Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 06.12.37
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Октябрь » 20 » Талқин
    01.43.41
    Талқин
    БИР РУБОИЙ САБОҒИ

    "Маҳбуб ул-қулуб"да Алишер Навоий Фаридиддин Аттор, Мавлоно Румийларнинг шеър ёзишидан мақсади илоҳий сирларни баён қилмоқ ва чексиз маърифат тарқатмоқдир, дея таърифлайди. Ваҳоланки, аллома шоирнинг ўзи ҳам шу йўлда ижод этганлигининг гувоҳи бўламиз.

    "Мўъминнинг фаросатидан қўрқингиз", дея марҳамат қилинади ҳадисларда. Фаросатли мўмин киши ҳар бир нарсани иймон ва тақво мезонида ўлчайди. Ундай инсонни эса, шайтон йўлдан оздиролмайди. Шунингдек, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий, Алишер Навоий сингари кўплаб валийсифат адибларимиз ижодида Аллоҳ муҳаббатига ошнолик иймону тақво кабиларнинг тажаллий этишини илғаш мумкин. Бу каби шоирларимиз ижодини англаш учун қалб муҳаббатга ошуфта бўлмоғи, тақво зийнати-ла безанмоғи лозим назаримда. Ҳазрат Навоийнинг "Ғаройиб ус-сиғар" девонига киритилган биргина 55-рубоийсини олайлик. Кўпчилигимизга маълум ва ёд бўлиб кетган бу шоҳ байтларда қандай маънолар тажаллий этади? Мумтоз адабиёт тасаввуфида бу каби мисралар ўзгача шуъла бераркан, аҳли тасаввуфдан англаган фикр-мулоҳазаларимизни умумлаштириб, ундаги маънолар ганжинасини излашга ҳаракат қиламиз. Келинг, бу байтларнинг тасаввуфий талқинига ҳам назар солайлик.

    Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш.

    Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

    Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,

    Булбулга тикандек ошён бўлмас эмиш.

    "Ғурбат" — дарбадарлик, саргардонлик демакдир. "Ғариб" эса — мусофир, бечора кимса. Аслида "ғурбат" — нафс, "ғариб" қалбдир. Нафс агар устун келса, кўнгилни шундай саргардонликка солиб қўйиши мумкин. Нафс исканжасида кўнгил — мағлуб, бечора ғарибдир. Киши мусофирликда хушҳол бўлолмагани каби, дил ҳам ғурбатда зинҳор шодмон бўла олмас экан. Бегона тупроқнинг халқи ҳам мусофирга раҳм-шафқат қилиб ўтирмайди. Зеро, ҳамма ернинг қонуни ўша жойга нисбатан барчага баробардир.

    Рамзий кўринишда "эл" — инсон вужуди. Кўнгил — подшоҳ, унинг халқи — жисм аъзоларидир. Қўл, оёқ, кўз, қулоқ, оғиз — буларнинг ҳеч бири қалбга нисбатан Тил кераксиз сўзларни айтиб, оғиз ҳаром луқмаларни тановвул қилиши мумкин. Шунда дил ранжийди, ғариб ҳолга тушади, майса каби эгулувчанмас, тошлар каби қаттиқ жисмга айланади гўё. Демак, нафсга ортиқча ружуъ қўйишлик — кўнгил руҳини шикастлайди. Бу жисм — аъзоларининг қалбга нисбатан шафқатсизлигидир. Кўнгил нафс билан мағлуб, ақл билан эса ғолибдир.

    Нафс тўғрисида ҳазрати Навоий шундай дейдилар: "Нафс кетига тушган — нафсоният манзилидагина тўхтайди. Ҳеч ким ўз кўнглига ғам тиламайди ва ўз нафсини қийнашни хоҳламайди. Аммо ўзганинг азиз зотида беҳад хорлик кўрса, ўзига кичик бир қийинчилик юзланганича билмайди. Барча учун ўзи ўзгадан азизроқ; ўз сўзи ўзгаларникидан маъқулроқ. Одам — оламдаги яхшиликларни ўзидан ҳеч аямайди, аммо бу яхшиликларни ўзгаларга раво кўрмайди..."

    Рубоийдаги иккинчи мисра нафсни енгиш ва дилни поклашга ундайди. Жароҳатли қалб — олтин қафасда унган гул кабидир. Дил қачон ва нимадан хасталаниши мумкин?

    Кўп ухламоқ — руҳни сўндирар, кўп емоқ — вужудни ва кўп гапирмоқ эса дилни синдирар. "Маҳбуб ул-қулуб"да ҳазрат Навоий шундай дейдилар: "Камтар одамлар кўп гапиришдан қочадилар; улар кўп эшитмоқни истайдилар ва ёқтирадилар. Эшитмоқ — кишини бойитади; кўп гапирмоқ саёзлатади. Кўп гапирган кўп янглишади. Кўп еган — кўп йиқилади. Тан касалининг асоси — кўп емакдир, қалб касалининг сабаби кўп демакдир. Кўп демак — сўзга мағрурлик, кўп емак — нафсга бандаликдир. Одам учун бу сифатлар кераксиз ва барчаси худпарастликка оиддир".

    Инсон қалбни нафсидан ҳимоя қилолмас экан, руҳини сўлғин ҳолатда топар. Зеро, руҳиятнинг қувват манбаи — кўнгил. Булбул қафасдаги гулдан баҳра ололмагани каби инсон руҳияти ҳам шикаста қалбдан мамнун бўла олмайди. Булбулга қафасдаги гулдан кенг ва эркин тиканзор ошёни афзалдир. Ҳар бир жонзот эркинликни хуш кўради. Демак, руҳият қуш мисолидир. У эркин парвоз, мусаффо табиат шинавандаси.

    Ҳазрат Навоий ижодиёти ҳар бир даврда ўзининг серқирра ва пурмаънолиги билан аҳамиятлидир. Бизга ёд бўлиб кетган мисралар фалсафанинг турли ирмоқларига бориб туташади.

    Маъно уммони тасаввуфнинг олис қирғоқлари томон етаклайди. Фақат уни кўра олувчи қалб, мўминнинг фаросати керак. Бунинг учун эса қалб кўзи очиқ, руҳият олами тиниқ бўлиши лозим. Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб сингари аждодларимиз кўнгил кўчасида сайр этган, Яратганнинг хокисор ошиқ бандалари бўлган, десак адашмаймиз. Биз уларнинг ижодини шунчаки ўрганиб эмас, ундаги маъно хазиналарини излаб топмоғимиз ва кенг оммага татбиқ этмоғимиз керак бўлади. Келажак авлодни баркамоллик йўсинида камол топтириш, уларда инсонийлик ва шарқона одоб-ахлоқни юксалтириш йўлида қилаётган ҳар бир амалимиз, сўзимиз, ҳатто дунёқарашимиз ўз самарасини кечиктирмайди. Биз эса, Навоий сингари алломаларимиз ижодини англашда бардавом бўлайлик.

    Вазира ШОДИЕВА,
    талаба.


    Жойлади: Админ
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz