Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 10.12.31
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Ноябрь » 29 » Сукут аломати ризоми?
    20.50.28
    Сукут аломати ризоми?

    Диний экстремизм хавфи ҳамиша мавжуд

    Шу йилнинг 27 октябр куни Брюсселда "13 май Иттифоқи” нодавлат ташкилоти "Жамиятнинг радикаллашуви ва бу шароитда демократик кучларнинг вазифалари” номли анжуман ўтказди. Конференцияда ва унда муҳокама қилинган мавзу юзасидан мухолифат вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаоллари муносабати билан қизиқдик. Бизнинг суҳбатдошимиз айни пайтда Норвегияда яшаётган мухолифат фаоли Алибой Йўляхшиев.

    -Брюсселда бўлиб ўтган анжуман ва унда кўрилган масалалар ҳақида қандай фикрдасиз? Конференцияда муҳокама қилинган мавзу қанчалик долзарб эди?

    -Бу масалада нима ҳам дейиш мумкин? Ҳамиша гапириб келадиган гаплар ёзилган анжуман дастурида. Террорчилик, Ўзбекистондаги диндорларга кўрсатилаётган зулм, бу - бугунги кунда кун тартибидаги масала. Брюсселда ўтказилган йиғилиш каби мажлисларда бугун бошқа кўриладиган масала ҳам йўқ. Йиғилишнинг кун тартиби ва унда кўрилган масала ҳақида бирор танқидий гап айтиш қийин. Бу руслар айтгани каби "дежурный” масалалардир.


    -Сизнинг назарингизда Ўзбекистонда диний экстремизм хавфи мавжудми?

    -Масалага бироз умумийрок караш керак. Диний экстримизм, диний радикализм нима эканлигига дунёда аниқ таъриф беришмайди. Ўзбекистонда ҳукумат ва диндорлар экстремизм ва радикализм терминининг маъносини чуқур тушунтириб бериша олмайдилар. Диний эсктремист ва радикал деганда дарҳол исломий тақводор кишилар ёки гуруҳлар тушунилади. Бу нотўғри. "Ўзбекистонда мана шунақа ҳаракат, мана шунақа оқим ва кишилар борми?” дейилса мен йўқ дейман.

    Ўзбекистонда мустақилликдан кейин, тўғрироғи 95 йилдан бошлаб ҳуқуқий доираларида "ислом эстремизми” атамаси қўлланила бошланди. Тожикистонда фуқаролар уруши кетаётган пайтда "Ислом экстремистлари” деган гап илк бора Ислом Каримов томонидан ишлатилганди.

    Унгача ваҳҳобийлик, Ҳизбут Таҳрир оқимлари нима эканлигини кўпчилик билмасди. Совет замонининг сўнгги йилларида Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф муфтий бўлиб сайланиш пайтида баъзи гуруҳлар унга қарши чиққанди. Ўшанда "улар ваҳобийлар”, деган гаплар ҳам тарқалганди.

    Ўзбекистонда диний эсктремизм ва ислом радикализми деган гап йўқ. Ўзини портлатадиган мужоҳидлар ҳам йўқ. Тошкент шаҳрини қоқ ўртасига бориб "Шаҳидлик камари нима?” деб сўранг, бирор киши билармикан? Ўзбекистон Марказий Осиёда ислом экстремизмига қарши курашаётган ягона давлат эканлигини кўрсатиш учун бу атамалар мамлакатга сунъий равишда киритилган. Йўқдан бор қилиш, эсктремист ясаш ишлари ҳозир ҳам самарали давом этмоқда.

    Мен "ваҳҳобизм” деган терминнинг ўзига қаршиман. Ваҳҳобизмни ислом динидаги ўрни қандай эканлигини билмайман. Ўзбекистонда ваҳҳобийлик масаласи бу тўқима. Чунки, мамлакатимизда кўзга кўринган ваҳҳобий гуруҳлари борлигига мен ишонмайман. "Ҳизбут Таҳрир” ҳақида, уларнинг маркази Лондонда, раҳбари - шайхи Иорданияда деб эшитаман. Уларнинг ташкилоти Англия ҳукумати томонидан тан олинган. Мақсади дунёда якка ислом халифалиги тузишдан иборат дейишади. Уларнинг марказий ташкилоти Англияда туради, улар Англия ҳукуматидан моддий ёрдам олади. Бу қизиқ эмасми?

    Ислом дунёсида Англияни исломнинг бош душмани ҳисоблайдилар. Агар бутун дунёга ислом халифалигини тузадиган ташкилот ислом душманининг уйида ўтирса, улардан моддий ёрдам олиб турса, уларнинг бутун дунё мусулмонларининг Халифалигини тузиш фаолиятига қандай ишониш мумкин?

    Ўзбекистонда "Ҳизбут тахрир” бор десалар, унга ҳам ишонмайман. Бугунги "Ҳизбут - тахрир” аталмиш ташкилотнинг мақсади Оллоҳ душманларига хизмат қилишдир. Агар бу фикрларим хато бўлса, Оллоҳ мени ислоҳ қилсин.

    Ўзбекистонда шундай диний гуруҳлар ҳам борки, уларни ҳукумат ташкил килган ва ёки улар алданган кишилардир. Тўғри ўшандай кишилардан кўплари қамоқ жазосига тортилган ёки тортилаяпти. Уларнинг бир қисми туҳматдан қамалган бўлсалар, бошқалари алданиб қонунга хилоф ишларга қўл урган бўлиши мумкин. Баъзи бирлари ҳукумат тарғиботчилари томонидан алданган кишилар бўлса керак. "Хизбут таҳрир”ни олдин ўрганиш керак. Якка Ислом халифалиги бўлиши керак, деган фикр нотўғри фикр эмас, лекин бу ғояни тарғиб қилаётган кишилар ўша буюк ғояга хизмат қилмайдилар. Аксинча улар хавфли одамларга айланиб қолмоқдалар дейиш тўғрироқ бўларди.


    -Ҳукумат диний экстремизм хавфи ҳақида бонг уриб нимага эришмоқчи? Бундан қандай фойда кўради деб ўйлайсиз?

    -Дунёда исломга карши кучли уруш кетаяпти. Ўзбекистон ҳукумати исломга карши кучларни эътиборига тушиш учун Марказий Осиёда бу курашнинг сардори бўлиб қолишга бор кучи билан ҳаракат қилмоқда. Бу курашдан ҳукумат яхши фойда кўради. Марказий Осиёда исломнинг мустаҳкамланишидан ислом душманлари жуда қўрқади. Чунки, минтақада катта ислом тарихига эга бўлган бу мамлакатларда исломнинг ривожланиши ислом душманларини ташвишга солади. Шунинг учун ҳукумат ислом дунёси душманларидан етарлича ёрдам ва кўмак олиш мақсадида ўз мамлакатида бу каби диндорларга турли хил туҳмат ва иғволарни амалга ошириб туради.

    -Сизнинг назарингизда ислом душманлари нега ислом динига қарши курашмоқда?

    -Дунаёда иккита қарама - қарши мафкура мавжуд. Бири - Ислом, иккинчиси унга қарши бўлган кучлар. Шу икки тараф ўртасида катта кураш кечади. 19 асрда орага коммунистлар чиқиб қолиб бу кураш бироз сусайди. 70 йилдан ортик коммунистларга қарши кураш бўлди, коммунистлар ҳокимиятдан кетиб, кучлари заифлашгач исломга қарши кураш янги куч ва усуллар билан давом этаяпти. Ислом дунёда жорий қилинганидан бугунга қадарги дунёнинг тарихи давомида бу қарама -қаршилик, бу икки мафкура кураши давом этиб келмоқда.

    Исломдан бошқа ҳеч бир дин якка Оллоҳга ишонмайди. Христианларда учта Оллоҳ бор. Яҳудийларнинг дини ҳам бузилган. Мусо алайҳиссаломга ва Исо алойҳиссаломга келган китоб ҳам ҳақиқий ва улар Оллоҳ кўрсатмаларидир. Аммо улар бу китобларни буздилар. Ундан кейин охирги сўнггги китоб Қуръон келди. Шундан сўнг ҳамма нарса янгиланди. Шунга қарамасдан дунёда икки хил инониш сақланди. 1. Ягона Яратувчига -Оллоҳга ишониш. 2. Биринчисига қарши, янглиш ишониш. Иккиничиси мутлақо нотўғри йўл, албатта. Оллоҳ Ягонадир ва Унга инониш йўли ҳам биттадир.

    -Мана сиз христианлар ва яҳудийлар китоби бузилган, улар янглиш ишонади, деяпсиз. Христиан ва яҳудийлар ҳам исломни ёлғон дин дейишади. Қуръонни эса Библияни кўчирмаси, деган гап бор…

    -Бу масала, биз тортишадиган масала эмас. Менинг диний билимим бу саволларга кескин ва тўла жавоб беришга камлик қилади. Бундай масалага тегишлисини ва асосий сўзни бундан олдинги саволингизга жавобимда айтдим.


    -Ҳақиқатдан, Ўзбекистонда диний радикализм хавфи мавжуд эмасми? Бугунги кунда диний эътиқоди учун таъқибга учраган кўплаб диндорлар демократияни куфр деб, қуролли қўзғолонга, ҳатто ўзини ўзи портлатишга тайёр эканлиги кўпчиликка сир эмас. Масалан, сиз яшаётган Норегиядан сиёсий бошпана сўраган Дилмурод Худойқулни олайлик. Бу каби диндорлар ҳақиқатдан хавфли кишилар эмасми?

    -Экстремизм ва радикализм деган гап ҳақиқатда бор. Ҳамма нарсани исломга тақамаслик керак. Мен ҳам шунақа одамларни кўрганман. Улардан баъзиларининг аёллари юзларини бутунлай ёпиб, яшириб юришади, ўзлари эса ваҳҳобизм ҳақидаги китобларни кўтариб ўқиб юради. Мен Москвада шундай бир кишини кўргач (у киши ҳам ўзбекистонлик эди), бироз Ваҳҳобизм ҳақида фикрлай бошлаганман.

    Экстремизм ҳамма жойда бор. Давлатаро сиёсатда ҳам булар йўқ эмас. Жумладан, Исломга эътиқод қилувчиларнинг ичида ҳам ҳар турли фитна чиқарадиган якка - якка шахслар йўқ деб кескин сўзлаш тўғри бўлмас деб ўйлайман. Ўзбекистонга ана шундай шахс ҳукмронликка келса қандай бўлади, десангиз? Менимча, ундай шахслар, ҳатто уларнинг гуруҳи ҳам давлат бошқарувчи даражасига кўтарила олмайди. Биламизки, ҳозирги Марказий Осиёдаги, эскидан Совет Ўртаси Осиёси аталган беш республикада ўзларини мусулмон ҳисоблаганлар асосан "Ҳанафий” масҳабига кўра Исломга эътиқод қилувчилар деб билишадилар. Биз, яъни менинг ёшимдаги жуда кўпчилик совет замонида динга амал қилиб яшамаган бўлсак ҳам, ўша даврда ҳам ислом ҳақида тамоман хабарсиз эмас эдик. Диннинг тарихидан ҳам ўқиган жойларимиз бўларди. Аммо шуниси бор эдики, ўша даврларда ҳам ислом динида ҳанафий масҳабидан бошқа яна учта ҳақ масҳаб ҳам борлигини жуда кўпчилигимиз билмас эдик. Биладиганлар жуда оз эди. Советлар даврида оддий мусулмонлар ичида бундай фарқланишлар борлиги тарқамаган эди. Демак, Ўзбекистонда ҳатто ҳақ масҳабларнинг тўртталиги ҳам деярли янгилик. Муҳаммад ибн Ваҳҳоб, ваҳҳобизм каби атамалар мустақилликдан сўнгра оғизга туша бошлади. Менимча, ваҳҳобизм ҳақида бирор дурурстроқ билимга эга бўлган кишини бугун Ўзбекистонда топиш мушкулдир. Бундай кишилар ва гуруҳлар бугун Ўзбекистонда алоҳида тайёрланаяпти, шекилли. Мен бу ҳақда билганларимни ва фикрларимни ёзганман ва имкони бор жойларда нашр ҳам бўлган. Биз, Ўзбекистонда диний эътиқод масаласида алоҳида сиёсат юритишимиз керак. Давлатнинг динга, балки динларга муносабати ҳақида алоҳида сиёсий қараши бўлиши керак. "Виждон эркинлиги” ҳақида жуда яхши ўйлаб, халқ орасида чуқур муҳокамадан ўтказилган қонун қабул қилиниши шарт. Ҳа тўғри, Ўзбекистон қонунлари, унинг Асосий Қонуни - Конституцияси ҳам баъзи бир таҳрирларга муҳтож бўлсалар-да, жуда ёмон ёзилмаган. Улар, дунёда мавжуд қонун Асосий қонунларга солиштирилса, ўта фарқ қилмайдилар. Фақат Ўзбекистонда уларга амал қилиш муаммоси мавжуд, холос.


    -Ҳукуматнинг радикал қарашдаги диндорларга муносабатини оқлаб бўладими?

    -Ҳукумат бор экан унинг сиёсати ҳам бўлади, албатта. Куч ишлатар тизимлари, ҳақ-ҳуқуқни ҳимоя қилиш, маҳкама органлари бўлиши шартдир. Бошқача ҳолда давлатнинг маъноси қолмайди. Ўзбекистон ҳукуматининг диндорларга қарши кураш сиёсатини бутун қоралашга менда асос йўқ. Диний эктремизмда айбланиб жазога ҳукм қилинишларда қандайдир асослар ҳам бўлиши мумкин. Аммо ўша асосли жазоланганлар ўз жиноятларини қандай вазиятда содир этганликларини тўғри, ҳақиқат тарафидан тергов қилиндими, жазога маҳкум этилганларининг ҳақ-ҳуққуқлари ҳар доим ҳам қонуний ўрнини топадими? Мана бу масалалар муҳими. Шулардан келиб чиқиб, мен Ўзбекистон ҳукумати фуқарога зулм қилмаяпти деган фикрга қўшила олмайман. Ўзбекистонда зулм бор. Жиноятчини тўғри тергов қилмаслик, унга қонунларга кўра лойиқ жазодан ошириб жазо бериш, бу зулмдир.

    Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ҳукумати мана 20 йилдир яшаб турибди. Дунё мамлакатлари ичида қанақадир сиёсат юргизаяпти. Биз нима демайлик, Ўзбекистон жаҳонда ўз ўрнига эга бўлди. Буларнинг барчасини ҳукумат бошлиғининг хизматлари деб қарашга мен қўшилмайман, албатта. Ўзбекистон ҳукуматининг бошлиғи ҳақиқатдан халққа зулм ўтказмоқда деб биламан. Буни алоҳида таъкидламаслик ҳам тўғри бўлмайди. Шунга қарамасдан, кўзни юмиб Ўзбекистонда ҳамма нарса қоп-қора дейишга ҳам қўшилиб бўлмайди. Радикаллиги, экстремистлиги аниқ бўлган диндорлар жазоланса, биз уларни қандай йўл билан ҳимоя қилишимиз мумкин бўлади? Агар ҳақиқатан жиноят содир қилган кишиларни ҳимоя қилсак, биз тарафимиздан ҳам ноҳақлик содир бўлган бўлмайдими? Ҳақиқатан улар ҳаётда мавжуд бўлсалар, улар жазоланадилар, жазоланишлари шарт. Уларни жазодан ҳимоялаш адолатсизликдир, бу эса асло мумкин эмас. Мавжуд қонунларга кўра, улар албатта жазоланиши керак. Бироз юқорироқда кўрсатганим каби, жазоланувчиларга ҳукуматнинг мос органлари тарафидан уларга нисбатан инсофсизларча муносабатда бўлиниб, зулм қилинмоқда. Бу эса адолатнинг асосларини бузиш ҳисобланади. Суд инсонни ҳақиқий жинояти учун ҳакқиқат йўлидан, адолатли жазолаши керак. Ҳукуматга мухолиф фикрда бўлиб, баъзи мансабдорларга ёмон кўриниб қолган кишиларни алоҳида жазолаб, уларга зулм қилиш ҳам адолатсизликдир. Менинг Ўзбекистон ҳукуматига эътирозларим мана шулар ва шуларга ўхшаш масалалардадир.

    Мен Ўзбекистондан чиқиб кетаётган-да ҳам шуларга ўхшаш фикрларни айтганман. Масалан, Самарқанд вилояти прокуратурасида шундай фикрларни билдиригандим: "Ҳукумат бор экан, унга мухолифатда бўлган кишилар ва уларнинг ҳаракатлари бўлади ва бўлиши табиийдир. Шу сабаб билан мени сизлар жазога тартишларинг мумкин. Аммо жазога тортилаётган ва жазо жойида - қамоқда (тюрмада) ўтирган кишининг ҳам ҳақ ва ҳуқуқлари бор. Уларнинг ана ўша ҳақлари таъминланиши зарур. Бизнинг Ўзбекистонимизда шундай бўлишини кутиш мумкинми? Йўқ, албатта. Шундай экан, мен Ўзбекистонда судлашишни истамайман. Имконим борича мен Ўзбекистонда судланмаслик йўлларини топиш ҳаракатида бўламан.” Бизда маҳкумлар учун ҳеч қанақа ҳақ-ҳуқуқлар тан олинмайди. Биласиз, Ўзбекистонда деярли ҳамма жойларда қонунларга амал қилинмайди. Доим улар бузилган кўринишда қўлланилади.


    Суҳбатдош: Юсуф Расул.

    www.yangidunyo.com

    Жойлади: zamondosh
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz