Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 09.23.47
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Сентябрь » 10 » "ТУРОНЗАМИН"да
    00.10.08
    "ТУРОНЗАМИН"да

    Абулфайз Баротов: Мен Аҳмаджон Мухторов ҳақида нималарни биламан?

    1966-1980 йилларда “Ленин йўли” (Ҳозирги “Зарафшон”) газетасида кечган кунларим.

    1966 йилда мени “Ленин йўли” газетасига ишга таклиф қилишганида, у ердаги муҳит ўта зиддиятли эди. Энг қизиғи менинг у ерга ишга жойлашишимга сабабчи бўлган пропаганда бўлимининг катта мухбири Исроил Мирзаев Ахмаджон Мухторовнинг ашаддий ғанимларидан эди. Шоир Суръат Орипов бўлим мудири, Самариддин Сирожиддинов катта адабий ходим бўлиб ишлаётган маданият бўлимига мени ҳам кичик адабий ходимликка расмийлаштириб, тиқиштириб қўйишди. Бош муҳаррир Лутфулла Ҳамроев билан соз бўлган Исроил Мирзаевнинг “одамиман.” Мен Ахмаджон акага қарши туролмасам-да, аммо у кишининг ғанимларининг арзандаси эдим-да. Ўрта маълумот билан адабий ходим вазифасига жойлашганлигим, корректурада корректор ёки подчедчик лавозимларида ишлаётган олий маълумотли ҳамкасбларимда ғазаб ўйғотганди. Улар менга эшиттириб, “кўза синдирган азиз, сув келтирган хору-зор,”-деган гапларни юзимга қараб айтишарди. Бўлим мудиримиз Суръат ака, ва қишлоқ хўжалик бўлимининг катта адабий ходими, дўстим Нусратилла Раҳматов (Нусрат Рахмат)лар бу гапларга парово қилмаслигимни айтишиб, кўнглимни кўтариб қўйишарди.

    Мен икки ўт орасида қолгандим. Бундан олдин Пайариқ туман “Коммунизм байроғи” газетасида техник –котиб лавозимида ишлардим. Ойлик маоши 50 сўм бўлган бу вазифага Пайариқ туман Давлат банкининг бошқарувчиси бўлган Шукур Сафаров деган қариндошим орқали зўрға жойлашгандим. Аслида Ғаллаорол туманининг тоғли Ўгат қишлоғидан Пайариқ томонларга нима сабабабдан келиб қолганлигимнги айтмасам бўлмайдиганга ўхшайди.

    Мен ўн олти ёшга тўлганимда отам мўлла Барот вафот этди. Оилда олти жон онам қарамоғида қолдик. Тунғич фарзанд мен бўлганлгигим сабабли, мактабда ўқишни ташлаб, тирикчилик йўлига киришга мажбур бўлдим. Аввалига Қўйтош конига қарашли ёрдамчи хўжаликда, сўнгра кон геология қидирув экспедициясида оддий ишчи бўлиб ишладим. Аммо ойлик маошим жуда кам бўлганлиги сабабли, рўзғорга арзимас пул келиб тушарди. Шунинг учун Ғаллаорол туман комсомол йўлланмаси билан чўлни ўзлаштиришда қатнашиш учун жўнадим. Жиззах туманидаги “Боғдорчилик” (ҳозирги Пахтакор туманидаги “Пахтакор”) совхозида қурилиш ишларини олиб бораётган “Янгиерсувсқурилиши” трестига қарашли 6-қурилиш-монтаж бошқармасида бетончи бўлиб ишлай бошладим. Ўша пайтларда участка нозирлари идоралари қошида ташкил этилган кўнгилли халқ дружиначилар штабида кечалари навбатчилик қилиб, жамоат тартибини сақлашда иштирок этардик.

    1963 йилнинг 2 январидан 3 январига ўтар кечаси навбатчилик пайтимда безорилар ўқига дучор бўлиб бир умрга ногирон бўлиб қолдим. Шундай қилиб, совхозда тўққиз ойча ишлаб, бирон бир нарса орттира олмай, абгор бир ҳолда уйга қайтиб келдим. “Осмон узоқ-ер қаттиқ”,- деганларидек, нима иш қилишимни билмайман. Енгилроқ иш қилай десам, маълумотим йўқ. Жисмоний ишга ярамайман. Шундай кунларнинг бирида Мамасаид акам (худо раҳматига олган бўлсин) Пайариқда банк бошқарувчиси бўлиб ишллаётган Шукур Сафаров деган қариндошимиз билан гаплашганлигини, у киши мени ишга чақираётганлигини айтди.

    Бу инсондан бир умр миннатдорман. Балки бошқа қариндош бўлганида бор-йўғи саккичинчи синф маълумотга эга бўлган, бунинг устига абгор бир ҳолатдаги мендек қариндошига ёрдам қилишни балки ўйлаб кўрармиди. Аммо Шукур ака ҳеч бир ўйлаб ўтирмай мени банкка операторлик вазифасига ишга қабул қилди. Мактабда математика фанларидан жуда ёмон ўқиганман. Банкда эса… Шукур аканинг мени молиячи қилишга бўлган барча ҳатти-ҳаракатлари зое кетди. Менинг эси-дардим ёнимизда жойлашган туман газетасига ўтиб ишлаш эди. Шундай бўлди ҳам. Ойлиги оз бўлсада, дунёда мендан бахтли одам йўқ. Акам ўнинчи синфни битирганим ҳақида табель тўғрилаб олиб бериб кетди. Кечки ўн биринчи синфда ўқий бошладим. Шанба-якшанба кунлари колхоз-совхозларга, турли ташкилотларга бориб мақолалар ёзиб келаман. Ёзганларимнинг бир нусхасини вилоят газетасига ҳам юбориб тураман. Ёзганларим уларга маъқул бўлаяпти шекилли, мақолаларимнинг бари газетада босилиб турибди. Кейин эса Исроил аканинг тавсияси билан вилоят газетасида адабий ходимлик вазифасида иш бошлаб юбордим.

    Менимча, жамоага сингишиб кетганлигимнинг асосий сабаби, нима иш бўюришса, жон деб қилиб кетаверганим бўлса керак деб ўйлайман. Чунки таҳририятдаги барча ишлар мен учун қизиқарли эди.

    Бош корректоримиз Зоя опа подчедчик ишга келмаганлигини айтиб, котибиятдан одам сўрайди. Мен бу ишга тайёрлигимни билдираман. Ҳар куни 200 сатр чет муаллифнинг материалини тайёрлаб, нормани бажариб қўйганимдан сўнг зерика бошлайман. Бундан ташқари, бўлимимиздагилар материалларини машинкада кўчириш учун машинка бюросида навбат кутиб ўтиришмайди. Чунки мен борман. Фая, Жамила, Насиба сингари машинстка опаларимиздан биронтаси ишга чиқмай қолса, масъул котибимиз Облоқул ака Усмонқулов аста кабинетимизга мўралайди. Аввал Суръат ака билан, сўнгра Самариддин ака билан қуюқ сўрашади. Кейин менга юзланиб, илтимос оҳангида дейди:

    -Абулфайз, Насибанинг боласи касал бўлиб қолибди. номерга материал кўпайиб кетди. Машинитсткалар улгуриша олмаяпти. Озроқ ёрдам бериб юборолмайсанми?

    Мен Суръат акага қарайман.У киши бошини лиқиллатиб, розилик билдирган бўлади. Баъзан иш тиғиз пайтларда, опаларга қўшилиб, тўрт кишилашиб машинкани чиқиллатамиз. Машинка бюроси шодон кулгуга тўлиб кетади.

    Кейин мени хатлар ва оммавий ишлар бўлимига ўтказишди. Ишнинг қизиғи шу ерда экан. Бўлим мудиримиз Матлаб опа Эрмуҳаммедова ажойиб ва жасоратли аёл тойифаларидан. Ишнинг кўзини билади. Менинг вазифам, келган хатларни рўйхатдан ўтказиш, жойларга текширишга юборилган шикоятларга келган жавоблардан “Бир хат ичидан” рубрикаси остида материаллар тайёрлаш. Баъзан шикоятлар юзасидан хизмат сафарига ҳам бориб тураман. Бирин-кетин “Фарзандлар кечирмайди,” “Вишкадаги жасорат,” “Садоқат” сингари танқидий ва ахлоқ мавзусида мақолаларим эълон қилингандан сўнг, менга нисбатан айтилаётган киноялар тўхтади.Лекин таҳририятдаги оғир муҳит ҳамон сақланиб турарди.

    Бир куни бош муҳарриримиз Лутфулла Ҳамроев қайсар ўринбосари Ахмаджон Мухторовдан узил-кесил қутулишга аҳд қилди. Партия аъзоси бўлган ўз тарафдорларини йиғди-да, шаҳар партия қўмитасидан вакил чақириб, партбюро йиғилишини ўтказмоқчи бўлди. Бош муҳаррир тарафдорлари асосан, Октябрь Жавлонов, Нормурод Нарзуллаев, Тельман Рахматов, Манноп Нажмиддинов, Қудратилла Мизомов, Марди Нуриддинов ва Исроил Мирзаевлардан иборат гуруҳ эди. Суръат Орипов, Нусрат Раҳмат, Исо Абдураҳмонов, Очил Тўйчиев, Отахон Хўжаев яна бошқа бир неча ходимлар бетарафликни маъқул кўришганди. Матлаб Эрмуҳаммедова билан Ибодулла Ўлмасовлар Ахмаджон ака томон эди. Менга ўхшаган бир нечта партиясизлар эса тамошабин эдик.

    Ахмаджон ака қўшлида бир даста газета бамайлихотир бош муҳаррир хонасига кириб кетди. Ярим соатлардан сўнг котиба хонама-хона кириб, йиғилиш қолдирилганлигини эълон қилиб чиқди. Кейин билсак, Ахмаджон ака бош муҳаррирнинг жон жойидан ушлаган экан. Лутфулла Ҳамроев бир ойда 9 та бош мақола ёзибди. Бош мақола ҳақида газетада ишлаганлар яхши билади. Яхшигина қалам ҳақи бериладиган бош мақолани асосан раҳбарлар ва бўлим мудирлари ёзишади. Хуллас, бош муҳаррир ёзган 9 та бош мақола бир-бирига айнан эгизакдек ўхшаш бўлиб, фақат фактларида фарқ бўлган. Хуллас, Ахмаджон ака бош муҳаррирга нима деса деган. Эси тескари бўлиб кетган Лутфулла Ҳамроев дарҳол шоша-пиша йиғилишни қолдирди.

    Суратда:Таниқли адиб Жаҳонгир Муҳаммаднинг шахсий архивидан олинган суратда Аҳмаджон Мухторов (ўртада)

    (Давоми бор).

    Абулфайз БАРОТОВ,

    1-гуруҳ ногирони, журналист.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz