Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 10.12.17
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Декабрь » 10 » Тарих сабоқлари
    00.38.54
    Тарих сабоқлари
    Қуёшга қарши борманг!

    Олти кунда оламни бунёд этган Оллоҳ унга ҳаёт бахш этиш, борлиқни мунаввар қилмоқ ва кунни тундан, ёруғликни қорнғуликдан ажратиш учун тўртинчи куни Қуёшни яратди. Демакки, барча борлиқ-ҳаёт ўзининг борлиги, яшовчанлиги учун қуёшдан миннатдор бўлмоғи керак. Қуёш Оллоҳнинг табиатни тартибга солишда ҳамда фасллар, кунлар, йилларни белгилашда кўмак берувчи тарозиси. Кундуз ва тун, ҳаёт ва ўлим қуёш билан боғлиқ. Шунинг учун ўтмишда қуёшни Худо сифатида билиб, унга топинганлар. Зардуштийлик таълимотига кўра, яккаю-ягона худо Аҳурамазданинг яшаш жойи Қуёш ортида, деб уқтирилади. Японларнинг миллий дини бўлмиш синтоийликда Қуёш худоси Аматэрасу асосий худо саналади ва ҳатто император унинг авлоди ҳисобланади.

    Илм-фан ривож топиб, ақл-идрок тараққий эта бошлаган даврдан эса қуёшга қарши юрмоқ Оллоҳга қарши бормоқ, дея қаралган. Аслида ҳам шундай. Борлиқ мавжудотлари орасида ҳайвонлардан арслон ва ўсимликлардан кунгабоқаргина қуёшга тик қарай олади. Инчинун, улар жисмида қуёш ранги бор. Бошқа мавжудодларнинг қуёшга ва қуёш йўналишига қарши бориши илоҳиётга қарши юриш деб билиниб, ҳалокатга маҳкум қилинган. Биз ана шу, ўн саккиз минг оламнинг бир бўлаги-Қуёш бошқараётган фалакиётга ердаги мавжудодлар томонидан унга қарши ҳаракатларнинг салбий ниҳояланганлиги ҳақида тўхталмоқчимиз. Бу борада инсоният тарихидаги энг эсда қоларли воқеалар, халқлар ўртасидаги урушлар, ҳарбий ҳаракатлар, жангу жадаллар мисол бўла оади. Ушбу воқеалар баёнида эса ўзига хос огоҳликка даъват ҳам мужассам. Дарвоқе, Ер Қуёшга 66 даража қия турганлиги боис шимолга қарши юришлар ҳам қушёга қарши ҳаракат ҳисобланади. Қадим Мисрда ўзини худо деб эълон қилган Фираъвн Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини шимолга томон таъқиб этиб, оқибатда қўшини билан Қизил денгизнинг қоқ ўртасида ғарқ бўлади. Унинг сўнгги нафасдаги тавбасини Оллоҳ қабул қилмади ва ундан кейинги кишиларга ибрат бўлиши учун жасадини минг йиллар давомида бус-бутун сақлашини айтди. Муқаддас Қуръон оятларига мувофиқ, Лондондаги машҳур Бритиш музейида сақланаётган, мўмиёланмаган, сажда ҳолатида қотган, ҳатто сарғайган соч-соқоллари ҳам яққол кўринадиган жасад дунёни ҳайратга солмоқда. Ҳазрати Мусо алайҳиссалом милоддан 1200 йиллар аввал яшаганлар. Жасаднинг ёшини аниқлаш учун олиб борилган тадқиқотлар натижасида у энг камида уч минг йиллик тарихга эга эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, бу жасадни инглиз тадқиқотчилари ҳодиса бўлиб ўтган Қизил денгиз соҳилидаги Жабалаин деган жойдан топганлар...

    Эрон шоҳлари Кайхисрав, Дороларнинг Ўрта Осиёга қилган юришлари Тўмарис, Широқ каби ватанпарварлар ва бошқа саркардаларнинг мардонаворлиги боис мағлубиятга учради. Зеро, уларнинг ҳаракатлари шимоли-шарққа қарши эди.

    Афсонага айланган, мумтоз адабиётнинг жанговар қаҳрамони даражасига кўтарилган Искандар Зулқарнайн-Александр Македонскийнинг ҳам аввал жанубга томон бошлаган ҳаракатлари форсларнинг беҳисоб қўшинини енгган ҳолда ғалаба нашъаси-ла якунланиб, сўнгра шарққа қараб юришлари нафақат парокандалик, балки унинг ўлими билан ҳам ниҳояланди. Бутун Ҳиндистонни босиб олишни мўлжаллаган Искандар қўшинини ва саркардаларини Ганг воҳасига юришга кўндира олмади.

    Милоднинг бошида энг қудратли давлат саналган Рим империяси айланма йўллар билан Испаниягача бўлган ҳудудларни босиб олди. Карфагенни босиб олиш асносида Юлий Цезар кутилмаганда кемадан тушаётиб қоқилиб йиқилди. Императорнинг узала тушганини кўриб, барча ҳайрат ва саросимада қолди. Цезар вазиятдан чиқишнинг энг шарафли йўлини топиб, шундай деди: "Африка, мен сени қучаман!" Аслида эса бу қоқилиш унга "Тўхта!" деб берилган биринчи белги эди. Йўқ, у тўхтамади. Шарққа қараб Мисрни забт этишга ошиқди. Пировардида "Бордим, кўрдим, олдим" деган машҳур иборани ўзига шиор қилиб олган Цезар Римнинг шарқий томонида жойлашган Мисрга оёқ қўйди. Ва милоддан аввалги 44 йилда шарққа ҳарбий юриш уюштиришдан олдин Юпитер байрами куни сенат мажлисига борди ва сенат биносида ўз зодагонлари тиғи билан чавақланди.

    Эрон шоҳи Перуз Шарқ томонда тобора кучайиб бораётган эфталларга қарши уч марта юриш қилди. Аммо сосонийлар шоҳининг, ҳатто иттифоқдоши-Византия кўмаги остидаги ҳарбий ҳаракатлари икки бор мағлубият билан, учинчисида ўзининг ҳалокати билан якун топди.

    Тевтон ордени рицарлари Новгороддаги ҳаммомда рус аёлларини бағирларига босиб роҳатланишларини орзу қилиб, жангу жадал бошладилар. Аммо кунчиқарга қарши юрган рицарлар Чуд кўлининг музини "қучоқлаб, балиқларга ем" бўлдилар.

    Россия тахтига даъвогарлик қилган польяклар ўз қудратига ишонган ҳолда уч марта Москва томон қўшин тортиб, ҳеч нарсага эриша олмадилар.

    Буюк соҳибқирон, Туронзаминдан тортиб, Боязид Йилдирим ҳудудигача забт этган, айрим манбаларда қайд этилишича, Ироқни босиб олгач, дунёда атига тўрт нусхада бўлган Қуръон қўлёзмасининг халифа Усмон қони тўкилганини Куфадан ўз пойтахти Самарқандга олиб келган Амир Темур Хитойга қарши шарқ юришини бошламоқчи бўлганида, уни отаси "отдан тушириб олади".

    Узоқ тарихни тақдир Ҳукмига ҳавола қилайлик-да, яқин ўтмишга назар солайлик. 27 ёшида генераллик унвонига эга бўлган корсикалик пакана Наполеон Бонапарт бутун Европани забт этиб, ўша даврда энг катта қўшин билан Россияга келганда мағлубият аламидан дод солиб кетган. Чунки руслар мамлакати Францияга кунчиқар томонда жойлашган.

    Ўз навбатида, ХХ аср бошларида руслар Япониядек кичик бир мамлакат билан ғижиллашиб қолдилар. Бепоён майдон уларга камлик қилдими ёки японларга уйлари торлик қилдими, хуллас, Россия билан Япония орасида низо пайдо бўлди. Руслар японларни менсимай "Телпагимиз билан уриб ўлдирамиз" деб катта кетишди. Қуёшга қарши бориш яхши эмас. Руслар аччиқ мағлубият аламини тортдилар. Уруш уруш-да! Япон жангидан қайтган аламзада солдат ўз қиличи билан Репиннинг "Иван Грозний" суратини қиймалаб, мағлубият аламидан чиқди...

    1914 йилда Германия бутун Европани оёқлантириб, Россияга қарши юриш бошлади. Сиёсий ўйинлар натижасида Россияда советлар тузуми барпо этилди. Пировардида бутун дунё ҳарбий кучлари Кайзер Германиясига хизмат қилди. Мамлакат юраги-Москвагагина уларнинг қадами етмади, холос. Оқибатда Германия чалажон, юпун, оч-ялонғочлар мамлакати билан битим тузишга мажбур бўлди...

    "Учинчи рейх" салтанатини бошқарган, асли австриялик Адольф Гитлер бор-йўғи ефрейтерлик унвонига эга бўла туриб, фельдмаршалларга дўқ урган ҳолда жазава билан бутун Европани эгаллади. Франциядек қудратли давлатни эса атиги қирқ кун ичида жангсиз, оддий марш билан тантанали забт этди. Бироқ Россияга келганда "катта луқма" бўғзига тиқилиб, сиёсий ва ҳарбий майдондаги ўз ўрнини бой берди. Нюренберг деб аталмиш жаҳон суди шарққа қарши юриш қилган фашизмни "аср вабоси" деб эълон қилди.

    Энди Қуёш йўналиши бўйлаб бошқарилган ҳарбий ҳаракатларга назар ташласак, юқоридаги оқибатларнинг акси бўлиб чиқади.

    IV аср ўрталарида Еттисув ва Шарқий Туркистондан хиёнийлар ҳужуми бошланди. Улар дастлаб Суғдга бостириб кириб, сўнгра Эронда ташкил топган ва тобора кучайиб бораётган сосонийлар давлати билан тўқнашдилар-у, илк жанглардаёқ енгдилар. Ниҳоят, асрнинг етмишинчи йилларида Ўрта Осиёда Хиёнийлар ҳукмронлиги ўрнатилиб, бу давлат 120 йилдан ошиқроқ яшади. Ўз навбатида, шимолдан жанубга томон силжиган эфталлар бир зарб билан хиёнийлар ҳукмронлигига барҳам берди.

    Баъзи манбаларда учратганимиздек, Сибирнинг қаттиқ совуғидан қочиб, жон сақламоқчи бўлган бир неча қабилалар ҳозирги, Татаристон, Бошқирдистон, Қалмиғистон ва Чуваш ҳудудларида ўрнашган. Иккинчи бир манбага қараганда, булғор қабилалари ҳозирги Болгариядан қўним топган. Уларнинг бари қуёш йўналиши бўйлаб келган эди.

    Ўрта ва Ғарбий Европа ерларида яшаган жанговар галл қабилалари Альп тоғларидан ошиб ўтиб, бир неча бор ғолибона юришлар қилганларидан сўнг Рим чегараларига яқинлашиб қолдилар. Римликлар галларни масхаралаб "хўроз" деб атаганлар, чунки улар дубулғаларига хўроз патини қадаб юрар эдилар. Аллия дарёси бўйидаги аёвсиз жангда галлар римликларни тор-мор қилдилар. Кейин марказий Италияни вайрон қилиб, ўт қўйиб Римни ёқиб юбордилар. Дарвоқе, Капитолий қўрғонига келганда қўриқчиларни ҳам, итларни ҳам ғафлатда қолдирган "хўроз"ларга қарши ғозлар бош кўтарди ва жаҳон тарихи варақларида "Ғозлар Римни қутқарди" деган ибора муҳрланди.

    XII-XIII асрда жаҳонгирликни кўнглига тугган кўчманчи, ибтидоий жамоа тузуми шаклидаги мўғул қабилалари Чингизхон лақабли Темурчин ва унинг авлодлари раҳнамолигида сўнгги денгизгача бўлган ҳудудни неча юз йиллар мобайнида ўз ҳукмлари остида сақладилар.

    66 даражали ғоямизга назар соладиган бўлсак, VI асрда уруғ-қабила жамоасида яшаётган Киев руси ҳудудига шимолдан Руриклар бостириб келиб, Россия тарихидаги биринчи давлатга асос солдилар. Бу династия мўғул босқинидан кейин ҳам Россияда турли князликлар шаклида фаолият юритди.

    Улуғ бобокалонимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур саргардонлик жараёнида бор-йўғи қирқ йигити билан Афғонистонни шимолий томондан кириб забт этди. Шунгача ва ундан кейин ҳам ҳеч бир зот афғон заминини тасарруф этолмаган! Илмий, дунёвий ва диний билимлар эгаси бўлган Бобур бу хақиқатни идрок этган ҳолда Афғонистонни ўз ҳолига қўйиб, жанубга қараб юришда давом этди ва ҳинд заминига оёқ қўйди. У ёғи ўзингизга маълум.

    Ягона эркак номи билан юритилаётган Америка материги XV асрда асли италиялик бўлган испан фуқароси Христофор Колумб томонидан қуёш йўналиши бўйича кашф этилди. Аслида Ҳиндистонга денгиз йўлини очишни ният қилган Колумб ададсиз уммонда уч ой сузиб, очликдан силласи қуриган денгизчиларнинг қаҳрига учради. Улар Колумбни фирибгарликда айблаб, ўлдирмоқчи бўлдилар. Шунда Колумб: "Мен ёлғон гапирсам, тепага турган Худо бизни кемамиз билан ёқиб юборсин!" деб нидо қилди. Унинг қасамига ишонмаган дарғазаб денгизчилар машъум ниятларидан қайтмадилар. Чалқанча ётган Колумб Бермуд учбурчаги мўъжизасига дуч келган чоғи, ёнаётган елканларни кўрсатиб: "Ана, кемамиз ёнаяпти! Менинг ҳақ эканлигимни Худо исботлади. Ягона нажот менман. Мени ўлдирсангиз, барчангиз ҳалок бўласиз!"-деб ҳайқирди. Ҳақиқатдан ҳам елкансиз қолган кема эртасига орзиқиб кутилган қуруқликка дуч келди. Бу қуруқлик Америка қитъасидаги "муқаддас халоскор" ороли эди. Тарихдан маълум, давлатлар тараққий этишида мустамлакалар, карвон ва денгиз йўли муҳим рол ўйнаган. Шу масалада денгиз йўлига эгалик қилиш борасида Англия ва Испания рақибларга айланди. Испания қироли Филипп II "шаккок" инглиз қироличаси Елезаветта I га нафрат билан қаради. Оқибат, 1588 йилда икки давлат ҳарбий-денгиз флоти ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтди. Унда Испаниянинг "Енгилмас армада" деб ном берилган ҳарбий флоти тор-мор этилди. Шу мағлубиятдан сўнг Испания ўзини бошқа ўнглай олмади. Ундан шимоли-шарқда жойлашган Англия эса денгиз ҳукмдорига айланди.

    Туркия ўзининг вассали ҳисобланмиш Қрим хонлигининг барҳаётлигини сақлаш мақсадида Россия билан бир неча маротаба низога борди. Натижада Туркия-Россия урушлари бошланиб, Нахимов бошқарган флот шимолдан юриш қилди-да, Ўрта ер ва Қора денгизларда рус кемаларининг ҳукмронлигини таъминлади. Ўз навбатида, княз Потёмкин ва Суворовлар шимол қуруқлигидан туриб Туркияни Қрим ярим оролидан батамом сиқиб чиқариб, бу ҳудудларни Россияга қўшиб олди ва Қрим хонлигига барҳам берилди.

    Санайверсак, мисолларнинг адоғи йўқ. Аммо юқоридаги фикрларимиздан фарқли ўлароқ, яна бир муҳим тарихий ҳодиса бор. Яъни фақат арабларнинггина шарқ томон юришлари муваффақиятли тарзда ғалаба билан ниҳояланган. Зеро, бу юришлар замирида Оллоҳнинг муқаддас каломи-Қуръонни дилларига жо қилиб, ҳақ динни ер юзига ёйишдек олий мақсад мужассам эди ва улар шу мақсад йўлида исломнинг яшил байроғи остида йўлга тушган эдилар! Қолаверса, сўнгги муқаддас китоб шарқдан ғарбга қараб ёзилган. Оллоҳнинг раъйига қарши борганлар эса жазоланиши муқаррар. Шу ўринда Э.Гурдоған ҳақ эди: "Инсон кўпинча ўзи илоҳлаштирган нарсаси билан жазолантирилади". Мисол тариқасида Титаник фожеасини келтирайлик. Бу ҳақда "Илоҳий мўъжизалар" китобида батафсил баён қилинган. Шу пайтгача бундай катта кема қурилмаган эди. Уни тайёрлашда ўн етти минг ишчи тер тўккан, муҳандислар бор маҳоратларини ишга солиб, хавф-хатар учун ҳамма нарса ўйлаб қўйилган. Қурганлар кўкракларига уриб мақтанишди ва баҳайбат кемага ном ҳам қўйилди. "Титаник" грек мифологиясида табиат ва денгизга қарши уруш очган уйдирма тангри номидан олинган. Кема кутилмаган вазиятда зарар кўрса, бошқа қисмлар эвазига мувозанатини сақлаши мўлжалланган эди. Бошқа бир кема билан тўқнашиш каби ўта ёмон ҳолатларда ҳам камида уч кун сув устида тура оларди ва бу орада йўловчиларни қутқариш ўйлаб қўйилганди. Аммо тақдир тушунчалар билан чегараланган эмас. Уч кунгача ботмайди дейилган Титаник уч соатлик чирпаниш орқасидан океаннинг 3128 метр чуқурликдаги қаърига кўмилиб кетди. Тақдир тақозоси билан қоғоздан ясалгандек иккига бўлиниб, тезлик ила чўккан бу кема юзлаб йўловчиларни ҳам, "Бу кемани Оллоҳ ҳам чўктиролмайди" деган йигирманчи аср фиръавнларини ҳам доғда қолдирди.

    Канадалик мутахассислар тадқиқотларидан сўнг "Титаник"ни 1912 "Челенжер"и деб атадилар. Чунки икки ҳалокатнинг ҳам бир хил техник сабаблари бор эди. Бундан ташқари, улардаги илоҳий сабаб ҳам ўхшаш. "Титаник" океанга қандай кўкрак керган бўлса, "Челенжер" ҳам кўкларга шундай қилганди. Зафар ва шон-шуҳрат ишоралари билан кўтарилган коинот кемаси қисқа вақт орасида миллионлаб инсонларнинг кўз ўнгида ёнди ва ичидагилар билан бирга кулга айланди. Бироқ одамлар учун ибрат олиш нақадар қийин! Мана сизга яқин замондан мисол. "Зилзилани енгдик, тангри ва дуога эҳтиёжимиз йўқ", деган японларнинг Кобе шаҳридаги "муҳандислик мўъжизаси" дейилган "чидамли" бинолари қоғоз ўйинчоқлардай парчаланди. Бу зилзила японларга Оллоҳнинг қонунидан устун ҳеч бир қонун йўқлигини идрок этишлари учун фойдали бўлгандир, балки...

    Хуллас, юқоридаги каби илоҳиёт билан боғлиқ оқибатларга ўзига хос бўйин эгган шарқлик, ҳатто ғарблик шоҳлар, саркардалар қуёшнинг "кўзини шамғалат қилиб" қулай фурсат топиш, уни "айланиб" ўтиш йўлларини излаганлар. Бу мақсадда мунажжимларга мурожаат қилинадиган, кўп ҳолларда жанг бошлаш санасини улар белгилайдиган бўлишган.

    Қуёш ҳар томонга беминнат нур таратувчи илоҳиёт неъмати. Унга қарши борманг-Олоҳга қарши борманг!

    З.СОБИРОВ
    Жойлади: zamondosh
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz