Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 10.12.24
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Сентябрь » 20 » Воқеий ҳикоя
    00.38.02
    Воқеий ҳикоя
    Ит - содиқ дўст

     Шайх Муслиҳиддин Абдураҳмон Жомийни бир нокас: "сиз итфеъл одамсиз" дейди. Шунда шайх ҳазратлари "Оллоҳга шукр, Оллоҳга шукр" дея хурсанд бўлган эканлар. Ҳамроҳлари эса "пирим, ул нокас сизни итга тенглаштирса-ю, сиз уни қозига олиб бориш ўрнига хурсанд бўлганингизнинг боиси не" дея ҳайрон қолишади. Абдураҳмон Жомий эса "содиқликда, вафодорликда қайси инсон итга тенглаша олади, Оллоҳга шукрки, бу мартаба менга берилди" деган эканлар. Италияда бир миллионер итнинг ҳайкалини олтиндан ясаб қўйганини "Аргументы и факти" газетасидан ўқиганман.

    Шоҳ ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг машҳур "Жамолинг васфи" деб бошланадиган ғазалида ит тимсолини энг юқори поғонага кўтаради.

    Итингдирман, сочинг занжирини

    бўйнимга маҳкам қил,

    Бошимни олиб эй Бобур оёқ

    еткунча кетгайман.

    Бу ерда шоир ўзини пастга уриб, итга тенглаштиради дейиш хатодир. Бобур итдаги вафодорлик, содиқликни васф этган, жонини ҳам қурбон қилиши мумкин бўлган ғояни илгари сурган. Бу мисраларда ошиқ ўз маъшуқасига нисбатан ички туйғуларини, содиқ дўст бўлишни, ҳар қанча ситамларга бардош беришга тайёрлигини билдиради.

    Ўтмиш классик адабиётида ит тимсоли анъанаси давом этади. Шоир Фурқат ўзининг "Ул шўхи жононим менинг" деб бошланувчи ғазалида "Итларин тирноғига бўлсин хино қоним мани" дея нола қилади.

    Аммо шуни эсда тутиш керакки, итга инсон тарбия беради. У эгасидан ўрганади, унинг қўлидан овқат ейди. Лекин ғаламислик, ичи қоралик итга хос хусусият эмас. У инсонга шунчалик яқинки, ҳатто ўз эгаси учун ўлимга ҳам тайёр.

    Ит сотқинликдек ярамас хусусиятлардан, кўрнамаклик каби иллатлардан холи бўлганлиги учун ҳам инсон учун вафодор, содиқ дўстга айланиб, адабиётда ижобий тимсол сифатида мангу қолди.

    Уруш қатнашчиси Турсунбобо Сатторовнинг айтишича у Великий Лукида  бўлган жангда қаттиқ яраланади. Ҳар икки томондан ўқ ёмғирлари тингач, кичик чана судраган итлар жанг майдонига келиб, ярадорларни топиб, ғингширкан. Ўзини эплаган ярадор жангчи бир амаллаб чанага чиққач, ит уни минг машаққат билан судраб, олиб чиқиб кетаркан. Душман самолётлари жанг майдони узра изғиб юрган пайтлари ит ўзини ўлганга солиб, ерга ётиб оларкан. Самолёт ўтиб кетгач, яна чанани судраб, ярадорларга ёрдамга шошилар экан. Бу воқеа ит айнан отахонни жанг майдонидан олиб чиққан пайти юз берганини у киши йиғлаб айтиб берган эдилар.

    Ҳозир ҳамма мамлакатларда кинология хизматлари мавжуд. Ахир тонналаб наркотикларни ушлаб, миллионлаб одамларни аср вабосидан асраб қолишда ит чегарачи аскарларнинг энг яқин дўсти эмасми? У порахўрликни билмайди, иғвогарлик, бўҳтон, туҳмат сингари иллатлардан йироқдир.

    Отам ҳожи Абдусамат вафот этганларида "Олапар" лақабли итимиз тўсатдан йўқолиб қолади. Қариндошларимиз отамнинг "етти"си куни қабр устини чимлаш учун боришса, итимиз ўша ерда ўлиб ётган эмиш.

    Яқинда "Қоплон" лақабли итимиз касал бўлиб, уч кун овқат емади. Эрталаб ишга кетдим, келсам ҳовлида ётган экан. Қарамай ўтиб кетибман, шунда орқадан итимизнинг секин ғингшиган овозини эшитиб, қайрилдим. Бориб бўйнини оҳиста силадим.

    - Ҳа жонивор, қийналиб кетдингми? Мен берган тузимга розиман, сен ҳам хизматингга рози бўл,-дедим ўпкам тўлиб.

    Ит менга илтижо билан термулди. Аста кўзларини юмди. Жони узилди. Қаранг, ҳатто ит ҳам соҳибидан розилик сўрар экан. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

    Хўш, биз инсонлар-чи? Ҳаммамиз ҳам яхшиликни биламизми? Баъзан бир-биримизни ғажишга, йўқ қилиб юборишга тайёр турамиз. Ит эса ундай қилмайди, туз еган жойини унутмайди. Шунинг учун ҳам айрим одамлардан устун туради у менимча.

    Баъзи кишиларнинг қилган жафоларини кўп тортганман. Аммо шу ёшимгача мени бирор марта ит қопмаган. Қани энди ўзимиз бир вақтлар ўргатган итдан вафодорлик, дўстликни ўрганиб, ҳаётга тадбиқ эта олсак.

    Ёзганларим баҳсталаб бўлиши мумкин. Шунинг учун аввалдан узр сўраган ҳолда бошқаларнинг ҳам бу ҳақдаги фикрларини билгим келди.

    Абдураҳим АБДУСАМАТОВ.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz