Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 11.47.40
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Октябрь » 16 » Замонавий адабиётни ўрганамиз
    15.03.34
    Замонавий адабиётни ўрганамиз
    Саиджаҳон РАВОНИЙ

    АНТУАНЕТТАНИНГ СЎНГИ СЎЗЛАРИ


    (достон) *


    Муаллифдан:Бугун, 16 октябрь, қиролича Мария-Антуанетта қатл этилган кун. Шу муносабат билан “Антуанеттанинг сўнги сўзлари” номли достонимни, тузатиш ва қўшимчалар киритилган нусхасини, интихода қисқа изоҳ билан, жамоа эътиборига қайта хавола этмоқдаман.

    Андижон.

    16 10 2009


    Ҳукмронликда у топмади довруқ,

    Ўзи хам тушунди буни сўнги дам.

    Йўқ илло малика унданда улуғ,

    Аёллар ичра у менинг мабудам!

     
    Мен қилай у ҳақда сизга хикоя,

    Ўқиб чиқинг буни, қилиб ҳафсала.

    Инқилобга қарши йўқ бунда ғоя,

    Инқилоб, умуман, бошқа масала.

     
    Польшани бўлишга бўлди бахона,

    Етти сўзи унинг, жахонга аён.

    Икки сўзи бироқ қолди пинхона,

    Шу ҳақда қилурман қуйида баён:

    ***

    Европа талашиб неча асрлар,

    Урушди Габсбурглар Бурбонлар ила.

    Урушди, гоҳи бу олий насллар,

    Минг-минглаб авомдан қурбонлар ила.

     
    Охир Терезия - ҳукумрон аёл,

    Чек қўймоқ истади урушларга бу.

    Ибтидоий жуда қилганди ҳаёл,

    Ҳолбуки, бағоят тўғри ўйлаб у.

     
    Элчидан, истагин бўлмоқни қуда

    Билдирди Людовик Ўн бешинчига.

    Қирол хам урушдан безиган жуда,

    Эмаслигин қарши, айтди элчига.

    ***

    Ўн тўрт ёшда эди Веналик келин -

    Антуанетта шўҳ, соҳибжамол қиз,

    Сўрашганда унинг лутф ила қўлин,

    Капетга - Франция тахтига ворис.

     
    Унгача, эмас-ки ҳеч кимга бу сир,

    Уч йилга чўзилди борди-келдилар.

    Режа эди қилмоқ тарихга таъсир,

    Ҳар икир-чикирни хисоб қилдилар.

     
    Тўй хам бу тарихда қолиши даркор,

    Аямади маблағ иккала тамон.

    Рейндаги кичик оролда, тезкор,

    Келин тушургани қурдилар ровон.

     
    Икки тенг хонали кичик кошона -

    Бу ровон қиларди кўзни маҳлиё.

    Маъноси: Австрия эди бир хона,

    Бошқа хона эса Франция, гўё.

     
    Биринчи хонада либосин ечиб,

    Бошқасига келин ўтмоғи лозим:

    Австриядан, яъни, батамом кечиб,

    Франциялик бўлиш эди маросим.

    ***
    Келишидан келин илгари бир оз,

    Бўлди бир ғароиб ходиса содир:

    Кўп эди кўргани жуда ишқибоз,

    Оролдаги мазкур бинони нодир.

     
    Бир гурух талаба, яширин, тез ва

    Ҳеч нарсага тегмай, хоналар ичин,

    (Барча жойда каби беришиб ришва),

    Кирдилар ровонга томоша учун.

     
    Гобеленлар осиқ бунда бебахо,

    Ҳар бир буюм бунда санъат асари.

    Алпқомат талаба бир (асли, дахо),

    Қотиб қолди бирдан хайкал сингари:


    Чунончи, кўрди у гобеленда бир

    Ясон тўғрисида қадим ақида.

    Рафаэльдан нусха олинган тасвир,

    Мохияти бахтсиз никоҳ ҳақида.


    Нихоят, талаба тутолмай ўзин,

    Хитоб этди: - Бу не ҳафтафахмлик?

    - Ахир, бу, - деди у, чақнатиб кўзин, -

    Қироличага ёш, ёвуз мавхумлик!”

     
    Илло унга ҳеч ким солмади қулоқ,

    Ўйладилар уни бир авом муте.

    Олиб кетди аранг дўстлари, бироқ

    Жонини койитган бу эди - Гёте!

    ***

    Ҳолбуки, шу экан, тақдиру насиб,

    Терезия шундай, қизин узатди.

    Йўл-йўриғларин у қоғозга ёзиб,

    Антуанеттасин йўлга кузатди.

     
    Айтайлик шу ерда катта хатосин,

    Билсак хам малика буюк биз уни;

    “Аралашма, - дея - сиёсатга сен”,

    Сиёсий гирдобга отди қизини.

    ***
    Келин қиз, беҳабар аянч қисматдан,

    Францияга кириб келди бахтиёр.

    Келди, тўқ дийдаси тахтга нисбатан,

    Бўлмоқ учун она, бўлмоқ учун ёр.

     
    Кутиб олди уни Франция ҳуррам,

    Маросим хам ўтди режа бўйича.

    Бутун миллат шодон қиларди байрам,

    Келтирди, - деб - тинчлик, ёш қиролича.

     
    Версальгача гуллар сочилар эди,

    Яшасин қролича! - янграрди хитоб.

    Ушбу чоғ, шубхасиз, очилар эди

    Жаҳон тарихида янги бир китоб.

    ***
    Мислсиз дабдаба билан ўтди тўй

    Олти мингта мехмон Версальга келди.

    Тилласоч келинчак мағрур ва хушрўй,

    Барчани шайдо-ю маҳлиё қилди.

     
    Илло “бир кам дунё” деганларидек

    Чиқди “ишкал” ҳеч ким кутмаган сира.

    Шаҳзода Капетнинг ёри паридек,

    Қолаверди, ҳуллас, ҳар тун боқира.

     
    Давом этди ушбу холат етти йил,

    Хал этса бўларди лек бундан аввал,

    Дофин (сўнгра қирол) бўлсайди дадил,

    Даркор эди кичик жарроҳлик амал.

     
    Илло бу менинг хам ўз фикрим, албат,

    Билгай нима - қачон вақт ўзи дохий.

    Воқеалар ўтгай навбатма-навбат,

    Ҳозир тингланг “етти сўзни тарихий”.

    ***
    Версальга келганда қизалоқ Мари,

    Кирдикорлар ички чарҳ урар эди.

    Қиролнинг уч нафар қари қизлари

    Дюбари хонимдан чув юрар эди.

     
    Дугонаси бўлиб қайнхола уч,

    Келинчакни тезда қўлга олдилар,

    Олиш мақсадида Дюбаридан ўч

    Антуанеттани “йўлга” солдилар.

     
    Саройда бор эди қонун-қоида,

    Барча бунга сўзсиз қиларди амал,

    Насли юқорига, насли қуйида,

    Очолмасди асло сўз ундан аввал.

     
    Дофина унвонли, эди саройда

    Антуанетта енг зодагон аёл.

    Таъзим қилур эди унга ҳар жойда,

    Барча мустасносиз, эгилиб хиёл.

     
    Графиня бўлса-да хоним Дюбари,

    Авомдан чиққанди, паст эди насли.

    Қиролнинг суюкли эди дилбари,

    Унвонин тан ила топганди асли.

     
    Ҳолбуки, Дюбари дофинага ҳеч

    Гапиришга олдин йўқ эди ҳаққи.

    Сўзлашини унинг кутиб эрта-кеч,

    Тобора бўларди асаби даққи.

     
    Антуанетта шўҳ, дофина эса,

    Пайқамасди уни, гапириш тугул.

    Қайнхолалар хам шод эди роса,

    Деишиб; “қозондик ғалаба буткул”.

     
    Илло улар қаттиқ адашардилар,

    Эмас эди ушбу оддий кирдикор.

    Тоғни улар тошча аташардилар,

    Қизчани “ўйинга” тортишди бекор.

    ***
    Айни чоғда Фридрих, Екатерина,

    Иосиф хам бирга - Иккинчи учта,

    Туздилар режа тинч, келишибгина,

    Польшани ўзаро қилишга иқта.

     
    Катта сиёсатнинг ўйинин қаранг:

    Элчилар у ёқдан, бу ёққа елиб,

    Бир давлат тақдири қадалди таранг,

    Антуанеттага айланиб келиб.

     
    Билмасди хам буни, қизалоқ зинхор,

    Аслида, ҳеч нима керак хам эмас.

    Хоҳлаган сўзини, дофина, бир бор,

    Дюбари хонимга қараб айтса, бас.

     
    У эса сира хам эгмас эди бош;

    Барчани, сўзлашиб ҳушнуд этарди,

    Дюбари қошидан лек чимириб қош,

    Намоишкорона ўтиб кетарди.

     
    Алдадилар уни, қўрқитишди хам,

    Мумкин, деб, саройда захарлашлари.

    Атуанетта лек жуда мустаҳкам,

    Бўлмас эди таслим, қалъа сингари.

     
    Қирол хам ёлинди, лек кетди зое,

    Бундан у чунонам бўлди дарғазаб.

    Дофина ҳеч кимга бўлмасди тобе,

    Аъёнлар дер эди; - қиласан ажаб!

     
    Курашарди қизча ғурури учун,

    Билмасди у барча нега ёпишур.

    Билмасди, унинг бир гурунги учун,

    Элчилар хам нега елиб, чопишур.

     
    Жалб этишди ишга онасини хам,

    Терезия ёзди икки бора хат.

    Антуанеттада қолмасдан чидам,

    Волидага охир қилди итоат.

     
    Синдиришди шундай пировард уни,

    Саккиз ойда сал кам “жанг” топди якун.

    Дюбарига деди янги йил куни;

    “Версальда одам кўп жуда хам бу кун”.

     

    Шу етти сўзни у айтди доналаб,

    Билмасди бор қандай ахамияти.

    Қайнхолалар хам тишладилар лаб,

    Бўлди ер уларнинг салоҳияти.

     

    Антуанетта, ҳа, охир берди ён,

    Енгиб чиқди уни хоним Дюбари.

    Бу эди тарихий, асли жараён,

    Тарқалди яшиндек ҳар ён ҳабари.

    ***

    Парчаланди учга Польша давлати,

    Мустақил бўлмайди юз йилдан ортиқ.

    Версальга лек ҳаён қандай жиҳати,

    Бўлмади-ку унга ҳеч нима тортиқ?

     

    Англай олмай сира қайда-нима сир,

    Сурдим узоқ-узоқ, даставвал, ҳаёл.

    Эканман қанчалик мен ақли қасир,

    Аҳир, ҳар қиролни бошқарур аёл!

     

    Антуанетта қиз, билмасдан ўзи,

    Версаль сиёсатин қилганди фалаж,

    Дюбарига айтган ҳар қандай сўзи,

    Польшани бари-бир қиларди торож.

     

    Дюбари қозонди шаҳсий ғалаба,

    Сурди кейин тўрт йил яна у даврон.

    Кейин қирол “ўтди” қасал бўлиб ва

    Юртга бўлди янги қирол ҳукмрон.

    ***

    Антуанеттанинг шаҳзода ёри

    Айланди Людовик Ўн олтинчига.

    Айланди мулкига француз диёри,

    Лек рўшно тушмади унинг ичига.

     

    Нега-ки, ҳамон у боқира эди,

    Қайлиғи чўчирди даволанишдан.

    Кайфияти мудом дилхира эди,

    Уяларди чунон барча танишдан.

     

    Қирол эса, қизиқ, билса-да барча,

    Яширишга савхин уринар эди.

    Жисмоний ишларди холдан тоярча,

    Гўёки, бақувват кўринар эди.

     

    Овга борар эди, деярли, ҳар кун,

    Йиқита оларди буғуни ўзи.

    Мижози лек заиф бўлгани учун,

    Қиролга ҳос қатъий эмасди сўзи.

     

    Уч йилдан сўнгра бу бемаъни холга

    Чек қўйди, Версальга Иосиф келиб.

    Қайноға нималар деди қиролга,

    Шу кунгача аниқ бўлмайди билиб.

     
    Ҳолбуки, уч ойда қирол тузалиб,

    Соппа-соғ бир эркак бўлди-ю қолди;

    Етти йилдан бери гул ва андалиб

    Орасида бўлган тўсиқ йўқолди.

     
    Қиз кўришди ўтиб орадан бир йил,

    Кейин эса тахтга туғилди ворис.

    Яна қиз туғилди, яна бир ўғил,

    Бахтли эди миллат малика боис.

    ***

    Малика гўзаллик эди симоси,

    Хонимларга барча у эди ўрнак.

    Бўларди удум ҳар кийган либоси,

    Қилишарди сочни у каби турмак.

     
    У жуда дилрабо, жуда меҳрибон,

    Жаҳонда малика бўлди ягона.

    Энг олий бахт эди, дилин топибон,

    Бўлмоқ унга яқин дўст ва дугона.

     
    Айтиш жоиз унинг хатосини хам,

    Боқий, деб бахтини, кўнгли тўқ эди.

    Уюштириб ҳар ҳил ўзига байрам,

    Ҳалқи қандай яшар, иши йўқ эди.

     
    Илло у, бари-бир, эди раҳмдил,

    Медичига, мисол, мутаносибмас.

    Тайёрлаган унга тақдир тағофил,

    Дахшатли якунга ҳеч муносибмас!

    ***

    Бир бериб, бир олиб ўтарди ҳаёт,

    “Кетиб қолди” катта ўғил дафъатан.

    Аввалроқ онаси этганди вафот,

    Мусибат эмас лек булар, нисбатан.

     
    Қимматбахо ўта маржонга боғлиқ,

    Қаллобликка йирик бўлди хам нисор.

    Шубҳаларга турли бу иш ўроғлиқ,

    Элда уни анча қилди шармисор.

     
    Булар илло жиддий синовлар эмас,

    Ҳақиқий синовлар олдинда хали.

    Уларни айтишдан қайтса-да нафас,

    Не илож қиламиз(?), келмоқда гали.

    ***
    Ниҳоят, келиб кун Бастилияга,

    Қўзғалон кўтариб, халқ этди хужум.

    Чекловлар қўйилиб қирол Луига,

    Қурила бошланди янгича тузум.

     
    Қўзғолон босилмай, бўлди инқилоб,

    Бераҳм бир гуруҳ кашф этди қудрат,

    Ярмиси зиёли, ярмиси қаллоб -

    Робеспьер, Димюлен, Мирабо, Марат...

     
    Тумонат одамнинг бошин чопдилар,

    Қилдилар инқилоб номини қотил.

    Қиролни хам улар хоин топдилар,

    Суд қилишиб тезкор, қилдилар қатл.

     
    Қироличани хам Тампльда ушлаб,

    Қилмоқчи бўлдилар сиёсий ўйин.

    Консьержери - ўлим қасрига ташлаб,

    Эгдирмоқ исташди Венани бўйин.

    ***
    Иосиф лек вафот этиб йил аввал,

    Вена эди бу дам Францнинг қўлида.

    Пинак хам бузмади жиян, лоақал,

    Ўз холасин озод қилиш йўлида.

     
    Чунки, хола энди бўлганди абас,

    Энди у бир аёл қаланғи, яъни,

    Суюкли жиянга у ҳеч ким эмас,

    Камайса хам пича сулола шаъни.

     
    Неча бор эгилиб, қўлини ўпган,

    Бошқа қироллар хам туришарди жим.

    Екатерина хам, ўлганни тепган,

    Деди: - Худо нажот берсин, азизим!

     
    Бастилия “тушган” кундаёқ, илдам,

    Эрнинг уруғлари қочди чет элга.

    Бўлишса хам қодир беришга ёрдам,

    Тураверди улар, қисишиб елка.

    ***

    Дўстлар хам бор эди жасур ва содиқ,

    Де Ламбаль Лондондан қайтиб келди-ю?

    Муқаррар ўлимни билса хам аниқ,

    Дугонага собиқ хамдард бўлди-ю?

     
    Дантончилар унинг кесиб бошини,

    Танасин Парижда юришди судраб.

    Тураверди, ҳатто, кўриб хам шуни,

    Катта сиёсатнинг виждони мудраб!

     
    Маликага бўлган ғойибдан ошиқ,

    Фрезен хам мардона қилди ҳаракат.

    Чиқаверди бироқ хилма-хил тўсиқ,

    Бўлаверди содир турли халокат.

     

    Илож хам топдилар Жорже ва Тулан,

    Маликани озод қилишга ёлғиз.

    Кўнмади лек Она, қатъийлик билан,

    Деди: - Йўқ, кетмайман болаларимсиз!

    ***

    Лек Буюк Инқилоб этарди давом,

    Билмасди мурувват, уқмасди итоб.

    Гоҳ тинчиб қолар у, бўлгандек тамом,

    Гоҳ олур аланга янада шитоб.

     
    Тампльда, сўнг эса Консьержерида -

    Антуанеттани сурункасига,

    Қийнашса-ю бир йил нари-берида,

    Парво хам этмасди Шёнбрунн нега?

     
    Баъзи-бир дохийлар ғазабга минди;

    - Токай бизга ғусса ушбу тасқара?

    Шунча биз чидадик, бас, етар энди,

    Олсин унинг сочин “миллий устара”!


    Бошлашни маҳкама қилдилар талаб,

    Коммуна номидан, ватан номидан.

    Бажарилди талаб шошилинч, сабаб,

    Инқилобнинг барча қўрқар домидан.


    Хўш, “миллий устара” нима дегани,

    Шу ерда тушунча беришим керак:

    Атардилар шундай гельотинани,

    Унда сочни олиш - бош чопиш демак.

    ***
    Маликани судга келтиришган чоғ,

    Қолмаганди унинг аввалги файзи.

    Юзлари ажинли, яхлит сочи оқ,

    Ранги хам бўр эди, тўхтамай ҳайзи.


    Аммо унинг руҳи синмаган эди,

    У марҳум эрига тутса-да мотам,

    Кўзларида зиё сўнмаган эди,

    Тутарди ўзини мағрур ва ўктам.

    Зеро, у биларди бу сўнги имкон,


    Бой бериб бўлмайди буни базинҳор.

    Биларди, тарихий эди ушбу он,

    Тутиб бўлмас ўзни аянчли ва хор.


    Ғаним хам ушбу он биларди, албат,

    Чопишдан илгари бошини Сансон,

    Маликанинг номин абадул-абад

    Қилиш керак эди ер билан яксон.


    Жак Эбер лек буни қилолмасдан эп,

    Илкис амал теккан, сиёсий аҳлат,

    Саккиз ёшли ўғли билан “ётган”, деб,

    Маликага қилди дахшатли туҳмат.


    Ўйлади, зарбага чидолмас аёл,

    Ўйлади, ёнади, тутгай жизғинак.

    Адашди лек қаттиқ Эбер хомхаёл,

    Малика, хатто-ки, бузмади пинак.


    Ёвларни ўзин лек босди вахима,

    Қайтадан беришди аёлга зарба,

    Дейишди: - Айтингиз бунга бир нима, -

    Дегандек, сукутлик иқрор ва тавба.


    Малика қайтарди чуқур фалсафа:

    - Эътироз қилишга эмас-ки ўнғай,

    Жисмимда табиат қарши ва хафа,

    Ўйлайман, оналар мени тушунгай.


    Малика ғалаба қозонди тўла,

    Гарчи унинг кетгай эрталаб боши.

    Ёвни ўзин яксон қилди бир йўла,

    Маликага отган қабиҳ бу тоши.

    ***
    Биламиз, мажозий ҳаёт бу шахмат;

    Бунда бор оқ-қора, бор яхши-ёмон.

    Малика билмасди қандай бу хикмат,

    Билганда, эҳтимол, қоларди омон.


    Қизиқтирмас эди тожи ва тахти,

    Ўйларди у янглиш, “ҳаммага хушман”.

    Трианонда сўлим ўтарди вақти,

    Билмасди лек уни қуршарди душман.

     
    Никоҳ кечасида минглаб мехмонни,

    Ярақлаб, чарақлаб у ёндирувди.

    Ёнидаги ҳар кун минг қув ёронни,

    Ўйноқлаб, қувноқлаб, тўлғонтирувди.

     
    Икки минг либоси айлантирур бош,

    Биттасин киёлмас камбағал қизлар.

    Бриллиантлар ноёб унга - майда тош;

    Қанча эди уни егудек кўзлар?

     
    Умуман олганда, булар бир нави,

    Кечикса-да ўн йил, дофинни туғиб,

    Енг ёвуз, енг баттол, хуфия ёви -

    Франсуа Ксавьени қўйганди “бўғиб”.

     
    Ҳолбуки, азалдан у эди тахтли,

    Катта хатоларни қилди, деманг у.

    Истарди бир аёл бўлишни бахтли,

    Пировард малика бўлди у мангу.


    Қолганди енг сўнги битта маросим -

    Сочин олиш керак “миллий устара”,

    Олди, деб, ярамас аёл жазосин,

    Килиш керак уни авом масҳара...

    ***
    Ана, Сансон, баланд, сочиратиб қон,

    Атуанеттанинг бошин кўтарди.

    - Яшасин инқилоб! - ўкирди майдон,

    Малика шивирлаб недир этарди.


    Исботланди илмий, яшайди экан

    Чопилган бош яна саккиз сония:

    - Кечирдим сизларни, - ўшанда деган,

    Сонияда саккиз Ҳазрат Олия!

    ***
    Андижон

    14 07 2009


    - - -
    * Изоҳ: Холбуки, қиролича Мария-Антуанетта (тўлиқ исми: Мария-Антония Жозефа Иоганна фон Габсбург-Лотринген) ёдга олинганда, аввало икки холат зикр (ассоциация) қилинади: Польшани бўлиб олинишига, билвосита йўл очган, маликанинг етти дона сўзи, ва унинг гельотинада қатл этилганлиги.

    Лекин маълумки, Польшани бўлиб олинишига Мария-Антуанетта, қайсидир маънода, айбсиз айбдордек туюлса-да, маликанинг мазкур тарихий жараёнга, мутлақо, даҳли бўлмаган.

    Алхусус, малика, қатл олдидан, душманларини лаънатлаш ўрнига, қайин-синглиси Елизавета зоти олияга ёзган хатида, “Душманларимнинг менга қилган барча ёмонликларини кечирдим”, деб ёзган экан. Бу унинг улуғворлигидан далолатдир. Шу боис, унинг исми тилга олинганда, унинг шу улуғворлигига монанд сўзлар билан зикр этилса, адолатли бўларди, деган фикр, ушбу достонни ёзилишига сабаб бўлди.

    Яна, айтиш жоизки, Буюк Француз Инқилобига даҳлдор Мария-Антуанетта, инқилобнинг қурбони эмас, балки, бир вақтнинг ўзида, хам ўзининг атрофида, хам инқилобнинг атрофида чарҳ урган сиёсий ўйинларнинг қурбони бўлган, деб биламан. Шунинг учун, мазкур достонимда маликани инқилобга қарама-қарши қўйиш мақсадим бўлмаган. Фақат, тарихий жараёнлар қанчалик беаёв кечишини ифода қилиш билан бирга, инсонларни меҳр-оқибатлик ва бағрикенгликка даъват қилишга ҳаракат қилдим.

    Саиджаҳон Равоний.
    - - -
    Достондаги атама ва исмлар ҳақида www.yandex.ru ва бошқа излов веб-сахифалардан маълумотлар олиш мумкин. Достонни ёзилишида Стефан Цвейгнинг асарларидан фойдаланилди.
    Жойлади: Админ
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz