Ризобек Суббота, 2024-05-18, 22.31.04
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Октябрь » 4 » Эшитинг ва ўқинг
    21.55.44
    Эшитинг ва ўқинг
    Жаҳонгир МУҲАММАД: Салтанат сирлари

    Ислом Каримовнинг собиқ қудаси Абдурауф Мақсудий билан суҳбат

    Мақсудий билан суҳбат

    Tinglash(Тинглаш)

    -Ўзбекистонда жуда кўп одамлар Абдурауф Мақсудий деганда биринчи навбатда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қудаси эди бу одам, деган нуқтаи назардан танишади. Демак, шундан келиб чиқадиган бўлсак, биринчи саволим – Абдурауф Мақсудий ўзи ким? Буни сиз ўзингиз қандай таърифлайсиз?

    -Раҳмат Жаҳонгир ака! Мен Абдурауф Мақсудий аслан Ўзбекистонда туғилиб, Ўзбекистондан 1931- йилларда отам Ўзбекистондан Қашқарга кетган. Қашқардан кейин Туркистонга келган. Бундан кейин Афғонистонга ҳижрат қилган. 46-йилда Афғонистондан Арабистонга кетганмиз. Икки йил Арабистонда туриб қайтиб Афғонистонга келганмиз. Биз ҳамиша тижорат билан шуғулланганмиз. Тижорат ишларида бўлганмиз. Отам раҳматлик савдогар бўлган. Амриқога келишдан мақсад, ман биринчи маротаба келганим 1965 йилда тижорат ишлари билан Амриқога келиб, Амриқони кўриб, шунга қарор бердимки, болаларимни ҳам Амриқога олиб келдим шу ерда ёшликдан ўқишсин деб.

    1972 –йилнинг охирида учта боламни ҳам Америкага олиб келиб уларни бу ерда мактабга жойладим. Ундан кейин ўзимиз Афғонистонда эдик. Афғонистонда шу саноат ишлари, фабрикалар қургандик, тижорат қилардик.

    79-йилда Афғонистонга рус ҳужум қилиб, Афғонистонни олгандан кейин секин-секин Афғонистондан ман ҳам чиқиб кетдим.

    -Адашмасам 1994 йилда “Эрк” газетасида бир мақола чиққан эди. Ўшанда айтилган эдики, сиз Афғонистонда бўлган пайтингизда, руслар келганда, сиз Афғонистон Совет Савдо Жамиятини раиси бўлган эди, деб ёзишганди. Шу тўғрими?

    -Шу нарсага таклиф қилишувди, мен ҳеч давлат ишини, сиёсий ишини яхши кўрмасдим, ҳеч қабул қилганим йўқ шуни. Шу ишга ҳамиша мени чақиришган, ўша жойни менга сақлашган, ўша пайтларда мен ташқарига чиқиб кетардим. Қабул қилганим йўқ. Мен давлат ишини ҳеч яхши кўрмасдим.

    -Мана Америкага келдингиз, энди табиийки четда яшаган ҳар бир Туркистонлик, нега Ўзбекистонлик демаяпман, Туркистонлик, чунки Ўрта Осиёдан четга чиққанлар ҳаммаси ўзини Туркистонлик деб билади. Мана шулар ўзи туғилиб ўсган жойнинг мустақиллигини орзу қилган. Мана мана шу мустақиллик ҳам насиб бўлди, шу одамлар ҳам кўрди. Лекин қандай бўлди-ю сиз мустақил Ўзбекистоннинг президенти билан қуда бўлиб қолдингиз. Бунга нималар сабаб бўлди? Қандай тасадифлар бўлди? Шу ҳақда икки оғиз гапириб берсангиз.

    -1984 йилда кам-кам ўзбеклар Москва орқали саёҳат учун Америкага келишарди. Уларни ичида кўп ёзувчилари бор эди, шоирлари бор эди. Илмий одамлар бор эди. Жуда кўп ўша Масков йўли билан шўтга келишиб, бир ҳафта, ўн кун келишиб турганда, биз ҳамиша улардан хабар олардик… Шу фурсат билан биз Ўзбекистонлик олимлар билан танишдик. Улар ҳамиша Тошканд ёки Ўзбекистон ниҳоясини кўриб, бошқа дунёни ҳолатини кўриб, шутга келишганда ҳаммадан илтимос қилишардики, келинглар Ўзбекистонга, бизни қўлимиздан бир иш келмайди, ўша ерда бир иш бошланглар, одамларга иш топилсин. Кўп ҳолатимиз ёмон, деб шунақа бизни таклиф қилишганди Ўзбекистонга. У вақтда ман на Каримовни танирдим ва ҳеч кимни танимасдим, фақат шу келган олимларни танирдим. Фақат буларни ичида бошқа одамлар ҳам бор эди. Энди отини айтсам буларга дарров зарар етади. Улар кўп таклиф қилишган. 90–йил ман қарор бердимки ҳай, Ўзбекистонга борай, Ўзбекистон иқтисодий ва тижорий фаолиятини жойларда кўрай, ўлимдан кейин бир манфаатим мамлакатимга тегсин деган ниятда ман Ўзбекистонга бордим.

    -Лекин мана бугун ўзбек матбуотида ҳам, рус матбуотида ҳам, агар бир назар ташлайдиган бўлсак, битта нарсани кўраяпмизки, айтишаяптики, Абдурауф Мақсудий Ўзбекистонга фақат пул қилиш мақсадида келган эди, деган нарсани айтишаяпти. Бунга нима дейсиз?

    -Албатта мен тижоратчиман. Ҳамма жойга борсам ўзимни тижоратимни қилганман. Энди Ўзбекистонни қўйинг, бошқа тамом дунё тижорат учун озод. Ўзбекистонга борганим албатта савдогарман, пул топишим ҳам керак, лекин кўпроқ халққа манфаат етказиш.

    Ўзбекистонга бориб “Рост тренинг” ширкатини қурдим. “Рост тренинг” ширкатидан кейин “Кока-кола” заводларини…90 йилда Ўзбекистонга бордик. Ҳали у вақтида озодликмасди. Каримов эшитди. Бормаганимиздан олдин ҳам Каримов бу ёққа бир хат ёзиб, Абдурауф ака, келинг Ўзбекистонга, деб даъват қилган эди. Ман уни даъвати билан бормаганимдан кейин Шукрулло Мирсаидов ҳам даъват қилди. У киши бу ерга келган эди.Иброҳимов деган…

    -Мирзаолим …

    -Ўша депутатларни раиси бор эди…

    -Мирзаолим Иброҳимов…

    -У кишидан ҳам даъват келди. Хай, яна мамлакатимизни кўрайлик деб, шавқи-завқ билан ўша ерга бордик. Бориб секин-секин ҳолатни кўриб, иш бошладик. Танишдик… Албатта мени халқ қуда бўлишимдан олдин танирди, мен халқни танирдим.

    Ҳа бу дунёда тақдир, қисмат бор экан, уч йилдан кейин баъзи одамлар ўртага тушиб… Хулоса 90-йилдан кейин, биз 91-йилда бу ишларни бошладик ҳаммасини. Бошлаганимиздан кейин, мана кўрдингизки, манфаат ҳам қилдик,албатта қиламиз, нима десам бўлади тижорат қилдик. 2500 ишчи бизда бор эди. Сиз мана ўзингиз дунёни кўраяпсиз 2500 одам бир жойда ишласа 25 минг одамга иш топилади. Масалан товар ташиш, савдо-сотиқ, мошиналарда юк ташиш билан 25 минг одам ўшатта ишлаган…

    -Лекин энди мана бугун ёзишаяптики, мана шу одамларга яхши ҳақ тўлашмаган ва айни пайтда ўша ширкатлардан такс(солиқ) тўланмаган. Бу ерда асосан қаллобчилик қилинган. Фақат ўз манфаатини ўйлаганлар. Боров агар бирон нарса деса дарров ишдан ҳайдашган, деган гаплар… Буларга нима дейсиз?

    -Бу гапларнинг ҳаммасу ёлғон ва туҳмат. Биз налогини тўлаганмиз, дунё бўйича катта компаниялар бориб ҳисобимизни кўрган. Ҳаммасида ҳужжатларимиз бор. Мана биз чиқиб кетганимиздан кейин, Ислом акани қизини ўғлим қўйиб юборгандан кейин биз ўғри бўлдик. Ундан аввал ўғри масдик. Асосан мен 93-йилда дачадан чиқиб кетдим. Дачада ўтирардим аввал кўрган бўлсангиз. Сал Ислом акадан ман узоқроқ турай дедим. 93-йилда Ислом ака ўзи ва оиласи бизга талаблар қўйишни бошлади. Бу талабларни, қўйган талабларни ҳам вақтида айтиб бераман ҳаммасини. Йўқ, манга тўғри келмади бу иш. Ман бир озод яшаган инсонман. Ислом акадан узоқроқ турай деб, жойим йўқ эди, бориб Қатортолдаги омборимда яшадим. То ер олдим, жой олдим… Жойди битказгунимча ўшарда яшадим. Ислом акадан узоқроқ турдим. Ҳозиргача бўйним мана шундоқ… Ҳеч кимни ўртасида Ислом акага тушганим йўқ фалон ишда шу одамга ёрдам беринг деб. Ман Ислом акага… Ман қудаси эдим. Ман қандай бир одам… Масалан сиз қудангизга ҳеч бўйнингизни эгмайсиз. Бир дўстингизга эгасиз. Мани бир мажбуриятим йўқ, Ислом ака, келинг бир ёрдам беринг дейишга. Ислом акани манга эҳтиёжи бор…

    -Лекин мана сиз айтаяпсизки, баъзи талаблар бўлган эди, кейин айтаман, деяпсиз. Шу кейин айтаман деганингизнинг ортида нима гап бор?

    -Ука, сиз билмайсиз, мани иккита неварам уларни қўлида. Учта қариндошимни улар қамаб олишди. Бир кун ўтирганимда Америкада… Зелемхон Ҳайдаровни билсангиз керак, Зелемхон Ҳайдаровдан манга телефон келди.

    -Ўзбекистон президентининг Умумий Ишлар Бошқармасининг бошлиги…

    -Ўнг қўли дейилади Ўзбекистонда. У одам кучли…Зелемхон акадан манга телефон келди-ки, Абдурауф ака, Ислом ака ва оиласи чақириб менга буйруқ бердики, Абдурауф акага телефон қилинг, шу Мансур Гулнорани қўйган талабларига… Талабларининг ичида биттаси шу-ки, Мансур авлодидан кечсин. Авлодидан кечса на сизларни заводларингизни оламиз, на сизларни жойларингизни оламиз, на уйларингизни оламиз, ҳаммасини сизларга қайтариб берамиз. Шу Мансурга айтинг, шу ишга қўл қўйсин. Нима дейди, Мансур туриб айтти-ки, нима қилса қилсин, ман боламдан қандай қилиб ўтаман, деди. Энди бунга бир сабаб борки, инсон боласидан қандай қилиб ўтади? Энди Каримов ўзи бунга ўрганиб қолган, олдинги хотинини қўйиб юбориб, болаларидан кечган. Биз инсон боласи эдик биз. Бошқаларни қандай билсин, миллатни қандай билсин!? Шу сабаблар учун 93-йилдан буён ман бу одамдан узоқлашдим. Ман шу Қатортолда яшайман, қандай ҳолатга тушганимни ман ўзим биламан.

    -Ҳар ҳолда бир одамни таниш учун ўн йиллар етарли бўлса керак. Шу ўн йилда озми-кўпми танидингиз. Шу таниган одамингиздан невараларингизни олишингиз мумкинми?

    -Албатта, мана Амрикода адолатлик. На бу ерда бир одам биттадан бирор нарсани илтимос қилолмайди, ҳаммаси пул.Америка суди мана шетта қарор берди. Невараларимни қайтариб берсин, одамларни қўйиб юборсин, ҳар нарса деб… Ҳозир аввалги гапим чала қолди. Шу Зелемхон Ҳайдаровни айтган гапи, мана шуни ёзинг, Зелемхондан сўранг, агар Зелемхон ака шу гапидан тонса, ман субутини сизга қўйиб берай…

    Судди қарорини эшитган бўлсанглар керак. Бугун Гулнора Каримова ё деярли бошқа унинг дўстлари-ю ё бошқа давлат одамлари кўп бу ерда ҳаракат қилишди. Судди алдашмоқчи бўлишди. Лекин суд ана ҳаммасини ёзди. Ўқиган бўлсанглар. Бу ерда Ўзбекистонга ўхшаган эмас-ки, бу йўл бўлса бундай қилгин деб. Иншоолло оламиз невараларимизни. Ҳеч кимга… Худодан бошқа ҳеч кимга бир нарса қолмайди. Зулмнинг охири барбод. Бундай олганда Ислом акани ким яхши кўради? Ўзингиз айтинг… Ёмон кўрган одамни халқ душмани деб ҳам эълон қилди. Ўн йил, йигирма йиллаб одамларни қамаган. Баъзи сессияларда бўлган гапларни эшитгандирсиз, аввалда, нималар деган бу одам? Ялиниб турарди одамларга. Ҳозир энди ҳамма ёғини ўзига қилволиб, ўзига яқин одамларни қўйволиб… Ўзбекистонга масалан, бир просент ҳам инсон ҳуқуқи йўқ. Сиз нима дейсиз шу гапга, инсон ҳуқуқи борми Ўзбекистонда?

    -Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонни инсон ҳуқуқи паймол этилаётган жой деб турибди. Лекин мана шу гапни шу ўн йил давомида бирон марта қудангизга айтмадингизми?

    -Айтдимку сизга, ман 93-йилдан буён бу одамдан узоқлашганман. Туғилган кунига айтарди, вақти келганда ўшанда ман чиқиб кетардим. Жуда борган бўлсам шу ўн йилни ичида ўн марта шу одамни уйига борганим йўқ. Унда ҳам нимага борардим? Келинингизни олиб шу 92-93- йилдан кейин невараларимни кўргани борардим.

    -Энди мана Ўзбекистон ҳукумати тарқатаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Пракуратураси тарқатаётган хабарларга кўра сизларни Интерполга берилган, яъни халқаро қидирувдасизлар. Сиз ва икки ўғлингиз Ўзбекистондан жуда кўп пулларни ўғирлаб кетган, қолаверса Американи ўзида ҳам жуда кўп таксдан, ҳалиги такс дегани солиқ, солиқдан ўғирлаган… Жуда ҳам кўп даъволар бор. Умуман мана шу борада нима дейсиз?

    -Биз ҳаётимизда таксдан ўғирлаган эмасмиз. Мусулмонмиз аввало. Такс берсангиз пулингиз ҳалол бўлади.

    - Солиқ…

    -Ҳа, сиз берган солиғингиз ғариб одамларга ишлатилади. Буни баракаси бўлди. Ўзбекистонда нимаики таксни берган бўлсак Америкада ҳам шу таксни берганмиз.Бу ерда давлатни кўзи мундай юмиқ эмас. Қаерда бир Америкалик ташқарида иш қиладиган бўлса уни тижорати билинган. Америкада битта одамни чўнтагида 500 доллар нақд пул бўлмайди. Ҳаммасу бонкада бўлади. Бу Каримов акага ўхшаган… Энди ҳозир айтолмайман, фақат иккита неварам ва учта қариндошимни ушлаб қолган… Қайси қонун билан ушлаган? Қизи дунё бўйича нима ўғирликлар қилган? Сессияда эълон қилди ўзи Каримов бир одамни боласи гуноҳ қилса отаси жавобгар деб. Эшитганмисиз?

    - Эшитганман.

    -Қизи шундай ёмон ишларни қилаяпти, Каримов жавобгар. Ўзини ўзи Каримов қамасин. Қизини қилаётган ишидан хабарингиз бўлса керак!?

    - Хабаримиз йўқ…

    -А, ўқинглар газетларни, нималар қилаяпти, нималари бор уни… Қайси бонкаларда пули бор буни, ҳаммасини сизлар билинглар. Суриштиринглар…

    -Жумладан шуни билиш ҳаракатимиздан биттаси шу, мана сиздан сўраяпмиз, сиз билганларингизни айтинг.

    -Ман сизга илгарироқ айтимки вақти соати билан ҳаммасини…Кейин яна сиз билан гапиришамиз иншооллоҳ. Яна гапиришамиз.

    -Мана айтаяпсизки мени қариндошларимни қамаган деб. Шу қариндошларингиз кимлар? Қачондан бери қамоқда.

    -Биз чиқиб кетганимиздан кейин… Улар ўзи тижорат қиларди. Биттаси бизда ишларди, биттаси мени божам бўлади.

    - Исмларини айтинг?

    -Биттаси мени қайноғам бўлади, Саид Жамол деган.Биттаси мени жияним ҳам божам бўлади Саид Довуд деган. Учинчиси мени божам бўлади Ҳожи Абдушукур деган. Биз чиқиб кетганимиздан кейин… Бизни чиқиб кетишимиз жуда қизиқ бўлди. Жуда ғалат бўлган. Биз чиқиб кетишимизда… Дафъатан ўшаттан бизга хабар беришди-ки… дўстларимиз бор Ўзбакистонда, Ўзбакистонда яхши ўзбаклар борки, яхши мусулмонлар бор…Абдурауф ака, чиқинг деди. Биз Америка сафоратига айтдик, Америка сафоратидан бизга ёрдам бўлиб чиқиб кетдик. Биз чиқиб кетганимиздан кейин, 10-15 кундан кейин буларни олиб бориб қамади. Булар нима иш қилган, нима гуноҳ қилганди? Уларни чиқариши қандоқ бўлди? Бир тўрт-беш кишини уйларини олишди, жойларини олишди. Тижорат қиладиган молларини олишди. Биттасини уч-тўрт миллион долларини олишди.Кечаси келиб икки автобусга солиб, “Ҳайратон” кўпригидан ўтказиб юборишди. Ўн олтига кирган битта бола совуқдан ўлди. Исталин ҳам бунчалик қилган йўқ-ку! Исталин… Каримовни нима учун газетларда Ўзбекистон Исталини дейди? Биз шу бир ўзбекни исталин деганига шарм қиламиз. Албатта сиз ҳам Ўзбекистонда бўгансиз, кўргансиз. Мана бугун бир ёзувчисиз, озод мамлакатда яшаяпсиз. Сиз ҳам ўзингиз айтинг бу одам нималар қилган инсонларга? Шу гапларим тўғрими, тўғримасми? Кам одамни олиб бориб қамадими?

    - Сиз айтган қариндошларингиз қаерни фуқароси, Американими?

    -Йўқ, биттаси покистонни фуқароси, учтаси Афғонистонни фуқароси.

    -Уларга қандай айб қўйиб қамаган?

    -Ҳеч айбини бир таги йўқ. Манашу ёлғон бизга ёзганда. Фақат мени қариндошим бўлганлиги учун…

    -Энди, одатда подшолар билан яқин бўлиш масаласи ниҳоятда бир мураккаб масала. Жуда ҳам яқин бўлсанг куйиб кетасан, узоқ бўлсанг музлаб кетасан, деган гап бор.Бошида шуни ҳеч бир ўйламадингизми?

    -Самарқандликсиз, форсча ҳам биласизми?

    -Оз-моз…

    -Битта форсийда Саъдийнинг айтган шеъри бор. “Қурби султон оташи сўзон бувад”, яъни “Султоннинг дўстлиги дўзахдай бир ўт” дейди. Хўп, биз бу одамга қўлимиздан келганини қилдик. Қўлимиздан келганини қилдик. Аммо сиёсий ишларда эмас.Ёки халқди озор бертишда эмас…

    -Лекин шу дўзахни била туриб, дўзахга ўзингизни урдингизми?

    -93-йилда айтдим бундан ман чиқиб кетдим, бундан узоқлашиб кетдим. Ҳамма билади. Ўша Қатортолда омборда ётганимни беш ой ҳамма билади. Ўша Каримовдан ўша вақтида… дафатан ишларимиз чўзилиоб кетди, бошқа бўлди, бунақа қариндош бўлиб қолдик. Дафъатан ташлаб чиқиб бўлмасди. Энг яхши бизни маслаҳатимиз шу бўлдики у одамдан секин-секин…

    -Хўп мана ўша қуда бўлган, дастлабки яқин бўлган йилларингизга агар қайтадиган бўлсак, бошида уларнинг оиласидаги вазият қандай эди? Масалан одамлар қизиқади шу президентнинг қизлари билан муносабати, қизларини отаси билан муносабати, қизларини қайнотаси билан муносабати, қудаларнинг узаро муносабати … Шулар ҳақида ҳам?..

    -Бу ҳақида сизга ҳеч нима айтиб беролмайман, ҳозир айтолмайман. Кўп нарсаларни ҳозир айтолмайман. Қачонки иккита неварамни сизлар обкеб беринглар кейин ман сизларга китоб-китоб қилиб айтиб бераман.

    -Ўзингиз нималарни айтиш керак деб ўйлайсиз?

    -Ҳач нарсаларни… Кўп нарсаларни… Ман шундай кўрган нарсаларни сизлар кўзингла билан кўрмагансизлар. Ман кўрганман. Нимаики қилган бўлсам ўзбек халқи билади. Мана мисол таврида, тижоратимдан ана сизга қилган ишларимдан гапираман. Мисол таврида сизга иккитасини айтай. Шойимардонни сел олиб кетганда ҳеч ким қатнашмади, мен қатнашдим. 67 та уй қилиб бердим. Кўприкларни тузатдим. Йўлларни тузатдим. Дарёларни тузатдим. Халққа бир касалхона қилиб бердим. Миллион-миллион, юз миллионлаб этта пулим кетди. Аммо бу миннатмас. Халқ ором бўлди, кўп хурсанд бўлди. Мени халқ яхши билади. Каримов шу… 91-йилдан кейин у билан қуда бўлдик. Ундан олдин бизни халқ билармиди, ё билмасмиди? Яна айтсам яхши бўлмайди, Ўзбекистондан келган бетта меҳмонларни ҳаммасини биз ҳурматини қилдик, ёрдам қилдик. Ўшани учун бизди билади. Биз Ўзбекистонга бориб нима қилдик? Фақат халққа ёрдам қилдик, халқди кўзини очдик, иш бердик…

    -Энди, Каримов билан яқин бўлган пайтларингизда мухолифат сизни қоралаб келди. Айтишдики бу одам Афғонистонда ҳам шу иш қилган, Ўзбекистонга ҳам келиб мана, буғдой деб неча миллион пулни Америкага олиб кетди, буғдой олиб келинмади. Самарқанд халаделникларини олиб кетиб сотди, уни сотди, буни сотди, ҳатто шу даражага бориб етдики “Кока-кола”ни хўжаини фақат шу одам бўлди. Бошқа одамлар бунга ўхшаган ширкатлар очаман деса уриб ташланди, деган гаплар айтилди. Энди бўлса айни гапларни Каримов ҳукумати ҳам айтаяпти. Буни қандай тушуниш мумкин?

    -Ман Ўзбекистондан, масалан Самарқанддан халаделникни олиб бекорга олдим-ми? Бекорга бердим-ми? Ё масалан буғдойга пул олиб буғдой бермадимми?

    -Лекин Каримовни қудаси деб бекорга берган бўлишлари мумкин-ку!

    -Йўқ. Бу нарсалар қизини қўйиб юборгандан кейин бу гапларни энди чиқарадими? А, Каримов деган бир мамлакатни президенти. Мана Зелемхон Ҳайдаров бор эди. Қизи жанжал қилди Тошкентда менга. Ман айтдим, “Э, Зелемхон, бу қизга айтинг, Ислом Ғаниевич Каримов бугун 25 миллион одамнинг отаси, ёлгиз Гулнорани отаси эмас”. Гулнора кейин манга айтди-ки, “Сени қаматамиз, ҳамма нарсани оламиз, у қиламиз, бу қиламиз”… Ман айтдим, “Бор қўлингдан келганини қил, отангга айт”… Манга аввал айтди-ки, “Отамни фикрини ишлатаман”…Агар отанг шу ишни қилса, дедим, отанг ахмоқ одам экан, дедим. Бу гапни Зелемхон Ҳайдаровдан сўранг. Ман айтдим, одам бир марта ўлади, бор отангга айт, дедим. Ўш куни шомдан кейин у кетиб отасига айтди, эрта–индин келавермади, кейин биз чиқиб кетдик.

    -Энди бугун мана улар айтаяпти-ки, биз ҳамма ҳужжатларни Америка ҳукуматига берганмиз… Америка Адлия Вазирлигига, Пракуратурасига ва бошқа идораларга берганмиз, яқин кунларда қўл – оёғин⪀ боғлаб олиб келади, деяпти. Бунга нима дейсиз?

    -Бу гапларми ҳаммаси туҳмат. Бу ёққа юборган бўлса буларни ҳам ахир ўқийди, кўради. Бир буғдой олиб сотган, неча йил ўтди, бу ишлар қандай бўлди? Биз Ўзбекистон давлатидан бир сент, бир сўм қарз олган бўлмасак, бизни миллион-миллион, бир миллиард сўмимиз қолиб кетди. Айтдим-ку бу ҳаммаси битта гап, Каримовни мияси айниб қолган бечорани. Энди шу қизини таъсирига кеб қоган, ихтиёр қўлдан кетиб қолган, бу касаллик ихтиёри… Ўзи менга айтарди, “Мен кўп қийналаяпман, ука!” деб. Беш йил аввал. Бу оиласига кучи етмай қолган. Ҳаммаси туҳмат. Мана Ўзбекистондаги Пракурор бечорани нима ихтиёри бор? Вазирликни не ихтиёри бор? Депутатларини Ўзбекистон Халқ ноиби демайди Каримов. Оиласи маймунлар дейди уларни. Қайси бечорани ихтиёри… Бир прокурорди ихтиёри борми? Айтингчи сиз ўзингиз? Борми прокурорди ихтиёри?

    -Йўқ.

    -А?!

    -Икки оғиз ўзингиз гапириб беринг.

    -Гулнорани ширкатини таъсис бўлиши, бошқасидан сиз Мансурдан сўранг, ҳаммасини айтиб беради сизга.

    -Демак, бу масалани Мансурбек билан суҳбатга қолдирамиз. Сиз билан давом эттирадиган бўлсак, Абдурауф Мақсудий Ўзбекистоннинг келажагига қандай қарайди? Ўзбекистоннинг келажаги қандай бўлишини истайди? Қайси кунларда Ўзбекистонга боришни истайди?

    -Иншооллоҳ, мани ўзимни гапимни биттаси қолди. Шойимардонни гапини айтдим сизга. Иккинчи қилган ишимиз ҳамиша биз халққа ёрдам қилганмиз. Сизлар бориб халқдан сўранглар, мендан сўраманглар. Давлат одамларидан ҳам сўранглар. Мусулмонлардан ҳам сўранглар. Ўша ўрислардан ҳам ўшаттагилардан сўранг. Хлабушкина деган бир етимхона бор эди. Аввалдан 93-йилдан биз унга ёрдам қилиб келардик. 98-йилдан давлат қаролмасдан қолди хабарингиз бўлса. Менга айтдики, шуни сиз олинг Абдурауф ака, бир хат ёзинг шуни сизга берай болалари билан… У ерда 180 тача болалари бор эди. Шуни тўлиқ ўз қарамоғимга олдим. Спорт жойларини қилиб бердим. Кампютерларини… Фақат Америкада қандай бўлса шунга ўхшаган қилиб бердим. Ман Ўзбекистонга бораман, ўша етим болаларга ваъда қилганман. Яхши ўқисанг, сен ҳам Каримовга ўхшаган президент бўласан. Иншоллоҳ борамиз Ўзбекистонга. Энди яна саволингизга қайтамиз. Ўзбекистон келажаги токи бир демократик ҳукумати бўлмаса… Сайлов яхши…

    Агар эркин сайловлар бўлса кейин Ўзбакистон яхши бўлади. Ўзбеклар таланти бор, лекин булар қўл-аёғини боғлаб қўйган. Қандай бўлмасин гап дарров президентга етадики анаву одам вазир бўлмоқчи, ҳукуматни олмоқчи. Уни бошқа йўллар билан ўзингиз биласиз, мана сиз нега Америкага келдингиз, шуни манга айтинг сиз? Мани саволим сизга шу, сиз нимага келдингиз Америкага?

    -Табиийки, мени Америкага келганим бошқа масала. Сирли масала-бу сиз билан боғлиқ масалалар. Жумладан, сарой масаласи, салтанат масаласи… Салтанат – сирли дунё. Лекин жуда кўп миш-мишлар тарқалади, жуда кўп гаплар тарқалади. Шулардан баъзи бирларини сиздан сўраб ўтмоқчиман. Турли миш-мишлар тарқалган, жумладан Абдурауф Мақсудийни Каримов билан орасини бузилиши борасида энг катта миш-мишлардан биттаси, айтишадики, гўёки Каримов кейинги пайтларда ўша эканомика ёмон бўла бошлагандан кейин, айниқса у пайтда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Американи кучи билан йўқотилмаган пайтда чиққан миш-миш бу… Гўё Каримов сиз орқали Америкадан ва Каримовнинг қизи сизлар орқали Америкадан бир қанча мулк олган. Масалан, Ню Жерсидан, Вержиниядан, бошқа ёқлардан жуда кўп пулларни асосан шу томонга йўналтирган булар. Лекин буни Мақсудийлар ўзига олгандан кейин Каримов билан ораси бузилди, деган миш-миш юрарди. Бунга нима дейсиз?

    -Бу миш-миш ҳаммаси ёлғон гап. Биз Каримов билан қуда бўлгандан аввол шу авлодимизди ҳаммасига жойи бор эди.Каримов мани қудам бўлганидан кейин ҳеч бир мулк олганимиз йўқ. Ёлғон гаплар ҳаммаси. Бу ятда сизга айтдим-ку 500 доллар нақд пулингиз бўлса ўшанга ҳам сиз жавоб айтишингиз керак. Бу ҳаммаси ёлғон гап. Ўша ўзлари тўқиган гаплар.

    -Бир ота сифатида бир саволга жавоб берсангиз. Мана ўғлингиз ҳам шу ерда. Ўғлингизга Каримовни қизини олиб бердингиз. Яшади булар. Икки фарзандлик бўлди. Мана бугун ўғлингиз сизни ёнингизда, ўғлингизни ўғли билан қизи Ўзбекистонда. Бир ота сифатида ўша қилган ишингиздан пушаймонмисиз? Нимани ўйлайсиз шу ҳақда?

    -Ука бу бундай масалаки, бир одам бир ердан уйланади ё ажрашади. Ҳаммаси тақдирга ёзилган бўлади. Тақдирга боракан, нону насиба боракан, биз Ўзбекистонга бордик. Каримов албатта Ўзбекистонни президенти бўлиб Рассия томонидан сайланиб келган экан. Унга бизди ишимиз йўқ. Сизга аввал айтдим-ку, биз сиёсатдан кўп узоқмиз, қонимизда йўқ, биз аралашмаймиз. Албатта бу хусусда иккита неварамиз қолган ўшатта деб сизга бир неча марта айтаяпмиз. Ҳеч инсон масалан боласидан кечолмайди. Иншооллоҳ бу ишлар вақти замони билан… Невараларимиз ҳам қўлимизга келади. Эрта бу ёлғон гаплар… Улар минг марта ёлғон гаплар тарқатса ҳеч нарса йўқ. Турпоқ деворга ёпишмайди то ҳўл бўлмаса. Бу йўғ гапга, масалан… Бу тарқалган гаплар ҳаммаси ёлғон ука. Сиз шу Каримовнинг гапига ишонасизми?

    -Ман ҳар ҳолда бу Каримовни гапини сўрамадим, халқ орасидаги миш-мишни сўрадим шекилли?!

    -Ўзи ёлғон гап.

    - Энди Абдурауф ака, бугун Абдурауф Мақсудий шу кеча кундузда нима иш билан машғул?

    -Тижорат билан… Тижорат қиламиз биз. Тижорат қилаяпмиз.

    - Қаерда?

    -Бутун дунёда. Оламиз-сотамиз.

    -Энди яна битта, энг сўнгги савол. Одатда бир шу невара кўрганда қудалар исм қўйишда невараларига келишиб исм қўядилар. Мана шу невараларингизни исми биттаси Ислом бўлиши, биттаси Иймон бўлиши… Буни тарихи борми йўқми?

    - Невараларим аввал Америкада туғилган. Биз бу атти бетта қўйганмиз.

    - Нима учун Ислом деб қўйгансиз?

    -Ислом деб қўйганмиз. Иймон деб қўйганмиз Исломди боласи деб.

    -Демакки ўша пайтда Ислом Каримовга ҳурматингиз, эътиқодингиз баланд бўлган экан-да?

    -Йўқ-йўқ, бошқа гап бу. Ислом учун ниятимиз бор эди. Аввало ҳар бир… Ният бўлади. Масалан, ўзингизни ниятингиз бўлади-ки, қиз қўйсам атини бир нарса қўяман, Ислом қўяман, Пайғамбар қўяман, Ҳазрати Али қўяман, деб одамларни нияти бор. Шунақа мусулмонларни бугунги болаларини ати Қудахон Тўрам деган бўлади. Ҳа, бу бир гапмас-ку! Бир ат бир одамники бўмайди, ҳамма истаганини қўяди.

    -Лекин Ислом Каримов Ўзбекистонда диндорларга жуда қаттиқ зуғум ўтказиб келаяпти. Бу кеча эмас, ўтган куни эмас, кейинги ўн йил давомида ислом деган, иймон деган, дин деган одамларга зуғум қилиб келаяпти. Мана шундай пайтда сиз ҳам неварангизга Ислом деб, Иймон деб исм берганингизда қандай бўлди муносабатлар?

    -Бу энди ўзимизнинг ихтиёримиз. Биз бунга ифтихор қиламиз-ки, мусулмонча от қўйганмиз. Энди мана шу Америкада кўп одамлар туғилади мусулмонни боласи, мусулмонча от қўяди. Ҳар кимни ўзига бир шавқи бўлади. Масалан Иймон деган нарса Ўзбекистонда йўқ бўлса керак, Иймон қўйганмиз. Ислом деган от масалан юзта бор. Мингларча мусулмонларга Исломхўжа деган отлар бор, Муҳаммад Ислом деган от бор. Ёлғиз Каримовдан олинмаган, Каримовдан илгари бу отлар қўйилган.

    -”Эл” ташкилоти атрофида ҳам илгари жуда кўп гаплар юрарди. Ислом Каримов ўз қудасини мана шу “Эл” ташкилотига бошлиқ қилиб қўйди, деб ва чет элликларни бир қисми, Мақсудийга, яқин одамларга иш топилди, Мақсудийга яқин бўлмаганлар қувғинга учради, касалхоналарга тушди, Ўзбекистондан чиқиб кетди, деган гапларни кўп эшитганмиз. Шунга ҳам жавоб берсангиз.

    -Чет элда юрган ўзбеклар ҳамиша орзуси шу эдики шу мамлакатимга борсам, мамлакатимга борсам. Қўлимда нима нарсам бор, шу мамлакатимга бориб хизмат қилсам. Кўплари боришди. “Эл” ташкилотини биз қурдик. “Эл” ташкилотини қуриб бутун чет эл ўзбекларини ҳам олиб бордик ўшатга. Ҳаммалари хурсанд бўлиб иш бошлайдигон бўлганда …93-94- ларда боришди ҳаммаси. Лекин хўп маюслик билан қайтди кўплари, масалан уч ой, тўрт ой, олти ой ўшатта қолишди. Қолиб иш қилайин деб, бошқа қилайин деб… Бир ёрдам бўлмади, бошқа бўлмади. Энди сиз мана шу ерга келиб тижорат қиламан, десангиз давлат сизга ёрдам қилади. Булар бу нарсаларни ўйлаб Ўзбакистонга борди, давлатдан бир ёрдам бўлмади. Кўплари бор-ей, бўлмади, деб чиқишиб кетди. Чет эллик ўзбакларнинг хатосимас, албатта бекоракам Ўзбекистонда жуда кўп эди.

    -Лекин Ўзбекистон шароитидан келиб чиқадиган бўлсак, ўзбек халқининг менталетети, зеҳниятидан келиб чиқадиган бўлсак, ўша пайтда сиз бир давлат эдингиз. Масалан сиз ёрдам қилишингиз мумкин эмасмиди?

    -Йўқ, ман ҳеч давлат ишига аралашиб ҳатто… Бир одам билан келган манга ҳаммаси, ман айтдим, биродар борингла, мани ўртага тушманлар. Ман айтганман шўттаги ўзбекларга. Бу ўртага мени тушманглар. Биласанку дедим. Биларди мени. Ман намус қиламан, сен учун бир идорага бориб ишингни қилиб бериб. Бор йўлингни топгин, деганман. Бечоралар ташлашиб чиқиб кетган. Мани ишим, ман сизга айтай, бошқа одамларни иши бонкаларда бўларди. Давлатни олдида бўларди. Биздики арқада бўларди. Ҳамма нарса ўзи секин-секин жойида бўларди.

    -Энди мана ўша пайтда бир кўнглингизга келмадими, четда, хорижда яшаётган ўзбеклардан баъзи бири, масалан Боймирза Ҳайитга ўхшаганларини ватанга қайтариш, ўша ерга олиб келиш, шу масалаларни бирор марта бир Каримовни олдига қўйсам, деган бир нарса хаёлингизга келмадими шу йилларда?

    -Ман у вақтдаки… У киши борганда ман йўқ эдим Ўзбекистонда.

    -Бу кишини қувиб чиқарганларидан хабарингиз борми Ўзбекистондан?

    -Эшитганман. Сабаби нимайди, билмайман нимагалигини.

    - Мана бугун, ҳозир шу одам жуда қаттиқ касал ётибти, тўшакда…

    -Ким?

    -Боймирза Ҳайит. Юролмайдиган бир шароитда ётибти. Лекин орзуси – ватанга қайтиш. Нима тилагингиз бор?

    -Худованд сиҳатини яхши қилсин. Эшитганимга биноан Боймирза Ҳайит ҳаётида ҳеч ким қилмаган бир хизматни қилган, Ўзбакисттон тарихини ёзган шу киши. Шуни учун биз бу одамни қадрлаймиз. Чет элдаги тамом шу ўзбек олимларини ҳаммасини қадрлаймиз.

    -Айтишдики ўзбек еридан, маконидан айрилиши ниҳоятда қийин деб. Илгари жуда оз одам чиқиб кетган Ўзбекистондан. Мана сизларнинг пайтларингизда шу руслар зуғуми билан чиқиб кетишган. Лекин мана бугун, масалан, Америка муҳожирлар ташкилотининг рақамларига қарайдиган бўлсак, биргина 2002 йилнинг ўзида битта Американинг ўзидан қарийб 300 киши бошпана олибди. Бу фақат сиёсий бошпана олганлар. Демак жуда кўп одамлар Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетаяптилар. Бунга нима сабаб?

    -Энди ука, Ўзбекистонни келажаги буюк давлат, деб халқ алданиб қолди. У-ку палон пайтда чиққан. Лекин бутун дунёдан, энди айтишим яхши эмас, ҳаммамиз навоз қиламиз, кўп аёллар ҳам чиқиб кетган. Буни ўзинглар яхшироқ биласизлар. Энди қаердадир инсон озод ҳаёт ўтказиш учун ҳаракат қилиши керакда. Энди ман бунга бир нарса деёлмайман.

    -Халқ орасида баъзи гаплар бор-да, шуларга ҳам мен сиздан жавоб олмоқчиман, чунки сиз нимаики бўлса ҳам барибир саройдан узоқлашдим, кейинчалик деяпсиз. Барибир дастлабки йилларда ўша саройдаги вазиятдан ҳам хабарингиз бор деб ўйлайман. Ўша одамлар айтишадики, Ўзбекистонда Ислом Каримов саройида Амир Олимхонни саройидаги каби бир вазият бор. Яъни ўша айш-ишрат масалаларида… Шу ҳақда бирор нарса эшитганмисиз, ё гувоҳ бўлганмисиз?

    -Ман сизга айтдим-ку, шу ўн йил шу одам билан ман… Бирор бир марта шу уйига борганим йўқ умуман. Унда ҳам баъзи бир туғилган…невараларимни туғилгани муносабати учун борганман. Ўзини туғилган кунига ҳам ман борганим йўқ.

    -Ҳадя ҳам берганингиз йўқми?

    -Ҳеч нарса берганим йўқ. Ҳеч нарса олганим ҳам йўқ.

    -Лекин халқ орасида миллион-миллион долларларни Мақсудий ўша пайтда Каримовга берган, Каримов номидан чет элларга қўйган деган гап бор…

    -Буни ман билмайман. Мумкин… Буни ўзингиз суриштиринг. Ман бир пул ҳам берганим йўқ Каримовга… Ман умримда бировдан пул ҳам олганим йўқ, бировга пул ҳам берганим йўқ шу ишди битказиш учун.

    -Мақсудий жаноблари мана саволларимизга ҳарҳолда озми-кўпми жавоб бердингиз. Радиотингловчиларимиз номидан миннаддорчилик билдирамиз. Лекин сиз ўзингиз “Ман қарздорман, келгусида кўп нарсаларни айтаман”, дедингиз. Ва биз келгусида мана шу салтанат сирларини барибир сиздан билиш умиди билан суҳбатга нуқта қўямиз.

    -Бўпти, раҳмат.

    ЖАҲОНГИР МУҲАММАД.

    «Америка овози», 2003 йил 11 – 17 август.

    www.jahonnoma.com


    Жойлади: Админ
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz