Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 06.12.31
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Декабрь » 5 » Сукут аломати ризоми?
    23.56.01
    Сукут аломати ризоми?

    Диний экстремизм хавфи ҳамиша мавжуд

    Каримов радикал қарашдаги кишиларга қарши нотўғри иш қилаётгани йўқ

    (2-суҳбат)

    Шу йилнинг 27 октябр куни Брюсселда "13 май Иттифоқи” нодавлат ташкилоти "Жамиятнинг радикаллашуви ва бу шароитда демократик кучларнинг вазифалари” номли анжуман ўтказди. Конференция ва унда муҳокама қилинган мавзу юзасидан мухолифат вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаоллари муносабати билан қизиқдик. Бизнинг суҳбатдошимиз айни пайтда Норвегияда яшаётган мухолифат фаоли Алибой Йўляхшиев.

    -Тасаввур қилинг, агар ҳозирги мухолифат ҳукумат тепасига келиб қолса, диндорларга қандай муносабатда бўлади, деб ўйлайсиз?

    Алибой Йўляхшиев: - Ҳозирги мухолифатнинг ҳукуматга келиши хусусида мен салбий фикрдаман. Тўғриси бугун бизда ҳукуматга мухолифатда бўлган ташкилотнинг ўзи йўқ. Мамлакат аҳолисини "диндорлар” ва диндор бўлмаганларга (динсизларга) бўлиш ҳам ўта янглиш бир қарашдир. Менимча, дунёда динсиз киши мавжуд эмас. Умуман ҳукуматнинг динга муносабати масаласига келсак. Биламизки, Ўзбекистонда ҳам "Диний ташкилотлар ва виждон эркинлиги тўғрисидаги” қонун бор. Мамлакатнинг бутун аҳолиси, жумладан ҳукуматнинг барча масъул органлари ҳам мазкур қонунга қатъий амал қилишлари шарт. Бордию Ўзбекистонда қонуний тартибда ҳукумат алмашиши содир бўлса, менимча янги ҳукуматнинг сиёсати ҳозиргисидан фарқли бўлади деб умид қиламан. Агар ўшандай вазият вужудга келса, биринчи навбатда бош қонунимиз - Конституцияга қатъиян амал қилишни йўлга қўйиши лозим бўлади. Энг аввал янги ҳукуматнинг ўзи қонунларни бирор шаклда ҳам бузмаслиги ва уларнинг бузилишига йўл қўйилмаслигини таъминлаши ва назорат қилиши керакдир. Мамлакатда қонунлар барчага баробар бўлиши шарт деб ўйлайман.

    -Худди бугунги кунимиздагидек, келажакда ҳам "Ўзбекистонда исломий давлат қурамиз” деган мақсадда кураш олиб борадиган ўта радикал диндорлар муаммоси пайдо бўлиши мумкин. Ҳукумат ўшанда "демократия - бу куфр низоми” деб ҳисоблайдиган диндорларга нисбатан қандай муносабатда бўлиши керак деб ўйлайсиз?

    А.Й.: - Салгина илгари айтганим сингари, менинг фикримча янги ҳукумат сиёсати сўзсиз бугунгидан бошқача бўлади. Иқтисодий ва сиёсий-ижтимоий жабҳада, динга, унга эътиқод қилувчиларга муносабатда ҳам янгича сиёсат юргизилади. Мен шундай бўлишига ишонаман. Кейинги ҳукумат Каримов ва унинг ҳукумати хатоларини такрорламайди деб умид қиламан. Ватандошлар Оллоҳга дуо қилиб, келажакдан яхши умид қилаверсинлар. Ўзларини соф динга эътиқод қилувчилар деб ҳисоблаётган ўта тақводорлар ҳам ҳаммасидан олдин ўз динларини яхши ўрганиши, ўзлари тушунибми, тушунмай дунёда мавжуд бўлган режим ва тузимларга қарши чиқавермасалар яхши бўларди. Масалан, Исломда бўлган, бўлмаган, сўзлар, асосли ёки асоссиз фикрларни ўртага ташлаш билан мусулмонлар орасида фитна чиқармаслик савобли амаллардан бири ҳисобланишини ёдда тутиш лозим деб ҳисоблайман. Исломда соф эътиқод бизнинг эътиқодимиз, бизнинг амалимиздир деб даъво қилаётганларга, "Қадрли қардошлар, биз Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳаётини яхши ўрганиб чиққанмизми?. Биз бугун қандай вазиятдалигимизни дуруст тасаввур қила оламизми?” деган савол қўйиш ўринли бўлар деб ўйлайман. Менимча, Ўзбекистоннинг бугунги мусулмонлари Ислом тарихини жуда жиддий ўрганишлари лозим кўринади.

    Бизнинг шу кунларимизда, "соф ислом” дейилган атамалар учраб турадиган бўлди. Ҳатто баъзи ўзбекистонликлар "Соф Ислом” номли интернет сайтлар очишган. Айтинглар, эй мусулмонлар Ислом сўзига қўшимча "соф” сифат бериш тўғрими? Ислом ўз номи, таркиби ва моҳияти билан софдир. Ислом дейиш ўрнига "соф Ислом” деб аташ менингча, тушунмаслик, ҳатто билимсизликдир. Ислом Соф бўлмаса, у Ислом эмас, ахир.

    -Сизни бу фикрларингиз менга "соф исломни тиклаймиз, шу пайтгача динимиз бузилган” дея ҳаракат қилиб юрадиган баъзи диндорларни эсга солди. Уларни халқ ичида "ваҳобийлар” деб аташади…

    А.Й.: - Ваҳобийларни мен яхши билмайман. Ҳа тўғри, биз соф исломни тиклаймиз деб ҳаракат қиладиганлар бор. Улар кўпинча ўзларини, фақат ўзларини Ислом динининг ўта билимдони деб кўрсатишга уринишади. Аллоҳ кўрсатмасин, бу тур одамларга ихтиёр берилса, улар ўзларидай ибодат қилмаган ҳар бир мусулмонни ўлимга буюришлари мумкин. Балки Ўзбекистонда ана ўшанақа бақироқ чала мусулмонлар кўпайиб кетаётгани Каримов ва унинг ҳукуматининг динга, айниқса мусулмонларга қарши зулм қилишига асос яратаётгандир. Ана ўшалар борлиги учун ҳам Каримов "Ўзбекистонда ислом террори, экстремизми хавфи кучаймоқда” деб дунёга жар солаётган ва етарлича молиявий ёрдам ҳам олаётган бўлса ажаб эмас.

    Аслида Ислом дини эътиқодининг иккита мустаҳкам асос: Қуръони карим ва Пайғамбар (сав) ҳадисларида кўрсатилган фундаментал йўллари, қоидалари мавжуд. Буюк тўрт халифаларимиздан сўнгги тарихда етишган Ислом олимларининг буюклари (Имом Бухорий, Имом Тирмизий, Имом Мотуридий, Нақшбанд Бухорий, Ғиждивоний, Убайдуллоҳий Ахрор ва бошқалар) бизнинг юртда дунёга келди, ўсди ва ижод қилдилар Уларнинг кўрсатмаларига амал қилсак, ўшалардай мусулмон бўлишга интилсак, иншооллоҳ хато қилмаган, саодатга эришган бўламиз.

    Ўзбекистон ҳукуматининг радикал қарашдаги кишиларга қарши сиёсатини бутунлай нотўғри деб бўлмайди. Аммо уларга қарши кураш йўлларида, уларга қўлланилаётган жазо чораларида кўпгина хатолар бор, албатта. Радикаллар дейилаётганларнинг бир қисми алданган кишилар деб ўйлайман. Улар динни, динини яхши тушуниб етмаган кишиларга ўхшаб кетадилар. Бундайларни балки тушунтириш йўли билан хато қарашлардан, тушунмовчиликлардан қайтариш ва тўғри йўлга бошқариш мумкиндир. Тарбия ва тушунтириш масалалари тўғри йўлга қўйилса, кўпгина хатоларнинг олди олиниши мумкин бўларди деб ўйлашга асослар бор. Асослими, асоссиз ваҳобий ёки ҳизби тахрир ниқоби остида исталган бир мусулмонга қарши шафқатсиз кураш очиш, уларга азоб бериш, ҳатто ўлимга маҳкум этиш қайси қонунга, адолатга тўғри келади? Мана шуларга, шундай сиёсатга зулм дейилади. Зулм қилмаслик деганидан, жиноятчига жазо бермаслик керак деган маъно келиб чиқмайди, албатта. Ўзбекистонда биринчидан, адолатли терговлар оқибатида жиноят бутун моҳияти билан очиқ аниқланмайди, жиноятчига бериладиган жазо эса, зулмга, исканжага, азобга айлантирилади. Бу эса, президент Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукумати хато сиёсатининг оқибатидир. Бундай ҳолни кўрмаслик, уни эътиборсиз қолдириш ҳам ўта адолатсизликдир.

    -Ўзбекистонда диний экстремизм ва террорчиликни кучайишини олдини олиш бўйича ҳукумат амалга ошираётган йўлдан бошқача яна қандай усулни таклиф қилган бўлардингиз?

    А.Й.: - Мамлакатда сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигининг, умуман эркинликнинг йўқлиги сиз айтаётган муаммоларнинг ривожланиишига олиб келди. Бу масалаларни нормал ҳал этишнинг шартларидан бири, инсонлар эркин фикр алмаша оладиган муҳитнинг яратилишидан иборатдир. Бу эса, жумладан матбуот эркинлигини ҳам талаб қилади. Радикализм, экстремизм деб аталадиган масалалар, жумладан уларнинг диний кўринишлари ҳам инсонларнинг эркин фикр алмашиши натижасида ўз-ўзидан юмшаб қолишлари табиийдир. Албатта ҳамма, президентдан бошлаб кичик болаларгача бирдек қонунга амал қилувчи, қонундан ийманувчи бўлишлалари лозим.

    Ўзбекистон ҳукуматининг энг катта хатоларидан бири - мустақил бўлганимиздан бошлаб нотўғри сиёсат юргизди. Ўша мустақилликнинг бошланғич пайтидан тўғри сиёсат юргизилганда эди, мамлакатимиз бугунги вазиятга тушиб қолмасди. Мўлжал тўғри бўлган бўларди. Мухолифат ўлароқ бизнинг ҳам хатомиз - тўғри йўлдан юриб, тўғри мўлжал ололмадик. Бугун кун тартибида турган долзарб масала, Ватанимиздаги бутун муаммоларни ўзаро инсоний муроса асосида биргалашиб ҳал этишдан иборатдир. Менимча, Ватаннимзнинг келажаги, у ердаги жамиятнинг демократялашуви халқ ва ҳукуматнинг ҳақиқий, тўғри ўзаро муроса йўлини топишига боғлиқдир. Ана ўша муроса йўлини топиш эса, ҳар бир ватандошнинг Ватан, халқ олдидаги муқаддас бурчидир. Муроса, Ўзбекистон ҳукумати ва унинг мухолифати, барча ватандошлар ўртасида дўстона бўлиши лозим. Оқибат, ҳаммамиз, мамлакат аҳолисининг барча табақаларининг вакиллари бир думалоқ стол атрофига йиғилишимиз зарур ва шартдир. Бусиз ҳеч бир яхшилик амалга ошмайди дейиш мумкин.

    Ўтган йили биз шу масалани – умумхалқ ўзаро муросаси масаласини ўртага чиқаргандик. Дунёнинг буюк давлатлари раҳбарларини ва бутун дунё прогрессив жамоатчилиги вакилларини ҳам жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва унга мухолифатда бўлганларни бир столда ўтиришга, барча долзарб ва сиёсий, иқтисодий-ижтимоий масалаларни ҳал этиш йўлларини бамаслаҳат излашга даъват қилгандик. Бироқ бундай маъқул фикр барча тарафидан бир хил қабул қилинмади. Баъзилар ўз "лидер”лигини йўқотиб қўйишларидан, бошқалар шу кундаги мавқеъларидан тушиб қолишдан қўрқишди, шекилли.

    Шу кунларда ўзларини лидер ҳисоблайдиганлар одамларни "сеники ва меникига” бўлиб олишган. Бошқача айтганда улар шундай ҳам тарқоқ ўзбекларни "душман ва дўстларга” ажратиб олишган. Натижада кишиларимиз ҳукуматга, ватандаги мустабид режимга эмас, аксинча бир-бирларига қарши гуруҳларга айланиб қолишган. "Лидер” бўлмишлар эса, гуруҳбозларга айланишган. Ундайларни лидер дейишга уялади киши. Масалан, ўша ўзини лидер ҳисоблайдиганлардан бири Муҳаммад Солиҳ, шу кунларда Ўзбекистонда қуролли инқилоб (революция) қилишга чақирмоқда. Бундай чақириқни мен ақлсизлик, ақлдан озганлик деб ҳисоблайман. Бу иғводир (аслида бундай чақириқни халққа, миллатга қарши фитна деб аташ лозим). Бундай иғвога қўшилганларда ҳам ақл касаллиги бўлиши керак.

    Суҳбатдош: Юсуф Расул

    (Давоми бор).

    www.yangidunyo.com

    Жойлади: zamondosh
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz