Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 11.26.00
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Декабрь » 2 » Сукут аломати ризоми?
    19.29.42
    Сукут аломати ризоми?

    Яна мухолифат ва сохта демократлар ҳақида

    Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти Абдужалил Бойматов Ўзбекистондаги муаммолар ва мухолифат амалга ошириш зарур бўлган ишлар тўғрисидаги ўзига хос қарашлари билан жамоатчилик назарига тушди. Айниқса унинг ўзбек мухолифати муаммолари, мухолифатдаги партияларнинг демократик эмаслиги, партия лидерларининг ўз партияларининг Низомларини бузишда мустабид Каримовдан қолишмасликлари борасидаги фикрлари турли мунозараларга сабаб бўлди.

    Бойматов ЎИҲЖга президент этиб сайланганидан буён - олти ой давомида шу каби танқид кампаниясини олиб боради. Унинг фикрича, Эрк партияси тарафдорларининг асоссиз ва ғализ фикрларини инобатга олмаса, мухолифат лидерлари бу танқидларга умуман жавоб беришмаган. Қайтанга аноним номлар остида унга ва суҳбатларни эълон қилган "Янги Дунё” саҳифаси муҳаррири шаънига туҳмат ва ҳақоратлар билан жавоб беришга урунишган.

    Аҳвол шундай давом этар экан, мухолифатдаги партияларнинг демократлашмагани, халқ ва жамоатчиликда демократия кайфияти йўқлиги, аксига олиб қилиниши зарур бўлган муаммоларнинг ҳал бўлмай қолиб кетаётгани миллат ва мамлакат келажагининг фожеали тус олишига сабаб бўлмайдими?

    Суҳбатдошимиз - ЎИҲЖ президенти Абдужалил Бойматов шу сабабли ҳам мавжуд муаммолар ҳамиша кенг жамоатчилик муҳокамасида бўлиши зарур деган фикрда.

    -Сизни ўзбек мухолифати ва мухолифат лидерларининг нодемократик эканлиги ҳақидаги кўплаб суҳбатларингиз жамоатчилик орасида қандай акс -садо берди?

    Абдужалил Бойматов: -Мен олти ой давомида Абдураҳим Пўлатов, Ислом Каримов, Муҳаммад Солиҳни сохта демократлар деб кампания олиб бораяпман. Мен уларга туҳмат, бўҳтон , фитна қилганимни, улар асослаб жавоб ҳам беришмади. Мен Ислом Каримовдан ҳеч қандай жавоб олишни ўйламаганман ҳам. Лекин Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳни жавоб бермагани мени ниҳоятда ажаблантирди. Нега улар жавоб бермаяпти? Буни мен ўзим ҳам билмайман. Буни улардан сўрашимиз керак. Лекин бу фикрларга икки киши ўз мулоҳазасини билдирди. Улар - Толиб Ёқубов ва Абдуманноб Пўлатов. Улар мени фикрларимни умуман тўғри деган ҳолда, Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳ партиялари 20 йил давомида Ислом Каримов режими тазйиқи остида бўлгани учун, уларнинг сохта демократ деган айбловимга қўшилмасликларини айтишди.

    Абдуманноб Пўлатов ЎИҲЖ Қурултойининг легитимлиги тўғрисида шубҳа билдирди. Мен унинг гапида жон бор деб ўйлайман. Ҳақиқатдан, 2009 йилнинг 6 майида Франциянинг Ангер шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари жамиятининг Қурултойида ташкилотимизнинг Ўзбекистон вилоятларидаги бўлимлари раҳбарлари иштирок этишмади. Чунки, уларнинг айримлари қамоқда эди, айримлари тазйиқлар туфайли ўз фаолиятини тўхтатган эди. Иккинчи сабаб: қамалмаган, ташқарига чиқиб кетмаган раҳбарларни таклиф этишга молиявий маблағимиз етишмас эди. Лекин, шунга қарамасдан биз Қурултойни ўтказдик. Қурултойда жамиятимиз Низомига ўзгартиришлар киритилди. Бу ўзгартиришлардан энг муҳими - ЎИҲЖ президентини ҳар икки йилда сайланиши, жамият аъзоси бўлган бир одам энг кўпи билан тўрт марта, яъни саккиз йилгача президентликка сайланиши эди.

    Бу ўзгартириш менинг таклифим билан киритилди.

    Абдуманноб Пўлатов ўйлаганидек мен ташкилот президентлигига нолойиқ бўлсам, ёки президент сифатида ташкилотни яхши бошқара олмасам, қайта сайланмаслигим мумкин. Агар яхши иш олиб борган тақдиримда ҳам, энг кўпи билан саккиз йилда президентлик лавозимидан воз кечаман.Лекин мен воз кечмай қолган тақдиримда, бизнинг ташкилотимиз аъзолари мени ўрнимга бошқа президентни сайлашга қурбилари етиши керак. Агар мени кетказиб ўрнимга бошқа одамни сайлашга қурбилари етмаса, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қила олишмайди. Мамлакатда демократия қуришга ҳам ташкилот сифатида салоҳиятлари етмайди.

    Абдуманноб Пўлатовнинг айтишича, мен фақат информация тарқатиш билан шуғулланаётган эканман. Мен бу танқидни қисман тўғри деб ҳисоблайман. Мен информациялар тарқатишни муҳим деб биламан ва бу билан фахрланаман. Чунки, бу хабарларнинг 98 фоизи Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини поймол қилиниши, эркинлик, демократия, коррупция ва қашшоқлик тўғрисида. Лекин, бизнинг ташкилотимиз фақат шу ишлар билан чегараланиб қолгани йўқ. Шу давр мобайнида биз ташкилотимизнинг сайтини ташкил қилдик. Сайт уч тилда - ўзбек, рус ва инглиз тилларида. Ўтган олти ой давомида коррупция, қашшоқлик, ташкилотимиз аъзоларига ҳукумат томонидан бўлган тазйиқлар, болалар меҳнати, йиғилишлар, намойишлар ўтказиш тўғрисида, уйғур халқининг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида ўзбек, рус ва инглиз тилларида таҳлилий баёнотлар берилди. Булардан ташқари ташкилотимизнинг 2009 ва 2010 йиллардаги асосий устувор йўналишлари белгилаб олинди. Мен ташкилотимиз томонидан чиқарилган жуда кўп хабарлар, мақолалар тўғрисида эслатиб ўтишни ортиқча эмас, деб ҳисоблайман.

    Абдуманноб Пўлатов 1992 йилнинг 2 февралидан 2001 йилгача ташкилотимиз раиси бўлган. 2001 йилдан 2009 йилнинг 6 майигача Толиб Ёқубов жамиятга раҳбарлик қилдилар. 2008 йилнинг 21 октябрида ЎИҲЖ Францияда расмий рўйхатдан ўтди. Бу билан ташкилотимиз халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига айланди. Раислик вазифаси президентликка ўзгартирилди. Ташкилотимизда шунча йиллик тазйиқларга қарамасдан демократия принципларига амал қилиб келинди. Ўз вақтида раҳбарлари ўзгариб турди. ЎИҲЖ ҳеч қачон мени жамиятимга айланиб қолмайди. Лекин мен тўлиқ ишонч билан айта оламанки Ислом Каримов бутун Ўзбекистонни ўз хусусий томорқасига айлантириб олди. Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳлар ҳам ўз партияларини якка ҳокимларига айланишди.

    Ислом Каримов экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ниқоби остида 18 йил давомида Ўзбекистон фуқаророларини Тожикистон ва Туркманистонга эркин бориб келиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Қозоғистон, Қирғизисон каби давлатларга бориб келиш ҳам жуда қийинчилик билан амалга ошади. Дунёнинг бошқа чет мамлакатларига бориш учун чиқиш визаси олиш керак. Ўзбекистон конституциясида намойишлар, иш ташлашлар Ўзбекистон фуқаролари учун кафолатланган бўлса ҳам, Ўзбекистгон фуқаролари бу эркинликлардан тўла маҳрум. Ислом Каримов ўзи тўрттача сиёсий партиялар тузди. Улар ниҳоятда тез рўйхатга олинди. Ҳатто аҳоли уларни қандай рўйхатга олинганини ҳам билмай қолди.Ўзбекистон фуқаролари тузган "Бирлик” халқ ҳаракати партияси, ЭРК партияси ва бизни ташкилотимиз ҳам узоқ йиллардан буён рўйхатга олинмай келинади. Нега ислом Каримов тузган партиялар рўйхатга олинади, халқ, жамоатчилик тузган партия, ҳаракат ва ташкилотлар рўйхатга олинмайди?

    Ислом Каримов режимини Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (Диктатор хавфсизлик хизмати десак тўғрироқ бўлади) армия, милиция, прокуратура ва судлардан ташқари камида учта инсон ҳуқуқлари ташкилотлари - Марат Зоҳидовнинг икки инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва бир партияси, Михаил Ардзиновнинг бир ташкилоти ва Суҳроб Исмоиловнинг бир ташкилоти ҳимоя қилади. Абдураҳим Пўлатовни Васила Иноятова бошчилигидаги "Эзулик” жамияти ҳимоя қилади. ЭРК партиясини "Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳимоя қилади. (Ташкилот раҳбари Аъзам Турғунов 2008 йилда 10 йилга қамалган, ҳозирги пайтда Дилором Исҳоқова бу ташкилот раҳбари).Лекин бу бу уч сохта демократларнинг "чўнтак” инсон ҳуқуқи ташкилотлари ўз раҳномалари - Ислом Каримовнинг Ўзбекистон конституциясини бузганлиги тўғрисида, Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳнинг партия Низомларини бузганликлари тўғрисда лом -мим дейишмайди.

    Мен Ислом Каримовни мамлакат Констициясини бузганлиги, А,Пўлатов ва М.Солиҳни ўз партиялари Низомларига амал қилмасликларини танқид қилганим учун айрим кишилар буни бўҳтон, туҳмат, мухолифатга нисбатан фитна деб баҳолашаяпти. Фараз қилайлик, улар ҳақ бўлса, бу мухолифатга нисбатан фитна, мухолифатни бирлашишига тўсқинлик бўлса, нега мен танқид қилгунимча - 20 йил давомида мухолифат бирлаша олмади? Менимча, бундан кейин ҳам бирлаша олмайди. Чунки, мухолифат икки қутбга бўлинган. "Бирлик” партияси раҳбари Абдураҳим Пўлатов Ғарб демократик давлатлари Ўзбекистон билан сиёсий-иқтисодий ҳамкорлик қилиб, мамлакатни эркинлаштиришлари, демократлаштиришлари мумкин, деб ҳисоблайди. Муҳаммад Солиҳ эса Ўзбекистонга нисбатан санкциялар икки баравар кучайтирилиши керак деган фикрда. Бу икки қарама -қарши қутбли партияларни бирлашишини тасаввур қилиб бўлмайди.

    Менинг фикримча мухолифат Ўзбекистонда қонун устуворлиги, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатланиши, эркинлик ва демократия, қашшоқликка, коррупцияга қарши кураш, болалар меҳнатидан воз кечиш каби муаммоларни ҳал қилиш атрофида каолиция тузишлари мумкин.

    Мен ўзим сохта демократлар билан каолиция тузиш ва бирлашишни мантиқсизлик деб ҳисоблайман.

    Диктатура - Ислом Каримов режими - Ўзбекистон фуқароларининг эркинликликлари ва ҳуқуқларини чеклайди. Фуқароларнинг эркинликлари ва ҳуқуқлари қанча чекланса коррупция шунча ривожланади. Коррупция давлат амалдорларининг ноқонуний бойишларига хизмат қилади. Масалан, Ўзбекистон фуқаролари Туркманистонга ва Тожикистонга эркин бориб кела олишмайди. Улар бу давлатларга бориб келиш учун чегарачиларга пора беришга мажбур. Ёки Ўзбекистон фуқаролари бошқа мамлакатларга бориш учун чиқиш визаси олишда аксарият ҳолларда пора беришга, кўп вақтларини сарфлашга мажбур. Ўзбекистон Конституциясига биноан фуқаролар бу ҳуқуқларини поймол қилиниши юзасидан судларга мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқларини тиклашлари мумкин. Лекин судлар ҳам порахўрлик, коррупция ботқоғига ботган. Фуқаролар намойишлар ўтказмоқчи бўлса, бунга ҳам йўл қўйилмайди. Ўз фикрларини ёритишлари учун газеталар, телевидение ва радиога мурожаат қилишса, улар ҳам тўла ҳукумат назоратида. Бошқача айтганда сўз ва матбуот эркинлиги йўқ. Фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун уюшмоқчи бўлса, уларнинг ташкилотчилари энг камида ўз иш вазифасидан жудо бўлади, яна фаолиятини давом эттираверса улар ҳукумат томонидан дарҳол экстремизм ва терроризмда айбланиб, қийноқлар қўлланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилади.

    Коррупциядан энг кўп азият чекадиган кишилар Ўзбекистон ҳокимиятидан ташқарида бўлган одамлардир, бошқача айтганда амалсизлар.. Улар аҳолининг 90 фоизидан кўпроғини ташкил қилади. Улар фақат пора беришади, лекин уларга ҳеч ким пора бермайди. Пора бериш пастдан юқорига қараб йўналган. Энг пастдагилар бундан катта жабр кўради.

    Мен Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни порахўрликда айблаш фикридан йироқман. Чунки, унга Ўзбекистон пахтаси, олтин, уран, газ ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилишдан келадиган даромадни ўзлаштиришни ўзи ҳам етарли. Бунга Гулнора Каримовани қисқа вақт давомида энг бой, энг йирик бизнесменга айлангани яққол мисол бўла олади.

    Дунёда юзга яқин демократик мамлакатлар бор. Бу мамлакатлар фуқаролари ўз эркинликлари учун курашган. Лекин афсуски, Ўзбекистон халқини эркинликлар, демократия учун курашаяпти дея олмайман. Режимга мухолифатдагилар бундан мустасно албатта. Қачонки Ўзбекистон фуқаролари биринчи ўринга тўй, маъракалар ўтказиш бўйича пойга қилишни эмас, ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари, Ўзбекистонда маориф ва фаннинг ривожланиши учун курашишни биринчи ўринга қўйишмас экан, ҳеч қанақанги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, мухолифат, АҚШ ва Европа давлатлари, ҳамда дунёнинг бошқа демократик мамлакатлари ҳам мамлакатимизда эркин, демократик жамият қуришга қурби етмайди.

    Аксига олиб бизда диктатура ўта кучли ва шафқатсиз. Мен Ўзбекистонда диктатура ўрнатилишида 80 фоиз Ислом Каримовни, 10 фоиз мухолифатни ва 10 фоиз аҳолини айбдор деб ҳисоблайман. 100 фоиз Ислом Каримов айбдор дейиш унчалик тўғри эмас. Кимдир бу фикрларга қўшилмас. Лекин бу менинг фикрим.

    Ўзбекистон фуқароларининг ўз эркинликлари ва ҳуқуқлари учун курашиши - Ўзбекистонда қашшоқликка қарши, коррупцияга қарши, диктатурага қарши - Ислом Каримов режимига қарши курашидир. Яъни, биз ўз ҳуқуқларимиз ва эркинликларимиз учун курашмасак демократияга эриша олмаймиз. Фақат эркин фуқароларгина давлатни бошқаришда иштирок этиш, назорат қилиш салоҳиятига эга бўлишади.

    Демократик муҳитда диктатурага йўл қўйилмайди.

    Яшасин эркинлик!
    Йўқолсин якка ҳокимчилик!
    Йўқолсин диктатура!

    www.yangidunyo.com

    Жойлади: zamondosh
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz