Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 08.07.48
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Декабрь » 9 » Сукут аломати ризоми?
    01.55.22
    Сукут аломати ризоми?

    Диний экстремизм хавфи ҳамиша мавжуд

    Каримов - Пўлатовдан яхши

    (3 - суҳбат)

    Шу йилнинг 27 октябр куни Брюсселда "13 май Иттифоқи” нодавлат ташкилоти "Жамиятнинг радикаллашуви ва бу шароитда демократик кучларнинг вазифалари” номли анжуман ўтказди. Конференция ва унда муҳокама қилинган мавзу юзасидан мухолифат вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаоллари муносабати билан қизиқдик. Бизнинг суҳбатдошимиз айни пайтда Норвегияда яшаётган мухолифат фаоли Алибой Йўляхшиев.

    -Келинг энди, Эрк партиясини диний ташкилотлар билан ўзаро иттифоққа киришгани ҳақида суҳбатлашсак. Кекса мухолифатчи ва мўмин-мусулмон сифатида сиз улар тузган "13 - май Иттифоқи” ташкилоти ҳақида қандай фикрдасиз?

    Алибой Йўляхшиев.: -”13 -май Иттифоқи” ташкилотига Муҳаммад Солиҳни қўшилишини қисқа қилиб айтганда, Солиҳда бошқа йўл ва куч қолмагани билан изоҳлаш мумкин. Унинг атрофида бирор тайинли одам қолмади ҳисоб. У ҳеч қаерда ишламайди. Шунинг учун яшашга лозим бўлган бирор даромад манбаси йўқ. Шунга қарамай у бугунга қадар ҳамиша муҳташам (роскошный) яшаб келмоқда. У ана шундай яшашга, шундай ҳаётга ўрганиб қолган. Кунлик тирикчилик ўтказиши учун унга ойига камида 4 ёки 5 минг доллар пул керак. Менимча, унинг бу харажатларини қоплаш манбасида муаммо чиққан кўринади. Андижонликларнинг бу иттифоқи эса, унга бу масалани ҳал қилиши учун энг қулай йўл бўлди, шекилли.

    "13- май Иттифоқи” Низомига эътибор беринг. Бу ташкилотнинг ҳар бир аъзоси ойлик даромадининг 20 фоизини шу ташкилот ҳисобига ўтказиши керак деб кўрсатилган. Бу қаердан чиққан гап бўлди? Дунёнинг қайси жойида бунақа бадал тўлаш шарти бор?

    2005 йил Андижон фожиалари хусусида ўша замондаёқ ўз фикрларимни билдиргандим  (улар ўз вақтида бир неча ўзбек тилида чиқиб турган интернет сайтларда эълон қилинган). Мен, у воқеалар ҳақида ўша замонда ёзганларимдан бугун ҳам бошқача фикрда эмасман. Бироқ ўша аянчли воқеалардан сўнгра кечган вақт давомида фожиаларнинг тирик гувоҳлари билан баъзи бир учрашувлар ўтказиш оқибатида шундай бир тасдиқ ҳам асосли экан каби ишончга ҳам келиш мумкин бўлди:

    Андижонда (2005 йил 13 май) бегуноҳ инсонларнинг қурбон қилиниши Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилгани шубҳасиз, бироқ бугун Овропада "13- май Иттифоқи”ни туздик дейишаётган андижонликлар эса, ўшандай жиноят содир этиш мумкин бўлган муҳит яратган кишилардир. Янада очиқроқ айтганда, ана ўшаларнинг ҳукуматга сотилиши натижасида Андижон фожиасини содир этиш мумкин бўлди. Улар ҳукуматнинг зулмкор сиёсатини бемалол ўтказишида ўйинчоқ бўлишган аянчли кишилар ёки ўта жоҳил сотқинлардир. Шу сабабдан "13- май Иттифоқи”ни тузиш ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг кўрсатмаси билан амалга оширилган бўлиб чиқса, мен ажабланмаган бўлардим. Муҳаммад Солиҳ эса бундай ташкилотга моддий манфаатларни кўзлаб қўшилди деб ҳисоблайман.

    Ўзингиз ўйлаб кўринг, Ўзбекистонда бугун қуролли қўзғолон қилиш, ҳатто бундай ҳаракат ҳақида сўз юритиш мумкинми? Маҳмадоналик (аҳмоқчилик дейилса тўғри бўларди) эви биланда, ахир. Бундай шиорлар билан чиқаётганлар, ўзларининг бу авантюраси халқнинг бошига нималар келтириши мумкинлиги ҳақида бир дақиқа бўлса-да ўйланармиканлар? Иккинчидан, қуролли қўзғолон тарафдорлари бўлган бу инсонлар, уни амалга ошириш учун нималар зарурлигини ва ўша заруратлар қандай ташкил этилишини ва қўзғолон қандай амалга оширилишини билармиканлар? Ёки уларнинг бу сўзлари фақат ваҳималардан, ўзларининг тирик эканликларини кўрсатишдан иборатми? Менимча, бу "революционерлар”-нинг бир қисми Ўзбекистон ҳукуматининг сеҳрига тушган аянчли кишилар ва қолганлари – асосийлари ҳақиқий иғвогар, сотқинлар бўлишса керак. Уларнинг бу ваҳималари мамлакатда 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан баттарроқ фожиани ташкил этишга манба бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини улар тушунмаяптилар ёки тушунган ҳолда халққа, Ватанга сотқинлик вазифасини бажармоқдалар.

    - Муҳаммад Солиҳ ўтган йили "Биз Ўзбекистондаги диний жамоалар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз” деганди. Бу билан диний жамоаларда куч бор эканлигини, фақат улар билан ишлагандагина бирор натижага эришиш мумкинлигини назарда тутганмиди?

    А.Й:.- Менимча, Ўзбекистон ичидаги диндорлар дейишдан кўра, Ислом динига эътиқод қилувчилар жамоалари дейиш тўғрироқ бўлади. Биламизки бу жамоаларда сиз тушунаётган куч ва ташкилотчилик йўқ. Улар фақат ваҳима қилади холос. Инсофи бор одам бунақа гапларни гапириб юрмаслаги керак.

    - Мени ажаблантирган нарса шуки, ўзини мухолифатчиман деб юрган одамлар ичида ҳам қуролли қўзғолонга даъват этувчи одамлар пайдо бўлмоқда. Улардан бири Швецияда яшаётган мухолифат фаоли Ҳазратқул Худойбердидир..

    А.Й.: Қуролли қўзғолон масаласида ва "қўзғолончи”лар хусусида бироз олдинги саволингизда жавоб қилдим деб ҳисоблайман. Ҳазратқул Худойбердига келсак, кўринишда Каримовнинг энг фаол танқидчисига ўхшайди. Аммо нималар қилаётганини ўзи ҳам яхши тушунмайди, менимча. Бир вақтлар Ўзбекистоннинг бутун муаммоларини Ғарбий мамлакатларнинг "машҳур” раҳбарлари ҳал этиб беради деб тушунарди. Шу сабабдан ҳам уларнинг барчасига мактуб ёзиб улгурган у одам. Энди "Ўзбекистонда бутун масалаларни "автомат ҳал қилади” деб жар солади. Менимча, бу кишининг ҳаракатлари кўпроқ авантюрага ўхшаб кетади. Уни авантюрист- ваҳимачи дейилса тўғри бўларди. Унинг бундан илгарида ҳам авантюристик чиқишлари бўлган эди. Лўндасини айтганда ўзини мухолифатдаман деган киши умумга фойдали бирор иш қилолмаса-да, ҳеч бўлмаса зараркўнанда бўлиб қолмасликка ҳаракат қилиши шартдир.

    Мана масалан, "лидерлик”ка даъвогарлардан бири Абдураҳим Пўлатовни олинг, унинг 1995 йилдан буён умуман фаолиятининг тайини йўқ, ҳатто ҳеч қандай фаолият курсатмайди дейиш мумкин. У, шу пайтгача бирор ҳаракат қилган бўлса, нуқул мухолифатга зарар келтириш учун қилди. Маълумки, 1995 йилнинг бошида Ўзбекистон ҳукумати ва мухолифат вакиллари америкаликларнинг ташаббуси билан Вашингтонда учрашув ўтказишганди. Ана ўша учрашувда Каримов бошлиқ ҳукумат йиллар давомида Ўзбекистон мухолифатига келтира олиши мумкин бўлмаган жуда жиддий, тузатиб бўлмас зарар келтирганди. Ўша учрашувдан буён, балки ундан анча илгаридан бошлаб А. Пўлатов мухолифатдан чиқиб, Ўзбекистон ҳукуматининг хизматкорига айланган. Бу ҳолни фактлар асосида жуда яхши биладиган муҳолифатчиман деган шахслар ҳам орамизда йўқ эмас. Негадир улар ҳали ҳам сукут сақлашни лозим кўрадилар. Билмадим қанчонгача бу "лидерлар”нинг очиқ башаралари ҳақида гапириш мумкин бўлмайди?

    "Лидер”лардан бошқа бириси Муҳаммад Солиҳ ва унинг иттифоқчилари эса ҳеч нима қилмагандан кўра нимадир қилиш керак дея ҳаракат қилишмоқда, шекилли. Бу эса, қош қўяман деб кўз чиқаришга жуда ўхшаб кетади.

    М. Солиҳнинг шу пайтгача жуда кўп хато ишлар қилгани ҳақида сукут сақлаш мумкин бўлмай қолди, деб ўйлайман. Мен М.Солиҳни анча яхши биламан десам ошириб юборган бўлмайман. Мен у билан Туркияда ва Норвегияда анча яқин яшадим дейишим мумкин. 1995 йил бўйи бирга фаолиятда бўлдик. Менга маълум бўлган баъзи маълумотларга кўра, 1999 йилги Тошкентдаги, ундан кейинги жуда кўпчилик портлашлар, Алишер Соиповнинг ўлими ва Андижондаги фожиали воқеалар ҳам Солиҳнинг қош қўяман деб кўз чиқариш ҳаракати оқибатида бўлган дейиш мумкин бўлмоқда. Менимча бу ишларнинг ҳаммасининг режаси ҳукумат томонидан тайёрланиб, уларни Солиҳга маъқуллатиб олинди ва унинг номидан Ўзбекистон ҳукумати чиройлигина қилиб амалга оширди, дейишга бугун биз ўзимизни ҳақли ҳисоблашимиз лозим.

    Менимча, саналган ҳар учала воқеада ҳам Солиҳнинг бевосита иштироки йўқ бўлса-да, унинг билвосита алоқаси бор дейишга кун ўтган сайин асослар чиқиб турибди. 1999 йилги портлашларга Муҳаммад Солиҳнинг оқ фотиҳа берганига мен кўпроқ ишонаман десам ҳам бўлади. Чунки ўша портлашлардан бир мунча аввал Ўзбекистон ҳукумати вакили Истанбулга келиб М.Солиҳ билан узоқ замон учрашувлар ўтказганига мен ўзим гувоҳман. Ўша портлашларни М.Солиҳнинг бевосита ўзи ташкил қилмаган, қила олмаганди, албатта. Лекин ўша машҳум ишни амалга оширишга қўшилган бўлиши аниққа ўхшайди. Алишер Соипов ҳам Муҳаммад Солиҳнинг бевосита ҳаракатлари оқибати ўлароқ ўлиб кетди. У, Алишер ёрдамида Ўзбекистонда инқилобга даъват варақалари тарқатмоқчи бўлганди. Андижон воқеаларида ҳам Солиҳ қатнашмаганга ўхшамайди назаримда.

    - Сиз Тошкент портлашларида ва ундан кейинги воқеаларда, ҳатто Алишер Соиповни ўлимида Муҳаммад Солиҳни билвосита алоқаси бор деб айтаяпсиз, бунинг учун қўлингизда аниқ далилларингиз борми?

    А.Й.: - Мен бирор давлатнинг тергов органининг ходими эмасман. Бироқ, 1998 йилнинг май ойида Маҳмуд Худойбердиевнинг матбуот котиби бўлган Яраш Қурбон Истамбулга келганлиги, унинг М.Солиҳ билан бир неча марта учрашувлари бежиз бўлмаган деган қаноатдаман. Яраш Қурбоннинг ўзининг тасдиғига кўра, Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлатовлар келишиб ҳаракат қилсалар, Ўзбекистонда тўнтариш қилиб уларни ҳокимиятга келтиришни билдириш учун 1998 йилнинг биринчи яримида Истанбулга сафар қилган эди. Айни пайтда АҚШда яшаётган Зокир Али ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоси ҳисобланган, шу кунларда Ўзбекистонда қамоқда сақланаётган Зайниддин Асқаровлар ва бошқа М.Солиҳга қарашли кишилар Истанбулда Яраш Қурбонга йўл кўрсатувчи бўлгандилар. Ўша замонларда Яраш Қурбон Ўзбекистонда ҳарбий давлат тўнтариши қиламиз, ҳукуматни Каримовдан тортиб оламиз деб жуда жиддий сўзлар сўзлаганди. Мен ҳам у билан учрашгандим, аммо унинг фикрларига қйшилмагандим. Унга мен, "Биз қонунга қарши иш қилмаймиз, давлат тўнтариши масаласи эса, авантюрадир, бундай иғволарга сабаб бўладиган ишларга аралашишни Ватан манфаатига зид ҳисоблайман” дегандим.  Масалан, ўша Зокир Али ва Зайниддин Асқаровларга ҳам бу одамга ишонмасликни тавсия қилгандим. Бироқ улар (З.Али ва З.Асқаров) менга ўртада туриб воситачи бўлишни сўрашганди. Амалда Я. Қурбоннинг иғвогарона даъватига қўшилишни таклиф этишганди. Аммо мен бунга рози бўлмагандим, бўлолмасдим ҳам.  Шунинг учун бу йигитларга, "Бу одамга ишонмайман, бу одам ҳукуматнинг одами. Силар ҳам бунинг сўзларига ишонманглар” деган эдим. Аслида менинг назаримда Зайниддин Асқаров ҳам ҳукуматга ишларди … Мана шу каби ҳолатларни билганим учун ўша саналган воқеаларда М.Солиҳ қош қўймоқчи бўлиб, кўз чиқаргандир дейишга ўзимни ҳақли ҳисоблайман.

    - Зайниддин Асқаров 2003 йилда Ўзбекистон МХХ уюштирган матбуот анжуманида хорижий радиолар мухбирларига Муҳаммад Солиҳни Тошкентдаги портлашларга умуман алоқаси йўқ, бу портлашлар ҳақида Зокиржон Алматов биларди, дея баёнот берди-ку!

    А.Й.:  - Агар буни анжуман деб аташ мумкин бўлса, у ўша пайтда Ўзбекистон Ички Ишлар Вазири Зокиржон Алматов ва МХХ раиси Рустам Иноятовнинг ўйини эди. Бу ўйинга ҳам М,Солиҳ бир ўйинчи шаклида жалб этилганди. Мақсад эса, Иноятов Алматовни йўқотишидан иборат эди. Шунинг учун Зайниддин Асқаровни ўртага олиб чиққандилар. Эътибор беринг, ўша учрашувда қамоқхонада ўтирган киши мамлакатнинг ички ишлар вазири З. Алматовга бемалол истаганча қарши айблар қўйганди, сўзлар сўзлаганди. Ўзбекистондай бир мамлакатда шундай бўлишига ишониш ақлсизлик-ку, ахир. Ундан ташқари қамоқхонада ўтирган жиноятчига мабуот конференцияси ўтказишга ижозат бериш кимнинг қўлидан кела оларди? Бу аслида катта бир мансабдорнинг ўйини эдику, ахир. Бундай мансабдор эса, менимча, МХХ раиси Р. Иноятовнинг ўзи эди. Аммо З.Асқаров ўша ерда ҳам қасам ичганди. У, "бу ишларни Абдували қорининг шогирдлари қилди”, деб сафсата тарқатди. Бу сафсата эди, албатта. Бу сафсатанинг энг ёмон томони у ўзининг устозига хиёнат қилаётганди. Шу билан З.Асқаров яна бир бор ҳукуматнинг ўйинига актёрлик вазифасини бажарган эди. Ўшандан сўнгра ўртада Андижон воқеалари чиқди-да, у гаплар охиригача очилмай қолиб кетди. Унинг устига Андижон воқеалари Зокиржон Алматов ва Ўзбекистон Мудофаа вазири Ғуломовни ҳам еб юборди. Шу билан Ўзбекистон ҳукумати ичидаги зиддиятлар бир мунча юмшагандек бўлди-да, у қамоқхонада ўтирган кишининг дунё матбуоти ходимлари билан учрашувининг аҳамияти ўз ўзидан кун тартибидан тушиб қолди. Муҳаммад Солиҳ учун эса ўша учрашув бир мунча қулайликлар келтирди. Ўзини бир мунча оқлаб олгандай туюлди. Лекин аслида 1999 йилда нима бўлганини, ўша портлашлар қандай ташкил этилганлигини Ўзбекистон ҳукумати ва Муҳаммад Солиҳ жуда яхши билишади. Менга эса, юқорида сўзлаб ўтилган баъзи бир белгилар маълумдир, холос.

    - Сизнинг назарингизда 90 йиллар талотўмида Муҳаммад Солиҳ ёки Абдураҳим Пўлатов ҳукумат тепасига келганда Ўзбекистондаги сиёсий аҳвол қандай тус олган бўларди?

    А.Й.: - Агар ўша пайтда Муҳаммад Солиҳ ҳукуматга келганда эди, менимча Ўзбекистонда ҳам Озарбойжондаги Абулфайз Элчибей замони сингари бўларди. Бир икки ой ичида у ҳукуматдан ҳайдаларди ёки кимдир унинг қўлидан ҳукуматни тортиб оларди. Сабаби, балки энг асосий сабаб М.Солиҳ дўсту, душманни ажрата олмаслигидир. Ўзбеклар "Аҳмоқ дўстдан оқил душман яхши дейдилар.” М.Солиҳ эса, дўстга ўхшайди-да, аммо ақлли дўст эмас. Бундай одамларни яхши ишларга бошқаришдан кўра, ёмон ишларга бошқариш енгил бўлади.

    Мобода Абдураҳим Пўлатов ҳукуматга келганда эди, аҳвол Каримов тузумидан энг оз беш карра ёмон бўлган бўларди. Бугун Каримов юзта одамни ўлдирган бўлса, Пўлатов энг ози билан  мингта одамнинг умрига зомин бўларди. Аслида Пўлатов ва Пўлатовга ўхшашлар одам шаклидаги илонлардир. Оллоҳ илонга билиб қўл ва оёқ бермаган. Ҳақиқатан, агар илоннинг қўлу-оёғи бўлганда эди, у чақмаган одам зоти қолмаган бўларди.

    - Сизни гапларингиз мухолифат лидерларидан умид йўқ, улардан мустабид бўлса ҳам ҳозирги ҳукумат бошлиғи Каримов яхши деган фикрга олиб келмайдими?

    А.Й.: - Пўлатов Каримовдан ёмон бўларди, деганим, Каримов Пўлатовдан яхшидир, шунинг учун Каримовнинг Ўзбекистонни бошқариши дуруст деганим бўлмай, балки одам сифатида Каримов Пўлатовдан дурустроқ деганимдир. Солиҳни бундай деб айта олмайман. У кўнгилчан, бир мунча самимий, ижобий хусусиятли одам.. Лекин мен уни ҳукуматни бошқарадиганлар жумласига кирита олмайман. У ҳукуматни бошқара олмаган бўларди. Каримов ақлсиз одам эмас, у Пўлатовдан ҳам, М,Солиҳдан фарқли ақлга соҳиб бир шахс. У жуда муғамбир, ўз йўлини ва бутун ишларни ўз фойдасига ҳал этиш усулларини жуда яхши ўрганган бир одам. Аммо унинг энг муҳим камчилиги унда миллат ҳисси, Ватан, ватанпарварлик каби ҳиссиётлар йўқ. Шу сабаб уни миллат, халқ вакили деб бўлмайди. У динсиз тарбияланган ҳақиқий коммунист. Бироқ Каримов ўзини яхши сиёсатчи деб билади. Лекин кўриб турибмизки, асло ундай эмас. Унинг 20 йил давомида амалга оширган ишлари Каримовнинг давлат сиёсатини, иқтисод, иқтисодий масалаларни тушунишда кам савияли эканлигини кўрсатиб турибди.

    У асли инженер механик бўлиши керак. Менимча олий маълумоти бўйича олган мутахассислиги ёмон бўлмаслиги керак. Аммо у иқтисод бўйича мутахассис эмас. Эътибор берган бўлсангиз Каримов Молия вазири мансабида ишлаб турган замонларда иқтисод бўйича диссертация ёзган. Ҳозир-ку, қўяверинг жаноб И.Каримов Ўзбекистон академиясининнг академиги. Бу одамнинг 20 йилга яқин вақт ичида сиёсатда ҳам нималар қилганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шу ерда шуни ҳам айтиб ўтишим керак, мамлакатни бошқариш учун киши универсал билимга эга бўлиши шарт эмас. Менинг сўзлаганларим мавзуга тўғри келганидан айтилди. Ҳукуматнинг сиёсатини команда юритиши лозим. Бош раҳбар эса, команданинг командири бўлмоғи лозим бўлади.

    Умуман олганда сиз айтгандай хулоса қилиш тўғри бўлмасди, менинг айтганларимдан Каримов билан бугунгача мухолифат лидерларимиз деб юрганларни ўзаро солиштириш лозим ва уларнинг қайсилари яхши-ю, қайсилар ёмонлигини ажратиш керак деган сўз келиб чиқмаслиги керак. Биз Ватанпарвар бўлсак, мамлакатни бошқариш масалаларида ҳеч қачон ёмоннинг яхшисини танласа ҳам бўлади каби янглиш назарга бормаслигимиз шарт. Биз учун яхшиларнинг яхшиси керак. Ватаннинг бутун аҳолиси ҳам етук инсонлар даражасига кўтарилган бўлишлари керак. Бошлиқ-раҳбарларимиз сифатида ҳам фақат ана ўша етук кишиларнинг етуги танланиши шарт. Мухолифат аъзосиман деганлар ана шунақа етук кинсонлар бўлишлари билан бирга, улар ўзларининг атрофидагиларнинг ҳам етишиши учун чарчамасдан меҳнат қилишлари лозим. Ана шундай бўлгандагина мамлакатимиз келажагига ишончли умидлар билан қараш мумкин бўлади.

    Суҳбатдош: Юсуф Расул.

    www.yangidunyo.com

    Жойлади: zamondosh
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz