан бир сас ҳақида икки оғиз сўз. Ўша карнай ғоят улкан бир кашфиёт яратмишки, унинг мишмишидан эшитганлар аёл бўлса қорни шишибди, эркак бўлса қулоғи қичибди.


    Эмишки бир пайтлар шўрога хизмат қилган  салкам юз ёшида орденларини эгнига тақса йиқилиб тушгудек  ёзғучининг  "Фармонбийи кампиршо" ҳикояси батамом ўз долзарблигини йўқотибмиш. Бизнинг замонга келиб "Чолизм" ғоялари билан суғорилган янги бир сас  эшитила бошлабди.


    Чолизм тушмағурлар бурунги замонлардаги каби жуда ҳанги чиқмиш. Бири бир донагина кампиридан безор бўлиб узоқ тайға аталмиш оврўпо мамлакатига қочмиш, бошқа бирови эса кампирини олиб ўша ёққа қочмишу,  амо безору жон бўлиб туркий мамлакатлар сори эшак солмиш.


    Булар бир бўлишиб,  худдики зулмистоннинг ҳозирги пошшосига монанд,   ҳашар йўли бирлан "Чолизм" ғояларига бўктириб, бир пошшозодани яратмак иштиёқинда куйиб ёна бошлашибди.


    Албатта унақайча "Чолизм" ғоясини амалга оширмоқ нияти жуда қаттиқ сир тутилибди. Аммо, ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деганларидек ҳаром еб, ҳаром ичиб бу каби тубанликка бош уришган "Чолизм" иштирокчиларининг аввалдан дунёга келган ҳаромзодаси сассиқ чоллар режасини чипакка чиқариб қўйибди.


    "Чолизм" чоллари аслида ҳашар йўли билан пошшо яратмак ишқинда ёнганларку, аммо уларнинг тўнғич ва тўнғиз  дўмбалоққина ҳезалаксифат ҳаромзодалари элдан бурун шовқин кўтариб, "Дунё ҳезалакларники, алдаб-сулдаб, тинч йўл билан бир думалаб пошшо бўламан!", дея айюҳаннос солиб қўйибди.


    "Чолизм" ғояси билан суғорилган унинг отасининг ташналиги ортганини кўрсангиз экан. "Мен не ғамда, бу қулоғим гул тақади", дебди "Чолизм" нинг ичкарисидагиси, "Мен не дейман, қўбизим не дер", дебди ташқарисидагиси.


    Хуллас ҳамма номалару ҳангомалар ана шундан кейин бошланибди. у  фирқанинг кўрпачанинг тўрида чордона қуриб ўтирган  шўравийлари  зудлик билан қурултой чақиришибди. Маслаҳатга махси кийгазиб, дегандек "Чолизм"чилар юрт ичкарисидан бир ёш пари,  ҳурлиқони танлаб, ундан тез бир ҳаромзода ясамоқ лозим, ана шунда ишимиз беш бўлади, локин у туғилиб то чиниққунга қадар уммон ортида санғиб юрган, аслида қуёнюрак аммо ўзича ботир ва шотир оқпадар ошқовоқбойни қулоғига " сан пошшо", деб шипшитиб қўямиз. Ўшанда оошқовоқбош у ёқда қуруқ аравасини қалдиратиб юраверади, дея пинҳона қарор олмишлар.


    "Чолизм"нинг инқилобий режаларини амалга ошириш учун бир қадам қолибди. Улар асли мақсадлари бошқа бўлсада аравакашнинг  четдан туриб моддий ва маънавий қўллаб туриши жуда асқотибди. Ҳап саними, деганча чолизмчи бир чалаэркаги  фаолиятини бошлаб юбрибди.


    Уйдаги кампирига "сағал бетобман", деб баҳонани тахлабди-ю ҳайё хуйт шаҳар қайдасан, дея сафар тўрвахалта-ю  хуржунини елкасига, носкадидан носини эса тилини тагига ташлаб, боғлар кезиб, тоғлар ошиб қарши томондан эсган шамолга ёнлаб,  ўзини гўё Санчо билиб, мардановор юришини бошлабди.


    Узоқ ахтариб юраманми, дебдию "свежий" чолизм ғоялари билан суғорилган,  дастрўмолга тугиб, иштонининг чуқур чўнтагига ташлаб қўйилган дастмоясини ушлаб кўрибди. Бир нимага ярамайди-ю таваккалнинг боши кал, дея иштонбоғини бир тортиб қўйиб,  иккинчи киссасидан узоқдан ун олгувчи тилфонини олиб, яшил тугмчасини босибди. У ёқдан "ҳай жоним", деган сас чиқибди. Шунда "Чолизм" висол онлари ҳузурини тасаввур қилибди-ю,  бошидан ҳуши учгудай бўлиб: "Вай жоним, ҳозир ҳузурингга қанот қоқиб, учиб боргум", дея бир ирғишлаб,   пари аталмишнинг хобхонасига кириб борибла,  ўзини унинг қучоғига отибди.


    "Чолизм" ғояси амалга ошиши учун бир баҳя қолибди. Шу чоқ...


    Эҳ, осмондан тушибдими ё ернинг остидан чиқибдими бир қора қуюн кўтарилиб,  "Чолизм" ғояфурушини учириб,  иштон кўйлагидан буткул озод ҳолда мункар-накирдай чўқморини кўтариб турган икки барзанги олдига келиб туширибди. Улар "Чолизм"ни ерга тапиллаб тушишига қўйишмабди, чўқморнинг учига кетидан илиб олишибдида,  ҳибсхонага ташлашибди.


    Ҳибсхонанинг ёзилмаган қоидаларига кўра бошқа жинсдагиларга тажовуз қилганни эркаклик номусини йиртишар экан. Шундай ҳам қилишибди. Инқилобга бир қадам қолганда "Чолизм" ғояси барбод бўлаёзибди.


    Лекин узоқдаги ошқовоқбош "Чолизм"да башорат қилинганидек қуруқ аравасини қалдиратиб, олисдан мужда йўллабди. Муждани олган одам қиёфасидаги шайтонваччалар бири кўйлагини, яна бошқаси лозимини  аввалдан йиртиб, елим халтага жойлаб "Чолизм" каби шамол қарши эсган томон йўл олишибди. Яхшиямки "запас" иштону сийнабандлари бор, бўлмаса мутлақо она қорнидан тушган ҳолда умрбод қолишармиди шармандалар...


    Аммо "шармандага шаҳар кенг", деганларидек "Чолизм"  ғояси билан аллақачон суғориб қўйилганларга шармандалик ҳам шарафу шон экан аслида. Негаки ҳов юқорида айтганимиз карнайга қараб : "Биз "Чолизм"чилар ялонғоч қолганимиз билан ортга қайтмаймиз, енгдан кўйлак, ёқадан иштон қолгунча курашаверамиз", дея чулдиришармиди, дейишаётибди экан эшитганлар.


    Ўзича даҳо  Минғирвой Дабдалаев эса шайтонбаччалар қўлтиғига сув пуркаш бўйича "Президент" этиб ўзини ўзи сайлаб олганмиш. Э, ола минғирвой, "тўйлар муборак"ни карнай сурнайда қачон чаласан, деб қўяйликмикан? Ҳа, майли ўзи биладида у ҳам.


    Ана шунақа гаплар дунёда азизлар. Дарвоқе "Чолизм" ғоялари ҳақида ёстиқдай-ёстиқдай китоблар ёзиб ётишибди. Биз эса ора-чора ўқловдай  бўлса ҳам ҳажвия ёзиб турмоқчимиз.

    Ҳозирча шу ўринда бас.


    Ризо Обидов.

    Жойлади: zamondosh
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]

    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz