Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 05.20.04
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Ноябрь » 15 » Диктатура манзаралари
    20.11.17
    Диктатура манзаралари
    Ўзбекистонда пахта мавсуми битди, болалар ҳамон далада
     
    Рустам Қобил, Би-би-си Ўзбек Хизмати

     
    Ўзбекистонда пахта мавсуми расман якунланди. Давлат белгилаган режа бажарилди. Аммо мактаб ўқувчилари ҳамон далада қолишмоқда.

    Республика бўйича пахта мавсуми ниҳоясига етганига қарамасдан, ҳали давлат режасини бажармаган туманлар ва жамоаларда ўқувчиларнинг қачон уйларига, мактабларига қайтишлари номаълум.

    Шу кунларда эса Ўзбекистонда об-ҳаво совий бошлаган. Яйдоқ далада эса совуқ янада кучлироқ сезилади.

    "Пахтадан анча чарчадик. Мактабга қайтсак бўларди. Ўқитувчиларимиз ҳам икки-уч кун ичида қайтамиз дейишаяпти" - умид билдиради Би-би-си Ўзбек хизмати билан телефон суҳбатида жиззахлик ўқувчи қиз.

    Ўзбекистон ҳукумати далада бола меҳнатидан фойдаланишини доимо рад этиб келади.

    Бироқ ўзбекистонлик кузатувчилар мактаб, лицей ва коллежлар ёпиқлигини, ўқувчилар пахтага кетишганини айтишади.

    "Ўзбекистон далаларидаги болалар" дастурини тинглаш учун бу ерга босинг

    Ўзбек пахта саноати арзон бола меҳнати орқасидан тутиб турилаётгани ҳақида инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлар кейинги пайтлари халқаро доирада бонг ура бошлашган.

    Шу туфайли қатор йирик Ғарб ширкатлари Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишган. Бироқ Ўзбек мулозимларига кўра, ўзбек пахтасига қарши чақириқлар жаҳон пахта бозоридаги рақобатчиларининг амалидир.

    Кўпга келган тўй


    "Ҳамма, мактаб ўқувчилари ҳам пахтага чиқишган. Бозорлар, марказий кўчалар ёпиқ" - дейди ўзбекистонлик аёл - "Аммо нолимайман. Кўпга келган тўй. Пахтани йиғиб-териб олишда давлатга ёрдам беришимиз керак".

    Бошқа бир суҳбатдошимиз эса ҳатто емакхоналар ёпиқлигини, бозорлар тушгача ишламаслигини, ишбилармонлар эса пахта ўрнига пул тўплаб беришаётганини айтади.

    Бир аёлга кўра, унинг камқон қизи ҳам узоқ туманга пахтага кетган. Ўзи ногирон, эри Россияда. Бориб кўриши эса амримаҳол. Лекин ўқувчи қизини пахтадан олиб қололмаган.

    Ўзбекистонда айнан болаларнинг пахтага чиқиши бугун халқаро ҳамжамият эътиборига тушмоқда.

    Тўғри, ҳозир кичик синф ўқувчилари пахтага олиб чиқилмайди. Ўртача 8-синфдан юқори болалар мактабдан узилган ҳолда пахта теришмоқда. Аммо улар орасида ҳам айримлар ўн тўртга тўлиб-тўлмаган.

    Аммо Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, айрим пахтакор қишлоқ туманларида 5-синф болалари ҳам далага чиқарилган.

    "Шароитлари яхши эмас" - дейди фаол - "Бинолар совуқ, душ йўқ, тоза ичимлик суви ҳам етишмайди. Каравот деган нарса йўқ, болалар ерда ётишади".

    Суҳбатдошимизга кўра, болалар пахта тераётган айрим хўжаликларда бир неча йиллардан бери тоза ичимлик суви йўқ ва одамлар ариқ ҳамда ҳовуз сувини қайнатиб ичишади.

    "Болалар ҳам бошқалар қатори лоток ариқлардан сув олиб ичадилар ва ўша сувда ювинишади. Электр чойнакларда бу сувни доимо ҳам қайната олмайдилар" - дейди Бахтиёр Ҳамроев.

    Бойкот иш бермаяпти

    Халқаро, хусусан, Ғарб ширкатлари бойкотларию инсон ҳуқуқлари гуруҳлари чақириқлари у қадар иш бермаётган кўринади.

    Бир неча кун олдин Ўзбекистон шу йилги пахта толасининг аксар қисмини сотиш учун Хитой ва Россия каби мамлакатлар ширкатлари билан шартномалар имзолади.

    Демак, Ғарб бўлмаса, Шарқ бор. Яъни ғарбликларнинг чақириқлари шарқликларнинг қулоғига кирганича йўқ.

    Жиззахдаги ўқувчилар. ("Марказий Осиё Инсон Ҳуқуқлари" Уюшмаси сурати)
    Пахтадан чарчадик, уйга қайтсак яхши бўларди, дейди жиззахлик ўқувчи қизлардан бири. ("Марказий Осиё Инсон Ҳуқуқлари" Уюшмаси сурати)

    Дарвоқе, Хитой ишлаб чиқарадиган пахта маҳсулотларининг салмоқли қисми Ғарб бозорига мўлжалланган.

    "Бу учун ҳали вақт керак. Чунки якуний маҳсулотда ҳали пахта етиштирилган давлат кўрсатилмайди" - дейди Табиатга Адолат гуруҳи вакили Стив Трент -"Бунинг устига, Ўзбекистон ўз пахта толасига "МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги) маҳсулоти" дея тамға урмоқда".

    Дарҳақиқат, "Хитойда тайёрланган" дея ёрлиқ ёпиштирилган кийим-кечакни сотиб олган ғарбликлар бу мато ишланган пахта толаси аслида Ўзбекистондан келганини билмаслиги мумкин.

    "Вақти келиб, албатта асил пахта қаерда етиштирилгани кўрсатилишига эришиш керак" - дейди Стив Трент умидвор оҳангда.

    "Оқ олтин"дан кимнинг косаси оқармоқда?

    Ота-онаси бағридан, мактабдаги ўқишидан узиб, пахтага жўнатилган болаларга ҳар кило пахта учун тўланадиган пул мавсум бошида 85 сўм (4 АҚШ сенти) эди. Иккинчи теримга келиб, 150 сўм (7 сент) бўлган. Демак, кунига бир доллар ишлаб топиш учун ёш бола мавсумига қараб 14 ёки 25 кило пахта териши керак бўлади.

    Ўзбекистонлик фаолларнинг айтишларича, болаларга кўпроқ пахта териш учун босим ўтказилади. Аммо яхши тера олмайдиган болалар ҳатто ўзларига берилган овқат пулини ҳам чиқара олмай, баъзан қарздор бўлиб қолишлари мумкин.

    "Бериладиган овқат эса эрталаб чой-нон, бошқа пайти сифатсиз макарон шўрва. Гўштни эса жуда кам кўришади" - дейди Бахтиёр Ҳамроев.

    Фермерлар эса мева-сабзавот экишни исташса-да, давлат уларга пахта экасан, деб босим ўтказишини айтишади. Бунинг устига, фермерлар пахтани давлатга давлатнинг ўзи белгилаган баҳода сота олишади, холос.

    Афтидан, пахтадан на фермелар ва ё уни терадиган болалар бойимаётган кўринади.

    "Бола меҳнати аслида Ўзбекистондаги бошқа бир чуқурроқ муаммонинг натижаси" - дейди Лондонда биз суҳбатлашган асли ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов -"Ўзбекистонда пахта экспорти ва ундан тушадиган даромадни тақсимлаш ҳукуматдаги жуда кам сонли одамларнинг қўлида қолмоқда. Бу одамлар эса сотиб олинадиган пахта нархини атайдан арзон қилиб белгилашади".

    Алишер Илҳомовнинг қайд этишича, пахтадан тушадиган даромадлар борасида халқ олдида очиқ ҳисоб берилмайди ва шу боис ҳам пахта ортидан ҳукуматдаги бир ҳовуч одам фойда кўриб ётибди, дея хулоса қилиш мумкин.

    Нега болалар?

    Ўзбекистонда пахта теримига болаларни оммавий жалб этиш - Сталин даври бошланган жараёнларнинг сақланиб қолаётган ўта камёб кўринишларидан бири.

    Тўғри, Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёдаги етакчи ўринларда.

    Қорақалпоғистондаги болалар. ("Марказий Осиё Инсон Ҳуқуқлари" Уюшмаси сурати)
    Болаликнинг нохуш хотираси сифатида пахта даласидаги чанг, совуқ ва захни, нормани бажариш босимини эсламайдиган ўзбеклар кам бўлса керак. ("Марказий Осиё Инсон Ҳуқуқлари" Уюшмаси сурати).

    Лекин мамлакат четга олтин, газ ва бошқа саноат маҳсулотларини ҳам сотади. Тўғриси, анча ўзига тўқ давлат.

    Бироқ айрим ҳисоб-китобларга кўра, ҳатто миллиондан кўпроқ ўқувчи-талаба ҳар йили Ўзбекистон пахта далаларига ҳайдалади.

    Нега Ўзбекистон болаларнинг энг бошланғич ҳуқуқи бўлган мунтазам таълим олиши, ота-онаси бағрида қолишини таъминлай олмайди ва ёки таъминлашни истамайди?

    "Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига етарлича сармоя киритмаган. Деҳқончиликда янгича технологиялар қўлланилмайди ва бу соҳа ҳамон эскича усулда ишлайди" - дейди Стив Трент -"Аксар пахта қўлда терилади. Бола меҳнати эса жуда арзон".

    Кузатувчиларга кўра, балки шу боис ҳам Ўзбек ҳукумати фермерлардан сотиб оладиган пахта нархини ўзи истаган, арзон нархда белгилайди ва бошқа маҳсулот экишларига рухсат бермайди.

    Пахта - Ўзбекистон учун стратегик маҳсулот. Терим мавсумида эса катта-кичик барча бу стратегик маҳсулот учун таълим, иш ва ота-она бағридан мосуво бўлади.

    Афтидан, 18 йиллик мустақиллик даврида совет даврини эслатуви ҳар нарсадан воз кечишга қаттиқ тиришиб келган Ўзбекистон айнан болаларнинг пахта ишларига жалб этилиши бобида эски меросдан воз кечмаётган кўринади.

    "Замондош"дан: Журналист Рустам Қобилнинг ушбу радиоэшиттиришини саҳифамизда эълон қилганимиз боиси шундаки, "Озодлик" даги каби Би -би- си радиосида ҳам диктатура  манзараларини тўлақонли акс эттирувчи асарлар ҳаво мавжларига  узатилиши кузатилмоқда.

    Айниқса ,  Рустам Қобил, Паҳлавон Содиқ сингари журналистлар эшиттиришлари  ҳар томонлама ишончли ва мазмунли эканлиги билан тингловчиларга манзур бўлаётган эса ажаб эмас.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz